Мусулмон НАМОЗ: “МАТБУОТ жамиятнинг кўзгуси бўлиши шарт!”

Суҳбатдош ҳақида: Мусулмон Намоз – 1962 йили Узун туманидаги Файзова қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети (аввалги ТошДУ)нинг ўзбек филологияси факультетида ўқиган. Ўзбекистон Фанлар Акаде­миясининг Ўзбек тили ва ада­биёти инс­титути, “Ватан” газетаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Миллий ахборот агентлиги (ЎзА), “Темирйўлчи” газетаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлигида турли вазифаларда ишлаган. Ҳозирги вақтда “Маънавий ҳаёт” журналида бўлим муҳаррири сифатида фаолият юритиш билан бирга, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида талабаларга дарс бериб келмоқда.

Мусулмон Намоз битта роман, иккита қисса, бир илмий-бадиий эссе ва қатор адабий-танқидий мақолалар муаллифидир.

Устоз журналист билан матбуотимизнинг кечаги куни, бугуни ва эртаси, сўз масъулияти, китобхонлик ҳамда ҳозирги кун журналистикасининг айрим долзарб муаммолари ҳақида суҳбатлашдик.

– Мусулмон ака, анча йиллардан буён матбуотда ишлайсиз. Матбуот эса ҳамиша жамиятнинг кўзгуси ҳисобланган. Айтинг-чи, бундан 5-6 йил олдинги матбуот билан бугунги мат­буотнинг фарқи нечоғлик? Сиз бу борада қандай фарқларни айта оласиз?

— Онгли ҳаётимнинг кўп ва катта қисми матбуотга хизмат билан ўтди. “Дунёнинг аввали сўз эди” деган ҳикматга мувофиқ, камина ҳам ёш чоғларимдан сўз билан дунёни ўзгартириш мумкин, деб ўйлайдиганлар сафида бўлдим. Буниси ҳаққи рост. Бироқ шундан сўнг айтган фикрларингизга қўшилмасликка ижозат беринг.

Биринчидан, “Матбуот ҳамиша жамиятнинг кўзгуси бўлган”, деган гап жуда баҳсли. Эҳтимол, қачондир шундай бўлгандир ҳам. Лекин умримнинг салкам қирқ йили матбуотга ошно кечган бўлса ҳам, буни мен кўролмадим. Мен кўрган матбуот доимо давр қўлидаги қурол бўлиб келган. Бу ҳолнинг сабаби оддий. Ўтган шўролар тузуми учун матбуот эркин сўз айтиш воситаси эмас, тарғибот қуроли эди.

Ўтган асрнинг охирида матбуотимиз, қисқа муддатга бўлса-да, эркин сўзни айта олди-ку, дея эътироз билдиришингиз мумкин. Афсуски, бу фикрни моҳиятан тўғри деб бўлмайди. Ўшанда “эркин сўз” миллатимизнинг асрлик уйқудан уйғониб, миллий мустақиллик йўлидаги тамал тошини қўйиш учун замин ҳозирлаганини биламиз. Бироқ, тан олайлик, ўша даврда матбуот қисқа муддат “эгасиз” қолган эди. Чок-чокидан сўкилиб бораётган шўро давлатининг арбоблари тузумни сақлаб қолишдан кўра, ўзларининг жонини, жонидан ҳам азиз бўлган молини сақлаш пайида бўлиб, бир муддатга матбуотни ўз ҳолига ташлаб қўйишган эди назаримда. Ўшанда миллатини уйғотмоқчи бўлган бир ҳовуч илғор зиёлилар матбуотни ўзларига тарғибот қуроли ўлароқ қўлга олишди. Ҳа, мудроқдаги тафаккурга туртки бўлган ўткир мақолалар ўшанда дунё юзини кўрди.

– Ўшанда матбуот жамиятнинг кўзгуси бўла олган, дейсиз-да…

– Ҳақиқатга тик боқиб айтсак, ўшанда ҳам матбуот “жамиятнинг кўзгуси” бўлган эмас. Чунки ўша чоғлар ўзбек жамияти матбуотда босилаётган “ўткир” мақолаларни ўқиб, бошига гурзи тегиб йиқилган паҳлавон мисол ерда чўзилиб ётарди, холос.

