Яхши одам ва олим

Камина ёзувчиликка даъвогар, анча-мунча нарсаларни баҳоли қудрат қоралаб ташлаган, яъни сўзга яқинлиги бор. Кўплар айтмоқчи, қаламкаш бўлсам-да, устозлар ёки ҳамкасблар ҳақида бирон нарса ёзишга тўғри келса, қармоққа нимадан хўрак солса балиқ яхши илинишини билмаган ҳаваскор овчидай мулзам қоламан. Аммо қўлимда қармоғим – қаламим, албатта, бўлади. Бугун яхши бир инсон ҳақида икки оғиз сўз айтишга журъат этдим.

— Йўлдошхон  ака ҳақиқий олим, чин маънодаги зиёли, — дейди таниқли адабиётшунос олим, филология  фанлари доктори Дилмурод Қуронов. — У киши сурату сийрати бир, ўз сўзида собит одам.

Қачон Йўлдошхон акага рўпара келсам унинг атрофида нур жилва қилаётгандай, қалбимда ҳузурбахш илиқлик пайдо бўлгандек туюлаверади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки у кишидан ҳамиша яхшилик ва меҳр эпкинлари уфуриб туради: мулойим овоз, истарали чеҳра, кишини ўзига чорловчи ўткир нигоҳ ҳар қандай инсонни дўсти-қадрдонга айлантира олади.

Олимнинг наинки эшитган, баъзи таҳлилий мақолаларини ўқиган бўлсам-да, ўзи билан бирор марта учрашиб гаплашмагандим. 2005 йил “Шарқ” нашриёти матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти томонидан “Эркаги бор уй” номи билан ҳикоя ва қиссалардан иборат китобим нашр этилди. Кўп ўтмай матбуотда   “Эркаги бор уйнинг фазилатлари” сарлавҳаси остида каттагина мақола эълон қилинди (кейинчалик китобига ҳам  киритилди). Унда бир қанча ҳикояларим атрофлича таҳлил этилиб, умуман, тўпламга ижобий баҳо берилган эди. Энг қувонарлиси, муаллиф (яъни камина) ўз битикларида турли деталларни ҳаракатга келтириши ва улар худди образлар каби асар ривожига хизмат қилишининг эътирофи эди. Олим камтарин бир ёзувчининг мақсад-муддаосини англаб, некбин нигоҳи ила илғаб, тушуниб етганди. Сени тушунсалар шунинг ўзи олий бахт-ку ахир!

Маъзур тутгайсиз, юқоридаги гаплар билан ўзимни мақташ  таъмасидан йироқман. Фақат олимнинг ўзи танимаган, ўзига нисбатан анча ёш ижодкорнинг китобини ўқиши, у ҳақида таҳлилий мақола ёзиши, давримизда,  айниқса, сўнгги йилларда ҳар ҳолда камёб ҳодиса.

Бу бағрикенг, самимий инсон Фарғона давлат университети профессори, филология фанлари доктори Йўлдошхон  Солижонов бўлади.

Кейинроқ Йўлдошхон ака билан танишдик, ҳамсуҳбат бўлдик, ҳозир аминманки, дўсту биродарлашдик. Йиллар оша у киши чиндан ҳам инсоннинг қадр-қимматини биладиган, ўз ишининг устаси, шунингдек, фаол ва ҳозиржавоб, бир сўз билан айтганда, дилбар шахс эканлигини кашф этдим.

Йўлдошхон Солижонов миллий адабиётимизнинг забардаст устунлари бўлмиш Умарали Норматов, Эркин Воҳидов, Анвар Обиджон ва бошқа комил зотлар туғилиб, вояга етган гўзал Фарғонанинг Риштон туманидаги Булоқбоши қишлоғида 1940 йилнинг 11 июлида таваллуд топган. 1957 йилда ўнинчи синфни тамомлагач, уч йил жамоа хўжалигида табелчи, қурувчи, почтальон бўлиб меҳнат қилди. 1960 йилда Фарғона давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетига ўқишга кириб, уни имтиёзли диплом билан якунлайди.

Тўртинчи курсда ўқиётганда “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) газетасида инглиз адибаси Этель Лилиан Войничнинг Мирзакалон  Исмоилий томонидан таржима қилинган машҳур “Сўна” романи ҳақидаги биринчи илмий мақоласи эълон қилинди. У адабий жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди. Ва ёш адабиётшунос кўпчиликнинг эътиборига тушди.

Й.Солижонов 1968 йилдан буён ФарДУ (собиқ педагогика институт)да фаолият юритиб келади. Атоқли олим Салоҳиддин Мамажонов раҳбарлигида илмий ишга киришиб, 1974 йилда ўтган асрнинг 20-30-йиллари материаллари асосида “Ўзбек насрида автор нутқининг шаклланиши ва ёзувчининг шахсий услуби” мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлайди. 2003 йилда эса “ХХ асрнинг 80-90- йиллари ўзбек насрида бадиий нутқ поэтикаси” мавзусида салмоқли илмий иш ёзиб, фан доктори  деган шарафли номга сазовор бўлди. Ҳозирги кунда профессор Й.Солижонов ўзбек адабиётшунослигида бадиий нутқ муаммолари бўйича мамлакатимиздаги саноқли мутахассислардан бири ҳисобланади. Шу пайтгача унинг 20дан ортиқ китоблари (шундан 3та монография, 5та  ўқув ва услубий қўлланмалар, адабий-танқидий мақолалар, рисолалар), 500га яқин илмий мақолалари чоп этилган.

