“ҚЎРҚМА” — юз йиллик ХИТОБ!
“Нақадар даҳшат, умрингда ҳеч бўлмаса бир марта тўка олмасанг ёш!”, “Бизда тирикни эмас, ўликни ҳурмат этарлар”, “Мен она кўзларидай тиниқ қоронғиликни бошқа ҳеч қачон кўрмадим”, “Сен Ватанинг учун ҳатто бир он, бир марта йиғлай олмай қариётганингни билиш нақадар даҳшат!”, “Қўрқоқни туғмоқлик ҳали оналик эмас”, “Пул ота, пул эр бўлди, энг ёмони пул Ватанга айланди”, “Мен институтга олди-қочди дарсларга қарши ултиматум эълон қилдим. Ҳеч ўзгариш бўлмади, сўнг бормай қўйдим”, “Айтинг, биз шунақа халқмидик? Биз сотқин, қўрқоқ ва қулликдан шодланадиган халқмидик?!”, “Миллатни есалар фақат хоинлар ейди, четдан биров эмас!”, “Ватан нафс билан севилмайди, Ватан ҳирс билан севилмайди, Ватанга жон берилади, фақат жон, фақат жон, фақат жон…” — булар ўзбек адабиётининг ёш вакили Жавлон Жовлиевнинг яқинда нашрдан чиққан “Қўрқма” романидан олинган иқтибослар. Китобда бу каби оғриқли сўзлар, саволлар талайгина. Муаллиф роман орқали жамиятимиздаги, ёшлар орасидаги ҳақиқий аҳволга кўзгу тутгандек бўлади. Эҳтимол, шунинг учун ҳам асар кўпчилик томонидан илиқ кутиб олинди. Биз ҳам адабиётимизда янгилик деб қаралаётган “Қўрқма” романи муаллифи Жавлон Жовлиев билан суҳбатлашдик.
— Жавлон ака, романингиз ҳозирги адабий жараёнда алоҳида воқеа сифатида эътироф этилмоқда. Бу китобни ёзиш учун сизга нима туртки берди?
— 2015–2016 йилларда институт ётоқхонасида турардим. Талабаларнинг, тенгдошларимнинг қанча вақтини ухлашга, қанча вақтини телефонга, яна бошқа бекорчи нарсаларга сарфлаётганини кузатганман.
Мени бир талай саволлар тинч қўймасди: “Нима учун яшаяпмиз?”, “Нима учун ўқияпмиз?”, “Мақсадимиз нима? Хўп, ўқишни битириб ишга кирармиз, ундан кейин нима бўлади?”, “Ота-оналар нима учун фарзандларининг ўқиши учун катта пул сарфлашади?..” Мен кузатиб-билиб юрардим, кўпчилик ота-оналар боласини ўқитиш учун даволанмайди, касал бўлса, шифокорга бормайди. Чунки аҳволи оғир, камбағал. Айримлар фақатгина ўғлини, қизини ўқитиш учун хорижга ишлашга кетган…
Талабаларни кузатиб, уларнинг катта қисми мудроқ ва умидсиз эканини англаб қолдим. Уларнинг эртага ким бўлиши катта гумон эди. Чунки жамият, таълим тизимининг аҳволи шу даражада. Ўқиш уларнинг катта қисми учун институтга бориб-келиш, конспект ёзишдан иборат эди, холос. Аксарият тенгдошларим аъло баҳо учун ёки фалон домлага яхши кўриниш учун ўқишарди. Буларнинг барчаси мени даҳшатга соларди. “Бу кетишда аҳволимиз нима бўлади?” — деб муттасил ўйлайдиган бўлдим.
