Ўзлигига қарши бормаган шахс

Таниқли ёзувчи, моҳир публицист, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Дўстмуҳаммад журналистик фаолиятига чизгилар

Устоз, заҳматкаш олим, филология фанлари доктори, таниқли ёзувчи, моҳир публицист, бағрикенг раҳбар, шахмат шайдоси, “Офарин”, “Эътироф” ва “Эҳтиром” миллий мукофотлари, “Шуҳрат” медали, “Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммаднинг фаолияти ҳақида, унинг муҳаррирлик йўлидаги ҳаётий тажрибаларига, журналистик фаолиятига назар ташламоқчимиз.

Ҳақиқий бош муҳаррирлар ҳар қандай даврда жамиятнинг юрак зарбини ҳис қиладилар. Айниқса, замон талабларига мос бўлмаган томонларини, камчиликларини, юзага келган муаммо-ю тараққиётга тўсқинлик қилаётган иллатларни аввалроқ англаб етадилар. Уларни бартараф этиш учун бонг уришга ҳаракат қиладилар. Бу бўлаётган яхшиликлар, муваффақиятларни тан олмайдилар дегани эмас, асло! Ютуқлар ўз йўлига! Зафарлар ўзимизники! Забт этилган марраларга маҳлиё бўлиб қолишнинг оқибати эса… тушунган одамга изоҳ ортиқча.

Жонкуяр муҳаррирларнинг муаммони илғаб олишига уларнинг халқ билан ҳамнафаслиги, масалалар ечими устида атрофлича бош қотириши, асл мутахассислар фикрларини эшитиши, изланиши, кўп ўқиши, дунёнинг ривожланган ўлкалари муваффақиятлари билан ўз юрти аҳволини қиёслай билиши, мавзуни жамоатчилик эътиборига етказиши, бир сўз билан айтганда, ахборотга эга бўлиши сабабчидир балки… Таъкидлаб қўяйлик, гап юртпарвар, халқпарвар зиёли муҳаррирлар ҳақида кетмоқда.

Аммо… ҳақиқий бош муҳаррирлар учун энг машаққати булар эмас!..

Энг машаққати мавжуд муаммони газета-журналда кўтариб чиқса-да, уни ҳокимият соҳибларига етказа олмаслиги, етказганда эса фикрини қабул қилдиролмаслигидадир.

Бош муҳаррирнинг меҳнатлари аксар ҳолларда раҳбарларнинг эътирози, кўп ҳолларда тазйиқларига дучор бўлиши, жамоатчилик эса уни хушласа-да, қўллаб-қувватлай олмаслиги — алоҳида муаммо.

Миллат дардини олиб чиқиш Беҳбудий, Мунавварқори, Обидий, Фитрат, Қодирий, Ашурали Зоҳирий каби бобомуҳаррирлардан меросдир балки? Уларнинг бари юрт манфаати, эл корига яраш йўлидаги заҳмат қурбонларидир…

Устоз олимимиз, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуров Амир Олимхоннинг Беҳбудий билан саломлашишни эп кўрмагани ҳақида ўзи ўртаниб, бошқаларни-да ўртаб ёзган бадиаси юракни ларзага солади (“Амир нега Беҳбудийга қўл бермади?”). Албатта, И.Ғафуров бу тадқиқот асарида ўша давр муҳити, учрашув тафсилотларини Маҳмудхўжа Беҳбудий ёзган мақола ва давр кечмишлари қиёсида таҳлил қилади, муносабатини билдиради. Лекин Иброҳим аканинг саволи очиқ қолаверади. Миллат ичидан чиққан зиёли юртининг озодлиги учун бошини мустамлакачи жаллод кундасига қўйиб бўлса-да, фаолият юритгани, халқининг кўзини очиш, ҳурликка чорлаш мақсадида мактаб очиб, дарсликлар яратгани, газета-журнал таъсис этиб, вақти келганда танқидий мақолалар ёзгани… учун бир гуруҳ, яъни саноқли вакилларни қабул қилган амир ҳамма билан кўришади-ю, Беҳбудийга қўл узатмайди…

