Матбуотсиз ҳаёт — қуёшсиз осмон

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ОАВга катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда сўз эркинлигини таъминлашда сезиларли қадамлар ташланди. Мана, кеча 19 январь куни Президентимизнинг видеоселектор йиғилиши ҳам айнан маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ижодий уюшмаларни қўллаб-қувватлаш ва яна мамлакатимиздаги етакчи журналларнинг таълим даргоҳларига албатта кириб бориши сингари масалаларнинг кун тартибига қўйилгани аҳамиятли бўлди.

Шундай экан, бугун қайси нашрни са-ал кўнгилдагидай деб атаса бўлади ёки матбуотнинг овози қаергача етмоқда? Нима учун газета ва журналлар ҳар бир юртдошимиз истиқомат қилаётган хонадонларга кириб бормаяпти?

Бундан бир неча кун аввал “Hurriyat” газетаси таҳририятида бир гуруҳ устоз журналистлар, фаол ҳамкасбларимиз билан бўлиб ўтган давра суҳбатида ҳам айнан шу мавзуда фикр, мулоҳазалар ўртага ташланган эди. Айни дамда матбуотнинг, чин сўзнинг қадди ва қадрини кўтариш масалалари баробарида мамлакатимиздаги ягона мустақил нашр — “Hurriyat” газетасининг мазмун ва моҳиятини   бо­йитишга-да эътибор қаратилди.

Абдурасул ЖУМАҚУЛОВ,

“Hurriyat” газетаси бош муҳаррири:

— Ҳаммамиз яхши биламизки, юртимизда кейинги 4 йил ичида қанчадан-қанча ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар амалга оширилди. Халқимиз ҳам Президентимиз такрор-так­рор айтганларидек, бугун кечаги халқ, кечаги одамлар эмас. Чунки одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билиб, ўз фикрини ҳар масалада очиқ-ойдин айтадиган бўлди. Бунга яққол бир далил сифатида бугунги ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, кифоя.

Юртбошимиз ўтган йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизнинг жамики жабҳалари хусусида фундаментал нутқ сўзлади. Шу билан биргаликда ОАВлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб, том маънода “Тўртинчи ҳокимият”га айланиб бораётганини таъкидлаган ҳолда, жумладан, шундай дедилар: “Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу — давр талаби, бу — Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби”.

Энди бугунги “Давра суҳбати”дан мурод шуки, мамлакатимиздаги ягона мустақил нашр “Hurriyat” газетаси ўқимишлилигини ошириш, бугунги давр, ҳаёт олдимизга қўяётган вазифаларни ўз саҳифаларимизда акс эттиришда ҳали кўнгил тўлаётгани йўқ.

Албатта, бозор тамойилларининг ўз қонун-қоидалари бор. Бугун ҳеч кимни “шуни ўқийсан” деб мажбурлаб бўлмайди.

Афсуски, бир замонлар миллион нусхада чоп этилган айрим нашрлар ҳозирги кунда 2-3 минг ададда чиқаяпти. Баъзи бир газета-журналлар эса аллақачон ёпилиб кетди.

Агар республикамизда 6 миллиондан зиёд хонадон бўладиган бўлса, яхши биламиз, бир пайтлар ҳар бир хонадонга ҳеч бўлмаганда 4-5 та газета-журнал кириб борар эди. Ҳозир эса қишлоқларга борамизми, шаҳарни кузатамизми, деярли хонадонларга газета-журнал кириб бормаяпти. Газета фақатгина ишхоналарга ташриф буюрадиган “почта юкламаси” бўлиб қолмаслиги керак-да. Булар албатта, ўз ечимини кутаётган масалалардир.

