Матбуот асли шундай ишлаши керак

1989 йил 9 ноябрь. Брюссель.

Бельгияда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтмоқда эди. Делегация сафида адабиёт газетасининг бош муҳаррири сифатида мен ҳам борман.

Шаҳарга оқшом қўниши билан осойишта Брюссель бирдан жунбушга келди: кўчалар одамларга лиқ тўлиб, шод-хуррамлик бошланиб кетди. Бир-бирини қучоқлаган, қўшиқ айтган, шодликдан йиғлаган, тинимсиз рақсга тушаётган одамларни кўриб, нима бўлаётганини билолмай туриб қолдик. Кейин билсак, ўша соатларда бир мамлакат, бир миллатни узоқ йиллар давомида иккига бўлиб турган Берлин девори қулаётган экан…

Мени ҳайратга солган нарса – ҳали тун поёнига етмай, газета сотувчи йигитчалар бу воқеа тафсилотлари батафсил ёзилган газеталарни қичқириб-қичқириб тарқата бошлашди. Эртасига эрталаб матбуот дўконлари деворнинг қулашига бағишланган рангли журналларга тўлиб кетди. Муҳаррир сифатида “э, қандай улгуришди экан-а?” деб ёқамни ушлаб қолганман ўшанда.

Матбуот, асли шундай ишлаши керак. Бугунги гапни бугуннинг ўзида ёзиши, ўқувчига етказиши лозим.

Не бахтки, бугунги янги Ўзбекистонда биз ҳам шундай тезкорликка етиб келибмиз. Кеча эрталаб пойтахт Тошкентда, мамлакатимиз вилоят ва туманларида Алишер Навоий ҳазратларининг таваллуд кунлари муносабати билан бу улуғ ватандошимиз ҳайкаллари пойига анвойи гулчамбарлар қўйилди, олий ўқув юртларида шеърхонлик, навоийхонлик тадбирлари бўлиб ўтди.

Куннинг биринчи ярмидаёқ – жойларда байрам тадбирлари тугаб-тугамай, Фарғонадан ажойиб хушхабар келди: “Фарғона ҳақиқати” газетаси ижодий жамоаси ушбу қутлуғ санага бағишланган махсус сонни тайёрлаб, босмахонадан чиқаришибди. Биринчи саҳифада бундан атиги бир, бир ярим соат олдин вилоят марказида ўтказилган тадбирлардан олинган суратлар ва мақола, ички саҳифаларда давлатимиз раҳбарининг куни кеча Фарғонага қилган ташрифи чоғида қўйган вазифаларини бажаришга доир таҳлилий мақолалар, янги тайинловларга доир расмий ахборот.

Ўқишга тутинаман: тадбиркор Мўминжон Йўлдошев қиш­лоқда 10 мингта иш ўрнини яратаман, дебди. Фарғонада тошдан қоғоз ишлаб чиқариш жадаллашадиган бўлибди. Риштонни туризм марказига айлантириш тадориги бошланибди. Яна анча янгиликлар.

Айниқса, Фарғона шаҳрида ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган тадбирлар давом этаётган бир пайтда ана шу анжуман акс этган суратлар ва мақола ёритилган “Фарғона ҳақиқати”нинг 9 февраль сони тандирдан узилган нон каби тадбир иштирокчилари қўлига бориб етган. Фарғоналиклар газетхон халқ эмасми, “э, бўлар экан-ку!”, дея хурсанд бўлишган.

Касбдошларимизнинг бу шижоатидан биз ҳам ғоят хурсанд бўлдик. Ишлайдиган, ёзадиган, дилда борини юзага чиқарадиган пайт келди. Имконият, шароит, тажриба ва маҳоратимиз бор. Халқимизда “Гоҳ пирдан, гоҳ муриддан” деган нақл бор. Отни қамчилаб ишлашга, журналистикада баъзан вилоят ва шаҳар газеталаридан ҳам ўрнак олишга ўргансак арзийди.

Бугун оммавий коммуникациянинг фаол йўналишлари: ижтимоий тармоқлар, сайтлар ахборот тарқатишда чиндан ҳам тезкорлик қилишмоқда. Баъзи мутасаддилар эса ҳамон босма нашрларнинг умри тугади, газета ўқишга ҳожат қолмади, деган фикрда юришибди. Фарғоналик ҳамкасблармизнинг бугунги ютуғи бундай фикр мутлақо асоссизлигини исботлаш билан бирга, тезкорлик аслида қандай бўлиши кераклигини ҳам кўрсатиб турибди.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

“Жаҳон адабиёти” журнали

бош муҳаррири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + twelve =