Ўзбек шундай дейди…

Бир асар таассуроти

 

Ҳамиша миллий адабиётимиз вакиллари, айниқса, насримиз намояндаларидан катта умид қилиб келаман. Ёшми, ўрта авлодми, муаллимга айланган устоз адибларми – барчасини ўқишга ҳаракат қиламан, некбин бир нигоҳ билан ижодини кузатаман. Ижоди жаҳонни забт этган Маркесу Хемингуэй, Жойсу Вулф, Кортасар ёки Моем каби адибларни инкор этмаган ҳолимда ўзбек ёзувчиларини улардан кам кўргим келмайди. Чунки, ёзмоқ заҳматини озгина билганим учун ҳам яқингинада ўтган Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Шуҳрат, Пиримқул Қодиров, Шукур Холмирзаев каби салафларимизнинг асарларини жиддият билан ўқиб, уларнинг ҳам ўзбек бўлиб, (Бу жуда мушкул иш. Ҳисоб-китоб қилинса, бир ярим штатлик иш ўзбеклик дегани.Ш.С.) ҳам шундай ижодий меросни бизга қолдириб кетганларига тасанно дейман.

Айрим давраларда менга турк адиби Ришод Нури Гунтекин, грузиялик Нодар Думбадзе, абхаз Фозил Искандар ёки овруполик қалам соҳибларини мақтайвериб, уларнинг асарларидан топган ҳикматини қулоғимга қуя­вериб силламни қуритишади. Аввалига жим тинглайман, “Ҳа, маҳоратли, катта истеъдодли ёзувчилар” деб гап бериб тураман. Аста-секин ўзимиз ҳақимизда гап бошланганида ҳамсуҳбатимнинг энсаси қотганини кўраман, писандасини эшитаман, охири бўлмайди – ёриламан: “Улуғбек хазинаси”ни ўқиганмисиз? “Вафодор” деган, кўр киши игнада ёзган романни-чи? Ойбекни биларсиз — “Навоий” романи бор. Асқад Мухторнинг “Қорақалпоқнома” асарини ёки Шукур Холмирзаевнинг “Ўн саккизга кирмаган ким бор?” асари… Ва ҳоказо…

Қаршимда бурнини жийириб ўлтирган “хос китобхон” биродарим мен айтган китобларни ўқимаган, ўқиса-да “иккинчи сорт” деб билувчи, уларнинг муаллифларини эса жайдариликда айбловчи бир жонзотки, унга гап уқтириб бўлмайди. Умрида бир тун қон ютиб қоғоз билан юзма-юз бўлиш азобидан бебаҳра бу каби ҳақпарастлар билан сира-сира сувим тинимайди. У кишига Навоийни гапирсанг, “Қачонгача ўтганлар билан мақтанамиз” деб оғзингга уради, Шукур акани гапирсанг, “чапани” дейди, Аҳмад Аъзамни ўқимаган бўлади — танимайди, Назар Эшонқул десанг, “ғарбнинг тақлидчиси” дейди, Ўткир Ҳошимов, Тоғай Мурод, Эркин Аъзам каби усталарни ўйлаб ўтирмай “маҳаллийчи”, “юки енгил” каби айблар билан камситаверади. Ўз адабиётини қадрлаб, қиёслаб, борича эъзозлаёлмаган бундай билағонлар, уйига меҳмон келганида кекса, камбағал отасини кўздан панароқ хонага бекитиб қўювчи гумроҳга ўхшайди.

Ҳазрат Қодирийдан бошлаб романга ҳам ўтган, мустабид даврнинг ҳар 30-40 йилида “каллакланиб” турган, ўтган юзйилликда не-не асарларни дунёга берган ёзувчиларимизни аввал ўқиб, бизникилар нега бундай ўйлашлари ва ёзишлари сирини тушуниб, ўзига хос йўриққа тушганимизнинг сабаби — яхшими-ёмонми ўз феъл-атворига эга миллат бўлиб шаклланганимиз экани, бу бемисл ютуқлигини (миллат бўлиб шаклланолмаган элатлар жуда кўп дунёда.) англашимиз керак. Бир оддий ҳақиқатни биламан: ўзидан ғурурланолмаган ва ўзига танқидий кўз билан қарай олмаган, бир сўз билан айтганда, ўз қадрини билмаган халқнинг ҳолига вой, охири — таназзул.

Ва тағин бир ўқирман сифатида биламан, бизда жаҳонга олиб чиқса бўлгудай, жаҳонни ўзига қаратгудай асарлар талайгина.

Бу гап-сўзлар, мулоҳазалар таниқли ёзувчи Хайриддин Султоновнинг “Одамлардан тинглаб ҳикоя” номли китобини ўқиш асносида туғилди, ўзбекни, миллий адибларимизни яна бир бор яхши кўриб кетдим.

