“Менинг исмим – қўғирчоқбоз!”
Тошкентнинг машҳур, ҳамиша одамлар билан гавжум Сайилгоҳ кўчасидан ўтарканман, қўққис қўғирчоқ ўйнатаётган, ёши қирқ беш-элликлар атрофидаги бир одам эътиборимни тортди. Унинг бутун дунёни унутиб, болаларча беғубор хониш қилишини қаранг-а! Юзимга ногаҳоний табассум югурди. Унга қўшилиб хиргойи қилгим, қўғирчоқларни бир-бир ўйнатгим келдию ўша, ҳали таниб улгурмаганим, бироқ минг йилдан буён танийдигандек яқинлик у инсоннинг ёнига чорлади. Атрофни, дунёнию ўзимни унутиб, бир дам болага айландим ўша чоқ. Бу қўғирчоқ болалигимда ўйнаган “Саломатхон”дан буткул бошқача: таёқдек қотиб туравермас экан. Айтгандай, қўғирчоқ театрига ҳеч борганмисиз? Борган бўлсангиз, дуруст, у ерда турли “рол”ларга кирувчи, худди митти одамчаларга ўхшаш қўғирчоқларни кўрган бўлсангиз керак? Уларга жон киргандай, а?! Энг қизиғи, ўша одам қўлидаги қўғирчоқларга сиз, ўзингиз жон бахш этишингиз мумкин: уни ўйнатасиз, рақсга тушади, сиздан беркинади, кулади, хафа бўлади… фақат гапирмайди, холос. Бироқ яхшилаб разм солсангиз, унинг тилини тушунасиз ҳам.
Келинг, мен ҳам бир ўйнатиб кўрай! Улардан бирини қўлимга олишимни биламан, уста акамиз хиргойини бошлаб юборди-ку:
“Гулижон ўзи чаққон,
Қоқи гулини таққан,
Бир кулиши бор учун
Ойижонига ёққан”.
Кўп ўтмай атроф тумонат одамга тўлди. Қойил-е, туппа-тузук қўғирчоқ ўйнатувчи эканман! Буни сиз ҳам эплайсиз! Фақат уларни бир бор қўлингизга олсангиз бас, қўйгингиз келмайди.
Ҳаётини қўғирчоқларга бағишлаган Ўринбой ака Иброҳимов ҳар куни шу кўчада одамларни бир дам бўлсин, дунё ташвишларидан чекинтириб, эртаклар оламига етаклаётгандек. Бизнинг ҳам у киши билан болалар оламига, эртаклар дунёсига саёҳат қилгимиз келди.
– Ўринбой ака, нега айнан санъатнинг бу турига мурожаат қилдингиз?
– Инсоннинг болалик йиллари унинг келажаги, тақдир йўлларини белгилаб берарканми, дейман. Беш-олти ёшимдан бобом Иброҳим ота мени ўзи билан турли тўю томошаларга етаклаб боргувчи эди. У киши қўғирчоқ ўйнатувчи, дорбоз бўлиб, Амударё туманидаги бирор хатна тўй уларнинг иштирокисиз ўтмасди. Шундай давраларда кичикдан тортиб катталарнинг-да завқланиб, мириқиб кулишлари, юз-кўзларидаги шодлик ифодасини кўриб, кўнглимда бир тоғ қад кўтаргандай бўларди. Дунёда болалар, аёллар, умуман одамларнинг табассумидан ортиқ иқбол йўқдек мен учун. Ҳа, бахт, шодлик, тинчлик, хотиржамлик, жамики эзгуликларни одам кулгиси орқали ифода этмайдими, ахир! Ўшанда кўнглимни гуллатган табассумлар ҳануз қулоғим остида жаранглайди: қалбимда одамларга мана шу бебаҳо тортиқни улашиш истаги, ишқи туғилди. Кейин боланинг феъл-атвори, ўй-фикри, орзу-интилишида муҳитнинг таъсири жуда сезиларли экан. Ота-онам ҳам гўзалликка ошуфта одамлар бўлган, ҳар кеч улар ишдан, биз ўқишдан қайтганимиздан сўнг эринмай, вақтларини аямай бизга қўғирчоқ спектаклини қўйиб берардилар. Уйимиз тўрида супача бўларди, ўша ерга парда тортиб “саҳна” ясашарди, қаранг! Бу “саҳна” бизни ҳаёт саҳнасига тайёрлади десам, янглишмайман. Кўз ўнгингизда жонсиз матоҳга жон киришини тасаввур қилинг-а! Бу мўъжиза эмасми?! Мурғаклигимдаёқ кўнглимда ана шу мўъжизаларни яратиш фикри уйғонгани шундан. 