Мана биз уй-жой масаласидаги муаммоларни олиб чиқмоқчи бўлиб турган эдик. Ахир собиқ иттифоқ даврида қурилган уйлар 1966 йилнинг зилзилаларига ҳам дош берган. Бироқ бир неча йил аввал ижтимоий тармоқлардаги шов-шувлардан эшитиб билгандик, ювиниш учун кирган одам ваннаси билан бирга пастки қаватга қулаб тушган. Шундай экан, ўтган йилларда қурилаётган уйларнинг ҳаммаси ҳам талабга жавоб бера оладими? Ахир Жиззахда қулаб тушган уй бу борада амалдаги ишларга ҳали эътиборни жиддий қаратиш лозимлигини кўрсатмаяптими? Яқинда ижтимоий тармоқда бир юртдошимизнинг кесатиқли гапига кўзим тушди: “Наҳотки биттагина таҳлилий газета қилишнинг имкони йўқ” дейилибди. Ахир, биз талабалигимизда, айтайлик, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”ни сотиб олмасдан дарсга кириб кетсак, уни иккинчи “пара” дарс олдидан умуман топа олмасдик.

Биз шу ўринда “Hurriyat” газетасининг бундан ке­йинги фаолиятини, савиясини янада кўтариш ҳақида ўйлаймиз. “Hurriyat” мамлакатимиздаги ягона мус­тақил нашр. Ҳозир сиз устоз журналистларни, иқтидорли ҳамкасбларни суҳбатга тортишдан мақсад, ўз дардимизни айтиб “юракни совутиш” ёки тафтимизни босиш эмас, нима қилсак газета бундан ҳам ўқишлироқ, бундан ҳам яхшироқ чиқади? Қандай мавзулар эътиборимиздан четда қолиб кетаяпти? Мамлакатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат, кейинги йиллардаги ўзгаришлар, янгила­нишлар мазмун-моҳиятини очиб берадиган публицистик мақолалар, очерклар матбуотимизда нега йўқ даражада? Шу масалаларда сизларнинг фикр-мулоҳазаларингизни, таклифларингизни олиш ниятидамиз.

Ашурали ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:

— Агар қайсики муҳаррир газетадан қониқиш ҳосил қилса, ўша газета “манзилига етиб келган” бўлади. Чинакам муҳаррир зотининг пешонасига шу нарса ёзилганки, у ўз ишидан ҳеч қачон қониқмайди.

Раҳматли Одил (Ёқубов) ака айтарди: “Матбуот (газета А.Ж. изоҳи) — қизиб турган тандир. Сен шу тандирни ёнида турганингни унутма”. Биз ҳар биримиз тандирдаги ўша маҳсулотимиз яхши бўлишини, мазали бўлишини, ҳаммага етиб боришини хоҳлаймиз, албатта.

Бугун журъат, жасорат деган нарсалар кўпроқ керак бўляпти. Президентимиз ҳам матбуотдан шуни кутаяпти.

Очиғи, ҳозиргача номаълум сабабларга кўра ўзимизда ички цензура яшаяпти. У муҳаррирнинг ичида яшайдими, бошқа одамнинг ичидами, барибир   яшаяпти. Мана Наманганда ўтган йили бир аёл ўзига ўт қўйиб юборди. Шу масалани матбуотдан кузатдим: “Даракчи” хабар беришдан нарига ўтмади. Лекин шу воқеани бориб ўрганиб келгим келди. Бироқ соғлигим сабаб бора олмадим. Эҳтимол, Толстой ёки Дос­тоевскийга ўхшаган ёзувчиларимиз бўлганда эди, катта бир асарга айланарди.

Яна “Даракчи” газетасида “Вазир истеъфога чиқмоқчи, бироқ…” деган мақола эълон қилинди. Мен ана шуни ўқиб, хайрият, бизда ҳам вазирлар истеъфога чиқар экан-ку, дедим. Кейин мухбир “Истеъфога чиқмоқчи эдингиз-ку, қачон бу воқеа содир бўлади?” деб савол берса, “Истеъфога чиқмоқчи эдим, бироқ бу ёқда ишлар жуда кўп. Ҳамма истеъфога чиқиб кетаверса, ишни ким қилади, истеъфо берган билан нима ўзгаради?”, деганга ўхшаш жавоб берибди. Энди бугун мана шу масалаларни ҳам кўтарадиган пайт келди.