Бир куни “Улар Германияда ўқиган эдилар” номли фильм кўриб қолдим. Бу фильм ХХ аср бошларида Германияда ўқиган ва кейинчалик совет ҳукумати томонидан таъқибга учраган, аксарияти ўлдириб юборилган 70 нафар талаба ҳақида. Ўша даврларда жаҳоннинг энг яхши таълим даргоҳлари Германияда эди. Етмиш талабанинг барчаси 4-5 та тилни биладиган, ақл-заковати ниҳоятда кучли, ҳурфикр бўлган. Энг муҳими, улардаги эътиқод, миллий ғурур, юрт олдидаги қарздорлик, бурч туйғуси юксак эди. Бу менга кучли таъсир қилди. Менинг биринчи навбатдаги вазифам ўша талабаларни бугунги кунга қайтариш деб билдим. Тўғри, улар ўтиб кетишган, жисмонан йўқ қилинган. Лекин уларнинг ғоялари, орзулари, мақсадлари тирик. Улар Ўзбекистонни шунчаки мустақил давлатга айлантиришни эмас, балки Германия, Япония каби ривожланган давлат даражасига кўтаришни исташганди. Балки ҳозир сизга баландпарвоз гапдек туюлаётгандир, лекин буни ўша замонларданоқ бошлаш мумкин эди. Ҳозир ҳам мумкин!
90-йилларда ҳам биздан кўплаб талабалар хорижга ўқишга жўнатилди. Аммо уларнинг катта қисми қайтиб келмади. Балки миллатни севиш, бурчини адо этиш туйғуси камлик қилгандир ёки бошқа тўсиқлар бўлгандир… Биласизми, тарих такрорланиш хусусиятига эга деб ўйлайман. Яна уйғониш вақти келди. Уйғотувчиларимизни асраш, ҳимоя қилиш, бодроқдек дунёга ёйилиб кетган миллатнинг етук фарзандларини Ватанга қайтариш асосий вазифамиз. Кимдир вазиятни ўзгартириши, кимдир мамлакатни ривожлантириши, қўрқмасдан биринчи қадамни қўйиши керак-ку. Мана шу ўйлар бу китобни ёзишимга туртки бўлди.
Шуни ҳам айтмоқчиманки, бу китобни бугунги жамиятимиздаги сўз эркинлиги берди.
— Асар “Қўрқма” деб номланишининг сабаби нима?
— Миллатимиздан кучли билим ва заковатга эга инсонлар кўп етишиб чиққан. Хўш, нима сабабдан кейинги авлод улар каби эмас? Кўп ўйладим ва бунинг сабаби — узоқ чўзилган мустамлакачилик пайтида бизга сингдирилган қўрқув ҳисси, деган хулосага келдим. Қўрқув оёғимизни кишанлаб қўйган. Сиёсатдан қўрқиш, ўзига ишонишдан, ўз ҳаётини яхшилашга уринишдан қўрқиш. Ҳатто биз ўз туйғуларимиздан қўрқиб қолдик. Масалан, мен олим бўлмайман, ихтирочи бўлмайман. Бунга умр бағишлаш керак ва мен қашшоқ бўлиб қоламан, деган қўрқув бор одамларда.
Ҳозир хорижда 10 мингдан ортиқ кучли ўзбек ёшлари ўқийди. Улар бу ерга қайтишдан қўрқади. Ўйлаб кўринг-а, ўз юртдошларимиз ҳамон ўз Ватанига қайтишга иккиланмоқда. Бу катта фожиа эмасми, аслида?!
Менинг бир дўстим бор. Чикагода яшайди, болалар юрак хирурги. Бизда жуда ноёб шифокор ҳисобланади. Мен унга ҳар доим “Қайт, бу ерда сен даволашинг мумкин бўлган болалар ўляпти”, дейман. Лекин у қайтишни истамайди. Қайтса, камбағал бўлиб қолишдан қўрқади. Яна бошқа шу каби гап-сўзлар…
Ўзим Мақсуд Шайхзода ижоди бўйича тадқиқот қиляпман. Унинг ҳаёти билан боғлиқ маълумотларни ўрганарканман, қатағон йилларда омон қолган, лекин руҳи кишанланган шоир-ёзувчиларни ким бу аҳволга солган деб ўйладим? Ғафур Ғулом, Ойбек, Шайхзода ва бошқалар. Жуда катта потенциалга эга шахслар бўлишган. Уларнинг тўлиқ ижод қилишига нима йўл қўймади? Ўша давр сиёсатидан қўрқиш. Иш, ижод столининг ярмида қўрқув ўтирган. Ҳозир биз уларни ниҳоятда истеъдодли, билимли, мутафаккир инсонлар сифатида таниймиз. Бироқ бундан кўпроқ намоён бўлишларига қўрқиш ҳиси йўл қўймаган.
