Ҳайкаллар
(Ҳикоя)
Хиёбонда бугун сукунат ҳукм сурар, кузги ёмғирдан сўнг барча ҳайкаллар соф ва буғубор ҳис қилардилар ўзларини. Айни дамда бу ерда ҳеч зоғ кўринмасди. Ҳадемай ҳаво очилиб кетса, қўл ушлашганча севишганлар пайдо бўлади. Йигитлар севимли ёрларига севги изҳор қила бошлашгач, ҳайкаллар бир-бирига қараб кулимсираб қўйишади. Қизлар ҳам атрофга ўғринча боқиб ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, секин йигитнинг пинжига суқилишади. Улар негадир биздан тортинишмайди ёки ҳайкалтарош бизни одамга ўхшаб ясамаганмикин, ўй суради ҳайкаллардан бири. Йигит қизнинг ёноғидан бўса олаётган чоғ эса ҳайкаллар ўзларини ноқулай сезиб юзларини четга бурмоқчи бўладилару, лекин ҳеч удда қилишолмайди.
Вақт ўтиб эса бундай манзарага ўрганиб кетишди. Ҳайкаллар қаршисида қанчадан-қанча изҳорлар айтилиб, ўпичлар олинмади дейсиз. Улар ҳам шу он ёшликдаги муҳаббатларини эслаб бир энтикиб қўйишарди. Янги севишганлар ҳам, кўп йиллик қадрдон қиёфалар ҳам бор уларнинг орасида. Лекин битта йигитни ҳеч унутиб бўлмасди. Новчадан келган, сочлари жингалак, эгнидан чарм куртка тушмайдиган бу кимсани ҳайкалларнинг барчаси яхши танийди.
Севги изҳорининг матни ҳам ёд бўлиб кетган: “Осмонда Ой ва Қуёш битта бўлганидек, сен ҳам мен учун ягонасан, — деб бошланиб — Қиёматда ҳам айрилмаймиз” деб якунланарди. Ҳа, орада қайси бир кўҳна ҳайкал шоирнинг шеърини ҳам ёдлаб берарди. Аввалига ўша ҳайкал бундан суюнди, кейинчалик эса аччиғи келадиган бўлди. Чунки ошиқ йигит буларни ҳар гал турли қизларга худди илк марта учрашувга чиққан бўз боладек айтиб берарди. Йигитча бу хиёбонга ўта содиқ эди. Лек севги бобида бундай деб бўлмасди: у билан сайрга келган қизларнинг қиёфалари тез-тез алмашиб турарди.
Барча қизлар унга бир нигоҳ — ишонч, меҳр ва вафо билан боқишар, шўрлик қизни ҳадемай ташлаб кетилишини билган ҳайкаллар эса хўрсиниб қўйишарди. Шунга қарамай улар йигитга анча ўрганиб қолишганди. Ахир йигит тушмагур шоир эди-да. Дуруст шеърлар тўқирди бу ерда. Баъзан ўриндиқда ёлғиз ўтириб ён дафтарига нималардир қоралаб шивирлаб ўқирди. Ҳатто бир-икки марта ҳайкаллар билан сўзлашган ҳам.
— Шеърларингизни ўқиб адабиётга меҳр қўйдим, устоз.
— Вақти келиб орангизда менгаям жой топилармикин?
— Руҳингиз мени қўлласин, тақсир, — дерди кўҳна ҳайкалга меҳр билан боқиб.
Тақ-туқ қадам товушлари ва майин атир иси яқинлашгач эса у ён дафтарини чўнтагига солиб, ҳайкалларни унутарди ва ёрини қарши олишга ошиқарди.
— Бу қиз яхши кўринади, балки шунга уйланиб тинчиб кетар, — унинг ортидан сўз қотади бир ҳайкал.
— Менимча эса бир умр тоқ ўтади, унинг туйғулари беқарор. Шеърлари дуруст, лекин.
— Сизга ўхшаб бир умр бўйдоқ ўтсин экан-да, оға, — кулади шериги.
— Сизга ўхшаб оила ва рўзғор ташвишларига кўмилиб адабиётдан узоқлашиб кетсинми? Ана, чала романингиз қайсидир жавонда чанг босиб ётибди.
— Зарари йўқ, муҳими менгаям ҳайкал ўрнатишди-ку.
— Ҳа, сафимизга қўшилганингиз яхши бўлди, барибир, — учинчи ҳайкал бу иккови тириклигида ҳам бир-бири билан чиқишолмаганини эслаб вазиятни юмшатди. — Ижод бошқа, шахсият бошқа.