Яна “Бундан 5-6 йил олдинги матбуот билан бугунги матбуотнинг фарқи борми”, деб сўрайсиз. Агар Сиз обрўли бир нашрнинг мухбири эмас, менинг талабам бўлганингизда эди, “Нега бундай мантиқсиз савол берасиз?”, — дея ҳатто койиб берган бўлардим. Ичимда эса: “Нега булар ҳамон бунча содда, бунча ишонувчан…” дея афсус чекардим.

Ахир, олдинги матбуот билан бугунгисининг орасида ер билан осмонча фарқ борлигини ўзингиз ҳам яхши биласиз-ку. Билиб туриб шу саволни мендан сўрашингиз ғалати. Мана, 5-6 йил олдинги матбуотни варақласангиз, “Ўзбекистон аллақачон ер юзидаги жаннатга айланиб бўлган экан-ку!”, деган хулосага келиш жуда осон. Ҳолбуки мундай эмас эди ва буни ҳаммамиз билардик. Кўпчилигимиз Россия, Туркия ёки Кореяда мусофирчиликнинг қаттиқ нонини еб, шундан ҳам орттириб, бизга жўнатилаётган пулларга бозордан харид қилиб, кейин “тобора ривожланиб бораётган Ўзбекис­тон” ҳақида оғиз кўпиртириб ёзардик.

Ўшанда ўттиз миллион нуфусга эга бўлган халқимизнинг қирқ фоизи ўн олтига тўлмаган ёшлар бўлишган. Қолган олтмиш фоизнинг ярмисини қари-қартанглар ва аёллар ташкил этади, деб ҳисобласак, ишга яроқли аҳоли тўққиз миллион чамасида бўлганини англаймиз. Ўша тўққиз миллионнинг   каттагина қисми Россияда энг оғир, энг қора ишларда ишлаб, ҳар куни турли ҳақоратларни эшитиб, бир хонада ўнлаб киши яшаб, ит ётиш, мирза туриш билан олисларда қолган Ватани — “Мус­тақил Ўзбекис­тон”ни боқар эдими? Ҳа, шундай эди!

Бугун эса ана шулар ва бошқа мавзулар ҳақида ростини ёзаяпмиз, десангиз ҳақиқатни айтган бўласиз, тўғри. Лекин ростини айтиш ҳам ҳали матбуотнинг жамият кўзгуси эканлигини англатмайди. Мана шуниси ачинарли. Раҳматли шоиримиз Шавкат Раҳмон бир шеърида: “Фақат яхши бўлмоқ жудаям камдир, Жуда камлик қилар яшамоқ ҳалол”, деб ёзган эди. Шу қабилда фикр юритадиган бўлсак, бугунги кунда ростини ёзишнинг ўзи жуда камлик қилади, ҳатто, ҳалол бўлиш ҳам камлик қилади. Бугун ақлли бўлиш керак. Кўриб, билганингни ақл чиғириғида чийратиб, масаланинг учини топиб, шундан сўнг ёзиш керак.

— Шавкат Раҳмоннинг учли киноялари, шеърининг мантиқий давоми сифатидаги фикр­ларингиз баҳсли, албатта. Шахсан “Тоза бўлиш камлик қилади” деган фикрингизга қўшилмайман. Бироқ бу алоҳида мавзу. Келинг, “рул”ни яна матбуотимиз томонга бурайлик. Олдинлари сиз кўзгу эмас эди деган матбуотга муносабат барибир жуда кучли бўлган. Бугунги танқидий чиқишларга эса деярли эътибор йўқ, мутасаддилар бўлса, ваъдадан бош­­қа деярли амалий иш қилишмаяпти ҳисоб. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?

— Бундан 5-10 йил аввал матбуотга муносабат жуда кучли бўлганига ўзингиз ишонасизми? Ё, бу гапни сиздан беш-олти кўйлак олдинроқ йиртган ҳамкасабаларингиздан эшитиб айтаяпсизми? Ундай бўлса, ўшалардан ҳам ўн-ўн беш кўйлакни олдинроқ йиртган ҳамкасабангизни тинглаб кўринг. Дейлик, менинг гапларимни. Мен бу гапга ҳам асло қўшилмайман.

