Фариштам бор

Муаллиф ҳақида:

Биби Робия Саидова — 1991 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Ҳикоя, шеър ва мақолалари Республика матбуотида чоп этиб келинади. “Парвоз” деб номланган китоби нашр этилган.

Ҳўл сочларини елкаси оша ташлаб, кўзгуга солди. Ювиб чиққанидан сўнг одатдагидек бирмунча ўсгандек туюлди. Қайта-қайта арт­са-да, сочидан кўз ёшларидек оқаётган томчилар қўлига тушиб ғашини келтирди. Уй вазифасини бажаришга шайланаётган   синглисининг олдига борди-да, сочини бир ўрим қилиб ўриб қўйишини буюрди. Сингил энди уйғонаётган иштиёқини бузгани учун ош устига кутилмаганда меҳмон келгандай нохушланиб, тароқни эринибгина қўлига олди-да тарай бошлади.

– Чиройли қилиб ўр! Менга қара, агар ўтган сафаргидай айрим жойлари ғуррага ўхшаб шишиб қолса, анови кўйлагимни кийишга бошқа бермайман!

– Вой-вў, яхшиям битта кўйлак экан-эй. Сизга ким айтди, уйқусираб турганимда ўрдиринг деб. Ўзингизда айб.

Сингил юзига сергаклик югургандай бўлди-да, опасининг сочи билан боягидан бошқача “муомала” қила бош­лади. Сочни текислаб, тенг уч қисмга ажратди. Қўллари орасига олган сочларни қитиғлай-қитиғлай ўришни бош­лар экан, тўсатдан бармоқлари ҳаракати сустлашди. Ихтиёридаги бошнинг энса қисмидаги сочларини бир муддат пайпаслади-да, опасига кулимсираганча:

– Опа, йўғе, энди опоқи десамми, қизиқ, мана бу соч толангиз ярмигача оқарибди, олдинлари кўзим тушмаган экан, – деди.

Опа кутилмаганда тарсаки еган одамдай ўрнидан сапчиб кетди:

– Нималар деяпсан? Яна уйқусираяпсанми, дейман, – йиғи опанинг бўғзига қараб югурди. – Яхшилаб, қара, деворнинг оқ-поқи тегиб кетгандир. Қоқиб кўр-чи.

Сингил опанинг ногаҳон йиғламсираганидан хавотирланиб, чап қулоқ юқорисидаги сочларни енгилгина уриб кўрди:

– Опа, кетмаяпти… Лекин арзимаган нарса-ку, нега сиқиласиз? Ҳа-я, топдим, балки бўёқдир. Ўқишдан қайтаётганингизда бирор жойда янги бўялган деворнинг оҳаги тегиб кетган бўлиши мумкин.

Кўзларидан беихтиёр ёш доначалари думалаб тушаётган опа энди синг­лисига ўшқирди:

– Тентак, мен сенга деворларга суя­ниб юрадиган алкашмидим?! Бундан ташқари девордаги ўша оҳак   қулоғимнинг тепасидаги сочларим орасидан айнан мана шу толанинг ярмига тегиб кетадими?! Менга қара-чи, – опа талвасага тушган кўйи давом этди. – Йўқ, алдаяпсан. Яна ҳазиллашяпсан мен билан. Қани тезда қўлимга ўша толани тутқаз-чи, бўл тез!

Сингил опанинг бу важоҳатидан саросимага тушганди. Бироз шошиб қолди-да, унга тескари бўлиб ўтирганча чўзилаётган қўлга “айбдор”ни ушлатди. Опа бармоқлари орасидаги “айбдор”ни сиқувга олди-ю кўзгуга қараб югурди. Синглисининг ҳазиллашиб турадиган одати шу сафар ҳам такрорланганига бутун вужуди билан ишонишга уринарди. Кўзини у ёққа, бошини бу ёққа қийшайтирганча асов нигоҳини бир нуқтага жамлади. Шуурида илиниб турган ана шу ёлғизгина илинжи боя сочлари учидаги томчиларга ўхшаб ерга тушди-ю чил-парчин бўлди. Турган жойига аста чўккалади-да, ҳўнграганча йиғлаб юборди. Унинг назарида гўё бироздан сўнг барча сочлари оқариб кетади-ю, оғзида қолган бир-икки тишларини кўрсатиб иржайганча ғижимланган қоғоздек юзларида ажин тармоқлаб кетган кексалик қўлидан судраб олиб кетадигандек туюларди. У шу ёшга кириб сочи куни келиб оқариши мумкинлиги ҳақида ўйлашга улгурмаганди ҳам. Ёшлик бунга йўл қўймасди.

Йиғи овозига аввалига синглиси, сўнг ошхонадан онаси югуриб келди.

– Эҳ, шу ёшга кириб ҳам ҳеч босилмадиларинг-да. Ҳар доимгидай айтишиб қолдиларингми? Опангга яна нима дединг? Қани, қизим, опангдан тезда кечирим сўра-чи! Кап-катта қизсан, бўлди йиғингни тўхтат! Ҳар гапни кўнглингга олаверсанг қандай яшайсан бу ҳаётда?

Онанинг жон куйдириб айтаётган бу овутишлари учқунни аланга олдириш учун қилинган “пуф-пуф”лашдай бўлди.   Сабаби, опа ана шу оқариш эвазига синг­лиси билан минг маротаба уришиб, минг маротаба кечирим сўрашга тайёр эканлигини хаёлига келтирди-ю йиғиси авжига минди. Она бу олдингиларига ўхшамаган ҳолат эканлигини дарров пайқади-да бошқа гапирмади. Сўнг кичкина қизига савол аломати билан юзланди.