Шу пайт асосий дарвозадан бир гала ўқувчи-ёшлар кўринишди. Кўзларида ҳайрат билан устозларига эргашганча улар томон қувонч билан қадам ташлашарди.
— Бугун ҳам пойимиз гуллар билан тўларкан.
— Бугун бировингизнинг туғилган кунингизми?
— Йўқ, менинг ўлган куним, — бир ҳайкал хўрсинди. — Қаранг, яна кимлар келяпти ўқувчилар билан? Шогирдларим! Демак, мен ўқиган мактаб ўқувчиларини олиб келишибди-да. Ҳаа… қабримга боришмасаям, ҳайкалимни йўқлаб келишибди, ҳартугул.
— Хотирангиз кучли экан. Мен бирорта шогирдимни эслолмайман, рости.
— Ўлганингизга 200 йил бўладию, эсда қолармиди? Улар ҳам қабрида кўкариб чиққан бўлса.
— Сиз ёшларга яхши-да, барибир.
Ўқувчилар қўлларидаги гулдасталарни ҳайкал пойига бирма-бир қўйишди. Сўнг бир зумда ТВ камералари пайдо бўлдию, ҳайкалларни тасвирга тушира бошлашди. Микрофонда марҳум ижодкор ҳақида тўлиқиб сўзлаётган шогирдларнинг илиқ хотираларидан ҳайкалнинг кўзларига ёш келай деди. Аммо тош қачон йиғлаган? У ҳам йиғлолмади. Тадбир марҳум шоирнинг шеърларидан парчалар ўқиш билан якунланди.
— Тириклигимда босилмаган шеърларим ўқилди, кўрдингларми? — Гердайди ҳайкал, гарчи қилт этмаса ҳам.
— Офарин, оға, кучли ёзасиз, йўғ-е, ёзгансиз.
— Эртага ҳам бирор адабий кеча бўлармикин?
— Зерикмадингизми-эй? Менга қолса ҳеч ким келмасин.
— Қиладиган бошқа ишимиз бўлмаса… севишганларни тинглашдан кўра шуниси тузук.
— Биздан кўра тунов кунги йигитга эътибор беришса яхшимиди, дейман. Бундай талантлар кам ҳозир.
— Манави ўриндиққа чўкиб сонет қоралаган йигитми? Ҳа, шивирлаб ўқиб қайта ёзиб, сўнг яна ўқиб, қоғозларни охир-оқибат йиртиб анҳорга ташлаб юборди. Эсиз, шундай шеър. Бирор газетага берганида машҳур бўлиб кетарди.
— Кўрдинг-ку, отаси қўнғироқ қилавериб безор қилди. Илҳоми қочиб кетди, шўрликни. “Моллар келди, қачон дўконга олиб борасан”, деб қўймади бой отаси. Шеърни тушунармиди у.
— Илҳом йўқ нарса. Ижод — турган битгани қора меҳнат.
— Ёзувчи учун шундайдир балким. Лек шеър илҳомсиз бўлмайди.
— Ҳаво яна айнияпти. Тунда жала ёғадиганга ўхшайди. Совуқ кунлар бошланса тадбирлар ҳам тугайди. Баҳоргача қарғалар қағиллашию онда-сонда пайдо бўлиб қоладиган жуфтликлардан бошқа эрмак бўлмайди.
— Устимизга бирор нарса ташлаб қўйишмаса баҳорга бир аҳволда чиқамиз.
— Хавотир олманг, қайта бўяшади.
— Нураб кетмасам деб қўрқаман. Ҳарҳолда, мен анча эски ҳайкалман.
— Чидамлисиз. Жуда бўлмаса, ўрнингизга бошқа ҳайкал келтириб қўйишади, — хохолаб кулмоқчи эди яна ўхшамади. — Ҳазил-да тақсир.
Ҳайкал эса уҳ тортиб бир қўлига қаради. Бармоқлари дарз кетибди.
— Бу бармоқлар сиёҳ бўлиб юрарди доим…
— Ҳозир эса ҳамма компьютерда асар ёзади. Мен эсам машинкада чиқиллатардим! Тунги сукунатда унинг овози пианино оҳангидек ёқимли эшитиларди. Романимни адашмасам, 5 ёки 6 марта қайта кўчиргандим. Шукур, умримнинг сўнгги йиллари тўкинликда ўтди, янги асарлар буюртма қилишар, машинка учун бир котиба ҳам бириктиришганди. Аммо… ёзолмадим. Ҳамма машҳур китобларим ижара уйда, ночорликда битилди.
