Умр йўлларида қалам билан

Бир қараганда кўз очиб юмгунча ўтиб кетадиган, не тадбир қўлланган-да ҳам, лаҳзалар ҳукмига бўйсинадиган, шоирона айтганда, ердан қуёшга етгулик масофа узра сочилган йўл — ҳаёт йўлидир.

Инсон тафаккури ривожланишдан тўхтамайди, унинг тамал тошини, яъни инсон онги ривожининг нимага хизмат қилишини болалик белгилайди. Кечаги кунни хотирлаш эса келажакка назар солиш каби савобли ишдир. Ҳар топишмоқнинг жавоби, бошланган ишнинг интиҳоси бор деганларидек, келинг, биз ҳам асосий мақсадга қайтсак.

Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари, бир ўспирин йигит қаламга ошно тутинган дамлар… ижодий изланишлар сари интилди. Ундаги иқтидор куртаклари юз очди. У ўзи яшаётган маҳаллага сиғмай қолди. Ички бир истак уни шаҳарга яқинлаштирди. Шундай қилиб, бўлажак журналист Аҳмадали Шерназаров “Сирдарё ҳақиқати” газетаси қошида ташкил этилган “ишчи-деҳқон мухбирлари” мактабига йўл олади. Бу ерда асосан ёши каттароқ ижод шайдолари журналистик билим ва кўникма олишар эди. Чеккароқ ҳудуддан келган изланувчан мактаб ўқувчиси истисно тариқасида ушбу мактабга қабул қилинади.

Ўша даврда автобус, енгил машиналар қатнови ҳозиргидек эмасди, навбатдаги машғулотни тугатган ўспирин уйига қайтиш учун поездга чиқади, йўлда бекат йўқлиги сабаб, тўхтамаган поезд Бекобод томонга ўтиб кетади. Аҳмадали тунни станциядаги ёғоч стулда ўтириб ўтказиб, тонгда уйига кириб келади. Аммо у қийинчиликларга қарамай, ўз йўлидан қайтмади.

Айниқса, унинг 1981 йилда “Сирдарё ҳақиқати” газетасига хат ташувчи вазифасига ишга қабул қилиниши, ҳақиқий ижод майдонига кириб келишига замин яратди. Сирдарё журналистикасининг дарғалари ўгитларига қулоқ тутган Аҳмадали Шерназаров кейинчалик мусаҳҳиҳ, мухбир, бўлим мудири вазифаларида фаолият юритди. Ишдан ажралмаган ҳолда, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) нинг журналистика факультетини тамомлади.

А. Шерназаров журналистиканинг деярли барча йўналишларида қалам тебратди, унинг қишлоқ хўжалиги, ҳуқуқий органларга оид, фан, таълим, маданият соҳасини тарғиб этувчи қатор мақолалари ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинди.

Шунингдек, республикамиз бўйлаб қилинган сафарлари тўғрисидаги публицистик мақолалари залворли, тош босадиган, сўзнинг юкини кўтарадиган асарлар жумласига киради. Бундан ташқари, ижодкорнинг бадиаларини ўқиган мухлислар ботиний бир мўъжизани ҳис этади, табиат билан инсон ўртасидаги боғлиқлик яққол кўзга ташланади. Қисқа қилиб айтганда, бу бадиалар дарахтларни, тоғу тошни, дарёларни сўзлатади, ҳеч муболағасиз ижодкор гўзал табиатга сўз билан янада чирой бахш этади. Айниқса, Аҳмадали аканинг “Сирдарё симфонияси” номли очерки шу заминда улғайган фарзанднинг юртига бўлган чексиз эҳтироми намунасидир.

Ўз иқтидорини намоён этган ижодкор улуғларнинг назарига тушиб, унга “Халқ сўзи” газетасининг Сирдарё вилоятидаги махсус мухбири вазифаси ишониб топширилади. Мана, бир неча йилдирки, Аҳмадали ака бу вазифани муносиб равишда уддалаб келмоқда.

Яқинда “Янги Сирдарё” газетасида А.Шерназаровнинг бир саҳифани эгаллаган шеърлари чоп этилди. Ижтимоий тармоқларда “Тарози” номли шеъри эълон қилинди. Бу шеърлар ўзининг пишиқ-пухталиги билан кўпчиликнинг эътиборини тортди. Уларни қайта-қайта ўқиб, шундай хулосага келиш мумкин, агар Аҳмадали Шерназаров бор иқтидорини шоирликка қаратганида таниқли шоирларнинг муносиб издоши бўлар экан!

Қадрдонимизнинг яна бир ажойиб хислати бор, у ўзидан ке­йинги етишиб келаётган ёшларга журна­листика сир-асрорларини ўргатишдан чарчамайди. Шу боис, ёшлар, уясига талпинган полапонлардек, унинг атрофида тўпланишни одат қилишган.

Йиллар тўзони югурик, сочларига оқ оралаган Аҳмадали Шерназаров бугунги кунда қутлуғ олтмиш ёшни қоралаётир. Биз умр йўлларида мазмун касб этиб, олдинга одимлаётган ижодкорга ҳамиша омон бўлинг, деймиз.

Алишер НУР,

Ғулом ПРИМОВ.

Сирдарё вилояти

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 5 =