Йиллар мобайнида қўрқув суяк-суягимизгача сингиб кетди.
“Қўрқма” деган ном бугунги авлодга бир хитоб сифатида айтилди. Қўрқмасак, буюк ишларга қодир бўламиз. Буни бизга давлат ҳам, ота-онамиз ёки яна аллакимлар ҳам қилиб беролмайди. Ўзимиз мақсад учун курашиб эришамиз. Агар ўқимасак, ўрганмасак, мудрасак, зулматдан чиқолмаймиз. Қўрқсак, халқнинг асосий қисми қашшоқ ва мардикор бўлиб қолиши муқаррар. Чўлпон айтганидек, қўрқув кишанини парчалаб ташлаш керак. Бугун юртимизда ҳукм сураётган эркинликни ҳеч қачон қўлдан бериб қўймаслик лозим.
— Ҳикоянависликдан бирдан роман муаллифига айланиш анча машаққатли кечган бўлса керак…
— Юқорида айтиб ўтганим — “Улар Германияда ўқиган эдилар” фильмини кўргач, Шерали Турдиевнинг шу номдаги китобини топиб ўқидим. Китобда юқорида айтганимиз 70 нафар талаба ҳақидаги илмий мақолалар жамланган. Уни ўқигач, менда умуман бошқача таассурот пайдо бўлди, ичим ларзага келди. Ўша талабалар қисматига жудаям қизиқиб қолдим: худди бизга ўхшаган, бизнинг ёшимиздаги талабалар. Нима учун вафот этишди?
Магистрлик ишимни ҳеч қандай алоқаси бўлмаса ҳам, Қатағон қурбонлари хотираси музейига олдим. У ерда етмиш талабанинг архив ҳужжатлари, суратларини кўрдим, тақдири билан батафсилроқ таниша бошладим. Академик Наим Каримов, тарихчи олимлар Сирожиддин Аҳмад, Баҳром Ирзаевларнинг “Кўмак” ташкилоти ҳақида, ўша талабалар ҳақида китоблари, монографияларини ўқиб-ўргандим. Муҳаббат, ижтимоий муаммолар ҳақида ёзаман деб юрган бир қанча мавзуларим бор эди, барчасини четга суриб қўйдим. Асар ёзилишига 4 йилга яқин вақт кетди.
Ўзи умуман, Тошкентга келишдан мақсадимни ҳеч қачон эсдан чиқармаганман. Мақсадим адабиёт орқали ўз сўзимни айтиш, шу халққа, миллатимга хизмат қилиш бўлган ҳар доим.
Асар бирданига ёзилиб қолгани йўқ. Бунинг учун қанча тайёргарлик кўрилгани, қанча йўл босилганини, қанча машаққат, азобли кунлар бўлганини, нималардан воз кечганимни ўзим биламан. Бу гапларни айтишдан мақсадим шуки, машаққат чекмасдан катта асар яратишнинг иложи йўқ.
— Асарнинг ёзилиш услуби ўзгача. Бу ўқувчи диққатини тортиш учун қилинганми ёки илҳом шу шаклда келдими?
— Ҳикояларим 2015–2016 йиллардан матбуотда чиқа бошлади. Ёзганларимга кўплаб яхши фикрлар билдирилди. Лекин буларнинг барчаси машқлар эди. Уларда ҳали ўзимни топмагандим. Ўз йўлимни топишим, катта асарлар яратишим керак, деб ҳар доим ҳаракатда бўлдим, изландим.