— Гап бундамас, менимча. Толстой ва Достоевскийни олайлик, замондош ёзувчилар, бири тўкинликда, бири ночорликда яшади. Аммо асарлари тенгсиз. Ҳамма гап истеъдодда. Худо юқтирган иқтидорда.
— Балким.
Узоқ вақт жим қолишди. Ҳаммаси ўз ҳаётини эслаб кетди. Ёзилган, ёзилмаган асарлари ҳақида ўй суришди.
…Қиш келмай туриб қалин қор ёғди. Ҳайкаллар оппоқ қорга беланди, сўнг бармоқларига сумалак инди. Кўҳна ҳайкалнинг сумалаги оғир чиқди: қарсиллаб ерга тушди. Ўзи билан қўлни ҳам юлиб, ерга чилпарчин қилди. Қолган ҳайкаллар сергак тортиб унга қарашди.
— Оғримадими?
Шошиб берилган бу саволдан сўнг пиқ-пиқ кулги овози эшитилди. Сўнг бари жиддий тортишди.
— Эсиз, чап қўлим эди. Ҳамма асарларимни ёзган чап қўлим…
— Ўйламанг, тақсир. Сал қорлар эрисин, сизни албатта таъмирлаб қўйишади.
— Шундай, шундай. Баҳонада тўлиқ қорлардан тозалаб ҳам қўйишади. Бинойидек бўласиз.
— Унча сезилгани ҳам йўқ, дўстим. Жилла қурса, бирор китоб қолипи илаштириб қўйилса, йўқлиги сезилмайди.
Далдалар, юпатишлар узоқ давом этади. Бироқ унинг қўли йўқлигини одамлар сезмади. Селфичи ёшлар тиззасига тирмашиб суратга тушиб кетаверишди, кўча супурувчилар синган қўл уюмларини нималигига қизиқмай тозалаб кетишди, қуёш бўй кўрсатгач яна мушоиралар давом этди.
— Мен нураяпман… — кўҳна ҳайкал синган билагидан сўнг увадаланиб бораётган елкасига боқди. — Туғилган куним кўкламда… унгача мени пайқашмайди.
— Баҳоргача сабр қилинг, тақсир. Таваллуд айёмингиздан сал бурун сизни кўришади, таъмирлаб қўйишади. Пойингиз гулларга тўлади яна…
Шу пайт уларнинг қадрдони — бевафо шоир йигит кўриниб қолди. Ҳайкаллар кайфият билан уни кузата бошлашди. Бу гал унинг ёнида бошига ялтироқ шарф ўраган, икки юзи нимпушти навжувон кетиб борарди. Унинг янги келинчак эканини ҳамма пайқади.
— Наҳотки, уйланган бўлса?
— Бир ой қорасини кўрсатмаганди йигит омон бўлгур. Тўй бўпти-да.
— Энди эсини йиғиб, масъулиятли оила бошлиғи бўлади.
Йигит келинчакни тўғри кўҳна ҳайкал ёнига олиб борди. Сўнг қизга юзланиб таништирди:
— Менинг устозим. Аллақачонлар ўлиб кетган бўлсаям, асарларини ўқиб ҳаётни, одамларни, оламни ўрганганман. Маънавий отам деса ҳам бўлади. Биласан, дадам бизни ташлаб кетган. Онам билан яшаган уйчамизда битта шу шоирнинг сарғайиб кетган достони бўларди. Ўша достондаги қиз менинг дўстим эди. Қоронғу кунларимизда шу китоб, шу қиз менга умид бериб турарди. Зулматдаги нур каби ожиз шуъла таратарди. Бу ерга ҳайкали ўрнатилган кун эсимда… Пойига чўкиб аччиқ-аччиқ йиғлаганман. Мен, онам ва у болаликни бирга қийинчиликлар билан ўтказдик. Онамга куни келиб менам катта шоир бўламан, шеър ёзиб сизни боқаман дердим. Билсам, шеър билан қорин тўйдириб бўлмас экан. Лекин нолимайман, ҳунарим бор, рўзғоримда кам йўқ. Мен унинг достонидаги қизни топгунча кўпчилик билан танишдим, юрдим… Буни сендан яширмаганман. Ниҳоят, сени топдим. Сен ўшасан, худди ўша қиз. Жуда ёлғиз эдим… Токи автобусда сени ва қўлингдаги ўша достонни учратиб қолмагунимча.
