Шуълаланиб ётар сув юзи аста

Муаллиф ҳақида:  

Шоир Шукур Қурбон (Олимжон ўғли) — 1951 йилда Андижон вилоятининг Балиқчи туманида туғилган. Бугунга келиб, ўнга яқин шеърий тўплам, йигирмага яқин қўшиқ, Озод Шарафиддинов, Абдулла Орипов, Тоҳир Малик ва Муҳаммад Юсуфлар ҳақида бадиа ва эсселар яратган. Истиқлолни шарафловчи сонетлар гулдастасини эълон қилган. Маънавиятимиз мероси бўлмиш Ҳадиси шарифлар асосида ёзилган 1600 та тўртлиги адабиётимизда ўзига хос воқеа бўлди. Таржима соҳасида ҳам шоир баракали қалам тебратган: у жаҳон адабиёти вакилларидан Франческо Петрарка, Адам Мицкевич, Жак Превер, Нозим Ҳикмат, М.Ю. Лермонтов, А.С.Пушкин, Расул Ҳамзатов, Е. Евтушенко сингари шоирларнинг асарларини   ўзбек тилига ўгирган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

ОҚҚУШЛАР КЎЛИ

Шуълаланиб ётар сув юзи аста,

Унда осмон акси қалқиб турибди.

Бир қанча оққушлар ташвиш билмасдан,

Шу мовий оғушда сузиб юрибди.

Эркаланиб, сувга бош уриб бир-бир,

Улар завқ топгайлар, топгайлар ҳаёт.

Улар шу кўлга бир умр ҳокимдир

Ва шу кўл меҳрига қулдир умрбод.

                               * * *

Беш ўнта ҳовли- жой,

Қолгани дала.

Дала ўртасида бир тўда бола.

Бир тўда боланинг орзулари мўл,

Дала ўртасида биттагина йўл.

Шу йўлдан юришар-юрмоқчи бўлса,

Шу йўлдан боришар-бормоқчи бўлса.

Дала адоғида лекин йўл битар,

Орзулар бирма- бир сўнгига етар.

Беш ўнта ҳовли-жой,

Қолгани дала.

Ортга қайтмасайди бир тўда бола.

                               * * *

Саҳна қонуни, бу — ўз қиёфангдан

Қанча чиқа олсанг ва бегона зот

Сувратига қанча яхшироқ кирсанг,

Шунча олқишлайди сени бошқалар.

Ҳаёт қонуни, бу — ўз қиёфангда

Қанча собит бўлсанг ва бегона зот

Сувратига кирмай қанча кун кўрсанг,

Шунча олқишлайди сени бошқалар.

 

СОҒИНЧ ДАРВОЗАСИ

                               1

Ўғлим, сен борсан-у, нега йўқдайсан?

Ўғлим, кул остида қолган чўғдайсан.

Бу кул нима, ўғлим, сени топмишдир,

Гул умринг бамисли хазон ёпмишдир?..

Гул умр аввали, ахир, ғунчалик,

Ғунчанинг қисмати, наҳот, шунчалик?

Сен сари боргали барча йўллар берк,

Дамлар берк, кунлар берк, ою йиллар берк.

Фақат йўлларида тиконлар сочиқ

Соғинч дарвозаси менга ланг очиқ.

Тақдирдан қайга ҳам борардинг қочиб,

Ҳайҳот, бу дарвоза сенга ҳам очиқ!

Униб-ўсмай туриб, кулмай бир шўх-шан,

Сенинг ҳам кўксингга санчилар тикан.

Етимча дейишса сени ўйлайман,

Сени қизғонаман, сени куйлайман.

                    2

Лайлак келди, ёз бўлди,

Қаноти қоғоз бўлди.

Болалик қувончлари,

Ўғлим, сенга оз бўлди.

Даданг туриб, дадасиз

Қолганлигинг рост бўлди.

Сен билмайсан, гўдаксан,

Унутасан дадангни.

Даданг, деб кўрсатарлар

Сенга бошқа одамни.

Етти ёт бегонага

Эргашасан “дада” лаб.

Даданг бунда юрадир

Кўксига ғам қадалиб.

Кўксимга ғам қадалса,

Сени эслайман, ўғлим.

Бор эканинг ҳам — давлат,

Қаддим ростлайман, ўғлим.

Лаънатлайман ўзимни,

Лаънатлайман онангни

Ва сенга дада бўлган

Етти ёт бегонангни.

Севги бизни шу қаттиқ

Савдога қўйди, ўғлим.

Бошимизни эл аро

Ғавғога қўйди ўғлим.

Бу оламда кўзлар бор,

Аҳволимиз кўрарлар.

Бу оламда сўзлар бор,

Масхаралаб куларлар.

Кулги бўлиб ҳар кимга

Бу жаҳондан ўтармиз.

Йўл бўйига чиқармиз,

Йўлларга кўз тутармиз.

Кўзларимиз тўрт бўлиб,

Бир-бировни кутармиз.

