Тенглик, бағрикенглик, эркинлик асоси

Ватан озодлигини ҳис этиб яшаш, мустақилликнинг ҳузурбахш эпкинидан баҳра олиш одамга ҳаловат ато этади.

Таъкидлаш жоизки, эзгу амалларимиз, эришган ютуқларимизнинг асосий манбаи бош қомусимиз — Конституциямиз эканлиги маълум. Бош қонунимизда ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолатланганлиги тараққиётимизга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ. Кейинги йилларда Бош қонунимизнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини, унинг ҳаётимиздаги ўрни, қадр-қимматини теран анг­лаётган юртимиз аҳлининг Бош қомусимизга бўлган ҳурмат-эътибори янада ортаётгани сир эмас.

28 йилдирки, Конституция кунини катта байрам сифатида нишонлаб келамиз. Ҳаммамизга маълум, собиқ иттифоқ даврида Конституцияни юзаки қабул қилардик. Чунки, у мамлакатимиз мустақиллигини эътироф этмасди. Бунинг устига, “марказ”нинг ягона манфаатига хизмат қиларди. Бу ҳужжат қачон қабул қилинганлиги кўпчиликни қизиқтирмасди ҳам. Сабаби, шунчаки белгилаб қўйилган тенглик, диний бағрикенглик, эркинликлар ҳаётда ўз ифодасини топмасди.

Истиқлол туфайлигина халқимизнинг хоҳиш-иродасини ўзида ёрқин акс эттирган мустақил мамлакатимизнинг асосий қонуни яратилди. Энди ҳар биримиз Конституция — бахтимиз қомуси, дея улуғлашга ҳақлимиз. Эътибор берсангиз, Конституциямизнинг ҳар бир моддаси, банди юксак инсоний туйғуларни ўзида мужассам этади. Эзгуфазилатлар ўз аксини топади. Энг муҳими, Бош қомусимиз асосида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳар гал юртимиз аҳлига янгидан-янги имкониятлар эшигини очиб, манфаатларимиз рўёбга чиқиши, ташаб­буслар қанот ёзиши, ўз салоҳиятимизни намоён этишга суянч бўлаяпти.

Мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, тарихан қисқа фурсат ичида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаган жонажон Ўзбекистонимиз бугунги кунда тенглар ичра тенг бўлиб, жадал ривожланаётган, ўз келажагини барпо этаётган қудратли мамлакатга айланиб бормоқда. Халқимизнинг юксак тафаккури, давлатчилик асослари, умуминсоний қадриятларни ўзида ифода этган Конституциямиз бундан кейин ҳам оламшумул ютуқлар сари илдам қадам ташлашимизга асос бўлади.

Жамолиддин НАЖИМОВ,

ҳуқуқшунос

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × two =