“O‘ZTRANSGAZ”да “суҳбат”дан ўтолмадим, нега?

Ҳаракат қилдим, аммо… Менимча, бу гал Маҳмуд Қошғарий бобо тирилиб келсаям бу ишга ўтиши амримаҳол эди! Бу идоранинг “Давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчи”си серсавол одам экан. “Айби борнинг оёғи қалтирайди”, деганларидек, доим хавотирда юрадилар чоғи. Анжанча айтганда — ишанавуринг.

 

“Хўш, муддаоинг нима? Намунча менга тирғалдинг?” — демоқчимисиз Бахтиёр ака? Унда эшитинг: кейинги пайтларда Сенатда ҳам, ижтимоий тармоқлару расмий каналларда ҳам газчилар ҳақида танқидий фикрлар, аччиқ гаплар тез-тез айтилмоқда. Ростини айтсам, яқиндан билгим келганди, мабодо ишга олинсам одамларга ёрдамим тегармикин дегандим. Аммо мен ўйлагандек бўлмади…

Синов “суҳбат”имиз эса   узоқ чўзилди. “Тергов”нинг жиддийлигидан “O‘ztransgaz” ўз соҳаси қолиб, ўзбек тили ва журналистикада инқилоб қилмоқчи-ёв, деган хаёлга ҳам бордим. Раиснинг Давлат тили масалалари бў­йича маслаҳатчиси адашим — Бахтиёр Маматкаримов “зийрак амалдор” экан, ўзи билган, ўзи билмаган саволлари ҳам жуда кўп. Лекин бир нарсага тушунолмадим: ўзи бу нима? Суҳбатми, си­новми, имтиҳонми ёки терговмиди? Одамнинг савияси унинг гапларидан маълум деганларидек, “зийрак раҳбар”нинг саволи: “Х” билан “Ҳ”ни битта қиса бўмийдими? А, манимча бўлади” (бу гапни бир неча марта такрорлади). “Тезкор маълумот етказиш учун мультфильм қиб кўрсатиш кере, мультфильм одамларга таъсир қилади…” (Шунга ўхшаш пойма-пой саволлар), қабилида бўлди. Энди хаёлимдан бош­­қа фикр ўта бошлади: “раҳбарларга роса ёлчий бошладик-да”…

Назаримда, асосий саволлар қатори “қўшимча”ларига ҳам жавоб бердим. Энди натижани эълон қилса ҳам бўларди. Аммо мени хуфия (разведка)га ишга олаётгандек, синчков амалдор яна саволга тутади. Ҳатто футболдан ҳам бир-икки сўз очди. У “Оғушта” сўзини ҳеч эшитмаган экан, маъносини суриштираверди. Дарров маъносини тушунтирдим. У одам эса бир олдидаги қоғозга, бир менга қарайди. Асабим бузилди: бўлди-да, шартта “ҳа” ёки “йўқ” деб қўя қолса бўлади-ку! Хафа бўлармидим? Ҳечам-да!

Ниҳоят, бир қарорга келди, шекилли, сўраб қолди:

— Сиз ўзингизни қандай одам, деб ҳи­соблайсиз?

— Мен ўзимни ватанпарвар, деб ҳисоблайман!

Кутилмаганда “имтиҳончи жаноб”, бу жавобимдан негадир худди ёвдан қўрқандек, қалқиб тушди. Қоғоздан шоша-пиша бош кўтариб, деди:

— Ҳа, мен ҳам шундай деб ўйлагандим! Мана, ёзган китобларингиздан кўриниб турибди…

Ҳаммаси маълум эди. “Меҳробдан чаён”да Мусулмонқул Анварга деганидек, “иқрорсен, тонмайсен — ўбдан иш! Ўлувдан ҳам қайтмайсанми?!” Эҳ, ватанпарвар — бу сўз шунчалик қўрқинчлими?..

Феъли-руҳиятига кўра, кескин, терс тоифали одамлар бир-бирини тезда, деярли сўзсиз билиб олишади. “Жини суймайди”, деганлари — шу бўлса керак. Кўҳна ҳинд донишмандлик китоби “Калила ва Димна”да бу ҳақда қизиқ гаплар бор: “Хасис сахийни кўрса, жоҳил олим билан мажлисга тушса, аҳмоқ оқил билан суҳбат қурса, юраклари сиқилиб, қонлари қайнаб кетади”. Ватанпарвар бўлсанг — жойингни бил, “бўтта нима бор, санга!” — шу сўз айтилмай амалдорнинг ичида қолиб кетди. Аммо бу сўзни юз-кўзи айтиб турди…

Албатта, Б.Маматкаримовни истеъдодсиз ёки жоҳил деб айбламоқчи эмасман, асло. Бундай де­йишдан йироқман. Шундай бўлса-да “суҳбат” мароқли кечди (ёнидаги ходим ҳам эътироф этди). Аммо, рости менга яхшилик қилди! Келгусидаги хижолатпазлик, асабийлик, виждон қийноғи ва ҳатто нохуш зиддиятдан каминани халос этди. Дейлик, ўша лавозимга ўтганимда нима бўларди? Аниқки, уларни ҳимоя қилиш — “хизмат вазифам” бўларди!