Бу жаҳондан ўтгунча

Қоп-қора қон ютармиз.

Лайлак келди, ёз бўлди,

Қаноти қоғоз бўлди,

Бу дунёнинг роҳати,

Ўғлим, менга оз бўлди.

Ўғлим туриб, ўғилсиз

Қолганлигим рост бўлди.

                      3

Майлига, сеники бўлсин шу ёмғир,

Бошингдан инжудай сочилсин, ўғлим.

Ёмғирдай эзилди сенсиз бу бағир,

Бу бағир осмондай очилсин, ўғлим.

Кўз қорам сен эдинг, ҳамон ўзингсан,

Ўксиб улғаюрсан хаёлларимда.

Тик қарай олмасман балки кўзингга,

Юрак ҳовучларман саволларингдан.

Балки савол бўлиб сингарман фақат

Маҳзун табассумли қорачиғингга.

Балки икки жаҳон қилолмас тоқат

Мени кўргинг келиб қилган йиғингга.

Ўшанда ўзингни юпатгин ўзинг,

Олақол, сеники бўлсин шу ёмғир.

Оталар ҳамиша жумбоқдир, қўзим,

Қўзим, фарзандларга ҳамиша оғир.

 

ОРТИҚЧА ОДАМ

Орангиздан ўтиб кетайлик шундоқ,

Қайтмаймиз, безовта қилмаймиз бошқа.

Куйладик — кўнглимиз тўлиб кетган чоқ,

Инградик — бошимиз текканда тошга.

Изимиздан ғийбат қилингиз, биз — шод,

Тўкилар орттирган гуноҳларимиз.

Керагидан ортиқ сийлади ҳаёт,

Керагидан ортиқ қалб доғларимиз.

Керагидан ортиқ севдик, йиғладик —

Бир пари пайкарнинг васлига ташна.

Муҳаббат боғига бизлар сиғмадик,

Сиз сиғинг, илойим, сиз бахтли яшанг.

Сизни тарк этмасин иқбол ва омад,

Толе қаршиласин сизни ҳар сафар.

Бизсиз бемалолроқ қозонинг шуҳрат,

Бизсиз бемалолроқ уринг қаҳқаҳа.

Кечирасиз,

Ўтиб кетайлик шундоқ.

 

ТЎРТЛИКЛАР

Ўсадиган эл бир-бирин ботирим, дейди.

Бўштобин ҳам зўр ишларга қодирим, дейди.

Ёмонларин ўзаро лой айлашади хўб,

Бошқаларга топилмасим, нодирим, дейди.

                               * * *

“Замона — зўрники” дедилар менга,

“Томоша — кўрники” дедилар менга.

“Муҳаббат-чи? Шеър-чи?” — сўрадим қақшаб,

“Манглайи шўрники!” – дедилар менга.

                               * * *

Ўнгга қараб таъзим қилинг — “ўзбекчилик” ,

Чапга қараб таъзим қилинг — “ўзбекчилик” ,

Кўнглин олинг олдиннинг ҳам, орқанинг ҳам,

Аблаҳни ҳам рози қилинг — “ўзбекчилик” .

                               * * *

Келмас эдим, етаклади бу ерга йўлим,

Ёзмас эдим, битиклади бу сўзни қўлим.

Йўлимни-да, бурар эдим, қўлим кесардим…

Буролмадим кесолмадим… ёнарди кўнглим.

 

МУҚАДДИМА

Адиблар ҳақида ўйласам аввал

Ҳайратга тушардим ёзганларидан:

Қандай ёзган экан бундай асарларни, деб

Узоқ-узоқ сурардим хаёл.

Кунлар ўтди,

Ойлар ўтди,

Йиллар ўтди –

Ўтиб бормоқда умр,

Энди мен ҳайратга тушаман кўпроқ:

Шундай асарларни ёзган адиблар

Қандай яшар экан дунёда, дея

Узоқ-узоқ сураман хаёл.

 

СЕНСИЗ УМР ЯРИМ

Қайда у кунларим, қайда у висол?

Қайда қувончимга қоришган жаҳон?

Сени мен йўқотдим йўловчи мисол,

Қолди қароқчига таланган карвон.

Сенсиз умр ярим ва дунё бир кам,

Нетай, ўқтин-ўқтин зирқирар қалбим?

Ўчоғи бор-ку ярқ этган чўғнинг ҳам,

Қолдим уйи куйган мусулмон каби.

Дўл урган даладек паришон бу дил,

Афсус-надоматлар ёндирар бўғзим.

Менга лаънатлар айт, қарға муттасил,

Берсин жазоимни Худойим ўзи.

Ёнган уй тикланар, бутланар карвон,

Дўл урган дала ҳам яшнайди қайтиб.

Бироқ йўқолмайди кўксимда армон,

Бироқ сен йиғлайсан, лаънатлар айтиб…

Шукур ҚУРБОН

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − ten =