Ноёб истеъдод соҳибаси

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси Ўзбекистон давлат хореография академияси ҳамда Тамарахоним уй-музейи билан ҳамкорликда ўзбек миллий рақс ва лапарчилик жанрида ном қозонган, улкан санъат дарғаларидан бири, Ўзбекис­тон халқ артисти Тамарахонимнинг 115 йиллигига бағишланган маданий тадбир бўлиб ўтди.

 

Тадбир бошланиши олдидан Тамарахоним ижодига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Улкан санъаткорнинг ҳаёт йўли акс этган ушбу ҳужжатли фильм йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Албатта, Тамарахонимнинг санъат соҳасидаги фаолияти нафақат мамлакатимизда, балки дунё аҳлини мамнун этиб келади. Маданий тадбирда устоз санъаткорлар, ўзбек миллий рақс саъати усталари, ёш раққосалар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Ўзбекистон халқ артисти Вилоят Оқилова: “Тамарахонимдек ноёб истеъдод соҳибалари юз йилда бир келади, десам янглишмайман. У 186 дан зиёд мамлакатда бўлиб, санъати билан томошабинни ҳайратга солган хассос санъаткордир. У қадами етган турли мамлакатларнинг рақсларини ўрганар ва юксак маҳорат билан ижро этарди.

Шу билан бирга, лапарчилик жанрига ҳам асос солган. Мана орадан шунча вақт ўтса ҳам, ҳали-ҳануз бундай туғма истеъдод соҳиблари етишиб чиқаётгани йўқ. Тамарахоним 1935 йилда таниқли созанда Уста Олим Комилов билан Лондоннинг Альберт Холл катта санъат саройида бўлиб ўтган Халқаро рақс фестивалида “Пилла” рақси билан Ўзбекистон номидан иштирок этиб, олтин мукофотга сазовор бўлгани-ю Лондон қироличасини ҳайратга солганини бутун дунё билади. Унинг ёрқин хотираси биз шогирдлар қалбида мангу яшайди”, деди.

Тадбир сўнгида Ю.Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти талабалари ижросидаги мақом ашулалари ва лапар айтишувлари йиғилганларда кўтаринки кайфият уйғотди.

 

“Ўзбекконцерт” давлат

муассасаси ахборот хизмати

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 1 =