Биласизми, қорни оч одамнинг қулоғига гап кирмайди. Бу жуда оддий ва ўта жўн ҳақиқат. Фақат бола-чақам деб яшайдиган ўзбекнинг қулоғига ўша замонлар “нон”дан бўлак сўз кирмаганини яхши эслайман. Болаларини   боқиш илинжида ўзини чор тарафга ураётган халқнинг қулоғига “эркин сўз” айтиш ҳўкизнинг қулоғига танбур чертишдай гап эди. Жамиятда эркин сўзга эҳтиёж ҳаминқадар бўлгани учун ҳам матбуотимиз дарровдан ўта ночор аҳволга тушиб қолди. Кейин, орадан ўттиз йилча ўтиб, замон ўзгарди. Ҳукумат ўзгарди. Бошқача айт­сак, жамиятдаги, ҳукуматдаги кучлар нисбати ўзгарди. Шунда янги ҳукуматнинг назарига тушишни истаган кучлар яна матбуотнинг қурол эканини эсга олишди. Ҳукумат ҳам бу қуролга анчайин диққат билан разм солди. У матбуот қай тарафга ўт очаётганига қараб, жамиятнинг оғриқли нуқталарини англашга ва керакли муолажа тадбирларини бош­лашга эҳтиёж сезар эди ўшанда.

Ўшанда, яъни сиз айтганингиздек, 5-10 йил бурун гўёки матбуотга муносабат “кучли” бўлган. Танқид бўлса, буни ҳукумат эшитарди, жамият муносабат билдирарди. Бирон тарздаги ўзгариш ҳам бўларди.

— Айтмоқчисизки…

— Ҳа, наҳотки жамиятда эркин сўзга эҳтиёж йўқолган бўлса, демоқчисиз-да. Сабабини тушунаётгандирсиз. Ҳали-ҳануз жамиятимиздан камбағаллик кетгани йўқ. Бу — биринчи сабаб.

Иккинчи сабабни айта бошласам, аввалига ишонмайсиз. Дарровда ишонмасангиз ҳам, майли, ўйлаб кўришингиз учун айтаман.

Гап шундаки, ҳар қандай жамиятда, ҳатто, энг қолоқ, энг камбағал, қорнидан бўлак ташвиши йўқ жамиятларда ҳам гапиришга ва гап эшитишга эҳтиёж доим бўлади. Адабиёт илмида буни саҳнада турган милтиқ отилиши керак, дейдилар. Шунга му­қояса қилиб гапирсам, тил сайраб туриши керак. Қорни тўқ жамиятнинг оч жамиятдан фарқи шундаки, биринчиси эркин сўз тинглашни, иккинчиси вақтни ўлдиришни хоҳлайди, холос. Маҳалладаги хотинлар яхши биладиган ҳақиқатдан сизнинг ҳам хабарингиз бўлса керак – вақт ўтказишнинг каллани ачитмайдиган, яшашга халал бермайдиган энг яхши усули — ғийбат. Марҳамат, бугунги ижтимоий тармоқлар шундай ғийбатлар маконига айланди. Газета-журнал, китоб ўқиб, бошни оғритадиган фикр-мулоҳазаларга берилгандан кўра, беш-ўнта жанжалкаш, шантажчи, энг муҳими, ғийбатчи блогернинг постларини кузатиш авом учун мароқлироқ, аслида. Бундай постларни ўқиётган, кўраётган авомда ички бир қониқиш ҳисси ҳам бўлади. Негаки, у постнинг эгаси ўзидан ақллироқ, виждонлироқ эмаслигини кўриб, билиб туради. Ўзини ундан ақллироқ, виждонлироқ санаса ҳам ажаб­мас. Ўзингиз ҳам тан олинг, куюнчак журналистнинг гапини тинглаб, Ватан келажаги ҳақида қайғургандан кўра, ўзи каби бир бечорани муҳокама қилиш осонроқ, ахир. Қолаверса, кучлар нисбати ҳам тенг бўлади.