“Нима бўпти”, дея кўрманг. Нега Амир Туркистонни топтаган империя вакиллари билан саломлашиб, уларнинг ҳурматини жойига қўяди-ю эзгуликни орзулаган жонкуяр муҳаррирни руҳан эзғилайди? Вазиру хослар Амир Олимхонга муҳаррир Беҳбудий ҳақида қандай маълумотларни етказишган эди?.. Ҳақиқатни нашрида эълон қилган муҳаррир, ўз юрти – кўҳна Туркистон фидойиси нега амирга ёқмаганди?..

Негаки, ўша даврда нашр этилган “Самарқанд” газетаси, “Ойна” журналларига бош муҳаррирлик, “Ҳуррият” газетаси таҳририяти жамоасига ғоявий раҳбарлик давомида Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистоннинг бошқа ҳудудлари қаторида Бухородаги муаммо ва камчиликларни ҳам кескин қоралаганди. Шундай бўлса-да, Амирнинг ҳурматини жойига қўйиб, шарқона андиша билан ёзганди!

Шўро даврида ҳам ҳақиқий муҳаррирларнинг қисматида бундай воқеалар кўп бўлди. Совет тузумининг сўнгги йилларида “Ёш куч” журналида муҳаррирга ўринбосар бўлса-да, мақоламиз қаҳрамони Хуршид Дўстмуҳаммад ҳуқуқ посбонлари йўл қўйган хато ва камчиликларни бир неча мақолаларида фош этади. Айтгани-айтган, дегани-деган бу соҳа раҳбарлари “фаолиятимиздаги камчиликларни ўрганибсиз, ишимизга ёрдамингиз учун раҳмат”, дейиш ўрнига турли йўллар билан, ҳеч йўқса, совуқ муомала-ю эътиборсизлик билан эътироз билдиришади, иложи бўлса-ку, раддия эълон қилиш талаби билан чиқишади. Ахир терговчию судьяларга ўхшаб гумондорни ишхонасига “таклиф” этиб камчиликларни аниқламадику муҳаррир. Масалан, Сурхондарёдаги бир жиноят иши юзасидан ёзган (“Адолатсизлик! Ҳақсизлик! Хўрлик!”) мақоласини сафарга чиқиб, хонадонма-хонадон юриб, қўшимча гувоҳлар билан суҳбатлашиб, терговчилар “унутган” ишларни бир неча ой давомида бажарсаю, яна маломатга қолса?!

Хуршид Дўстмуҳаммад “Ёш куч” журналида бош муҳаррир сифатида (1994-95 йиллар) даврнинг долзарб мавзуларини белгилаш, қўл остидаги журналистлару ташқи муаллифлар билан ишлаб, муаммоларни жамоатчилик ҳукмига олиб чиқиш борасида катта тажриба тўплади. Нашрнинг мазмунини бойитиш мақсадида кўп ғояларини ҳаётга татбиқ этди. Бунда мисол келтирганимиз халқнинг назаридаги энг муҳим – ҳуқуқлари поймол этилганлар ҳимоясию аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга оид чиқишлар билангина чекланиб қолмади. У таҳририят раҳбари сифатида инсон камолотида муҳим ҳисобланган адабиёт, мусиқа, фалсафа ва бошқа йўналишларга ҳам эътибор қаратди. Масалан, таниқли композитор Анор Назаровга савол билан мурожаат қилиб, миллий маданиятимиз, шу билан бирга Ғарб, жумладан, опера санъатининг ўзига хосликлари, ўзимиздан чиққан таниқли хонандаларнинг қай бирида баритон, тенор, сапрано каби овозлар борлиги, октава нималиги ҳақида жавоблар олиб, журналхонларнинг бу борадаги маълумотини оширишга ҳисса қўшди. Ёки фотожурналистика билан шуғулланадиганлар учун “Бу олам бир суратхона” рукнини ташкил этиб, улар муҳрлаган бетакрор лаҳзаларни журнал саҳифаларида мунтазам бериб борди. Нашр қатларида ёш иқтидорлар, ҳаваскор журналистларнинг асарларини кўришимиз эса муҳаррирнинг тетапоя қилаётган қаламкашларга меҳридан дарак эди.

