Вулқон

Муаллиф ҳақида:  

Байрам Айтмурод – 1986 йили Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманида туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Биринчи китобим” лойиҳасида “Қўноқ” номли китоби чоп этилган.

(Ҳикоя)

Айтсам, ишонмайсиз, ишонсангиз, томингиз кетади. Ҳа-ҳа, томингиз кетади. Ҳаммаси бугун эрталаб бошланди. Нонуштага ўтираётсам келинингиз ўттиз икки тишини кўрсатиб тиржаяди, оғзи қулоғида. Кечаги маишатнинг бош оғриғи зирқиратиб турганда бу нима қилиқ? Биров ўлай деса…

– Тинчликми? Эрталабдан оғзингни йиғиштира олмаяпсан? – дедим қизарган кўзларимни ундан узмай.

– Ҳа, тинчлик, – дейди-да яна пиқ этиб кулади. – Одамларга инсоф кириб қолибди. Ҳовли супураётсам сутчи хола сумкаларини кўтариб ўтиб кетяпти. Бош­қа кун “айланай, ўргилай” қилиб сўрашадиган, сутини мақтаб ҳол-жонимга қўймай олдирадиган холага салом берсам алик олмайди. “Тўхтанг, икки литр сут беринг” десам “Сут йўқ, энди умуман бўлмайди” деб дўқ ҳам қилди. Хотиним оғзи тўлиб кампирнинг ғийбатига тушиб кетди. Сочига оқ тушган, тирикчилик юкиданми, қарилик таъсирими, қадди букчайиброқ юрадиган холани мен ҳам бир-икки марта кўрганман. Рости, унга раҳмим келарди. Шу биттагина сигирининг сутини пуллаб, невараларининг ғамини еб юрибди бояқиш кампир, деб керак бўлса-бўлмаса сотиб олардим. Келинингизнинг гаплари мени ҳайрон қолдирди. Унинг сигир тугул, эчкиси ҳам йўқ экан. Бозордан кўтара олиб, устига икки баравар нарх қўйиб “дом”дагиларга пуллар экан.

Ҳа нима қилибди, шу ҳам гап бўлдию, дейсиз-да. Мен ҳам аввалига шундай ўйладим. Аммо бирдан ичимда бир нарса гумбирлаб қолса бўладими. Бошимнинг оғриғи баттар кучайди, кўз олдим қоронғилашиб, хотинимга ўзим билмаган ҳолда “Шу десанг…” деб, кечаги маишатнинг тафсилотларини миридан-сиригача айтиб беряпман-да. Ўзим қўрқиб кетдим. Миямда ўзимни тўхтатмоқчи бўламан-у, ичимдаги гап худди тошқин мисол оқиб келяпти. Унга на бир тўғон, на бир тўсиқ тополмаяпман. Яхшики, кенжамиз уйғониб қолди. Бўлмасам маишатдан кейинги кўнгилхушликнинг “сандиғи” очилиб, шарманда бўлардим. Хотиним болани ювиб-тарагунча, апил-тапил кийиниб ўзимни кўчага урдим.

Менга нима бўляпти, ўзи? Аъзои баданим қалтираб, кўксимни бир нарса куйдиряпти. Наҳотки, виждон қурғур неча юз йиллаб ётган вулқон мисол уйғониб қолди. Бунинг оқибати ёмон бўлади, ҳали бу вулқон бошимга балолар ёғдирмаса эди.

Хаёл билан бўлиб, қизил чироқдан ўтганимни сезмай қолибман. ЙПХ ходимининг таёқчасини кўриб, аранг тўхтаб олдим. Ҳужжатларим орасига олтита беш мингталикни солиб, секин яқинлашдим. Ҳайрият, таниш экан, келишса бўлади десам, кўнмайди-да! Шу ялинаман, илтимос қиламан йўқ дейди. Бошқа пайт “Ие, ака яна сизми?” деб мийиғида кулиб қўядиган одам қабоғи очилмайди.