Энг даҳшатлиси шундаки, бугунги матбуотда айтилаётган яхши фикрлар, танқидий мулоҳазалар, асосли хулосалар, ўринли танқидлар ижтимоий тармоқдаги блогерларнинг уммон қадар кенг ғийбати ичида эриб, билинмай кетмоқда. Элга маълум этилаётган ўнта танқиднинг тўққизтаси асоссиз бўлса, ўнинчисини ҳам эътиборсиз қолдириш осонроқ. Сиз айтган “ваъда бериб бажармайдиган мутасаддиларга” шуниси маъқул. Газетада чоп этилган мақола беш-ўн минг муштарийнинг қўлига етиб боргунича ижтимоий тармоқларда неча юз минг обуначига етиб борадиган ва “албатта эътибор қилиниши лозим бўлган” янги ғийбатлар урчийди. Ўша “мутасаддилар” газета мақоласини ҳам ўша ғийбатларнинг бири сифатида кўради ва эътибор бермай қўя қолади.

Ҳа, интернет ҳаётимизга кўз илғамас тезликда кириб келди. Шу боиски, айримлар босма нашрларнинг келажагига у қадар ишонмаяпти.

— Биласизми, бугунги нашрларимиз орасида энг саводхонларидан бири “Маърифат” газетаси деб ўйлайман. Унинг эҳтимолий ўқувчилари доираси, яъни мактаб ўқитувчиларидан иборат аудиторияси ҳам ярим миллион киши чамасида бўлса керак. Шунга қарамай, газетанинг адади ўн минггаям етмайди, жуда кам. Қўшимчасига, маърифатнинг эгаси бўлган дасти узун ташкилот – Халқ таълими вазирлиги ундан юз ўгириб турибди. “Маърифат”имиз бугунги кунда энгагига суяниб, зўрға нафас олаяпти. Эрта-индин “жони чиқиб” кетса ҳам ажаб эмас.

Бугунги ўқитувчилар тизимдаги муаммолар бир кунда ечилиб қолмаслигини, муаммолар раҳбарий тузилмалар орасида ўзаро копток бўлаётганини, амалий ечимни жуда узоқ кутишга тўғри келишини сизу биздан кўра яхшироқ билишади. Беморга ҳадеб касалини гапираверсанг, оғринади, ахир. Шу боисдан ҳам бугунги “Маърифат”нинг адади пасайиб бормоқда. Яқин йилларда, балки, ойларда бу газетанинг чидам ва сабот билан жон берганини эшитиб қолсак ажаб эмас. Бу “ўлим”нинг яна бир сабаби, ўзингиз айтганингиздай, интернетнинг яшин тезлигига мутаассибларча ишонувчи маориф раҳбарияти бўлиб чиқса, не тонг?!

Ўқиганим бор: ўтган асрнинг 20-30 йиллари АҚШда улкан иқтисодий таназзул юз беради. Минглаб, миллионлаб заводу фабрикалар ёпилиб, мамлакатнинг салкам ярим аҳолиси ишсиз қолади. Ўшанда мамлакат йўллари бўйлаб, “Харидорлар, Американи фақат сиз қутқариб қоласиз!” деган шиорлар осилиб турар экан.

Инчинун, “Маърифат” газетаси босма нашр сифатида яшаб қолишни хоҳласа, назаримда, шунга ўхшаш йўл тутиши, “Ўқитувчилар, нашримизни фақат сиз сақлаб қола оласиз”, деган мурожаатини маҳкам ушлаши лозим. Табиийки, шунинг баробарида, у айнан ўқитувчиларга керак бўлган ахборотнинг бош ва ишончли манбасига айланиши ҳам зарур.

Жумладан, бошқа нашрлар ҳам халқ ичидан ўз халоскор ўқувчиларини топиши лозим.

— Раҳбар доиралар, айниқса, маҳаллий раҳбарларнинг гап-сўзларидан, улар билан бўлган суҳбатлардан маълумки, кўпчилиги матбуотдан узоқ. Газета-журнал ўқишмайди. Сизнингча, бугун босма нашрларни ким ўқияпти?