Хуршид Дўстмуҳаммаднинг мустақил Ўзбекистоннинг ягона мустақил нашри — “Ҳуррият” газетасига бош муҳаррирлик вазифасига ўтганлиги (2001) жамиятда содир бўлган ўзгаришлар, демократик тўлғоқларни кўтаролмаётган авлод эврилишлари билан кечганлигини кузатишимиз мумкин. Мустақилликнинг тўртинчи йилидан кейин истиқлолни мустаҳкамлаш баҳонасида эркинлашиб келаётган матбуотга тўсиқлар қўйила бошланди. Оммавий ахборот воситаларида бошқача фикр айтилмай қўйгани, ҳатто, раҳбарларнинг ўзига ҳам яққол сезилиб қолди. Шунда матбуот эркинлиги мавжудлигини кўрсатиш мақсадида ХХ асрнинг 17-йилида чоп этилиб, большевиклар томонидан ёпилган жадидлар нашри номида “Ҳуррият” мустақил газетасини таъсис этишга изн берилди.

Газетада бир нечта муҳаррирлар алмашгач, Хуршид Дўстмуҳаммадни бош муҳаррирликка таклиф этишади. Ҳолбуки, у ҳеч бир раҳбарлик лавозимини сўраб олган инсон эмас. Ҳойнаҳой унга бош муҳаррирликнинг лозим кўрилиши инсон камолоти, давлат ва жамият тараққиётида эволюцион йўлни, маърифат йўлини танлагани, вазмин фикрлаши билан боғлиқ деган ўй кечади кишида.

Исталган киши унинг берилган имкониятдан фойдаланиб, миллатнинг ҳуқуқий, сиёсий, маънавий камолотига хизмат қиладиган, раҳбарларнинг ҳокимиятни бошқариш маърифатини ошириш йўлида ўйлаб қўйган ғояларини амалга оширишга киришганини газета тахламларини ўқиб-ўрганиб аниқлаб олиши қийин эмас.

Мисоллар эса кўп, масалан, ҳозирда марҳум мутафаккир олимимиз Нажмиддин Комиловнинг “Вазир қандай бўлиши керак?” сарлавҳали туркум мақолалари газетанинг бир неча (1998 йил 28 январь, 25 февраль, 11 март, 27 май) сонларида берилди. “Давлатчилик” рукнидаги бундай мақолаларда ҳукумат раҳбарига камарбаста бўлган вазирлар дунёқараши, интеллектуал салоҳияти қандай бўлиши, давлат ишларини юритишда адолатпарвар, халқпарвар, тадбиркорлик сифатларига, қалб тозалигига эга бўлиши тарихий далиллар асосида ёритилди. Умуман, раҳбарлар, раҳбарлик маърифати газета саҳифаларида асосий ўринда турди. Амалдорнинг қандай бўлиши зарурлиги ҳақидаги фикрлар айнан ана шу хислатлар амалдаги бошқарув ходимларига етишмаётганини билдирарди.

“Ёш куч” журналида тўпланган тажрибаси бош муҳаррирга “Ҳуррият”да айниқса, суд-ҳуқуқ соҳасидаги адолатсизликлар, жамиятда адолат ўрнатиш зарурати бўйича материаллар уюштиришда қўл келди. Аввало, публицист сифатида ўз ижоди билан бошқаларга ўрнак бўлди. Газета саҳифаларига мангу муҳрланган Ҳ.Олимжоновнинг “Танқид кимга ёқади, ҳукм ўқиган судьячи? Демократлашаётган жамиятда суд ҳокимияти ва матбуот тил топишиб кета олармикан” (1999 йил 7 апрель) мақоласи ўша даврдаги камчиликларни очиб беришдан ташқари бугун ҳам долзарблигини йўқотмаган.