“Hurriyat” — бугун дадил газета, энди назаримда янада жасоратли нашрга айланиши керак.

Жаббор РАЗЗОҚ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:

— Шу ерда ўтирган одамларнинг ҳаммасининг умри газета билан боғлиқ. Мен 1966 йилги зилзиладан тўрт кун кейин ишга келганман. Василий Пес­ков Тошкент зилзиласи ҳақида бир саҳифалик репортаж тайёрлаган эди. Эрталабдан Москвадан Тошкентга учиб келиб, вайрон бўлиб қолган шаҳарни кезиб ўзига хос услубда материал тайёрлаган. Бу билан мен нима демоқчиман, бизнинг бугунги газеталаримизда услуб, оригиналлик етишмаяпти. Сайтларни кўрсангиз ҳам, газеталарни кўрсангиз ҳам бир хиллилик кучли. Бироқ газетчиларимиз бугунги замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда ўзига хос бир йўлини топиши керак бўляпти. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг биринчи саҳифасида Аҳмаджон Мелибоев берадиган “мих” мақолалар мана бугун жуда керак бўляпти. Мана пешонамизда “Tashkent city” қурилган. Ҳали шу ҳақда батафсил, тўлақонли маълумот ва тасаввур берадиган бир таҳлилий материал берилгани йўқ. Ҳали халқимизнинг кўпи “Tashkent city” билан “Акay сity”нинг фарқига бормайди. Айтмоқчиманки, бу каби улкан қурилишлар ҳавасаки ёки осонгина бўлаётгани йўқ-ку.

Биз ишлаган даврларда Ўзбек тилининг қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб муҳокамага қўйилганда “Чала туғилган бола” деб ўша қонун лойиҳасини танқид қилиб чиққанмиз. Ўша пайтда “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетаси бизга қарши мақола берганди: “Палахмон тоши тегса бош­­га, тегмаса…” деган.

Ўзбек журналистлари илғор хориж матбуотидан мавзу танлашни, унга ёндашишни, услубни ўрга­нишлари керак. Мана Россияда бизнинг қанча юртдошларимиз меҳнат муҳожирлари сифатида ишлаб юришибди. Бошқа мамлакатларда қанча ўзбеклар яшаб, ишлашяпти. Лекин бугунги кунда уларнинг тақдири, муаммолари билан ўзимизнинг матбуот қизиқаётгани йўқ. Бу ҳам бизнинг матбуот учун битта яхши мавзу бўла олади.

Яна бир таклиф. Ўтган йил “Ишонч” газетаси ўзининг йиллик энг яхши мақолаларини йиғиб китоб ҳолида чоп этди. Бундан бошқа нашрлар ҳам ўрнак олса арзийди. Айниқса, “Hurriyat” ҳам йил давомида ўзида чиққан энг яхши мақолаларни   китоб қилса, яхши бўлар эди.

Ёқубжон ХЎЖАМБЕРДИЕВ,

фахрий журналист:

— Жаббор аканинг фикрлари менда баъзи мулоҳазаларни пайдо қилди.   “Давлат тили ҳақидаги қонун”нинг тишсиз – тирноқсиз эканлигини 2004 йилда Зуҳриддин Исомиддинов ёзган эди. Унда “Бу қонуннинг ижроси яхши бўлмаяпти” деган эди. Энди бунга қўшимча қилдиларки, йўқ, гап қонуннинг ижросида эмас экан, унинг ўзида ҳам экан. Ўша ерда Зуҳриддин Исомиддинов ҳамма бошқа республикаларнинг Давлат тили тўғрисидаги қонунини келтирган. Бошқа давлатларникида ҳар бир фуқаро ўзи яшаётган мамлакат тилини билиши зарурлиги ёзиб қўйилган, бизникида эса “Ўзбек тили Давлат тили ҳисобланади” деб ёзилган, холос. Биз мана шу масалага такрор ва жиддий қайтишимиз керакка ўхшайди.