Ўзбек бўлиш қийин, ўзбек бўлиб қолиш бир-бир ярим штатлик иш! Қон-қонига меҳмондўстлик, ўзи оч бўлсаям меҳмонини, ўзи оғриб турсаям боласини, ўзи муҳтож бўлсаям беморнинг кўнг­лини ўйлайдиган, адо қилган ишини ғурур билан айтиш ўрнига “вазифам эди, бажардим-да” деб елка қисиб турадиган, айни дамда қитмирлиги ҳам, эгилувчанлиги ҳам, энг муҳими тантилиги, қўли очиқлиги ҳеч бир халққа ўхшамаган бундай одамларнинг кенг дунёда бошқа нусхаси йўқ. Шу халқнинг юрагини тинглаб, дарду ғуссасини ўзига олиб, қалам сураётган адибларга раҳмат. Хусусан, “Одамлардан тинглаб ҳикоя” муаллифига ҳам!

Китоб жуда кўп жиҳатлари билан каминага манзур бўлди. Ундан жой олган 31та ҳикоянинг ҳаммаси монолог тарзида битилган. Қизиғи, бутун бошли китобдаги барча ҳикоя шундай — бир хил фасонда қурилган эса-да, ғашга тегмайди, зерикмайсиз. Сабаби, ҳар бири мус­тақил асар бўлган бу ҳикояларнинг ҳаммаси ҳаётий, тирик одамларнинг тарзи, уларни ҳар куни ёнимизда кўрамиз. Дардлари ҳам, қувончлари ҳам жуда таниш, қадрдон! Айрим ҳикоялардаги бадбин кимсаларнинг қиёфаси ҳам жуда ўзбекона.

Китоб бошдан охир ўзбеклар ҳақида! Бу таъриф ғалати эшитилмасинки, ўзбеклар ҳақида, унинг ҳаёти, киру ёрқин турмуши ҳақида мардона ёзиш ўзи бўлмайди. Тили ўзбекча-ю маъноси бетайин асарлар бисёр замонда бундай китоб “ярқ” этиб кўринади.

Биз ўз фарзандимизга, ўз отамизга шундай муносабатда бўламиз доим: қусурларидан аччиғланамиз, хатосидан надомат қиламиз, кичкинагина ютуғидан ҳам бениҳоя қувониб кетамиз, силқиб турган дардини кўриб, чор-ночор малҳам излаб югурамиз, айбини пардалаб айтамиз, яхшисини оширамиз, ёмонини яширамиз. Ва уни ич-ичимиздан яхши кўрамиз, ортидан яхшилик соғинамиз, оёғига тикон кирса танимиз зирқираб кетади. Ушбу китоб ўз халқига ана шундай меҳрли, дардли нигоҳ билан боқиб турган адибнинг ичкуяр бир асаридир.

Китобдаги “Миллатчининг жазоси” ҳикояси қаҳрамони мус­тақилликдан кейин исмидаги бир ҳарфни ўзгартирмоқ, яъни “соф ўзбек” бўлмоқ ниятида “паспортстол”га боради ва қийналиб бўлсада, мақсадига эришади, аммо бошқа — шу вақтгача амалда бўлган ҳужжатлари сабаб жуда кўп савдоларга дуч келади, ҳатто ўз номидаги уйидан ажралишига бир баҳя қолади. Ва исми аввалгидек бир ҳарф нуқсони билан қолишига жон-жон деб рози бўлади. Бу совет давридан қолган чандиқ — ҳаммага таниш муаммо ҳикояда жуда ҳаётий тас­вирланган. Бундай муаммо ўзбекка хос, ўзбеккина ўз исмини ўзгартирса бюрократия деган деворга боши бориб урилади, бу девор бизга жуда таниш. Буни ҳикоядагина айтиш, оғриниш, ўртаниш ва юпаниш мумкин.

Халқимизнинг илк мустақиллик йилларидан тортиб бугунги кунгача ўтган йўли, вақт ўтган сари ўзгараётган дунёқараши, алмашинаётган расм-русумлари, ошаётган тажриба билан бир пайтда йўқолаётган айрим фазилатлари, қўйингки, ўзбекнинг ҳаёти акс этган бу ҳикоялар ўзимизга ташқаридан – ёзувчи кўзи билан қарашга бир ажойиб воситадир. “Биринчи миллион”, “Мантиқ дарси”, “Судда”, “Отабекнинг жанозаси” каби ҳикояларни китобхон оғриниб, юраги ўртаниб ўқийди, уларнинг ҳар биридаги миллий дард ўқувчига юқади. Кўнгил бир хўрсиниб олади. “Бу бизнинг ҳаётимиз” деган муродга келади. “Яхшисиям, ёмониям — ўзимизники!” деган хулоса кўнгилни кенгайтиради. Ўйга чулғайди.