– Ака, протокол тузиб, машинангизни жарима майдонига олиб боришга мажбурмиз.

Ў-ҳў, расмиятчиликни роса боплади-ку! Кўрсатувга олин­яптими ё нари-берида бошлиғи турибдимикан деган ўйда ён-ат­рофга аланглайман, ҳеч қандай камера ҳам, бошлиқ ҳам йўқ. Бир вақт бошимдаги оғриқ бош­ланиб, айбимни тан олиб турибман-да. Бошқа пайт талашиб тортишадиган одам мулойим мушукдай ялиняпман. Таниш-билиш эканимизни, ҳатто, қадрдон бўлиб қолганимни қистиргандим, балога қолдим. Яқиндагина қуюқ сўрашадиган ходим бугун инсоф, виждон ҳақида ваъз ўқийдими-ей, куйиб-пишиб йўл қои­даларини тушунтирадими-ей, қизил чироқдан ўтиш нақадар аянчли оқибатларга олиб келиши тўғрисида маъруза қиладими-ей. Хуллас, машинани жарима майдонига олиб боргунча қулоқ миямни еди.

Тарвузим қўлтиғимдан тушиб, такси тўхтатдим. Ишхонамнинг манзилини айтиб, “тўрт минг бўладими” деб сўрасам, бобиллаб берди. “Инсоф борми, ўзи, бир қадам жойга шунча пул берадими, у ергача бир литр бензин ҳам кетмайди-ку, сиз мени ким деб ўйлаяпсиз, икки минг берсангиз обориб қўяман”, – деса-я? Ҳайрон қолдим…

Энг қизиғи эса ишхонада бош­ланди. Эшикдан қоровулимиз Сарсен оға пешвоз чиқди. Одатда тавозе билан кўришадиган одам, икки қўлини пахса қилиб олган.

– Соат неча бўлганини биласизми? Бошлиқ ҳам шунақанги масъулиятсиз бўладими? Ҳужжатингизни кўрсатинг, қани?

– Ие оға, чап ёнингиз билан турдингизми? Мени танимаяпсиз, шекилли?

– Жуда яхши танийман-да. Сиз шу идорага бошлиқсиз. Қўлингизда беш ўнтача ходим бор. Хўш, нима бўпти шунга? Бу дегани ишхонага хоҳлаган пайт­да келиш керак дегани эмас. Қонун-қоида ҳаммага баробар. Хафа бўлманг-у, сизни ўлгудек ёмон кўраман. Ўзингизча ҳол-аҳвол сўрайсиз, невараларимни суриштирасиз, аммо қоровулнинг туриш-турмуши сизни умуман қизиқтирмаслигини кўзингиз айтиб туради. Сиз иккиюзламачи, худбин одамсиз. Тўғриси, ҳар сафар сизни кўрганда қўлимни кўксимга қўйиб сўрашиш, тилёғламачилик қилиш жонга тегди, ука. Барибир, фойдаси йўқ.

Рост гап ҳам шунча аччиқ бўладими? Қалампир чайнагандай юзим буришди. Бошимнинг оғриғи яна зўрайди. Ичимдаги вулқон аъзои баданимни куйдирди. Шунчалик кўзимни ёғ босиб кетдими… Айб ўзида, нафақадаги одамга қоровул бўлиб ишлашни ким қўйибди? Уйингда невараларингни роҳатини кўриб, кампирингга аччиқ кўк чойни дамлатиб, сўрининг устида дам олиб ёт. Хаёлимдан кечган гап­лар беихтиёр тилимга кўчиб қолса денг. Чолга қаттиқ таъсир қилди. Чап кўксини чангаллаганча ўтириб қолди. Қутим ўчиб кетди. Дарров тез ёрдамга телефон қилдим. Орадан ярим соат ўтиб, етиб келди. Унгача кўк чой, қора чой қилиб бўларим бўлди.