Домла 25 йилдан ортиқ кафедра мудирлиги лавозимида ишлади. Бу йиллар ичида турли ибратли ташкилий ишларни амалга ошириш билан бирга, кўплаб шогирдларни тарбиялаб, илм осмонига учирма қилди. Ҳозирги кунда устознинг раҳбарлиги остида илмий ишлар қилган ва қилаётган ўнлаб фан докторлари, номзодлари ҳамда магистрантлар турли ўқув юртларида самарали фаолият юритмоқдалар. Айримлари мамлакатимизга таниқли адабиётшунослар бўлиб етишишган.

Энди домланинг садоқатли шогирдларидан бири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Абдуваҳоб  Қаюмовнинг гапларига қулоқ тутсак:

— Устоз бағоят сермулоҳаза ва меҳрибон, оқкўнгил одам. Бирон инсон, борингки, ижодкор ҳақида салбий  фикр билдиргани, ёмон гап айтганини мутлақо эшитмаганман. Ҳамиша ёшларга кўмак бериш ҳаракатида юради.  Яна бир фазилати, ниҳоятда назари тўқ ва парҳезкор инсон. Буёғи ўзбекчилик, илмий иш ташвишлари баҳона уйига бир нима, ҳатто тўртта нон кўтариб борсам, ранжигандек танбеҳ берарди. Шогирдининг қўлига қараб турадиган илмий раҳбарлар ҳақида эшитганимда шундай устозим борлигидан фахрланиб кетаман.

Йўлдошхон ака ҳар йили бир неча бор Тошкентга келади. Барча адабий ва илмий нашрларнинг таҳририятларига бориб, янги ёзган ижод маҳсулларини топшириб кетади. Уларнинг мавзулари ранг-баранг ва шунингдек, долзарб бўлади. Шу маънода у киши бағоят сермаҳсул, эълон қилинганки асарларга, уларнинг муаллифлари хоҳ таниқли, хоҳ бошловчи бўлсин, эътиборига тушса, албатта ўқийди ва арзирлисига муносабат билдиради. Домладан фалон асарни ўқидингизми деб сўраш ноўрин, балки фалон асар ҳақида фикрингиз қандай дея суҳбатга киришаверган  маъқул.  Шу билан бирга, бу олим айрим адабиётшунос ёки танқидчиларга ўхшаб “одамига қараб муомала қилмайди”. Яъни керакли муаллифни мақтаб, мундайроғини ўзининг “адолат гаврони” билан уриб ташламайди. Мутолаа қилган асарларига домла холис ва самимий баҳо беради.

Бир куни домлага фалон танқидчи фалон асаримнинг баъзи жойларини танқид қилиб кетибди, дея ҳасратлангандай бўлдим. У киши  ўз одатича майин табассум ила “эътибор берманг, унинг икки оғиз гапи билан бир нарса ўзгариб қолмайди, ёзаверинг, сиз учун асарларингиз гапирсин”, деди. Кўнглим кўтарилиб, қалбимда ёзиш иштиёқи кучайди. У ана шунақа ўз суҳбатдошига ҳаётбахш кайфият бера оладиган инсон.

Олимнинг илмий-таҳлилий асарларининг тили ниҳоятда ширали, ўқувчини ортидан эргаштириб кета олиш қурбига эга. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган “IJOD.UZ” веб-сайтида энг кўп ўқилаётган муаллифлардан ҳисобланади. Айниқса, унинг “ХХI аср насри манзаралари”, таниқли ижодкорлар Абдунаби Бойқўзиев, Энахон Сиддиқова, Абдуқаюм Йўлдошлар ижодига бағишланган мақолалари ўқувчиларнинг эътиборига тушди.

Йўлдошхон ака “Тафаккур” журналининг энг фаол муаллифларидан. Бундан бир неча йил олдин нашрнинг қайсидир сонида таҳририят томонидан у киши ҳақида эътирофга кўзим тушганди. Журналнинг бош муҳаррири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамга ўша гапни эслатдим.

— Ҳа, домлага ҳурматимиз жуда баланд,  — деди устоз. — У кишининг самимий, яхши одамлиги шундоққина юз-кўзидан уфуриб туради. Шу табаррук ёшда ҳам тиниб-тинчимаслиги, ёшларга хос ғайрати кишини ҳайратга солади. Вилоятда яшаб, пойтахтдаги анча-мунча ижодкорлардан фаолроқ, салмоқлироқ ижод қилаётганининг ўзи ибратли.

Чиндан ҳам шундай: у кишининг салафлари Умарали Норматов, Иброҳим Ғафуров, Улуғбек Ҳамдам каби атоқли адабиётшунослар ҳам буни эътироф этиб, адабий-илмий ишларига юқори баҳо берганлар. Демакки, миллий адабиётимизда Йўлдошхон Солижоновнинг муносиб ўрни ва ўз овози бор.

Олим Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси (2002), “Ўзбекистон Республикаси халқ маорифи аълочиси” (1991) ва “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” (2015) фахрий унвонларининг соҳибидир.

Устоз муаллим, филология фанлари доктори, профессор Йўлдошхон Солижонов шу кунларда ўзининг қутлуғ 80 ёшини қарши олмоқда. У кишини табаррук аёми билан табриклаб, узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.

Наби Жалолиддин,

ёзувчи

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + twenty =