– Ҳалиги… арзимаган нарса. Боя сочларини ўрмоқчи бўлаётганимда бир тола сочларининг ярмигина оқарган экан. Шунга аза очиб ўтирибдилар. Ахир, опа, сиздан ҳам ёш-ёш қизларда, ўғил болаларда, масалан, менинг курсдошларимнинг айримларида ҳам оқарган бир неч­та толалари кўриниб ётади. Парволарига келтиришмайди-ку?

Бу гап “Атиги ярим толага шунчами, ҳали буниси ҳолва бўлади” дегандек туюлди-ю хўрлиги келиб ўксиниб-ўксиниб йиғлашда давом этди.   Она оҳангига хавотир сингган ним табассум билан:

– Қани кўрсат-чи уни! – деди. Сингил кутиб тургандай тиззалари орасида ҳам бўлиб олганча йиғлаётган бошга яқинлашди ва соч толаларини оҳиста пайпаслаб, гўё она ҳакаму, у гувоҳ бўлиб, “айбдор”ни кўрсатди. Она кулгуси шода-шода бўлиб гиламга тўкилди.

– Ҳали ҳам болалигинг қолмаган, қизим-эй! Шу оқарган ярим толанг учун шунча   йиғлаяпсанми? Яхши, йиғлайвер, ана шу яримтани бутун қилиб қўя қоласан.

Йиғи босими аста-секин пасая бош­лади ва ўрнини ҳиққиллашга бўшатиб берди. Она майин оҳангда давом этди:

– Қизим, бундан кейин арзимаган ҳар нарсага куйинаверма. Худо умрни инсонга бу учун бермайди. Гоҳ ўқишингда баҳо учун, гоҳ дугоналарингни айтган айрим гаплари учун сиқилганинг сиқилган. Сенга бир пайтлар айтиб берган   “Сулаймон узуги” ҳақидаги ривоятни ёдингдан чиқарма.

Сулаймоннинг узугига ёзилган сўзлар ҳозир унга тасалли беролмас эди. Опа ичини каламушдай кемиришга тайёр турган пушаймонларга берди-да, алами келиб яна йиғини бошламоқчи бўлди. Она буни дарров пайқади:

– Лекин сенга яна бир гап айтай, сочингдаги бу тола бошқа нарсадан дарак. Бу ҳаммада ҳам бўлавермайдиган хосиятли белги, қизим. Айтишларича, ёшлигида кимнинг сочида сеникидай оқарган тола бўлса, бу ўша инсоннинг хос фариштаси ҳисобланар экан. – Йиғи бу сафар орқасига қайтиб кетди. – Аксинча, сен хурсанд бўлишинг керак. Қани, бўлди, бошингни кўтар, соддагинам-эй!

Кафтида олов тутган одамдай қайноқ меҳр бармоқларигача уфуриб турган она букилган тиззалар орасига беркиниб олган бошни кўтариб, бағрига босди. Сингил боши ҳам бундан бенасиб бўлмади. Она бағридаги ҳар икки пешонадан меҳр билан ўпди:

– Қани, бўлди, тура қолинглар. Ҳали ўқилмаган қанча китоблар жавонда сизларни кутиб ётибди.

Опа бошидаги оқ тола фаришта эканлигини ўйларкан, юрагида тўлиб қолган тошлар бирин-кетин тўкилиб тушгандай енгил тортди. Сўнг бир умр суяшга тайёр турган елкалардан бошини кўтарар экан, нигоҳи онасининг оқарган сочлари билан тўқнашди. Гўё кимдир муздай сувни устидан қуйиб юборди. Бу сувнинг заҳи юраккача бориб етди. Унинг нигоҳи қайтиб чиқишни хаёлига ҳам келтирмай онасининг сочлари орасида қолди. Карахтлик опани бир муддат оғушига ўради. Бу фурсатда она овқатдан хабар олгани ошхонага йўл олди. Сингил ҳам қолиб кетаётган дарсларига қараб югурди.

Опа ўтирган жойида узоқ ўйлади. Уни бу ҳолга энди ўзининг эмас, балки онасининг бошидаги “фаришталар” солганди. У ўзини бу “фаришталар”га илк бора дуч келгандек ҳис қиларди. Кўзларини шунча вақтдан бери шамғалат қилиб келаётган кунлардан, ойлардан, йиллардан аччиғи чиқди. Уларга алданиб шамғалат бўлган кўзидан, ўзидан ғазабланди: “Наҳотки, ҳозирга қадар заррача пайқамаган бўлсам. Наҳотки… Мен… мен эса шу бор йўғи ярим толагина сочим оқарганига дунёнинг дийдиёсини қилдим, ҳаётдаги барча фожиалар йиғилиб бошимга келгандек ҳис қилдим ўзимни. Аммо онам… онажоним…” Кўзларидан дув-дув тўкилаётган ёшларини енглари билан арта-арта қиз энди онасини бағрига қаттиқ босиш истагида ошхона томонга шошилди. Яқинлашар экан, жуда оҳиста тарзда шивирлаш қулоғига чалинди. Қадамларини секинлатди-да, нигоҳини ичкарига йўллади. Қараса, она ерга ўтирган кўйи қиблага юзланиб қўлларини бошига қадар кўтарганча Худога ёлвориб нималарнидир пичирлаётган экан.

Биби Робия САИДОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + 14 =