Биласизми, асарлар ўз шакли ва оҳанги билан туғилади. Буларсиз ёзганингиз ҳикоями, романми, фарқи йўқ, қуруқ баёнчиликка айланиб қолади. Бугунги кун ўқувчисига ўқишли бўлган, бироз лиризм аралашган услубда ёзишга уриндим. Тарихни шунчаки ёзиб қўйиш жуда осон. Манбалардан фойдаланиб, ундай бўлди, бундай бўлди, деб кетаверасиз. Лекин уни адабиётга сингдириш ҳамда бугунги кунга хизмат қилдириш бошқа масала. Айрим китоблар ҳақида сўрасангиз “Менга қизиқ эмас”, дейишади. Чунки ўқувчи уларда бугунги куннинг, эртанинг хитобини топмайди.
Китоб ўқишли бўлиши учун бугунги кун талабаларининг ҳаётини киритдим. Ўқиган талаба ўзгариши учун ҳозирги замон ўзбек талабаларини салбий қиёфада тасвирладим. Қолаверса, ХХ аср бошида Германияда ўқиган 70 нафар талаба ҳаётини ўргана бориб, ўзим ҳам улар билан яшай бошладим.
2019 йил охирида романни тўлиқ ёзиб тугатган эдим. Аммо ҳеч кўнглим тўлмади. Ўзим истаган оҳанг чиқмаётганди. Сўнг адабиётшунос мунаққид Мусулмон Намозга кўриш учун бердим. У киши асардаги кўплаб камчиликларни кўрсатди. Шундан сўнг ўзгача бир ифода йўсинини топиш учун бош қотирдим. Бир куни романнинг ҳозирги услуби, оҳанги қуйилиб келди.
Аслида асарни ушлаб турадиган нарса унинг оҳанги. Мавзу янги бўлиши мумкин, лекин шакл ҳам ўзгача бўлиши керак. Йўқса, ёзувчининг ёзувчилиги қаерда қолади? Шундай қилиб, кўп марталик таҳрирлардан сўнг роман дастлабки ҳолатдагидан 70-80 фоиз ўзгариб кетди. Оҳангини топганимдан кейин ҳеч кимга кўрсатганим йўқ.
— Романдаги рамзий образлар ҳақида ҳам айтсангиз.
Бош қаҳрамон — етмишвойларни қидирган талаба — миллатнинг, аждоди сотқинлик қилган, хиёнатга учраган ва учраб келаётган миллатнинг образи. У ҳаётни атрофлича кузатади, ўзига саволлар беради. Амакилари ароқхўр, хотинбоз, бетайин. Ҳаммаси жигар касал. Биттасининг ҳамма боласи қиз, катта қизининг ҳам тайини йўқ. Нега? Чунки унинг аждоди етмишвойларга хиёнат қилган, қўрқоқ. Унинг касрига авлоди қарғишга қолган ва ҳаёти, бетайин тақдири билан бадал тўлашаётганди.
Бунинг зоҳирида бир хитоб бор: агар сен миллатингга хиёнат қилсанг, масалан, курсида ўтириб пора олсанг, шифокор сифатида кимнидир қутқариш қўлингда бўла туриб, унинг умрига зомин бўлсанг, ўқитувчи сифатида дарс бериш ўрнига ўқувчиларни алдаб ўтирсанг, сенинг етти авлодинг бунинг учун барибир бадал тўлайди.
ХХ арс бошларида халқда бироз умид уйғонган эди. Миллат ота-онасини таний бошлаган эди. Китобда бош қаҳрамоннинг бобоси “Миллатнинг отаси — тарих, онаси — тил”, деб айтади. Кейин эса ҳаммаси барбод бўлади. Бош қаҳрамон олти ойлигида ота-онасининг пахтага қўшилиб ёниб кетишида шундай рамз бор. Яъни миллатнинг отаси — тарихи, онаси — тили пахталарга қўшилиб ёниб-куйиб, кул бўлиб кетди. Неча-неча йиллар мобайнида “Биз шунча пахта экдик, шунча пахта йиғиб олдик”, деб яшайверган одамлар. Бошқа ҳеч нарсадан хабари бўлмаган.