Келинчак жилмайди. Кўҳна ҳайкалга синчиклаб боқди. Сўнг пешонаси бироз тиришди:
— Қаранг… уларнинг бир қўли синиб қолибди, — деди ачиниш билан.
Йигит ҳам буни пайқаб, ён атрофни текширди: синган қўлни тополмади.
— Буни айтиш керак… Юр, маълум қилайлик. Қара… бўйнига ҳам дарз тушибди. Ёмғир ёғса, баттар бўлади.
Улар шошганча ҳайкаллар хиёбонидан чиқиб кетишди.
— У барибир сизга садоқатли, тақсир, — кўзларига ёш келгандек хўрсинди шериги. — Мени бундай мухлисларим йўқ бўлса керак.
— Ўша достонни ёзиб зап қилган экансизда!
— Достон… — ўйланди у. — Менимча, “Ёлғизлик”ни айтяпти у. Унда жангда ҳалок бўлган ота ва етим қолган қизчанинг кечмишларини ёзгандим.
— Биласизми, қайсидир йили бир йигит ўз жонига қасд қилганида, сўнгги мактубига менинг шеъримни илова қилган экан! —Мақтангиси келди ёш бир ҳайкалнинг.
Кулги кўтарилди.
— Фахрланиш учун топган воқеани қарангу!
— Айтганча, эшитдингларми, шу ой орамизга янги ҳайкал қўйишаркан.
— Ким бўлса у?
— Билмадим. Лекин одамларнинг айтишича, ўлганига кўп бўлмаган. Ёш кетган экан шўрлик.
— Дард олиб кетибдими?
— Ҳа, хорижда даволанишга пули бўлмаган экан. Энди фалон пулга ҳайкал қўйдиришса, гўрида тинч ётса керак-а?
— Кесатманг. Ҳар кимгаям ҳайкал қўяверишмайди. Асарлари орқали юракларга етиб борганларгагина насиб қилади. Ҳамманинг тақдири ҳар хил.
— Истеъдодларни тириклигида қадрига етган маъқулми дейман-да, оға.
— Ўлгандан сўнг ҳам номи кўмилиб кетгандан кўра шуниси тузук. Мана, масалан, Кафкани олайлик, билсангиз у…
— Биламан, биламан. Майли, баҳслашмадим. Ҳаммаям Толстойдек бой бўлмаган.
— Маркес айтгандек, очдан ўлиш учун бошқа касблар етарли… Умуман олганда, ижодга тирикчилик манбаи деб қарамай, бошқа ҳунар ва соҳани ўрганиб қўйиш зарар қилмайди.
— Начора, мен сизга ўхшаб катта ер эгаси бўлмаганман. Оддий косиб эдим, косиб.
— Муҳими, шу ердасиз, орамизда, азизим.
Ора-сира бўлиб турадиган қисқа баҳслардан сўнг яна узоқ сукунат бошланарди. Бир неча ҳафта давом этган ёқимли жимликни қаттиқ қарсиллаган овоз бузди. Тонг саҳар барча сесканиб кўҳна ҳайкалга қаради: ундан асар ҳам қолмаганди.
— Баҳорга етмади, шўрлик.
— Кечаги ёмғир аралаш қор бежиз кетмади…
Одамлар бу гал албатта, ҳодисани пайқашди ва катта уюм ёнида йиғилиб анча вақт муҳокама қилишди. Кимдир ҳайкалтарошни айблади, кимдир об-ҳавони. Охири совуқда дилдирашганча тарқай бошлашди.
Кўп ўтмай унинг ўрнига янги ҳайкал ўрнатишди.
Нодирабегим Иброҳимова
Муаллиф ҳақида:
Нодирабегим Иброҳимова – 1989 йил Фарғона вилояти, Олтиариқ туманида туғилган. 2011 йил Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетини тамомлаган. Қисқа ҳикоялари Россия, АҚШ, Ҳиндистон, Туркиянинг турли нашрларида бир неча бор эълон қилинган. Ижод фонди томонидан 2017 йилда “Ёнингдаги бахт”
ҳикоялар тўплами 10 минг нусхада чоп этилган. “Жодугар ёхуд минг йиллик ҳаёт” ва “Зулм ва муҳаббат” номли қиссалари, “Дунёдаги энг бахтли одам”, “Тўй совғаси”, “Ҳаётнинг беш тортиғи” номли таржималар тўплами нашр этилган.