Қалбимда шукр ва ҳаяжон

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил 29 декабрь куни қилган Олий Мажлисга Мурожаатномаси Ўзбекистон Миллий телевидениеси орқали тўғридан-тўғри олиб кўрсатилди.

Ўзбекистоннинг бир фуқароси сифатида Мурожаатномани тинглар эканман, авваламбор, шу кунларни кўраётганимдан, шу юрт фарзанди эканлигимдан қалбимда шукроналик ҳиссини туйдим.

Мурожаатномани тинглаб, ҳар бир инсон юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотларни амалга ошириш йўлида тинмай ҳаракат қилиши лозимлигини чуқур ҳис қилдим.

Президентимиз ҳар бир соҳага нафақат бирма-бир тўхталди, балки муаммоларни бартараф қилиш борасида ҳам ўз таклиф ва кўрсатмаларини билдирди.

Айтайлик, мактабдаги таълим сифатини тубдан яхшилаш учун бу йил 30 та янги мактаб қурилиши ва 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини такомиллаштириш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм ажратилиши, эҳтиёжманд оила қизлари учун ажратилган квоталар сони икки баробар оширилиши, камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш бў­йича қилинаётган ишлар хусусида гапирди.

Президент эскича қолипда ишлаётган раҳбарларнинг ОАВга муносабатини танқид қилиб, бу соҳада ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, уларни янада ривожлантириш, мустақил фаолият юритишини ҳар томонлама қўллаб-қувватланиш зарурлиги хусусида ҳам алоҳида сўз юритдилар.

Давлатимиз раҳбари афғон муаммосига тўхталар экан, у ерда тинчлик сақланиши тарафдоримиз деди. Бу муаммо доимий эътиборда эканлиги, Афғонистонда вазият барқарорлашуви ва тинчлик ўрнатиш йўлида Ўзбекистон ҳукумати амалий ёрдам беришда давом этишини маълум қилди.

Мурожаатномада тилга олинган тадбиркорликда, жамиятда, давлат бошқарувида хотин-қизларнинг ролини янада ошириш, муаммоларини ҳал қилиш, эҳтиёжманд оила фарзандларининг олий ўқув юртларига кириши учун 2021 йилда бюджет ҳисобидан таълим олиш квотасининг оширилишини эшитиб, гапнинг очиғи, юрагим қувончдан, ҳая­жондан ҳапқириб кетди. Айниқса, қиз болаларга бу борада алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиши таҳсинга лойиқ.

Чунки, миллатнинг эртаси, юртнинг келажаги бўлган фарзандлар тар­бияси аёлга — онага боғлиқ. Илмли, салоҳиятли оналар жамиятимизда қанча кўп бўлса, юртимизнинг эртаси янада чароғон бўлади. Фарзандларимиз илмли, салоҳиятли, соғлом, бақувват бўлиб вояга етишади. Салоҳиятли, илмли фарзандлари бор юртнинг келажаги эса порлоқдир.

Президентимиз бугунги кунда олти миллиондан ортиқ хотин-қизлар муаммоси ўрганилгани, 17 миллиондан зиёд опа-сингил, момоларимиз доимий эътиборда эканлиги ҳақида сўзлаб, хотин-қизларнинг давлат бош­қарувидаги ролини янада ошириш бўйича сўз юритиб, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил қилиш бўйича таклиф берди.

Бу сўзлар миллат оналарининг, хотин-қизларнинг қалбларини беихтиёр тўлқинлантирди, ёруғ келажакка бўлган ишончини янада нурлантирди. Олисдаги умидини, орзусини, ниятини яқинлаштирди. Ахир, булар учун қувонмай бўладими?!

Аёллар тадбиркорлиги ҳақида сўз кетса, доимо бундан ўттиз йиллар аввалги хотиралар ёдимга тушади. Ўшанда Нарпай туманида кутубхона мудираси бўлиб ишлардим. Хўжақўрғон қишлоғида жойлашган кутубхонага ёшлар, қишлоқ аёллари кириб туришарди. Улар ўзларини қийнаётган муаммолар, рўзғордаги етишмовчи­ликлар, эрлари томонидан камситилишлари хусусида гапиришарди. Халқ тили билан айтганда, дардларини тўкишиб, енгил тортишарди.

Уларни иш, ҳунар билан банд қилиш мақсадида хўжалигимиз раиси раҳматли Абдуназар Аҳмедовнинг қабулига кирдим. У киши сўзларимни бўлмай охиригача тинглади. Мен қишлоқда гиламчилик, чопон, белбоғ тикиш, атлас тўқиш каби қатор цехларни ташкил қилиш лозимлиги, шунда   уйда ўтирган аёллар ҳам иш билан банд бўлишини, улар ҳам рўзғорига моддий тарафдан ёрдам бе­ришлари хусусидаги мулоҳазаларимни, таклифларимни билдирдим.

Раис навбатдаги йиғилишда “Гиламчилик цехи” учун зарур бўладиган асбоблар, тўқиш дастгоҳлари ва хом­ашё етказиб бериш хусусида мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Бугун ислоҳотлар, ўзгаришлар даври. Ўзбекистонимиз янги даврга қадам қўймоқда. Шу келажаги порлоқ Ўзбекистон ўзимизники эканидан янада ғурурланамиз, албатта.

Энди ҳар бир катта-ю кичик ўз меҳнати, ташаббуси, ғоялари билан Ватан равнақи йўлида янада юракдан меҳнат қилиши керак.

Ойгул УБАЙДУЛЛО қизи,

шоира

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 4 =