— Лекин менинг фикримча, раҳбар доиралар, айниқса, аксарият маҳаллий раҳбарлар матбуотни ўқимайди ҳисоб. Эринмаса, уларнинг матбуот котиблари бир кўз югуртиради. Кейин матбуотдаги чиқишлар тўғрисида раҳбарига “ҳисобот” беради. Биласизми у нима қилади? У айни шу раҳбар ҳал қилиши лозим бўлган муаммо кўтарилган мақолани, одатан, раҳбарига кўрсатмайди ҳам! Дейдики, “Хўжайиннинг асаби чарчаб турибди, бундай улуғ зотни асраш керак, бунақа майда-чуйдалар билан қуйироқдагилар шуғуллансин”. Қуйироқдагиларнинг эса масалани ҳал қилишга ваколати бўлмайди. Шу билан муаммо муаммолигича қолиб кетаверади. Уни ечадиган мард топилмайди.

Жамиятнинг бугуни ва эртасига масъул бўлган раҳбарлар ўқимаётган босма матбуотни оддий халқ ҳам ўқимаяпти, десам муболаға бўлмаса керак. Бу нашрларнинг ададидан ҳам маълум. Дейлик, саксон минг ададда чиқадиган газетани шунча киши ўқияпти, деб ўйлайсизми? Йўқ, обуначилар уни бизнинг соҳага ё ишимга тегишли бирон расмий янгилик бормикин, деб ҚАРАБ ЧИҚАДИ, холос. Зинҳор ўқишмайди. Илло, моҳиятан олганда ҳам, янгилик ўқилмайдиган, балки хабардор бўлинадиган нарсадир.

Айтайлик, “Hurriyat” сингари янгилик эмас, залворли фикрлар эълон қилинадиган нашрларга эса эътибор жуда паст. Қачонки жамиятимизда янги фикрга эҳтиёж пайдо бўлса, ўшанда сизнинг газетангиз адади ошади. Бошқа иложи йўқ. Кутасиз. Фақат унгача яшаб қолиш керак.

“Темирйўлчи” газетасида бир муддат бош муҳаррир вазифасида фаолият юритгансиз. Маълумки, темирйўлларни мамлакат қон-томири дейишади. У ердаги шароит ҳам ҳарқалай ёмон бўлмагандир? Ўша пайтлардаги муҳит, иш жараёнлари билан ўртоқлашсангиз. Умуман, бош муҳаррирлик даврларингизни соғинасизми?

— Гарчи, темир йўлда ишлаган чоғларим жуда кўп янги ва яхши дўстлар орттирган бўлсам ҳам, очиғи, мен у даврларни нохушлик билан эслайман. Айтганингиздай, темир йўл катта тармоқ, муаммолари ҳам катта эди. Лекин уларни кўтариш мумкинмас эди. Гап менинг ё мухбирларнинг қўрқоқлигида, раҳбарларнинг танқидга ҳуши йўқлигида ҳам эмас. Ҳар қандай муаммонинг илдизи кавлаб кўрилса, бу албатта тизимга бориб тақаларди. Тизимни эса танқид қилиш мумкинмас эди. Дейлик, бирон жойда каттадир-кичикдир хатолик юз беради. Шуни ёзиш мумкинми, фаразан, албатта ёзиш мумкин. Фақат, катталарга тегиб кетмасин, деган КИЧКИНАГИНА БИР ШАРТ қаламингизнинг орқасидан тутиб туради, холос. Асосий айбдор қолиб, стрелкачини гуноҳкор қилишга эса виж­дон чидамайди. Яхши ишларни мақтаб ёзиш мумкин эди. Начора, шундай қилардик ҳам. Мен ишлаган даврларда темир йўл тизимида янги кўприклар, йўллар қурилди, тез­юрар поездлар келтирилди, ишга туширилди. Шуларни ёза бошлаганимизданоқ уларнинг ҳаммаси “мамлакат раҳбарияти томонидан олиб борилаётган, изчил ва узоқни кўзлаган сиёсат намунаси эканлиги”ни кўрсатиш мажбурияти остида қолардик. Мақоланинг бошига шуларни ёзмасак, бўлмасди. Алал-оқибат, бошланиши ёлғон мақоланинг давоми ҳам ўтрик-ўшакка қорилиб чиқарди. Бундай чалаўлик мақолани уч марта ёзганингдан сўнг тўртинчисига юрак бетламай қўяди… Ўзинг ёзол­магач, бошқалардан ҳам талаб қилолмайсан. Хуллас, темир йўлда анча умрим беҳуда совурилган.