Яна битта масала, газетада диний масалаларни, инчунин болаликдан динга ўргатиш масалаларини кўтаришимиз керак эмасми? Бола динни мактабда ҳам, масжидда ҳам ўрганмаяпти. Бу масалаларга жиддий ёндашиш керак.

Чунки бировнинг ҳақидан қўрқмаслик, порахўрлик, коррупция, ахлоқий нокомиллик, хуллас, бари-бари ёмон ишлар дин — диёнатнинг етишмаслигидан келиб чиқади. Худодан қўрққан одам бировга чанг солмайди, ёмон ишга қўл урмайди. Бизда эса негадир тарбиянинг энг катта ишончли воситаси бўлган — диний таълимга таълим муассасаларимизда у қадар эътибор берилмайди.

Мен айтмоқчи бўлган масалалардан яна бири бу — телевидениени “ахлоқ”қа чақириш керак. Шунга қўшимча равишда қўшиқларимизни ҳам тартибга солиш пайти етди. Яланғоч шеърни ёзаётган шоирга, уни куйлаётган ҳофизга буни такрор-такрор айтаверишимиз керак. Қачонки, бундай камчиликлар йўқолиб кетсин, камайсин.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири:

— Қарияларимизнинг бир гапи бор, қаҳрамон ким, қаҳрамон – жангда душманнинг ўнтасини ўлдириб ўзи ҳам ҳалок бўлган эмас, шуларнинг юзтасини ўлдириб, ўзи тирик қолган одам қаҳрамондир. Менинг назаримда, “Hurriyat” ҳозирги энг жасоратли нашр. Ҳозир соғлигим кўтармайди, агар соғлигим кўтарганида мен “Жиззахда нима қулади?!” деган мақола ёзган бўлар эдим. У ерда уй қуламади, қурилишга ишонч, маъсулиятсизлик, ўғирлик, цементнинг ўрнига лой, темирнинг ўрнига тахта қулади, деб ёзган бўлардим.

Журналистикани ривожлантирамиз деб марказлар очяпмиз, лекин унинг журнали чиқмай ётибди. Масалан ҳозир Ёқубжон кўтарган тил тўғрисида мақола чиққандан кейин албатта, унга муносбат чиқиши керак. Хуршид Дўстмуҳаммад газетада ишлаган пайтларда “Hurriyat”да танқид” деган рубрика ташкил қилганди. Агар Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Hurriyat”да сўнгги икки-уч ой ичида чоп этилган охирги учта мақоласини ҳеч ким ўқимаса, бу жамият демак ҳамма нарсадан бехабар қолган бўлади. Мана Жаббор ака   айт­­ди, хориж масаласини, у ёқдаги нашрлар билан алоқани мус­таҳкамлашни ўйлаб кўриш керак. Лекин чиндан ҳам “Hurriyat”да чиққан кутубхона ҳақидаги мақола жуда зарур, дадил чиқиш бўлди. Унга муносабатларни ҳам бериш керак. Ёки “Қора ният” деган кинони олайлик. “Қора ният бизни нимага ўргатди?” деб 28 та қусурни санадим: фитнага ўргатди, овқатга оғу қўшиб касал қилишга ўргатди, беҳаёликка, беодобликка, ёлғонга, фирибга, ўғирликка ўргатди ва ҳоказо. “Қора ният” бизга қора ниятнинг катта туркумини олиб келди, деб тугатиш мумкин шу мавзудаги мақолани.

