Ўтаётган йил билан суҳбат

2020 йилни байраму шодиёналар билан кутиб олгандик. Унга уйимизнинг тўридан жой кўрсатдик. Олдинда бизни нималар кутаётгани шубҳасизки, ҳеч кимнинг етти ухлаб, тушига ҳам кирмаганди…

Майли, нима бўлганда ҳам бу йилни ҳам кузатиш арафасида турибмиз. Йўқотишлар, ютуқларимиз ўз йўлига. Бугун 2020 йилни топиб, кўч-кўронини йиғиштираётган жойида икки оғиз суҳбатини олдик. Келинг, биргаликда йилнинг энг эсда қоларли, жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган айрим воқеалари ҳақида у билан гаплашамиз.

Аввало, вақтингиз тиғиз бўлсада, остонада турган ҳолатда суҳбатга рози бўлганингиз учун раҳмат.

— Ҳааааапччууу, арзимайди!

Илтимос, ниқобингизни яхшилаб тақиб олсангиз. Иложи бўлса, икки қаватмаскатақсангиз ҳам майли.

— Ўхх-ху, ўхх-ху. Хўп…

Айтингчи, нега айнан сизда бунчалик кўп кўнгилсизликлар содир бўлди? Ҳаммамиз учун бу қадар синовли йил бўлдингиз?

— Биласизми, дўстим, бу аслида менга боғлиқ эмас. Шахсан айбим йўқ менинг. Кўринг, ҳозир кимда йўқ касаллик? Одамлар кўп гўшт еяпти. Ҳамманинг этида ортиқча гўшт! Мен битта гўштни айтмаяпман. Одамлар керагидан кўпроқ ейишга ўрганиб қолди ўзи. Оқибатда бу муаммолар йиғилиб, тўпланиб қолганди. Шунчаки, жабрини тортиш менинг чекимга тушган экан, тўқмоқ менинг бошимда синди, холос.

— Тўғри, сизга ҳам қийин бўлди. Лекин фуқароларимиз сиз ўйлаганчалик кўп гўшт ейди, деб ҳисобламайман. Гўштнинг нархи палон сўм бўлса, аҳолининг даромади сиз айтганчалик “кўп гўшт ейишга” етармикан, нима деб ўйлайсиз?

— Ия, бу нима деганингиз? 5 нафар фарзанди бўлган ва битта ойлик маоши билан яшаётган оилага икки ярим миллион сўм ойлик бемалол етади. Буни иқтисодчилар аллақачон ҳисоблаб чиқишган. Қолаверса, аҳоли жон бошига 5600 сўмдан кўп даромад топаётган бўлсангиз, демак сиз камбағал оилага кирмайсиз. Ҳатто кунига 5600 сўм топаётган гадой ҳам анча ўзига тўқ умргузаронлик қилади! Яшаш шароитингиз яхши бўлганидан кейин, уйда гўштсиз овқат бўлмайди-да!

— Шунақа денг. Бухородаги табиий офат, Сўх ва Ғузордаги ғалаёнларга муносабатингиз қандай? Бу ҳам сизнинг чекингизга чиққан фавқулодда кўнгилсизликлармиди?

— Энди, интернет деган бир бало чиқиб, ёмон бўлди-да, дўстим. У ҳаётимизга шунчалик шиддат билан кириб келдики, бу инсонлар онггига салбий таъсир кўрсатди, уларнинг психологиясига кучли зарба берди. Нафақат одамлар, балки флора ва фауна оламига ҳам бу воқеалар ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Масалан, Сардоба сув омборини эсланг. У ердаги сув жониворлари омбор ён-атрофини кавлаб ташлаган экан (бошқа жой қуриб қолгандай!), балиқлар ҳам мияси айниб қолиб, бошини деворларга ураверган. Натижада, қандай кўнгилсиз ҳодиса юзага келди. Энди, сиз санаган воқеалар, тўғриси, барибир менга боғлиқ эмас. Ҳали айтдимку, бу менгача тўпланиб қолганди. Аксинча, 2020 йилда юзага чиқиб, бирин-кетин ҳал этилди ва ҳамон муаммолар ўрганиляпти.

— Айрим туманларимизга газ ва электр энергияси етиб боргану лекин ёлчитиб берилмаяпти. Одамлар ҳатто норози бўлиб, кўчага чиққан ҳолатлар ҳам кузатилди?

— Тўғри, ҳаммасини очиқ айтиш керак. Бор нарсани бор, йўқни эса йўқ дейиш лозим. Тан оламан, мен кириб келганимда, чекка туманлар ҳам газ ва электр энергияси билан таъминланади, деб режалаштирилган эди. Аммо турли сабаблар, хусусан, пандемия туфайли бу ишлар амалга ошмай қолди. Одамларнинг талаб қилишга ҳаққи бор. Мутасаддилар бу борада ҳам ҳаракат бош­лашган, яқинда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам бу маҳсулотларнинг ортиқча истеъмолга йўл қўймаслигини тарғиб қиламиз, бугуннинг энг долзарб вазифаси шу, дея муносабат билдирганди-ку. Эшитдингизми ўзи шуни?

— 2020 йил, тўғрисини айтсам, сизнинг кетаётганингиздан жуда хурсандмиз! Айтингчи, сиз билан бўлган кўнгилсизликлар янги йилда бартараф этиладими? Жароҳатларни “даволаш” учун яна қанча вақт керак, деб ўйлайсиз?

— Янги йил билан ҳалича кўришмадим. Ааааапчу!

— Соғ бўлинг!

— Раҳмат! Янги йил ҳозирда “Tashkent сity”да Тиктокерлар билан учрашувда экан. Ёнига киришга, очиғини айтсам, 10 минг сўм топа олмадим. Ўзингизга маълум, бу йил харажатлар роса кўп бўлди. Менимча, янги йилда зафарлар ўрни бирин-кетин қопланади. Янаям билмадим.

— Ўтган йилда ушалмаган армонингиз борми?

— Дардимни сўрадингиз, мухбир бола. Шу десангиз, бошида чанада келиб, йил охирида “Trailblazer” бўлмаса ҳам, ҳамёнбоп ва сифатлироқ уловда ортга қайтаман, деб ўйлагандим. Афсуски, шу ниятим орзулигича қолиб кетди-да… Бу масалада Антимонополия қўмитаси ҳам ёрдам бера олмади. Ўх-ху!

— “Маска”нгизни яхшилаб тақиб, имкон қадар янги йил билан кўришмаслигингиз ва коронавирусни унга ҳам юқтирмасдан, ўзингиз билан олиб кетишингизга тилакдошмиз. Суҳбат учун эса ташаккур!

Абдулазиз Аҳмедов

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three + ten =