Таъкидлаб қўяйин, бу ҳолат фақат темир йўлга эмас, умуман бошқа тизимларига ҳам хос бўлган. Бугунги кунда айрим мақолаларни ўқир эканман, раҳбар кетгани билан тизим кетмаган, деб қўяман. Шуниси оғриқли.

“Бош муҳаррирлик даврларингизни соғинасизми”, деган сўзингизга келсам, ўттиз беш йил бурун ўтиб кетган онамни, ўн йиллар бурун чин дунё­­га рихлат қилган отамни, мени бу дунёга ёлғиз ташлаб кетган чин дўстларимни соғинаман. Хаёлан ўша даврларга қайтиб, бир муддат бахтиёр бўламану, яна бу ўнг дунёга қайтсам, бўғзимни алам ва армон бўғиб олади. Мана шу ҳақиқий соғиниш. Олис юртда ўқиб, кейин ўша юртда ишлаб қолган ўғлимни соғинаман, гарчи, у билан ҳар куни телефон орқали соатлаб гап­лашсам ҳам. Бу ҳам ўша сиз айтган инсоний дард. Аммо бош муҳаррирлик даври эмас. Бош муҳаррирликни кейинчалик соғинадиган даражада яхши кўрганимда, ҳозир ҳам ўша лавозимдан кетмаган бўлардим.

Бугун сиз ҳам ишлаётган “Маънавий ҳаёт” журнали чин маънода маънавий озуқа берадиган, ўқувчининг маънавий дидини оширадиган нашрлардан саналади. Афсуски, унингда ўқувчилари кам. Бунинг устига журнал ижтимоий тармоқларда ҳам деярли тарғиб қилинмас экан…

— “Маънавий ҳаёт” журнали бугунги Ўзбекистонимизда энг савияси баланд нашрлардан бири. Мақолалари залворли, дизайни аъло, босма сифати олий. Бироқ айтганингиздай, адади жуда кам. Бунинг сабаби ҳақида жуда кўп ўйлаганман. Жавоб ҳам топгандайман.

Обуначилар камлигининг биринчи сабаби юқорида кўп айтилди, бугунги босма нашрларга умумий муносабат билан боғлиқ. Лекин назаримда, фақат шунинг ўзигина эмас. Назаримда, биз маънавий ҳаётимизга боғлиқ энг долзарб мавзуларни топа олмаётгандай, топганларимизни кўнгилдагидек ёрита олмаётгандаймиз. Биз топган мавзулар эса ўқувчиларимизга жудаям қизиқ эмасдай. Масалан, бугунги ўзбек қўшиқчилиги мавзусини олайлик. Унинг маънавий ҳаётимизга дахл қиладиган даражада улкан кучга эга эканлигини биламизми? Биламиз. Миллатнинг мусиқий ва ахлоқий савиясини бузаётганини биламизми? Биламиз. Бироқ шу соҳанинг ички ҳаётини ёритиб бера оладиган журналистларимиз йўқ. Лингир-лингир қўшиқларнинг қаердан пайдо бўлиб, қай йўсинда машҳур бўлаётгани механизмини очиб берадиган, оммавийлик оммабопликка, кейин ҳаммабопликка, ундан ҳам кейин бозорбопликка йўл очишини, бозорга “мол” олиб чиқаётган қўшиқчиларимиз эса бетакрор Абдулла Қодирий айтгани каби, “бозорга бўлаверади” тамойилида ишлашини аниқ ва ёрқин мисоллар билан ёза оладиган дидли ва саводли муаллиф тополмаймиз. Ёки бўлмасам, ўзбек киносида бугун юз бераётган жараёнлар миллатимизнинг эртанги кунига дахл қиладими? Албатта, қилади. Чунки кино ёшларни тарбиялайди. Бу оддий ҳақиқат. Шуни ёритиб бера оладиган журналистларимиз борми? Йўқ. Аниқроғи, ёзаман деганлар кўп, профессионаллар йўқ…