Яна “Hurriyat”да мақолаларни каттароқ ҳарфда берса яхши бўларди. Чунки бугунги кунда кўз муаммоси ҳаммада бор.   Юқорида истеъфо масаласи гапирилди. Бутун дунёда “Истеъфо институти” бор. Агар сиз гуриллатиб ишлаб турган бўлсангиз, йўқ энди дам олай, ишлай олмайман, истеъфога чиқаман десангиз,   вазир бўлсангиз, машинангиз, мақомингиз, ойлик маошингиз ҳаммаси сақлаб қолинади. Шунинг учун хориждагилар қўрқмай истеъфога чиқиб кета олади. Бизда “Истеъфо институти” бўлмагандан кейин ё ўлгунича, ё ҳайдалгунича ишлайди-да… Энди мана шу “Истеъфо институти”ни бировни ҳайдаш маъносида эмас, яхши маънода ўрганиш керакмикин дейман-да.

Францияда Буало деган шоир ўтган, подшоҳ шеърлар ёзиб унга кўрсатса “Подшоҳим, сизга қо­йил-эй, расво шеърлар ёзишни ҳам қойиллатасиз-а”, дер экан. Бугунги келаётган ёшлар учун шеърият ҳақида ҳеч нима йўқ, “Шеърий сабоқлар”ни ким қилади. Мана шу таклифлар кўриб чиқилса, яхши бўларди.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ, филология фанлари номзоди, таржимон:

— Бизда, яъни газеталарда андиша кўпроқ. Модомики, “Hurriyat” мустақил газета бўладиган бўлса, чинакам мустақил бўлмоғи керак, яримта мустақил эмас.

Бизнинг бутун мамлакат бўйлаб бир фикрлилик бор. Ва биз уни ҳурфикрлилик деб қабул қилиб кетаверамиз. Мана бир мисол келтираман, Туркияда Ширин Унал деган депутатнинг уйида бир қиз отиб ўлдирилди. У қиз ўлдирилдими, ё ўз жонига қасд қилдими, буни ҳеч ким билмайди. Акаси кейин ёзиб чиқдики, синглим ўқишга кирмоқчи эди, деб. Худо раҳмат қилсин, аммо у қизнинг сувратига қарасангиз “моделман мен” деб турибди. Бундай қарасангиз, у абитуриентликдан аллақачон ўтиб кетган. Ана шу маънода бизда иккинчи фикрга ўрин беришимиз керак.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ: — Ҳа, газетада “Иккинчи фикр” деган рукн ташкил қилинса, яхши бўлар экан. Майли, муаллиф шу мавзуни давом эттирсин, қўшилмасин, ўз фикрида қолсин.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ: — “Ушбу мақола таҳрирсиз босилмоқда” деган рукнда ҳам мақолалар бериш мумкин. Шундай академиклар, прфессорлар борки, мабодо ўзлари институтга имтиҳон топширса аниқ “икки” баҳо олади. Саводсиз одамлар бор, онда-сонда ана шу таҳрирсиз босилди деб уларни кўрсатиб қўяйлик ахир. Буни икки хил маънода ҳам қилиш мумкин, энг ёмонини ва энг яхшисини таҳрирсиз берса, қойилмақом иш бўларди. Кўп таҳририятлар бутун масъулиятни ўз зиммасига олади. Биттасини кўрдим, “ҳаво” деган сўзда учта хато қилган, битта “в” ҳарфи тўғри, холос.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ: — Латвияда чиқадиган газетада битта суҳбатни олиб ўқидим. Савол йўқ, лекин суҳбат-мақола берилган. Суҳбатдошнинг бераётган жавобларидан саволлар англашилаяпти. Жуда оригинал суҳбат экан. Шу маънода “Hurriyat”нинг ҳам ўз услуби бўлсин. Услуб учун курашиш керак.