Муҳаррир муаллифнинг “Судларнинг мустақил, адолатли ва инсонпарвар, фақат қонунга бўйсунадиган одил суд бўлишини истаганим ҳолда, қайси босқичдаги суд бўлмасин уларнинг таъқиб ва тазйиқлар, илтимос ё кўрсатмалар таъсирида ҳукм ва қарорлар, ажримлар ижод қилмасликларига тилакдошман” каби фикрларини “қайчи”ламасдан бериши ўз даврининг энг нозик масалаларини маърифат йўли билан олиб чиққанлигини англатмайдими?

А.Алиқуловнинг “Оқлов ҳукми — йўқ даражада” мақоласида жуда ўринли савол қўйилади, ўткир ва мантиқли киноя қилинади: “Бунга сабаб нима: биз тергов сифати бўйича дунёда биринчи ўринга кўтарилдикми ёки…” Материалларнинг бу тахлит берилишида бош муҳаррирнинг ҳеч йўқса юраги бақувват бўлиши керак. Негаки айтилган ҳар бир сўзни ўзига нисбатан айблов сифатида қабул қиладиган ҳуқуқ-тартибот соҳаси мутасаддиларига бундай киноялар ҳам ёқмай қолган давр эди.

Бу каби мақолаларни газетада чоп этишга ижозат берган бош муҳаррирнинг эртанги куни нотинч ўтиши шубҳасиз эди. Негаки, бу газетани ўша пайтда алоҳида бир ташкилот — ОАВ тафтишчиси бўлган — “цензор” ўқимасди. “Мустақил газета” сўз бирикмаси унинг номи билан ёнма-ён қўйилишининг боиси ҳам шу эди аслида. Шу сабабли чоп этилган газета катта раҳбарнинг столига келиб тушар ва табиийки, ҳар бир муаммоли материал юзасидан мутасаддилардан изоҳ сўраларди. Шу боис, газета чоп этилгани ҳамон тегишли мутасаддилар томонидан ўқилар, изоҳ беришга тайёргарлик кўрилар, иложи борича бош муҳаррирга эртароқ эътироз билдиришга ҳаракат қилинарди. Ана шу серғалва жараён тўхтагунча бош муҳаррирнинг боши маломатдан чиқмасди. Бамисоли порох бочкаси устида ўтиргандек бу қадар беҳузур ва беҳаловат ҳолатни бошидан ўтказган одамгина англайди буни.

Хуршид Дўстмуҳаммаднинг бош муҳаррир сифатида таҳририятга нозиктаъб, инжиқ (яхши маънода) журналистларни таклиф этиши, уларнинг ғояларини қабул қилиши бағрикенг, адолатли раҳбар эканлигини исботлайдиган далилдир. Ўша кунларнинг бирида бошқа бир устозимиз, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида фаолият юритаётган таниқли муҳаррир Маҳмуд Саъдий “Ҳуррият”га ўтаман, деб қолди.

— Ғояларимни Хуршидга айтгандим, маъқул келди чоғи, “келинг”, деди. Баъзи фикрларни ўтказиш қийин бўлса-да, ҳаракат қилиб кўрайлик-чи. Бу борада унинг тажрибаси катта, дунёқараши кенг, — дегани ёдда қолган Маҳмуд аканинг. Газетадаги “Сиймо” рукнидаги материалларни устоз Саъдий уюштирганидан кўпчилик хабардор. Бош муҳаррир ва Маҳмуд Саъдий ҳамкорлигидаги “Мутолаа — роҳатбахш азоб” рукнидаги “ХХ аср — китоб асри: муносабатлар, мулоҳазалар, фикрлар” (1999 йил 12 май) деб номланган қўшсаҳифада жаҳоннинг 10та ва миллий адабиётнинг 10та машҳур китоби ҳақидаги маълумотларни, миллат зиёлиларининг китобхонлик даражасини таҳлил қилсангиз ажиб хулосаларга келасиз.