Биласизки, бизда маънавият ва маърифатга масъул бўлган ташкилотлар, мутасаддилар бор ва сони кўп. Ҳатто, ҳокимларнинг ҳам шу соҳага бевосита жавобгар ўринбосари бор. Лекин чўпон кўп бўлса, қўй ҳаром ўлади, деганларидек, маънавиятнинг асл эгаси йўқ. Янаям аниқроғи, маънавиятга бўлаётган таҳдидларни олдиндан кўриб, таҳлил қилиб, шунга қарши чора кўрадиган масъул йўқ. Мас­ъул деб тан олинадиган ташкилотнинг эса суп­раси қуруқ, ваколати маслаҳат беришдан нарига ўтмайди. Жа, ошириб юбордингиз, деманг, йўқса, ҳеч бўлмаса, мамлакатнинг Президенти айтгандан кейин мутасаддилар “Маънавий ҳаёт” деган журнал борлигини билиб, одамларни шунга обуна бўлишга тарғиб қилган бўларди. Президентимиз энг юксак минбардан туриб бонг урди, шу журналга обуна қилинглар, деди. Пастдагилар хўп-хўп дейишди. Кейин яна ҳаммаси эски изига тушиб кетди.

Бу ва бунга ўхшаш журналлар, “Hurriyat” каби газеталар Президентимизга, халқимизга керак. Чунки халқнинг кўзи очилмаса, жамият, албатта, жарликка қараб боравериши энг юқоридан жуда аниқ кўринади, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари деярли ҳар чиқишида матбуотни тарғиб қилади. Лекин…

Хўш, ўзингиз қайси нашрларни кузатиб борасиз? Қайси газета-журналларнинг мухлисисиз? Ва нима учун айнан уларни мутолаа қиласиз?

— Энди жуда оғир савол бердингиз. Мендай газетачиликда суяги қотган одамнинг газета-журнал ўқиши жуда қийин эканини тушунарсиз?

Авваллари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасини кузатиб боришга ҳаракат қилардим. Адабиётда янги воқеа, янги овозлар пайдо бўлса, бехабар қолмай, деган маънода. Ҳозир эса бу газетадан янгилик қидирмай қўйдим. Чунки адабиётдаги янги воқеа, янги овоз бу газетадан олдин ижтимоий тармоқда пайдо бўлади. Анча ўтиб, уларнинг янгилиги эскиликка айланиб улгургандан кейингина мазкур газета буларни босади. Аммо ҳозир ҳам ушбу газетани имкон борича кузатиб боришимнинг ягона сабаби доимий кутадиганим — янги воқеа, янги овоз профессионаллар орасида қандай талқин топар экан, деган қизиқишим туфайли. Афсуски, бу эҳтиёжим ҳам аллақачонлардан буён қонаётгани йўқ. Яхши бир шоир пайдо бўлса, янги ва яхши бир асар туғилса, у ҳақда профессионал адиблар, адабиётшуносларнинг фикр­-мулоҳазалари бериб борилса, баҳсу мунозаралар уюштирилса, деб орзу қиламан. Афсуски, бизнинг журналдагига ўхшаб, ё ёзадиган одам қолмади, ё газета ходимлари шундай ёзарманларни излаб топишга эринади.

Майли, “Маънавий ҳаёт”, “Тафаккур”, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти” каби адабий нашрларнинг муаммолари специфик – ўта махсус, улар адабиётимизнинг бугунги умумий аҳволига ҳам­оҳанг, қачондир адабиётимиз гуркираб ривожланиб кетса, бу нашрлар ҳам дарҳол қаддини ростлаб олади, дейлик. Лекин нега “Hurriyat” каби ҳеч соҳада чекланмаган нашрларимизнинг адади ҳам кам?!

Демак, муаммонинг сабаблари битта-иккита эмас.

– Жамиятдаги ноширлик, китобхонлик маданияти ва мутолаа ҳақида фикрларингиз. Бугун бу соҳада хусусий нашриётлар кўпайиб кетди. Нима деб ўйлайсиз, айни даврда ўқувчининг чанқоғини босадиган адабиётлар нашр этиляптими, ўзи ўқувчида китобга нисбатан чанқоқ борми?

– Кейинги ўттиз йилда бизда китобхонлик маданияти жуда пасайиб кетгани ойдин ҳақиқат. Биринчи сабаби, юқорида айтиб ўтганим. Одам олдин қорнини тўйдириб, кейин китоб ўқийди. Агар қорни оч бўлсаям китоб ўқийдиганлар бор бўлса, булар ҳаваскор адиб ва ё келажакда шуни орзу қиладиган кишилардир.