– Намунча кеч қолмасанглар, – деб заҳримни сочмоқчи эдим шартта оғзимга уришди.

– Ака, узр, “ложний визов” деб ўйлабмиз, – дейди.

Қоровулни касалхонага жўнатиб, хонамга кўтарилаётсам олдимдан ҳисобчимиз чиқиб қолди. Ранги докадек оқарган, кўзлари ола-кула. Ташвиш йўқда ташвиш бўлди қайнонамнинг ўлгани, дегандай минғиллаб “Ака, сизда гапим бор” дейди. Оббо, бунинг ҳам ичида вулқон уйғонган кўринади, гапидан аланганинг иси кел­япти. Индамай хонага бошладим.

Қабулхонада котибамиз ўтирибди, кўзлари қизарган. Менга бир нарса сўрамоқчидек, бирор нажот излаётгандек қаради. Раҳмим келди. Ахир, шундай офатижон бир париваш, ҳамма айтганингизни, ҳа, айнан ҳамма айтганингизни ортиғи билан бажара оладиган ҳурлиқо сизга мўлтиллаб турса, юрагингиз тарс ёрилмайдими? Аммо пинагимни буз­мадим, ҳисобчи билан хонамга кириб кетдим.

“Хўш нима гап” дейишим билан ҳисобчимиз дарди ҳол қилиб кетди.

– Ака, мени қутқаринг. Ортиқ чидай олмайман.

– Нима бўлди, ўзи? Тушунтириброқ гапир.

– Камомадларни жой-жойига қўймоқчиман, сиз ҳам “еган”ларингизни… қайтаринг! – фавқулодда буйруқ оҳангида чиққан бу гапдан эсанкираб қолдим.

– Ёлғон “ведомост”ларни ҳам қайта тўғирлаб, ходимларнинг ойлигини бошдан ҳисоблашимиз керак. Ишхонамизга тегишли машина билан тўртта компьютерни “списание” қилиш ҳақидаги буйруқни ҳам бекор қилайлик.

– Эсинг жойидами?! Сен нималар деётганингни биласанми? Кимга туҳмат қилаётганингни анг­лаяпсанми? – деб бақиришимни биламан яна бошим гангиб, оғзимдан бошқа гаплар чиқа бошлади. – Еган бўлсам, егандирман. Бир ўзим ебманми? Менинг ҳам оширадиган, ошатадиган жойларим бор. Бошлиқ бўлиш осон дейсанми? Қолаверса, казо-казоларнинг тўй-маърака­лари бор. Қуруқ бориб бўлмайди. Нима, мен чўнтагимдан чиқарибманми? Машина билан компьютер балансда бўлгани билан ўзи йўқ эканини мендан кўра яхши биласан-ку, катта холамникидан олиб келаманми энди уларни? Бор “ведомост”ларни тўғирлаб тур, олти ойлик ҳисоботни ҳам бошқатдан қил!

Бунақада ақлдан озиш ҳеч гап­мас. Нималар бўляпти? Қандай жин уряпти ўзи а, бу одамларни? Хаёлларим ғужғон уриб миямни портлатиб юборди. Нафас етмай қолди. Бўйинбоғимни бўшатдим. Ҳе бўйинбоқ тақмай ҳар бало бўлай! Анчагача ўзимга келолмай курсида чалқанча ўтирдим. Бир пайт эшик тақиллаб, ўринбосаримнинг боши кўринди, ундан сўнг кадрлар бўлими бошлиғи, хўжалик ишлари бўйича мудир, ҳисобчи, кассир опамиз… Ҳаммаси қўлида ишдан бўшаш ҳақидаги аризаси билан кириб келди. Лом-мим демадим, тушундимки, уларнинг ҳам ичидаги вулқони қўзғалган, уни энди тўхтатиб бўлмайди. Имзо қўйиб бердим.

Қўлларим қалтираб, яқин таниш бўлиб қолган ревизор акамизга қўнғироқ қилдим.