Умуман олганда, Хуршид Дўстмуҳаммад муҳаррирлигида газетада бошқа нашрлардагидан фарқланадиган рукнлар ташкил этилди. Газетанинг биринчи бетида бериладиган “Йўғ-э!” рукнидаги бор-йўғи битта теша тегмаган гап муаммоли, катта ҳажмдаги мақолаларда ёритишнинг имкони бўлмаган залворли фикр журналистик қитмирликка мисол бўла олади. Уларнинг аксарияти бош муҳаррирга тегишли ёки унинг розилиги билан газетада чоп этилган. Мана улардан айримлари:

“Фикрдан қудратлироқ бузғунчи йўқ”.

“Фикрнинг жинси бўлмайди”.

“Ақлли кўринишни ахмоқдан ўрган”.

“Порахўр – уятчан қароқчи”.

“Ўзининг қадрига етган қул – қул эмас”.

“Тулкининг замони келди”.

“Думинг ликиллаб турса – олға кетиш осонлашади”.

“Қалам аҳли – алам аҳли”.

“Журналистнинг тили узун, қўли калта”…

Газетани олган заҳотингиз шу рукндаги гапни ўқийсиз – қисқа, лўнда, фикрлашга ундайди. Фикрни ўзлаштириб олгач, кейин лабда нимтабассум билан газетанинг охирги бетидаги “Овоза” рукнига назар ташлайсиз.

“Март ойидан бошлаб деҳқонлар маошлари ойма-ой берилармиш…”

Ўзини адолатли ҳисоблайдиган раҳбарларга юборилган огоҳлантириш қўнғироғи эмасмиди бу? Албатта, бу фикрлар замирида жамиятда содир бўлаётган салбий тенденцияларга муносабат ётибди. Мутасаддилар бош муҳаррирнинг шу каби ҳажвий қитмирликларига 2002 йилнинг 30 январигача чидашди.

Биз билан суҳбатда ўша пайтда бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган Норали Очилов таҳририятда бўлиб ўтган бир воқеа мисолида Хуршид аканинг раҳбарлик хислатларидан бирини эслади.

“…1999 йил. Хуршид ака Жиззах вилоятида сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб юрганда таҳририятни биз — ёшларга ишониб кетганди. Газетада бир вилоятдан номзоди қўйилган шахснинг ишончли вакили, бунинг устига таҳрир ҳайъатимиз аъзоси бўлган иқтисодчи профессорнинг сайлов жараёнларидаги нохолис вазиятларга оид мақоласини чоп этдик. Долзарб мавзудаги қалтис мақола бир пасда юқори ташкилотда жиддий муҳокамага сабаб бўлди. Бош муҳаррир телефон етмас жойларда экан, шундай бўлса-да, уни бошқарув алоқаси ёрдамида Тошкентга чақириб олишди. Камина қалин деворли бино кабинетларидан бирида бош эгик, руҳсиз ҳолда ўтирардим. Хуршид ака шошилинч кириб келди-да, қисқа салом-аликдан сўнг елкамдан қоқиб хотиржамлик билан: “Ҳа, отам, бўлиб туради, сиқилманг”, дея далда берганича ўзи жавоб бериш учун ичкарига кириб кетди… Устоз энг қийин вазиятларда ҳам қўл остидагиларни ҳимоя қилиб, барча масъулиятни зиммасига оладиган раҳбар деб биламан.

“Ўзбекистон матбуоти” журнали бош муҳаррирлигида ҳам Хуршид Дўстмуҳаммад адолат, ўзликни таниш, танитиш борасида маърифат йўлидан қайтмагани нашр тахламларидаги материаллар мазмун-моҳиятида сақланиб турибди. У журналнинг 2002 йил 3-, яъни март сонидан бош муҳаррир сифатида иш бошлаган.

“Ўзбекистон матбуоти”, асосан, журналистикага ихтисослашган нашр эди. Шу боис ҳам Хуршид Дўстмуҳаммад публицистикасида муносиб ўрин тутган ҳуқуқ мавзуси хос тарзда берила бошланди.