1983 йили Тошкент давлат маданият ва санъат институтининг қўғирчоқ актёрлиги факультетига ўқишга кирдим. 1987 йили ўқишни тамомлаб, Бухоро давлат қўғирчоқ театрида иш бошладим. У ерда ҳам актёр, ҳам цехда қўғирчоқ ясаш билан шуғулландим. Ўқиш даврида қўғирчоқ ясаш технологияси дарсига қизиқишим бўлакча эди. Ҳафтада бир мартагина бўладиган дарсни интиқиб кутар, бўш пайтларим мустақил қўғирчоқлар ясардим. Бу кейинчалик ижодий фаолиятимда жуда асқотди.
– Қўғирчоқларнинг болалар руҳияти, саломатлиги ва маънавиятига таъсири ҳақида сиз нима дейсиз?
– Болакай ўзидан ўн чандон кичик қўғирчоқни қўлига олса, кўз ўнгида у ҳар хил ҳаракатларга келса, албатта, у хурсанд бўлади. Секин-аста унинг онгида тирилиш, ҳаёт ҳақида тушунча шакллана боради. Бу унда интилиш, қизиқишни уйғотади. Ҳаракатчан қўғирчоқ унга ҳаёт ҳақидаги илк тасаввурни беради. Боланинг ранг-тасвирни ажратиш, кўриш, эшитиш қобилияти ва тасаввури ривожланади.
Шу кунгача болаларга яратиладиган барча кашфиётлар биринчи галда уларнинг саломатлиги учун хизмат қилиши кўзда тутилади. Дунёнинг қай бурчини қараманг, қўғирчоқбоз усталар қоғоз, маккажўхори, ёғоч, мато, жун ва турли иплардан қўғирчоқ ясашга алоҳида эътибор беради. Табиийликка интиладилар.
Маънавият масаласига келсак, бу анча жиддий, эътиборга арзигулик жиҳат. Замонани қарангки, одамлар мана шу митти, жонсиз қўғирчоқдан ҳам қурол ўрнида фойдаланишга уринаяпти. Масалан, хитойликлар ўзлари тайёрлаётган қўғирчоқларни ўз халқига, болаларига тавсия қилмайди. Бу фақат бизнес, фойда кўриш мақсадида амалга оширилган иш, холос. Лекин бунинг ортида нима ётибди? Дуркун қиз қиёфасидаги қўғирчоқни қўлига олган уч-тўрт, ҳатто бунданам кичик қизалоқ ундан нимани ўрганади? Бу қўғирчоқ уни сатанг, танноз ойим бўлиб улғайишига туртки бермайдими? Шунинг учун ҳам миллий қўғирчоқларга талаб катта. Болани кичиклигидан миллий руҳда тарбиялаш, одоб-ахлоққа ўргатиш ва ватанпарварлик ҳиссини оширишда миллий қўғирчоқларга жуда катта эҳтиёж сезамиз.
– Курраи заминдаги одам ернинг қай бурчидан бўлмасин, уни гўзаллик ва ахлоққа интилиши, эзгуликка топинишида яқинликни тан олмай чорамиз йўқ. Ҳар миллатнинг ўз қўғирчоғи, қиёфаси бўлади-ку. Демак, ҳар ким “ўзи пиширган ошни ўзи еяверса”, бағрикенглик унутилса, дунёқараш, онг-тафаккур ҳам шунга яраша бўлмайдими? Ахир, маданияту адабиёт, санъату нафосат бир-биридан улги олиб, соҳани юксалтирмайдими?