Жигар касали ва эшакқуртлар образи ҳам бор. Жигар қонни тозалаб берадиган орган. Қон эса авлод, сулола. Асарда бош қаҳрамон амакиларининг, ҳатто ўзининг ҳам жигари хаста. Чунки лаънат теккан. Жигари касал бўлганидан кейин уларнинг қони ҳам бузилиб бораверади. Эшакқуртларга келадиган бўлсак. Эшакқуртлар —ўликхўр. Одамлар маънан ўлиб бораётганди. Шунинг учун ҳамма жойни эшакқуртлар босиб кетганди.
— Айримлар “Қўрқма” сунъий оммалаштириляпти, деб ҳам айтишмоқда. Сизнинг бунга муносабатингиз қандай?
— Жадид боболаримиз “Биз 1922 йилда туриб Олмонияга ҳавас қилар эканмиз, яна 100 йилдан кейин ҳам шу ҳолатда қолмаслигимиз учун ўқишимиз керак”, деган. Ваҳоланки, ўша 100 йил ўтди ҳамки, биз ҳануз Олмонияга, Японияга ҳавас қилиб юрибмиз. Энг катта фожиа, Худо кўрсатмасинки, яна 100 йилдан кейин ҳам бизнинг авлодларимиз шу аҳволда қолишидир. Фақатгина ҳавас қилиб ўтишнинг оқибати жуда ёмон, миллат сифатида маҳв бўлиш дегани бу.
Танқид қилишни ҳамма билади. Бу менинг ҳам, сизнинг ҳам қўлимиздан келади. Лекин Ватанни кимдир юксалтириши керак-ку. Бугун биз қаҳрамонлик учун катта иш қилишимиз шарт эмас. Шунчаки, ўсаётган бир ёшнинг, тенгдошимизнинг йўлини тўсмасак, унга ғайрлик қилмасак бўлгани. Шунда ўзимиз ҳам юксаламиз.
Таълимни, кадрларни, шахсларни асрамас эканмиз, миллатнинг аҳволи 100 йилдан кейин ҳам шу аҳволда қолавериши мумкин. Ўзбекистонда ривожланган хориж таълимини шакллантиришимиз керак. Юртимиздаги хорижий олий ўқув юртларида дарслар ўз дастурлари асосида бўлсин, лекин миллий ўзликни шакллантиришимиз зарур. Шунда у ерда ўқиганлар шунчаки бош олиб чет элга чиқиб кетишолмайди.
Ватандан ташқарида юрган одамда фақатгина соғинч эмас, бурч, қарздорлик ҳиси бўлиши керак. Бизнинг шу тупроқда туғилишимиз Худонинг амри-ку.
Шундай тушунчаларни иложи борича кўпчиликка сингдиришга уриняпмиз. Қилинаётган тарғиботлардан ҳам мақсад шу, аслида. Ҳамма ҳар хил тушуниши мумкин. Мен учун бу аҳамиятсиз. Китобни ўқиганлар, албатта, ўзгаради, деб ўйлайман.
Бу романни эзгу ва холис ният билан ёздим. Ёзаётганимда иккиланишлар, хатолар, турли хил таъсирлар бўлди. Лекин мақсадимдан чекинмадим. Ўша етмиш талабани жамиятга сингдириб юборишни ният қилдим. Улар бу китоб орқали хонадонларга кириб бормоқда.
— Бугунги кун ёзувчиси қандай бўлиши керак, сизнингча?
— Адабиётнинг юксак бир қонуни бор — ҳақиқат. Биз мана шу ҳақиқатни ёзишимиз лозим. Адабиёт халқнинг дардини олиб чиқса, уни тузатиш мумкин. Ўзингиз ўйланг, дарди аниқланмаган одамни тузатиб бўладими? Қотиб қолган қарашлардан қочиб, ХХI аср асари қандай бўлиши керак, деган савол билан изланиш лозим. Халқ ўз орзуларини, дардини кўрсатадиган бир кўзгу истайди. Адабиёт шу пайтгача ўзгартирувчи куч бўлиб келган, бундан кейин ҳам шунга қодир бўлиб қолади.