“Истаймизми, йўқми журналист ҳукмрон сиёсат, ҳукмрон мафкура билан ҳамкорликда ишлайди. Шу ҳаводан нафас олиб яшайди. Ўзининг фаолиятини унинг йўриқларига мослаштиради. Лекин мен ўзимга қарши бориб ёзганимни эслолмайман. Ёки жуда кам ёздимми? Билмадим. Мен биронта мақоламда, бадиий асаримда хижолат бўладиган ўрин, эътиқодимга қарши борган жойим йўқ.

Қўрқув ҳамиша журналистнинг бошида қиличини ўйнатиб туради. Бу гапни айтадими йўқми ёки қандай айта олади дегандай? Мен ҳамкасбларимга кўп айтганман, сўз ҳар қандай вазиятда имкон топади. Сўзни яхшилаб маҳорат билан ишлата олсанг, асоссиз назоратларни, асоссиз тазйиқларни айланиб, четлаб ўтади”, — дейди устоз Хуршид Дўстмуҳаммад.

Тил ўрганиб, дунё илми билан бўйлашишга ҳаракат қилаётган замонавий ёшлар матбуот ишини капитализм қонунлари асосида йўлга қўйиш зарурлигини айтиб, фақат виждон софлигининг ўзи журналистика ривожи учун кифоя қилмаслигини таъкидламоқдалар. 2004 йилда чоп этилган “Ўзбекистон матбуоти” журналида эса ёш журналист Д.Дўлтаеванинг бу борадаги мулоҳазаларига ҳам ўрин берилганини кўрамиз. У эски тутумлардан қутулолмаётган муҳарриру журналистлардаги камчиликларни шундай изоҳлайди: “24 миллион аҳолиси бор (қаранг, орадан 16 йил ўтиб, аҳолимиз яна 10 миллионга ошибди. Ҳ.С.) давлатда 250 минг нусха рекорд адад ҳисобланади (нашрларимизнинг қанча нусхаларда чоп этилганига ҳам эътибор беринг-а!. Ҳ.С.). Ваҳоланки, аҳолининг бир фоизигина ўқийдиган газетани халқ эътиборини қозонган деб бўладими?..

Менимча, бу аҳволнинг икки сабабини кўрсатиш мумкин.

  1. Журналистларимиз ўз касби орқасидан катта пул ишлаш мумкинлигига ишонмайди.
  2. Ўзини ҳаддан ташқари зиёли ҳисоблаб, ўқувчини саводсиз деб билади. Гапда халқнинг баҳосини энг муҳим мезон, деб айтгани билан, амалда ўша юқори баҳога ўзининг сифатсиз иши билан эришмоқчи бўлади”.

Ёш журналистнинг мулоҳазаси, гарчи ўша давр муҳитию муҳаррирларига ёқмаса-да, айтилишга, “яшаш”га ҳақли эди. Бош муҳаррир ҳам шуни ўйлаган ва журналда чоп этишга лозим топгани фикримизга далилдир.

Сўзимиз бироз чўзилган бўлса-да, битта мақолада устоз Хуршид Дўстмуҳаммаднинг таҳририят раҳбари, муҳаррир сифатидаги барча қирраларини очиш мушкул. Бу борада у билан ҳамнафас ишлаган журналистлар, муаллифлар, қабулига арз билан келганларнинг ҳам ўз фикрлари бор. Унинг муҳаррирлик фаолиятини фундаментал илм чиғириғидан ўтказадиган тадқиқотчининг ҳам ўз қарашлари бўлиши мумкин. Демак, масалани илмий жиҳатдан ўрганиш, таҳлил қилиш, хулоса чиқариш келгуси муҳаррирлару сиёсатдонлар, керак бўлса, раҳбарлар учун тавсиялар ишлаб чиқиш соҳа тараққиёти учун фойдали ишлар сирасига киради.

Ҳалим САЙИД,

филология фанлари номзоди,

доцент

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 7 =