Иккинчи сабаби эса, ўтган давр ичида ўқишга арзийдиган асарларнинг жуда камайиб кетганига боғлиқ. Бизда ҳозир яхши асарлар бўлмаса ҳам, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўқиш имконияти олдинги даврларга нисбатан ошди-ку, дейиш мумкиндай. Бироқ одамнинг табиати шундайки, аввал ўзига қарайди, кейин атрофга. Ўзида ҳеч нарса топмаган кишининг атрофдан излашига унчалик ҳам ишонаверманг. Ўзингда йўқ, оламда йўқ, деган мақолни ўзимизнинг ўзбеклар тўқиган.

Ўзининг адабиётида ўзининг ҳаётини кўрмаган китобхон бошқаларнинг адабиётидан ўзини излаб ўтирмайди. Бу кундай равшан ҳақиқат. Ишонмасангиз, дўстларингиздан “Уруш ва тинчлик”ни ўқиганмисан, деб сўранг, ярми бош чайқайди. “Икки эшик ораси”ни-чи, деб сўрасангиз, тасдиқ маъносида бош ирғайдиганлар неча баробар кўп бўлади. Ҳолбуки, Лев Толстой жаҳоннинг энг буюк ёзувчиларидан бири, раҳматлик Ўткир Ҳошимов эса ўзбекнинг яхши ёзувчиси эди, холос. Яъниким, ҳамма одам китобдан ўзини қидиради – мен билган энг оддий ва олий ҳақиқат шу.

Бугун соҳага хусусий нашриётлар ҳам кириб келди, деб айтасиз. Хусусий нашриётлар пайдо бўлганига ўттиз йилдан ошди. Ўқувчининг чанқоғини босадиган адабиётлар эса ҳамон йўқ. Демак, гап бунда эмас.

Мана, яқинда ёш ёзувчи Жавлон Жовлиевнинг “Қўрқма” китоби машҳур бўлди.

– Ҳа, шу ҳақда сўрамоқчи бўлиб тургандим. Ижтимоий тармоқда “Қўрқма” ҳақидаги мулоҳазаларингизни ўқигандим…

– Бадиий жиҳатдан анча ночор, фабуласи, сюжети, композицияси ўта ғариб, кўтарган ғоялари янги ҳам, оригинал ҳам бўлмаган, тили яхшидан кўра ғализга кўпроқ тортадиган бу китобни нега ёшлар қўлдан қўймай ўқияпти? Чунки, таъкидлаб айтаман, ке­йинги юз йиллик, айниқса, охирги ўттиз йиллик ҳаётимиз ҳақидаги улкан адабий бўшлиқни қисман тўлдирди бу роман. Ёмон ёзилса ҳам, ҳақиқат ёзилган китоб бу. Шуниси билан қимматли у. Назаримда, ёшлар бу китобни навбатдаги оддий бир асар деб эмас, ўзларининг ҳаё­тини таҳлил қилишга яратилган имкон сифатида қабул қилди, шунинг учун ҳам уни ўқишаётир.

Унутманг, бу китобни катталар деярли ўқиётгани йўқ. Ёши катталар уни қабул қилишолмайди ҳам. Чунки бу ерда психологик дилемма бор. Бадиий китобни ўқиш, уни руҳан қабул қилиш дегани ҳамдир. Катталар бу китобни қабул қилолмаслигининг сабаби ундаги замонга, замон одамларига қўйилган улкан айблов. Бу айбловни руҳан қабул қилиш катталар учун ўтмиш ҳаётининг устига чизиқ тортиш билан баробар. Яхшими, ёмонми, яшадинг, ахир. Энди ундан биргина китоб туфайли воз кечиш осонми?! Ёшлар эса бундай руҳий босимдан холи.

— Муштарийларимизга тилакларингиз.

— Мен ҳар қандай газетани (адабий нашрлардан ташқари) кўпи билан ўн дақиқа ўқийман. Камида бир соат ўқиш мумкин бўлган газета топсангиз, албатта, обуна бўлинг дейман.

Абдулазиз АҲМЕДОВ суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 4 =