“Мактубларни қутқариб қолинг!”

Афанасий Афанасьевич Шеншин узоқ вақт давомида “Фет” фамилияси остида имзо чекмади, бу фамилиядан умр бўйи нега орланиб ўтди?

 

Чет эллик талаба

 

Афанасий Неофитович Шеншин — орловлик бой, катта ер эгаси, бўлажак шоирнинг отаси Германияга ташрифида мафтункор Шарлотта Фёт билан танишади. Улар ўртасидаги муҳаббатга Фёт хонимнинг эрли аёл эканлиги ҳам соя сололмади. Оқибатда, ҳомиладор Фёт хонимни жаноб Шеншин Россияга олиб келади. Шарлоттанинг эри билан ажрашиши узоққа чўзилади. У Шеншин билан никоҳдан ўтган вақтда бола дунёга келиб бўлган эди, болани отасининг шарафига Афанасий деб аташади. Бироқ унинг ноқонуний туғилганлигини яшириш мақсадида қалбаки ҳужжат тайёрланиб, Шеншин фамилиясига ўтишга ўтди-ю, Афанасий 14 ёшга тўлганда ёлғоннинг миси чиқди. Қалбаки ҳужжат устидан иш қўзғатилиб, бола нафақат фамилиясидан, ҳатто Россия фуқаролиги, двор­янлик унвони ва ота меросидан ҳам маҳрум этилди.

Шу кундан бошлаб у онасининг фамилиясига ўтди — Шеншиндан Афанасий Фёт, яъни чет элликка айланди-қолди. Бу бўлажак шоирга қаттиқ зарба бўлиб урилди. У бор кучи, ақлини ишга солиб, нима қилиб бўлса-да, отасининг фамилиясига ўтишга бел боғлади. Университетга “чет эллик талаба” сифатида қабул қилинди. Худди шу ерда шеъриятга ошно тутинди, танқидшунос Аполлон Григорьевич билан яқиндан танишди ва шеърларини чоп эттира бошлади. Ҳарф терувчининг хатоси билан фамилиясидаги “ё” ҳарфи “е”га айланиб, илк шеърлари “Фет” фамилияси остида нашр этилди.

Шу тариқа унинг фамилия­си иккинчи бор ўзгартирилиб, Фетга айланди. Таҳсилни тугатиб, барча ҳуқуқ ва меросдан маҳрум этилган ёш шоир ҳарбий хизматга кетишга мажбур бўлди. Шоир кавалерия офицери бўлиб хизматни бошлади. Армиядаги хизмат ва ҳаёт ёш йигитни қизиқтирмас, у ҳамон шеърият ва муҳаббат шайдоси эди.

Бироқ муҳаббат уни узоқ куттириб қўйди — 28 ёшни қоралаб қўйган Фет хизмат қилаётган полк Криловнинг унча катта бўлмаган мулкига яқин жойда жойлашган эди. Бу мулкнинг эгаси унчалик бой бўлмаган захирадаги офицер Лазич уйининг доимий меҳмонлари — офицерлар эди… Ёш ҳарбийларни хўжайиннинг уч дилбар қизи мафтун этиб қўйган эди-да — Камелия, Юлия ва Мария! Фет бошида нозик қад-қоматли Юлияга, сўнг­ра қирмизиюз Камелияга лутф кўрсата бошлади. Аммо орадан кўп ўтмай, кенжа қиз — 22 ёшли ўта жиддий Марияга эътибор бера бошлади. Бу қизни замондошлари таърифлашган­да, қадди-қоматидаги бетакрорлик­ка, тим қора сочларининг жозибасига алоҳида урғу беришарди. Фет у билан танишган илк кунларини шундай эслайди:” Мени унинг шеъриятни шунчалик теран ва кенг билишлиги, севимли шоирларимнинг деярли барчасидан хабардор эканлиги ҳайратга солди. Худди шу нарса бизни яқинлаштирди”.

 

Тўй харажатсиз бўлмайди

 

Машҳур адиблар асарлари устидаги охири йўқ мунозара, суҳбат, тортишувлар, ора-сирада Фет ўз шеърларини қизғинлик билан ўқишлари кавалерия офицери билан мулк эгаси қизини бир-бирига тобора боғлаб борарди. Уларнинг бахтли муҳаббатига рахна соладиган кучнинг ўзи йўқдек кўринарди. Севишганлар тез-тез боғда айланишар, боғ тўридаги ўриндиқларда узоқ суҳбатлар қуришар, Мария роялда куй чалса, Фет унинг ёнида тик туриб тингларди. Мария, унинг қариндошлари Фет яқин қариндош­лари Фет яқин кунлар ичида севимли Машанинг қўлини сўрашга шубҳа қилмасдилар. Бироқ Фет шошилмади. “Қандай қилиб уйланаман? — деб ўйлади у. — Ахир, ҳеч нарсам йўқ-ку! — На пул, на мерос, ҳатто фамилия!” Мария ҳам сепли қиз эмас эди. Хуллас, ҳавас билан турмуш, ҳавас билан яшаш орзулари пучга чиқди.

