Ўзбекистон ёшлари биринчи форуми иштирокчиларининг мамлакатимиз ёшларига мурожаати

Ҳурматли ёшлар, азиз тенгдошлар!

Мамлакатимиз ҳаётидаги унутилмас тарихий воқеа – юртимизда биринчи бор ташкил этилган Ўзбекистон ёшлари форуми ғоят кўтаринки ва амалий руҳда бўлиб ўтди.

Айниқса, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг анжуманда сўзлаган сермазмун нутқи барчамизда қизғин таассурот қолдирди.

Давлатимиз раҳбари ёшларни Ватанимизнинг энг катта бойлиги ва бебаҳо хазинасига қиёслагани, мард ва фидойи тенгдошларимизнинг синовли кунларда кўрсатган мардлиги ва жасоратини юксак эътироф этгани бизни ниҳоятда руҳлантирди.

Айни пайтда, Юртбошимизнинг ёш авлодга улкан ишончи, эътибор ва ғамхўрлиги зиммамизга жуда катта масъулият юклади.

Барчангиз гувоҳсиз, сўнгги йилларда мамлакатимизда — янги Ўзбекистонда ёшларга муносабат бутунлай ўзгарди.

Ёшларга доир давлат сиёсати асосида ёш авлоднинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларнинг эзгу орзу-интилишлари, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқаришга қаратилган ислоҳотлар изчил ва самарали амалга оширилмоқда.

Бизнинг илғор билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, етук мутахассис, чинакам ватанпарвар инсонлар бўлиб камол топишимиз учун ҳамма шароитлар яратиб берилмоқда.

Кўплаб тенгдошларимиз парламентда, ҳукумат аъзолари сафида, давлат бошқаруви органларининг масъул лавозимларида, замонавий корхоналарда, кичик бизнес ва тадбиркорлик, илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат ва спорт соҳаларида — ҳаётимизнинг барча жабҳаларида жўшқин фаолият олиб бормоқда.

Бугун Ватанимизнинг келажагини белгилаб берадиган, янги Уйғониш даврининг асосини ташкил этадиган ҳал қилувчи соҳа — таълим-тарбия тизими жадал ривожланмоқда.

Ҳаётда синовдан ўтган миллий ва хорижий тажрибалар асосида янги-янги билим, санъат ва спорт масканлари барпо этилмоқда.

 

(Давоми 3-бетда)

(Давоми. Бошланиши 1-бетда)

Президент мактаблари, ихтисослашган ҳамда ижод мактабларида юзлаб истеъдодли ўғил-қизлар замонавий таълим-тарбия олмоқда, маҳорат сирларини эгалламоқда.

Бугунги учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган муҳим фикрлар, хусусан, иқтидорли талабалар учун Президент гранти таъсис этилиши, республикамиздаги хорижий олий ўқув юртларининг бакалавриат босқичи талабалари учун ҳам Президент ва давлат стипендияларининг жорий қилиниши, икки ва ундан ортиқ фарзандини шартнома асосида ўқитаётган оилаларга имтиёзли таълим кредити берилиши ва бошқа янгиликлар бизни жуда қувонтириб юборди.

Президентимиз ўз нутқида ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб лойиҳалар, жумладан, ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик ва ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш бўйича илгари сурган ғоялар айни бизнинг кўнглимиздаги иш бўлди.

Хусусан, “Ёшлар: 1+1”, “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор”, “Ёшлар кичик саноат зоналари”, “Лойиҳалар фабрикаси”, “Ёшлар технопарклари”, “Ёшлар мурожаати” электрон платформаси сингари янги-янги ташаббуслар ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз томонидан ёшларни уй-жой билан таъминлаш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, оилани мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Айни пайтда, Юртбошимиз беш муҳим ташаббусни изчил амалга ошириш, истеъдодли болаларнинг қобилиятини рўёбга чиқариш, ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий етук бўлиб улғайиши, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси бўйича олдимизда турган энг долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ёшларга қарата айтган қуйидаги сўзлари ҳаммамизни чексиз тўлқинлантирди:

“Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим – ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!”

Тарих ҳақиқати ва катта ҳаёт тажрибаси билан йўғрилган бу сўзлар биз учун бир умрлик ҳаёт дастури бўлиб қолади.

Халқимиз, давлатимиз, муҳтарам Президентимизнинг биз ёшларга юксак эътибори ва ишончини оқлаш, бу ғамхўрликка ҳар томонлама муносиб бўлиш учун ўз устимизда жиддий ишлашимиз, қаттиқ меҳнат қилишимиз лозимлигини ҳар биримиз чуқур масъулият билан англаб турибмиз.

Азиз дўстлар, азму шижоатли тенгдошлар!

Бугун она халқимиз, жонажон Ватанимиз, азиз Президентимиз онгу тафаккури озод авлоддан буюк ишларни кутмоқда. Мамлакатимиз олдида турган юксак мақсадлар йўлида ёшларга ҳал қилувчи куч сифатида қаралмоқда.

Барчамиз зиммамиздаги улкан масъулият ва жавобгарликни ҳис қилиб, Ватан манфаатлари йўлида янада бирлашиб, том маънодаги тарихий вазифани шараф билан адо этайлик!

Эл-юртимизнинг, Президентимизнинг, ота-оналаримиз, устоз-мураббийларимизнинг бизга билдираётган юксак умид ва ишончларини амалий ишлар билан – аъло ўқиш, аъло меҳнат, аъло хулқу одобимиз билан оқлайлик!

Биз бунга қодирмиз. Чунки, биз – Хоразмийлар, Фарғонийлар, Беруний ва Ибн Сино, Улуғбек, Навоий ва Бобурлар, Бухорийлар, Термизийлар авлодимиз.

Ишонтириб айтамизки, биз ана шундай буюк аждодларимизга ҳар жиҳатдан муносиб бўламиз.

Ҳозирги нотинч ва мураккаб даврда, глобаллашув ва рақобат муҳитида доимо сезгир ва огоҳ бўлиб яшашга сиз, азиз дўстларимизни даъват этамиз.

Ҳаётдаги ҳар қандай синов ва қийинчиликларни шижоат ва қатъият билан енгиб ўтиб, она Ватанга садоқат билан хизмат қилиш ҳаётий мақсад ва маслагимизга айлансин!

Азиз Ватанимизнинг ҳақиқий таянчи ва суянчи бўлиб, юртимизда янги Ўзбекистонни, янги Ренессансни яратишга муносиб ҳисса қўшайлик!

Дунёдаги энг улуғ бахт – эл-юрт ишончига сазовор бўлиш барчамизга насиб этсин!

Биз – Ўзбекистон ёшларига кўрсатаётган оталарча ғамхўрлиги учун ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевга чексиз миннатдорлик билдирамиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 4 =