Баҳром РЎЗИМУҲАММАД, шоир,

“Фермер” журнали бош муҳаррири ўринбосари:

— Ҳар   бир   соҳада   рақобат   пайдо   бўлиши — табиий   ҳодиса. Алҳол, жамият   шу   аснода ривож­ланади, тараққиёт   поғоналарига     кўтарила   бош­лайди. Бугунги   кунда   аксарият   журналистлар   босма   матбуотдан   электрон   матбуот   илгарилаб   кетганлигини   айтмоқдалар.   Бу   гап эҳтимол маълум маънода тўғридир.   Бироқ масаланинг   яна   бир   жиҳати   борки,   серқуёш   Ўзбекистонимизда   электрон   матбуотни у қадар жиддий   қабул   қилмайдилар. Воқеан, ўткир   танқидий   мақолаларни   сайтида   ёритгани   учун   бирор   журналистнинг ишдан   бўшатилганини   эшитмаганман. “Эй, интернет-да, ёзса   ёзибди-да?!” де­йишади. Лекин ўша гап­лар   босма нашрларда   босилиб чиқса-чи? Негадир бу ўта жиддий қабул қилинади. Демак, шундан ҳам маълумки, чинаккам матбуот бу босма нашрлардир. Телевидение ва радио эса энг оммабоп, кўпчилик назари тушадиган оммавий ахборот воситалари ҳисобланади. Тўғриси, аксариат сайтлар, телеграм ва бошқаларида таҳлил йўқ, савод масаласи чатоқ. Бугун ўқийсиз, икки-уч кундан кейин ахтарсангиз шуниям тополмайсиз. Матбуотсиз ҳаёт — қуёшсиз осмон каби.

Камина   “Карвон   қўнғироғи”   газетаси таҳририятида   ишлаганимда   ёши   улуғ   адибимиз   Шук­рулло   билан   суҳбат   уюштирганман. Сарлавҳаси:   “Истеъдод   бошқа, эътиқод   бошқа”. Суҳбатда   айрим   адибларнинг эътиқодсизлигига   шама   қилиб   ўтилган.   Бирор-бир   раҳбарнинг номи тутилиб, танқид қилинмаган эди.

Аммо ўшанда маълум тазйиқларга учрагандим. Албатта, бу 5-6 йил аввалги воқеа. Табиийки, тўғри гапга, ё бир шахсий мулоҳазага ноўрин муносабат кучайса, қалам аҳли нафасини ичига ютади. Чунки, унинг ҳам қорни бор, жағи тинмайдиган хотини, бола-чақаси бор.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ: — Мен юридик университетда таҳсил оладиган талабалар билан суҳбатлашдим. “Шариатни ўрганяпсизларми”, десам, “йўқ” дейишяпти. Ахир шариатни ўрганмасдан туриб,   қандай қилиб дин ҳуқуқини ўрганиш мумкин? Ахир бизнинг онгимиздагина эмас, онг остимизда ҳам шариат ётибди-ку. Биз оилавий, мулкий масалаларда кўпинча шариатга таянишимиз ҳам бор гап. Тўғри, юрист қонун нуқтаи назардан ҳал қилар, лекин биз мусулмонлар яшайдиган мамлакат одамлари учун шариат ҳам имоний туйғу эмасми?

Лекин шу ўринда битта ҳақли эътироф. Менинг укам Қирғизистонда яшайди. Бу ерга келганда “Ўзбекистон матбуоти яхши экан, бизда фақат негатив, яъни нуқул қора ҳолатлар берилади, одамнинг яшагиси келмайди, сизларнинг   матбуотда ёруғ нарсалар бор экан” деди. Ибратли масалаларни, одамлар бир-бирига ўқинг деб тавсия қиладиган яхшиликлар ҳақида ҳам кўпроқ ёзишимиз керак.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ: — Ҳа, шундай бир рукн қилиш керакки, иложи бўлса одам газетанинг ўша жойини чўнтагида олиб юрсин. Ибратли мақолаларни Самарқандда Фармон Тошев боплайди. Мен “Зарафшон” газетасини доим ўқиб бораман.