– Алло. Ассалому алайкум, акагинам. Соғлиқлар…

– Мақсадга ўтинг, ука, вақт йўқ.

Ие, нима бало? Бу одамни ҳам жин чалибдими дейман.

– Шу десангиз, директорликни топширмоқчиман, ака, – дедим ўзимни гўёки таътилга чиқмоқчи одамдай шўхчан кўрсатишга ҳаракат қилиб. – Озгина ёрдамингиз керак. Идорани бутунлай текшириб, ҳамма камомадни чиқариш… Йўқ, аввалгидай эмас, бу сафар росманасига текширув ўтказсангиз дегандим…

– Сиз мени тушунмадингиз, чоғи. Умуман иложим йўқ, бир соат олдин мен ишдан бўшаганман…

Хайр-маъзур қилмасдан гўшакни қўйгани алам қилди. Ахир, кимсан фалончиман десам, ўпкасини қўлтиқлаб югуриб келадиган одам шундай иш қилса, жаҳлингиз чиқмайдими? Лекин уни ҳам тушуниш керак, ҳаммасига ичимизда уйғониб қолган вулқон айбдор.

Столим тагидаги тугмани босдим. Сал туриб котиба кўринди, ўзидан олдин эса бир варақ оқ қоғоз.

– Аризами?

Тасдиқ оҳангида бош чайқади. Беихтиёр уҳ тортиб юбордим.

– Унда, яна битта ариза тайёрланг. Бошқарма бошлиғига менинг номимдан. Фақат тезроқ, у ёқдагилар ҳам ишдан бўшамай туриб улгуришим керак…

Ўзимни худди қушдек енгил ҳис қилдим, бош оғриғим тўхтади, кўксимни кемираётган оғир юкдан қутулдим. Йўл-йўлакай бор пулимга бозор қилиб, уйга яёв қайтдим.

Эшикни тақиллатсам, ҳеч ким очмади. Ичкарида на овоз, на оёқ товуши эшитилди. Калитим билан эшикни очдим, юракни эзадиган жимжитлик. Уйда ҳеч ким йўқ, ҳувиллаб ётибди. Хонтахта устида бир парча хат: “Шу пайтгача болаларимиз учунгина сизга чидаб келдим, ортиқ тоқатим қолмади, мени изламанг!”

Аламданми ёки карахтликданми, беихтиёр музлатгични очиб, Анвар шоир айтганидек “сабуҳий”, ўзбекча айтганда “пахмин” қилдим. Оҳ, бунчалар аччиқ бўлмаса, бу ароқ деганлари.

Бирдан ҳамма нарса – девордаги нақшлар, шифт, кийим-кечак солинадиган шкаф, ердаги гилам кўзимга иссиқ кўриниб кетди. Қўл телефоним эса ҳар доимгидан ҳам ёқимлироқ жиринглаб қолди. Олсам, эрталаб менга пўписа қилган ҳисобчи “Ака, айтганингиздай ҳаммасини тайёрлаб қўйдим, қўл қўйсангиз, бас” дейди. “Нима, дарров-а, хўш, қанча қарз бўлдим?”. “Ундай деманг, ака, бошимизда соя­бон бўлиб турганингиз учун биз сиздан қарздормиз”.

Бундай ўзимга қарасам, кеча уйга аранг судралиб келиб, ечишга ҳам улгурмаган кийимларимда турган эканман.

Хурсанд бўлиб кетдим, ҳатто кўзим ёшланганини ҳам сезмай қолдим. Ошхонага ўтдим, келинингиз йўқ, тағин қўрқиб кетдим. Бир пайт қўлида сут билан кириб қолди. Бир ўзига, бир қўлига қараб серрайиб турганимни кўриб, изоҳ бера бошлади.

– Сутчи хола бирам яхшики. Чақалоғингизга атайлаб эрталаб соғилганидан олиб келдим дей­ди.

– Хайрият…

Байрам Айтмурод

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − 11 =