Китобдаги “Таржимаи ҳол” ҳикояси эса олис тоғлардаги чўпоннинг қора уй — ўтовини ёдимга солди. (Гарчи ҳикояда ўтов ёки чўпон ҳаёти тасвирланмаган. Ш.С.) Гап шундаки, ўтовнинг девори — керагалар йиғилиб турган пайтда ихчам, бир-икки йилқига юк бўлади. Аммо уни ёйиб қаддини ростласа ундан бутун бош­ли қора уй бино бўлади. “Таржимаи ҳол” — йиғилиб турган керага каби. Унда миллатнинг тимсоли бўлган бир оиланинг бир асрлик ҳаёти тас­вирланган. Бу ҳикоя­ни муаллиф керагани ёйгандек ёйса — адабиётимиз зўр бир романга бойир эди. Асардаги Оқ пошшо замонидан мустақиллик давригача бўлган фурсатда ўзига тўқ, зиёли бир оила вакилларининг не-не азоб­ларни бошдан кечиргани, бир уйда ўтирган кекса онанинг тилидан ҳикоя қилинади. Ровийнинг ўз жигарлари — ота-онаси, опа-сингиллари, ёлғиз акасидан ажралишлари, тағин қонидаги ўзбекка хос яшовчанлик, Худодан умидворликдан куч олиб, ерга ажриқдай ёпишиб, ҳаёт билан талашиб-тортишиб, ҳикояда айтилганидек, авлодларни “оғзида тишлаб, орқасига опичлаб” йиллар тузоғидан омон ўтиши ва… дориломон кунларга етиб келиши жуда катта жасорат. Асарни қонида ўзбекдан бир урпоғи бўлган одам бетаъсир, дийдаси ёшланмай ўқий олмайди. Мутолаа сўнгида ўқувчи ўзи мансуб шу халққа қарата, беихтиёр “борлар ичра бор бўлиб, тўртоворанинг орасида телпагинг қиррайиб юргин-да” деган азиз тиловларни эсласа ажабмас. Ёдимга бир шеъримдаги сатрлар келди:

Оламда мусаввир, машшоқ халқлар бор,

Эллар томошага навбатда турган.

Аммо ўзбек деган буюк деҳқон бор,

Ўзбек эса доим хирмон кўтарган…

Ўзбек шундай бўлган — хирмон кўтарган, борини улашган, йўққа сабр, борига шукр қилган. Асардаги одамлар ҳаётини томоша қилиб туриб, бунча матонат, тоқат, бетиним меҳнатга куч қайдан дейсиз? “Мен кўрмаганни болам кўрсин, мен қийналсам ҳам болам яхши яшасин” деган ўзбекка хос тутумни, Худога таваккал қилиб, умид узмай яшаган одамларимиз нақадар чин муслим эканини теран ҳис этасиз. Элга ниятига яраша подшоҳ келаркан, ниятига яраша ризқ-насиба бериларкан. Ниятига, оёқ олишига қараб улуғ фарзанд­лар туҳфа этиларкан. Дунёга сабоқ берган мударрис­лар, муҳаддислар, азиз авлиёлар, шоирлар, олимлар, жаҳонгирлар чиққан ўзбекнинг ҳам Худога ёққан жойи бор. Бу жиҳат шундай: тонгда ишга, шомда уйга қайтаётган, рўзғорини, қора қозонини қайнатиб, эртасини Оллоҳга таваккал қилиб, ҳар дамда умид ва қўрқув орасида ўтаётган оддий, кенг­феъл одамларнинг тилови бу! Илм ҳам, маърифат ҳам, тожу давлат ҳам шу қадоққўлларнинг дуосида, эзгин, эзгу ниятларида жамдир.

Раҳматли онажоним, “Туриб туёқ бўл, ёниб чироқ бўл. Элга нафинг кўп бўлсин!” деб кўп тилар эди. Миллатнинг бир оиласи — бир бўлаги ҳақидаги “Таржимаи ҳол” ҳикояси шу каби азиз туйғуларимни эсга солди, боз тирилтирди.

* * *

Мунаққид эмасман. Ёмон ўқувчи ҳам эмасман. Кунига бир янги китоб чиқиб ётган жамиятимизда ҳар қайси китоб ҳам ўрнимдан қўзғатавермайди. Кўнгил ҳамма китоблардан ҳам тўлғонмайди. Шу сабаб кўнгил бир тошди, шуларни қоғозга туширдим. Яхшиси, китобни топиб ўқиш керак. (Аммо бу китоб ҳам бошқа яхши китоблар каби жуда кам ададда чоп этилган – 2000 тагина.) Соф миллий тафаккур билан ёниб турган муаллифга баракали ижод ва умр тилайман!

Шодмонқул САЛОМ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + 14 =