Муҳтарама Улуғова,

журналист, шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

— Аҳмаджон ака, мана сиз ишлаётган даврда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да менинг “Она сути” деган мақолам чиққан эди. Она сутининг моҳиятию аралаш сут эмган боланинг нима бўлиши ҳақида ёзганман. “Саодат” журналида ишлаганимданми, аёллар мавзуига доим дилим кетади, уларнинг муаммоларидан дилим ўртанади. Битта аёл боласини сотмоқ бўлганида бошқа бир аёл индамай ўртада туриб, уни ушлаб берган ва бола сотмоқчи бўлган аёл етти йилга қамалди. Уни ушлаб бергандан кўра шу ишни қилма дейиши ёки шу қора қилмиш йўлидан қайтаришнинг бошқа йўлларини топиши мумкин эди-ку.

Аёллар орасидан депутатлар кўпайяпти, раҳбарлар бор, бироқ аёллар билан боғлиқ жиноятлар, ўз жонига қасд қилишлар камаймаяпти. Аёллар масаласида шу қадар муаммолар кўп эканки, бироқ ҳали бирорта эркакдан “кел, биз ҳам шу масаланинг бир томонини кўтаришайлик”, деган гапни эшитмадик.

Бир ҳикматда: оқар сувни ҳам исроф қилманг, дейилади. Буни ҳамма нарсага татбиқ қилса бўлади. Бугунги кунда нима учун диний китобларни ўқиш қийин, ё бўлмасам, нима учун уларни ўқиган билан натижа кам, чунки улар олдингилардан кўчириляпти ва бугунги ҳаёт билан боғланмаяпти.

Отабек ИСРОИЛОВ,

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани ва Нурафшон шаҳрининг “Машъал” газетаси бош муҳаррири ўринбосари:

— Тошкент вилоятининг қарийб 300 минг аҳолисини 18-28 ёшдагилар ташкил этади. Бу жуда катта куч. Демоқчиманки, аҳолининг ҳам, ахборот бозоридагиларнинг ҳам кўп қисми ёшлардан иборат. Шу ўринда таклифимни билдирмоқчиман, таҳлилий мақолаларнинг ҳажмини қисқартмаган ҳолда ёшлар ҳам ўқийдиган қилиб кичик ахборот ва материалларга ҳам урғу бериш керак. Айниқса, митти ҳажвларга.

Ҳақрост, ҳажвий материалларга эҳтиёж бор. Саид Аҳмад “Кулгиси қистаб турган одамнинг бўйнига атом бомбасини осиб қўйсанг ҳам, барибир, кулаверади”, деган эди. Телеграм, твиттер ва фейсбук каби ижтимоий тармоқлардаги материалларнинг асосий салмоғини ҳам митти ҳажвий жанрлар – сарказм (ўзбекчаси бор эди-я шу сўзнинг!)лар ташкил этади. “Оҳангарон ҳаёти – Жизнь Ахангарана” газетасида “Шум бола нима дейди?” рукни бор ва газетанинг ҳар сонида митти-митти юморлар Шум бола тилидан берилади. Албатта, бу ажойиб. Йирик ҳажмли танқидий мақолаларда айтила олинмаган гаплар шу икки қатор матнда айтилиши мумкин.

Муҳтарама опа таъкидлаганидек, суд очеркларига ҳам диққат қаратиш керак. “Hurriyat”да “Суд залидан” рукнини қайта тиклаш ўринли, деб ўйлайман.

Ҳаким Сатторий,

публицист, Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими:

