“Мен сени севаман, Ўзбекистон!” “Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги”дан репортаж

Ўтган сонда 11 январдан буён “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан пойтахтимизнинг Ёшлар ижод саройида “Ўзбек миллий кино санъа­ти ҳафталиги” ўтказилаётгани, унинг биринчи, иккинчи кунлари ҳақида хабар бергандик. Катта премьералар, эксклюзив шоулар ва маҳорат дарсларини ўзида қамраб олган киноҳафталикнинг учинчи куни ҳам ўзига хос бўлди.

Таниқли кинорежиссёр ва сценарист Али Хамроевнинг “Ўзбекистонда замонавий фотография ва тезкор суратга олиш”, Россия­да хизмат кўрсатган артист, ўзбек томошабинларига “Барон” фильми билан яхши танилган маҳоратли актёр Фарҳод Маҳмудовнинг “Кино менинг ҳаётим”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, маҳоратли кинорежиссёр Аюб Шаҳобиддиновнинг “Кинода замонавийлик ва профессионаллик сирлари” мавзусида режиссёрлик ва актёрлик санъатини ўрганиш бўйича маҳорат дарслари бўлиб ўтди. Унда талабалар, кино санъатига қизиқувчи барча ҳаваскорлар иштирок этишди. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур учрашув ёш киноижодкорларда илиқ таассурот қолдирди.

Шунингдек, кун давомида “Мен террорчи эмасман” фильми ижодкорлари билан брифинг ташкил этилди. Унда фильмнинг ижодий жамоаси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги раҳбарияти, ёш киноижодкорлар, киношунослар, режиссёрлар, соҳа вакиллари, журналистлар иштирок этишди. Брифингдан аввал “Фильм ҳақида фильм” номли махсус видеоролик намойиш этилди. Ижодий гуруҳ фильмнинг суратга олиш жараёнлари, съёмка вақтида юзага келган қийинчилик­лар, тасвирга олиш объектлари, реквизитлар, ижодий жамоанинг меҳнати ҳақида батафсил гапириб беришди. Жамоа картинада томошабинга фильм орқали нимани тарғиб қилишни истаган бўлса, бунинг уддасидан чиққанини алоҳида таъкидлашди. Маълумот учун, ушбу фильмда террористик гуруҳларга адашиб, қўшилиб қолган, Суриядаги қўпорувчилик ҳаракатларида қатнашган ва қурбон бўлган инсонлар ҳаёти кўрсатилади.

Фильмнинг суратга олиш ишлари аслида бошқа давлатларда амалга оширилиши керак бўлган, аммо пандемия сабаб террорчилар яшайдиган муҳитни ўзимизнинг юртимизда махсус павильион қуриб, фильмда жангарилар ҳаётини акс эттиришга муваффақ бўлишган.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамда “Ласт Медиа” МЧЖ билан ҳамкорликда суратга олинган “Миллионер Жонибек” фильми ҳафталикнинг учинчи премьераси бўлди.

14 январда киноҳафталикнинг учинчи куни билан боғлиқ таассуротлар совиб улгурмай тўртинчи кун тадбирлари ҳам бош­лаб юборилди. Дастлаб, “Кино – тарбиянинг замини” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбатида кино таълимини янада ривожлантириш, умумтаълим мактабларига профессионал киноижодкорлар номини бериш, Тошкент шаҳрида кино санъатига ихтисослашган замонавий мактаб қуриш ва фаолиятини йўлга қўйиш бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирлар давомида ёш кинорежиссёр Шоҳрух Расуловнинг “Адиблар хиёбони”да ҳайкаллари ўрнатилган атоқли ижодкорлар ҳақидаги “Халқ юраги” номли ҳужжатли фильми намойиши ва муҳокамаси ҳам бўлди. Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқарилаётган ушбу кўп қисмли фильм Адиблар хиё­бонида ҳайкаллари ўрнатилган ҳар бир шоир ва ёзувчи ҳаёти ва ижодига бағишланади.

Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан соҳа вакиллари учун махсус юқорида айт­ганимиз “Мен террорчи эмасман” бадиий фильми намойиш этилди.

“Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги”нинг бешинчи куни “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан “Ёшлар ижодий-тажриба студияси” ДУК томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар намойиши бўлиб ўтди. Куннинг иккинчи қисмида ўтказилган ушбу “Дебют” Ёш кинематографлар фестивалида тақдим этилган қисқа метражли фильмларнинг 9таси “Менинг дунём”, яна 9таси “Мен сени севаман, Ўзбекистон!” мавзуларида бўлди. Кун якунида ўзбек шоу-бизнесининг таниқли вакиллари иштирокида шоу-концерт ташкил этилиб, “Дебют” фестивалининг “Энг яхши қисқа метражли фильм”, “Энг яхши режиссёр”, “Энг яхши оператор”, “Энг яхши рассом”, “Энг яхши сценарий муаллифи” номинация­лари бўйича ғолиблари эълон қилинди. “Энг яхши қисқа метражли фильм” номинацияси бўйича ёш режиссёр Роман Грублякнинг “Кичкина катта одам” фильми ғолиб деб топилди, шунингдек, у фестивалнинг ҳам мутлақ ғолиби бўлди.

Ҳафталикнинг сўнгги кунида Ўзбекистон халқ артисти, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, атоқли режиссёр ва педагог Шуҳрат Аббосовнинг 90 йиллик юбилейи муносабати билан уни хотирлаш мақсадида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги раҳбарияти ва бир қатор киноижодкорлар, соҳа мутахассислари “Чиғатой” қабристонида бўлиб, марҳумнинг қабрига гулчамбар қўйишди.

Санъат фидойиси бўлган Шуҳрат Аббосов ижодий фаолияти давомида ўзбек миллий кино санъати дурдоналарига айланган “Маҳаллада дув-дув гап”, “Отамдан қолган далалар”, “Сен етим эмассан”, “Тошкент — нон шаҳри”, “Оловли йўллар”, “Абу Райҳон Беруний” каби фильмларни суратга олган эди. Ҳамда ўзбек режиссёрлари ичида энг фаоллардан бўлиб, халқаро доирадаги нуфузли мукофотларни қўлга киритган эди.

Шу билан бирга, “Янги Ўзбекистон ва миллий кинематография” ойлиги доирасидаги “Ўзбек миллий кино ҳафталиги” давомида юртимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб тадбирлар ташкиллаштирилди. Жумладан, 13 январда Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида жойлашган Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида артистлар, соҳа мутахассислари, талабалар ва журналистлар учрашуви бўлиб ўтди.

Шу куни Бухоро вилоятида ҳам ижодий учрашув ташкил этилди. Унинг сўнгида кинорежиссёр Айюб Шаҳобиддиновнинг “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига асосан суратга олинган “Рангсиз тушлар” бадиий фильми намойиш этилди.

Бундай тадбирлардан бири Фарғона шаҳрида қизиқарли ўтди. Унда “Авлоний” тарихий-бадиий фильми тақдим этилди.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, бундай учрашувлар, давра суҳбатлари вилоятлар бўйлаб “Янги Ўзбекистон ва миллий кинематография” ойлиги сўнгига қадар давом этади.

Шаҳзод ШОДМОНОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + seventeen =