Ёш журналистлар вилоят нашрларида нега кам?

Жиззах вилоятида журналистика соҳасига қизиққан ёшларнинг билим ва малакасини ошириш, истеъдодларини намоён этишларига кўмаклашиш, оммавий ахборот воситаларида ёш кадрлар захирасини шакллантириш, ёш журналистларнинг юксак маданият эгаси бўлишга чорлаш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳа ўз фаолиятини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг гранти асосида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилояти бўлими қошида “Ёш журналистлар” мактаби ташкил этилди. Шунингдек, 8 ойга мўлжалланган лойиҳа доирасида уюшма бўлимининг “jurnalistika.uz” расмий сайти яратилди.

Шуни ҳам айтиш керакки, айрим ҳолларда ёш журналистлар ўз материалларини қайси ОАВда чоп эттиришни билмайди. Уларга замонавий ахборот технологияларидан, марказий даврий нашрлар сайтидан фойдаланиб иш юритишни ўргатиш ва бош­­қа ижтимоий тармоқларга жойлаштиришлари учун шарт-шароит яратиш ҳам муаммо бўлиб қолмоқда эди.

Эндиликда мактаб тингловчиларига матбуот, телевидение, радио, интернет журналистика ва фотожурналистика йўналишлари бўйича етук мутахассислар томонидан билим ва маҳорат дарсларини ўтказиш белгиланган бўлиб, дастлабки машғулотлар Ўзбекистон жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети доценти, Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренери Наргис Қосимова томонидан ўтказилди.

Шунингдек, машғулотларни вилоятдаги матбуот тизимида ишлаётган тажрибали журналистлар — “Ўзбекистон 24” телеканалининг вилоят бўйича мухбири Дилмурод Абдураҳимов, вилоят телерадиокомпанияси, радио гуруҳи бош муҳаррири Сайёра Тўхтаевалар тил ва услублар, ахборот ва таҳлилий материаллар тайёрлаш бўйича тингловчиларнинг билим ва маҳоратини оширмоқдалар.

Мазкур лойиҳани амалга оширишда вилоятнинг шаҳар ва туманларида истиқомат қилаётган, журналистика ва блогерлик соҳасига қизиққан ёшлар маълумотлар базаси ҳам яратилади.

Лойиҳа доирасида яратилган “jurnalistika.uz” расмий сайти ва телеграм ижтимоий тармоғидаги канали орқали бошловчи мухбирларнинг барча йўналишдаги материаллари мунтазам ёритиб борилиши таъминланади.

Бундан ташқари, ёш журналистларнинг “Энг яхши материал” йўналишида танлов ўтказиш тартиби ҳам белгилаб олинди. 27 июнь — Матбуот ва ОАВ ходимлари куни байрами арафасида барча йўналиш­лар бўйича танлов ғолиб ва иштирокчилари қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилади.

Бугунги кунда вилоятда 27та босма оммавий ахборот воситалари, 1та вилоят телевидениеси, 1та вилоят радиоси, 1та нодав­лат телеканали, шунингдек, туман ҳокимлик­лари, бошқармалар тасарруфидаги Ахборот ва матбуот хизматлари фаолият кўрсатмоқда.

Ўтказилган таҳлил натижаси шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда энг муҳим соҳалардан бири бўлган журналистика соҳасида ёш кадрлар етарли эмас. Вилоятдаги ОАВларда ҳозирда 25 ёшгача бўлган қалам тебратаётган ёшлар атиги 6 нафарни ташкил этиб, шулардан 1 нафаригина матбуот йўналишида, қолган 5 нафари телевидение ва радиода ишлайди.

Шундай экан, вилоят ОАВларида асосан ёши катта авлод журналистлари қалам тебратаётганини эътиборга олганда, ёшларни бу соҳага кўпроқ қизиқтириш ҳамда билим ва тажриба эгаллашида, энг муҳими, барча қулай шарт-шароитларни яратишда лойиҳа доирасида қилинаётган ишлар беиз кетмайди, албатта.

Нодира АЛИМОВА,

лойиҳа раҳбари

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − 9 =