“Мен аниқ кўриб турибман: ойига 300 рубль, уй-жойи йўқ офицернинг сепсиз қизга уйланиши ўйланмай ташланган қадам ва муқаддас никоҳга виж­донсизларча қарши бориш билан тенгдир. Чунки мен кейинчалик барча талабларни бажариш имкониятига эга эмас­ман”, — дея қатъий қарорга келган Фет Мария билан гаплашиб кўришга уринади. У қизга бу муносабатларнинг келажаги йўқлиги, чунки доимий тежамкорлик ва муҳтожлик ҳар қандай, ҳатто энг кучли туйғуларни ҳам ўлдириб юбориши мумкинлигини айт­ганда қиз бунга ишонмайди ва муносабатларни узиб юбормасликни ўтиниб сўрайди. Шунда Фет Мария билан ажрашиш учун полкдан ҳам кетиши лозимлигини англаб етади. Мария бу айрилиқ билан келиша олмайди — Фетга тинимсиз оташин хатлар йўллайди. Орадан икки йил ўтгач, орани очиқ қилиб олиш ниятида Фет Лазичлар қўрғонига келади. Лекин Мария билан учрашув ҳеч нарса бермайди — қиз аввалгидай шоирга турмуш қуришлари зарурлигини ўтиниб сўрайди. Фет эса ўз фикридан қайтмайди.

Кўп ўтмай Афанасий Фетга даҳшатли хабар етиб келади. Мария кўйлагига илашиб қолган гугурт чўпи оловидан куйиб кулга айланади. Ўчиб улгурмаган гугурт чўпи лоп этиб Машага урилди. Қўрқиб кетган қиз ўзини айвонга урди. Шамолнинг зўрлигидан олов гуриллагандан гуриллади ва Маша ўзини пастга отди. Айтишларича, Мариянинг ўлими тасодиф эмас, аксинча, у ўз жонига чинакамига қасд қилган. Бунинг сабабини Фетга бўлган бахт­сиз севгига йўйишди. Афанасий ҳам севгилисининг ўлимида ўзини айбдор деб билди. “Мен умр бўйи мени тушунадиган аёлни кутиб яшадим, кутиб бўлдим ҳам. У ёнаётиб қичқирди: “Барча муқаддас нарсалар ҳаққи, хатларни қутқариб қолинг!” Шоир ўлими олдидан шундай эслайди, шундай дейди: “Ўзим гуноҳкорман, ўзим айбдорман”.

 

Лирика ва тадбиркорлик

 

Фетни қайғули кунлар кутди, ҳаётидаги рангсиз ва қувончсиз кунлари бошланди. “Мен орзу қилган дунё остин-устин бўлиб кетди. Нима қилишни буюрадилар энди? Бир умр адьютант бўлиб ишлашликними, бундан ҳам ёмони — бир-биримизга ёт, бир-биримизни тушунмайдиган хонимни топишим ва у билан бирга яшашим?!” Гап шундаки, 1856 йилда ҳукуматнинг янги қарори чиқди. Унга кўра, дворянлик унвонини олиш учун офицер полковник даражасига кўтарилиши лозимлиги талаб этиларди. Афанасий ўзида бундай имконият йўқлигини биларди. Шунинг учун мақсадига етишишнинг энг сўнг­ги йўлини танлади — бадавлат қизга уйланиш.

Фет 1857 йилда 37 ёшида йиллик таътил ва шеърларидан йиғилган пулларини олиб, Парижга жўнади. У ерда бой москвалик чой савдогарининг қизи Мария Пет­ровна Боткинани учратди. Мария унчалик гўзал ҳам, ёш ҳам эмас — 28 ёшда эди. Фет қизнинг қўлини сўради. Тўй олдидан бир-бири билан очиқ гаплашиб олишди. Бахт­сиз ва олис муҳаббатларини эслашди. Фет бошидан ўтганларини бирма-бир сўзлаб берди. Мария ҳам ўтмиш муҳаббатининг кўнгилсиз хотималарини яшириб ўтирмади. Никоҳдан сўнг янги оила Москвага кўчиб ўтди.

Бироқ Фет пойтахтдан кўчишга жазм этди. Москвадан унчалик узоқ бўлмаган жойдан қўрғон сотиб олди. У боши билан хўжалик ишларига шўнғиб кетди. Айни пайтда, гўзал шеър­ларини чоп эттиришдан ҳам тўхтамади. Қўшнилар шундай тадбиркор хўжайин қандай қилиб шунчалик нозик туйғули лирик шеърлар ёзишидан ҳайратланишарди. Фет бойиб борарди — у яна икки қўрғон эгасига айланди. Унинг машҳур олмалари император ва буюк князлар дас­турхонига кўрк бағишларди. Мана шу олмазорлар даромади 1873 йилда Фетга қонуний фамилияси — Шеншин ва дворянлик унвонини қайтариб берди. Бу ҳақда шоир хотинига шундай деб ёзган эди:” Менга Фет фамилияси қанчалик ёқимсиз ва таҳқирли эканлиги тасаввурингга ҳам сиғмайди. Минг шукурлар бўлсинким, ҳаммаси тугади. Сендан ўтиниб сўрайман, менга қарши бўлиб қолишни истамасанг, бу фамилияни менга ҳеч қачон ёзма, ишлатма”.

Шоирнинг оилавий ҳаёти тинч ва бахтли кечди. Эҳтимол, улар орасида муҳаббат бўлмагандир, аммо уларда ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушунишдек бахт мужассам эди. Мария Пет­ровна иштиёқ билан эрининг барча хўжалик ишларига кўмаклашарди. Улар биргаликда 35 йил умр кечиришди. Мария Боткина 72 ёшида вафот этган эри — бетакрор лирик шоирдан сўнг икки йил яшади…

Рус тилидан

Ойгул СУЮНДИҚОВА таржимаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − 11 =