— Газета хусусида жамоатчилик реакцияси йўқ деган гап айтиляпти. Жамиятда бўладиган энг кичкина ҳодисалар ҳам фанда исботлаб қўйилган.   XIII-XIV асрлардан “Халқнинг овози – Худонинг овози” деган ақида қарор топган экан. Агар одам ўзининг шахсий фикрлари жамиятда қарор топаётган ижтимоий қарашларга уйғун келмаса, у жим қоларкан, гапирмай қўяркан. Халқ бошқа нарса ҳақида ўйлайди, ҳукмрон мафкурада бошқа ишлар қарор топади. Шундай пайт­­да халқ жим бўлар экан. Халқнинг ишончини йўқотиш жуда катта бой бериш бу. Усулни топиш, ёзилаётган мақоланинг газетхонга қандай таъсир қилаётганини ўрганиш керак. Масалан, дейлик тиббиётда кўричак, у болта билан олиб ташланадими, арра биланми, наштар биланми, шуни билиб олиб кейин масалага ёндашилади. Журналист ҳам масалага ёндашганда қандай ёндашувни билиши керак. Умумий жиҳатдан олиб қаралганда профессионализм тушиб кетган. Ҳозир энг катта муаммо бу – саводли ёзиш бўляпти. Мана ижтимоий тармоқлар ахборот беряпти, лекин уларда таҳлил йўқ. Ёлғон-яшиқ жуда кўп. Энди таҳлилни газета қилиши керак. Блогер тўғри ёндашяптими, ё шантаж қиляптими, деган масалага газета муносабат билдириши керак.

Энг муҳим масала — собиқ иттифоқ даврида прокуратурада махсус матбуот билан ишлаш бошқармаси бўлган. Қайси газетада танқид чиқса, ўша ерга биринчи бўлиб, прокуратура ходими етиб борган. Бугун ҳам танқидга муносабат бўлиши керак, бу бўлмаса ҳеч нарса ўзгармайди.

Яна газеталар жуда жиддийлашиб кетди. Юмор йўқ, латифалар, чиройли ҳажвиялар керак. Бир пайт­лар ҳар қандай газетада сатира ва юмор бўлими бўларди. Бу масалалар фақат оғизда ёки қоғозда қолиб кетмаслиги керак.

Отабек ИСРОИЛОВ: — Юқорида устозлар матбуотимизда тил ва услуб йўқолиб бораётганини таъкидлашди. Бу нима дегани? Бу – журналистикага янги кадрлар, ёш мутахассислар кириб келмаяпти, дегани. Биламизки, журналистлар таълим муассасаларида эмас, таҳририятларда шаклланади, тар­бияланади. Бугунги кунда туманлардаги газеталарда меҳнат қилаётган номутахассис, аммо журналистикага ихлоси, газетага меҳри баланд ёшлар кўплаб топилади. Уларга журналистиканинг сир-асрорларини кимдир ўргатиши керак-ку! Ахир, ҳамма ҳам олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятига, олий таълим муассасалари эса журналистикага иштиёқмандларнинг ҳаммасини ўқитиш имкониятига эга эмас-да. Шунинг учун “Hurriyat” мактаби” ло­йиҳасини йўлга қўйиш керак, демоқчиман. Бу ташаб­бусни, ишонаманки, “Илҳом” фонди ҳам қўллаб-қувватласа керак. Журналистлар ижодий уюшмасининг ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда маҳаллий нашрларда меҳнат қилувчи ёшларни саралаб, сараларининг маҳоратини “Hurriyat” мактаби”да ошириш мумкин. Ўйлайманки, устоз журналистлар сабоқ бергани тайёр. Бўстонлиқ ё Паркентнинг ёки Зоминнинг сўлим гўшаларида “Hurriyat” мактаби” йўлга қўйилса, нур устига нур бўларди. Миллий матбуотимизда янги журъатли овозлар янграй бошларди, янги тил ва янги услуб шаклланарди.

Абдурасул ЖУМАҚУЛОВ: — Сиз — устоз журналистларнинг ва Отабек укамизнинг айтган фикр-мулоҳазаларингиз ажойиб бўлди ва бу шубҳасиз, янада фаолроқ ижодий меҳнат қилишга, фикрларимизни чархлашга хизмат қилади. Катта раҳмат сизларга. Ўйлаймизки, катта тажриба ва салоҳиятга эга журналистлар сифатида халқимиз яхши кўриб ўқийдиган мақолалар, очерк ва эсселар, публицистик асарларингиз билан бизни ҳам қўллаб-қувватлайсиз.

Давра суҳбатини

Гўзал БЕГИМ ёзиб олди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × two =