– Бу гапингизда жон бор. Албатта, халқлар бир-биридан ўрганади, бир-бирини шакллантиради ва ҳоказо. Нега энди ўзбек боласи француз қўғирчоғини ўйнамаслиги керак? Ҳеч ким бунга чек қўяётгани йўқ. Фақат ота-оналарнинг зиммасига юкланадиган вазифа шундаки, ўйинчоқларни боланинг ёши, жинси ва қизиқишига монанд танлаб берсин. Бу ўйинчоқлар унинг келажаги ва қизиқишларининг рўёбга чиқиши учун туртки бўлсин. Эзгуликка хизмат қилса, бас. Гап шунда, синглим.
– Қаҳрамонларни ҳар бир ижодкор ўз билими ва дунёқараши доирасида тасаввур қилади. Сиз қўғирчоқларни ясашда халқ оғзаки ижодиёти, фольклорга мурожаат қиласизми? Устоз ҳунармандлар ижодидан ўрганган пайтларингиз ҳам бўладими?
– Менинг қаҳрамоним асосан Бичхон, Качалполвон, Зумрад-Қимматлар каби эртак қаҳрамонларидан бири бўлади. Мен бирор чиройли қизни қўғирчоқ қилиб, худди ўзига ўхшатиб ясашни сира хоҳламайман. Буни у қиз ўзига ҳақорат деб билиши мумкин. Эртак қаҳрамонлари ўлмас, шу билан бирга ҳеч кимнинг шахсиятига, ғурурига тегмайдиган образлар. Ҳар бир ижодкор эртак қаҳрамонини ўз кўзи билан кўради, муайян тасаввур йўқ. Ижодкорнинг ижодкорлиги ҳам шунда деб биламан. Марат Тақвиддинов устозимнинг кўп ҳадисини олганман. Қўғирчоқ театрида ишлаганим ҳам менга образ, шакл топишда жуда ёрдам беради. Йигирма йил мобайнида ҳар хил қўғирчоқлар ўйнатиб, турли роллар ижро этганман. Рассомлар ижодига кўп мурожаат қиламан. Тўғри, уларнинг асарини ўғирлаб олишга ҳаққим йўқ. Ўзимнинг тасаввуримдаги ва устоз-ҳунарманд, рассомлар талқинидаги қаҳрамонларни бирлаштириб, оралиқни танлайман. Шу пайтгача яратган қўғирчоқларимни сира саноғига эътибор қилмаган эканман. Шуни айтишим мумкинки, ҳеч бирини қайта яратолмаганман, истасам ҳам ўхшамаган кезлари бўлган.
– Изингизни босгувчилар борми?
– Шогирдларим – менинг фарзандларим. Оилавий тадбиркорлик, десак ҳам бўлади (кулади). Бундан уч-тўрт йиллар олдин Касаба уюшмасига мурожаат қилиб, ногирон болаларга шу ҳунарни холис ўргатиш таклифини айтганимда, кинояли кулганлар ҳам бўлди. Уларни ҳаётга, гўзалликка қайтариш учун биз шу ишларни қилмасак, ким қилади? Мен, масалан, ўзимни шу ишда масъулман, деб ҳисоблайман. Қувонарлиси, улар ўз қўллари билан шундай гўзалликни ярата олишди. Ўзлари ясаган қўғирчоқларни уларга совға қилдим. Дунёда қоладигани меҳр, яхшилик эмасми? Балки улар кейин қўғирчоқбоз актёр ёки уста бўлишмас, бироқ кўнгилларида яхшилик куртак очгани аниқ. Мен шундан хурсанд бўламан.
Севара УЛУҒБЕК қизи суҳбатлашди.