Адиб ёки шоирлар халқ дардининг ташхис қўювчиларидир. Шифокор беморнинг касаллигини айтгани учун айбдор бўлмаганидек, улар ҳам халқнинг, миллатнинг дардини кўрсатиб бергани учун айбдор саналмайди. Аксинча, айтмаса, хато қилган бўлади, хиёнат қилган бўлади. Журъат билан ёзиш лозим. Қўрқмаслик керак. Ҳозир айни шундай давр келди.
— Китобнинг нашр этилиши билан боғлиқ муаммолар бўлмадими?
— Тўғриси, бу асарни ёзаётганда “Бу ҳали нашр қилинадими, йўқми?” — деган гумоним бор эди. Чунки давлат нашриётларида ўзига хос “талаб”лар бор эканини яхшигина биламан. Ёки қўлёзмамнинг кўп замонлар нашриёт тортмаларида навбат кутиб, чанг босиб ётмаслигига ҳам кўзим етмасди.
Лекин романга сўнгги нуқтани қўйганимдан хабар топиши билан “Asaxiy books” уни нашр қилишини айтди. Ушбу хусусий нашриёт 2017 йил ўз фаолиятини жаҳон адабиётининг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиб, нашр этиш билан бошлаган эди. Нашриётнинг очилиш маросимида 2022 йилга бориб ўзбек адабиётининг янги намуналарини китоб қилиб чиқариш, янги номлар кашф этиш мақсадида экани ҳам айтилганди. Ўшанда мен: “Орадан беш йил ўтиб, шу нашриётдан ижодкор тенгдошларимнинг асарлари китоб бўлиб чиқса, менга ҳам улар орасида бўлиш насиб қилармикан?” — деб ўйлаган ва яхши ният қилгандим. Буни қарангки, “Asaxiy books”нинг 2022 йилга мўлжалланган лойиҳаси “Қўрқма”нинг нашр қилиниши билан бир йил эрта бошланди.
Роман дастлаб, 1000 нусхада чоп қилинди. Яқин кунларда 20 минг нусхада иккинчи бор нашр қилиниш арафасида.
— Суҳбат жараёнида матбуотга муносабатингизни ҳам айтсангиз? Қайси нашрларни ўқийсиз?
— Ҳақиқатни доим кўтариб чиққан газеталар ҳеч қачон ўлмайди. Тўғри, замонавий асрда яшаяпмиз. Лекин интернет ўз йўлига, матбуотнинг ўз йўли бор. Энг ривожланган давлатларда ҳам кўпминг ададда чиқадиган газеталар борлигини биласиз. Чунки халқ бундай газеталарда ўзига керак бўлган нарсани топади. Улар халқнинг кўнглидаги гапни айтади.
Бизда матбуотга бўлган бугунги муносабатга кўплаб газеталар халқдан узоқлашиб қолгани сабаб бўлди, деб ҳисоблайман. Одамларга керакли газеталар яшаяпти, яшайди ҳам.
Менинг интиқиб кутадиган нашрларим бор. “Тафаккур”, “Маънавий ҳаёт”, “Жаҳон адабиёти” ва “Ёшлик” журналларини; “Hurriyat”, “Ишонч”, “Маърифат”, “XXI asr” ва “Китоб дунёси” газеталарини ҳар доим ўқийман.
— Келгусидаги ижодий режаларингиз қандай?
— Бу китоб менинг биринчи қадамим. Янги шакллар, янги оҳанглар топиб, халқнинг дардини кўрсатиб беришни бурчим деб биламан. Ҳозир яна бир мавзу устида ишлаяпман, материаллар йиғяпман. Лекин буни аввалдан батафсил айтиб қўймаганим маъқул.
Шаҳзод ШОДМОНОВ
суҳбатлашди.