Ўзи ноҳақлик, ғирромлик каби иллатларни кўрганда, ўзимни кўрмаганга олишим қийин. Улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов ёзганидек:

Амалдор бошлиқни сўкканим учун,

Уч йил ётар бўлсам — ётганим бўлсин.

Унинг йўқ обрўсин тўкканим учун,

Тўлов берсам, борим сотганим бўлсин! —

Бугунги “матбуот котиби” ким? Бир адибимиз ёзмиш: “Матбуот котиблари амалдорларни журналистлардан тўсиб турувчи бир ғовким, қаёқдан бош суқсангиз ҳам шу ғовга бориб урилаверасиз”. Журналист Амир Турдибек эса: “Матбуот котиблари ташкилотга раҳбарнинг устидан кимдир ёзганда ёки мурожаат тушганда ёхуд ижтимоий тармоқларда бирон-бир нохуш хабар тарқалганда жонини жабборга бериб, кўксини қалқон қилиб ўртага чиқиши, “юрист” ва “адвокатлик” вазифасини қойилмақом тарзда бажариши, умуман, раҳбарининг бошидан мағзава ағдарилмаслиги учун “тўппонча” бўлиши керак”, қабилида ёзади.

Газчилар ўз ишини эплай олмагани учун, (айниқса, шу аёзли кунларда) эл-улуснинг ҳақли эътирози, беҳисоб шикоятлари, надоматларига нишон бўлишаётир. Ёки ундай эмасми? Агар мен ҳам ишга олинганимда тақсирларнинг эл-юрт олдида ёлғон-яшиқ гапларию ваъдаларини хаспўшлаб, “аслида мундоқ демоқчи эдилар”, дея эртак тўқишим керак эди!

Яқинда бултурги ТВ лавҳаси ижтимоий тармоқда яна қайта тарқалди. Унда “O‘zbekneftgaz” АЖ мутасаддиларидан бири: “Бу йил (2019) ҳар бир хонадонда газ ёнади, ҳар бир уй исийди, газ узилмайди. Биз бугундан янгича иш режимига ўтдик, яъни ҳар бир қудуқни яёв айланиб чиқиб, назорат қилаяпмиз… албатта буни устидан чиқамиз”, дейди. Қизиқ, бундай ижроси бўш гаплар кимга, нега керак? Бунинг учун кимдир жавоб бермайдими?

Бу одам билан “суҳбатимиз” асносида 15 йиллар бурун ишлаган бир ёш мутахассисни эсладим: “Туманимизга, қишлоғимизга газ қувури ўтказиш ло­йиҳасини ишлаяпман, — деганди у қувониб. — Сўнг­­ра бу лойиҳамни Хонназар бобом номи билан атайман! Энди ниҳоят бизнинг қишлоғимизга ҳам газ келади…”

Минг афсус. Лойиҳаси қоғозда қолиб кетди. Ўзи тирикчилик илинжида қайдадир юрибди. Чунки эл-­юртни ўйлайдиган ҳалол мутахассисга йўл бермайсиз. Туманга “Хонназар бобо” номидаги газ қувури тортилиши у ёқда турсин, аксига олиб неча юз йиллик азим дарахтлар кесилиб, сандалга ўтин бўлиб кетди.

“Газ етказиб бериш муаммоларига келсак, биздагидек газ етказиб бериш тизими дунёда йўқ, бу самарасиз тизим, йўқотиш­лар ҳаддан ташқари кўп”, деди энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев, яқинда Kun.uz мухбири билан суҳбатда. Йўқотишларнинг ўрнини аҳоли ҳисобидан қоплашмаяптими ишқилиб…

Аслида, ёшинг элликдан ўтгач “суҳбат”, синов имтиҳони кабилар нисбий нарса бўлиб қолар экан. Қозоқ бовурларимизда: “Молим — жонимга садақа, жоним — оримга садақа”, деган гап бор. Биламан, сиз ҳам буни тушунасиз адаш, аммо билмасликка оласиз, гўё шу билан ориятли бўлиб қоладигандек.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − one =