Байроқдаги ватан сурати

Биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз!

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун

Тарихдан маълумки, қудратли салтанатда давлат рамзлари ҳамиша азиз ва муқаддас ҳисобланган. Манбаларда келтирилишича, байроқ атамаси  эрамиздан аввалги 3-2 минг йилликда пайдо бўлган. Аввалида рамзлар қабилаларни бир-биридан фарқловчи белги сифатида юзага келган, кейинчалик  ягона ҳукмронликни англатган.

Ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгиси миллат шаъни ва ғурурини уйғотувчи давлат рамзида жилваланади. Давлатимиз байроғи халқимизнинг ўтмиши, бугуни ҳамда келажагини ўзида мужассам этади. Байроғимиздаги рамзлар Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида бирлаштирган. Шу боис, давлат байроғи ҳар бир фуқаро учун муқаддас ва улуғдир.

Шу тариқа, байроқ — мустақил давлат рамзи сифатида қадрланди. Давлатимиз рамзлари ўзида халқимизнинг шон-шуҳрати, тарихий хотираси ва интилишларини ифода этиб, юртдошларимизга ғурур, фахр ва ифтихор туйғусини бахшида этади. Шу сабаб, мустақилликнинг муқаддас рамзлари — давлат герби, байроғи, мадҳияси доимо эъзоздадир.

Жаҳон майдонларида юртдошларимиз улкан ғалабаларга эришганда давлатимиз байроғи энг юқорига кўтарилганда, ғолиб юртдошлар уни ўпиб, пешоналарига суртганда, давлатимиз мадҳияси янграганда беихтиёр қалбларимиз жунбушга келиб, кўзларимизга севинч ёшлари келади. Албатта, юксак ғалабалар нашидасини нишонлашда барча фуқаролар фахр билан қўлларини кўксига қўйиб таъзим қилади. Чунки биз учун байроқ озодлик тимсоли, миллий ифтихор рамзидир.

Яратганнинг инояти билан Ўзбекистон қуёшли ўлка, буюк маънавият ва маданият яратган диёр. Бугун барпо этилаётган Янги Ўзбекистонни порлаётган қуёшга қиёсласак, ундан таралаётган илму зиё нури кўҳна заминни ёритиши шубҳасиз. Давлатимиз байроғи халқимиз иродасини янада тоблаб, эзгулик, улуғ ва буюк мақсадлар сари бирлаштириб, элимизга руҳий қувват беради, албатта.

Бундан ташқари, байроқ асрлар мобайнида не-не халқларни шонли зафарларга руҳлантириб, ғалабалар сари етаклаб келган.

Буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди қўлида баланд кўтарилган байроқ унга куч-қудрат бағишлаган, Нажмиддин Кубро маҳкам тутган яшил матода улуғ ватанпарварлик мужассам, Амир Темур заковати ва саркардалик маҳорати уйғунлашган байроқда халқ тинчлиги ва юрт осойишталиги ўз аксини топган. Шу тариқа, давлат рамзи сифатида байроқ ёруғ истиқболни мужда қилаётгандек залворли ҳилпирайди.

Айниқса, Ватан озодлиги йўлида Ватаннинг шонли туғини осмон қадар тутган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби кўплаб зотлар ҳаёт йўли бугунги кунда ватандошларимизга катта ибрат мактабидир.

Давлатимиз байроғидаги оқ, мовий, яшил ранглар, юлдуз ва ой тасвирлари ўзига хос тарзда мазмун ва моҳиятни ифодалайди. Байроқдаги оқ ранг тимсоллар тилида — эзгулик, инсонпарварлик, софдиллик, меҳр-мурувват рамзи,  мовий ранг — яхшилик, донишмандлик, ҳалоллик, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда бўлган. Яшил ранг — табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.                 Ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳамдир. Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушунилади.

Фалакнинг байроғи кўкда қуёшдир, у дунёни ўз нурлари билан ёритиб, тирикликни акс эттиради. Инсон кўнглининг байроғи эса муҳаббатдир. Онгимизни тафаккур байроғи нурлантиради. Тафаккур байроғи қанчалик юксалса, жамият ҳам шунчалик юксалаверади.

Мустақил Ўзбекистонимиз байроғи 1991 йил 18 ноябрь куни қабул қилинган эди. 1992 йилнинг 2 мартида эса Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида БМТнинг Бош қароргоҳи пештоқида ҳилпирай бошлаганди. Мана бугун байроғимиз халқаро майдонда мамлакатимизнинг куч-қудрати, мустақиллигимизнинг жаҳоний белгиси сифатида халқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда дунёнинг 200 дан ошиқ мамлакатида Ўзбекистон байроғи ҳилпираб турибди. Зеро, бу байроқ озодликни, Ватанни севишга даъват этиб, юракларда ўзбекча ғурур, фидойилик ва юртпарварликни шакллантиришда бебаҳо имконият, улуғ саодат тимсолидир.

Мансур МУСАЕВ,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази бўлим бошлиғи,

сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + twenty =