Тарбияда танаффус бўлмайди
Мамлакатимиз Президенти раислигида шу йил 19 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида айтилган гаплар, ўртага ташланган мулоҳазалар ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ўзини зиёли деб билган ҳар бир ҳамюртимиз қалбига чўғ солди, тўлқинлантирди, десак хато бўлмайди. Чунки Юртбошимиз жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, деди. Бу жуда ҳикматли, улуғ гап бўлди.
Чиндан, жон ва руҳ бўлмаса бари бекор. Ҳамма нарса иккинчи даражали. Эътибор қилиб, ўйлаб, мушоҳада қилиб кўрайлик. Мамлакат тараққиёти учун минг-минг чақирим йўллар қуриш, катта-катта бунёдкорликлар — уй-жойлару одамларни ишли қилиш мақсадида неча-неча саноат, ишлаб чиқариш корхоналари барпо этишга мисли кўрилмаган саъй-ҳаракат, маблағлар сарф этилади. Албатта, булар керак.
Лекин нега жамиятнинг “жони ва руҳи” маънавият дейилди? Нега давлатимиз раҳбари буюк жадид боболаримиз каби, аввало таълим ва тарбияга бош масала сифатида урғу бермоқда?
Дарҳақиқат, инсоният ҳамма нарсага, мисли кўрилмаган ютуқларга эришиши мумкин экан. Аммо маънавий жиҳатдан таназзулга юз тутса, бу ҳаётда нимаики бўлса, баридан мосуво бўлиш ҳам ҳеч гап эмас экан.
Бунга тарихдан ўнлаб, юзлаб мисоллар келтириш мумкин. Шу боисдан ҳам юксак тараққиётга эришган салтанатлар ҳам ўтмишда маънавий кемтиклик боис пароканда бўлган, оламни маҳлиё қилган обидалар ер билан битта бўлган.
Ҳа, демак, бу оламда фақатгина улуғ тафаккур сарчашмалари, юксак тарбия ҳамда маънавий қудрат таъсири билангина нафақат ўтмиш ёдгорликлари, бетакрор обидалар, балки дунёнинг ўзи ҳам жон сақлаб турибди.
Ўйлаб кўрайлик, жаҳонда юз берган воқеаларга боқайлик, ўтган асрда эмас, бор-йўғи охирги 10 йил ичида дунё маданиятининг бетакрор обидалари ҳисобланган, минг-минг йиллар аввал бунёд этилган бетимсол тарихий обидалар Ироқда, Мисрда террорчилик хуружлари натижасида кунпаякун қилинмадими!
Худога шукур, улуғ зотлар, дунё маданияти устунлари етишган зотларни камолга етказган миллатмиз, халқмиз. Дунё ҳавасмандлик билан талпинадиган барокатли юртмиз.
Аммо давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, лоқайдликка, хотиржамликка берилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Негаки, яширишга ҳожат йўқ, кўплаб иқтидорли ёшларга эга эл бўлсак-да, бироқ жуда кўп ёшларимизнинг маънавий даражаси кўнгилдагидек эмас. Умрида ақалли бирорта китобни ўқимаган, на газета-журнални ўқиш эмас, ҳатто қўлига ушлаб кўрмаган минг-минглаб ёшлар вояга етди. Бундай ёшлар эртага оила қуришади ва улардан туғилажак фарзандлар-чи, улар қандай одамлар бўлиб етишади?
Бу ҳаётда яшашнинг мазмуни, мақсади нима қилиб бўлса ҳам бой-бадавлат бўлиб кун ўтказиш, яхши еб, яхши кийиниб юришнигина ўйлайдиган ёшларнинг юрагида яна нималар бор?
Тўғри, яхши яшашнинг, фаровон турмуш кечиришни исташнинг ёмон томони йўқ. Аслида, жамиятимизда олиб борилаётган бор ислоҳотлардан мақсад ҳам шу: халқ фаровонлиги, юрт ободлиги. Аммо бу фаровонлик, тўқлик нималарнинг эвазига, қандай омиллар сабаб муяссар бўлади? Масаланинг илдизи ана шу жойда.
Дарвоқе, инсон бу ҳаётга нима учун, фақат тўқ, ўйнаб-кулиш, ялло қилиш учун келадими ё? Бу ҳаётнинг қадри, ота-она, юрт, Ватан тушунчаларига содиқ бўлиб хизмат қилиш-чи? Азал-азалдан ҳалол меҳнат қилиб, изланиб, кексаларимиз айтганидек, каттани ҳурмат, кичикни иззат қиладиган миллатмиз.
Аксинча, меҳнат қилмай, тайёрига айёрга ҳозир айрим ёшларга Ватан тақдири, юрт тақдирининг аҳамияти нечоғли деб ўйлайсиз?
Юртбошимиз энг оғриқли масала, тарбия масаласида тўхталар экан, “Ҳозир болаларимизни телефон тарбия қилаётгани”ни бежиз куйиниб гапирмади. Рост, бугун баъзи бир ота-оналар бошланғич синфга борадиган боласига ҳам энг қиммат русумдаги телефон олиб бермоқда. Лекин ўша телефонда алоқа воситасидан ташқари, жамики бузғунчилик, фаҳш каби иллатлар ҳам жойланганини наҳот ўйлаб кўрмасак?
Телефондан ҳам, компьютердан ҳам фойдаланиш маданияти бор, меъёри бор. Аввало, ҳар бир оила фарзандини бунга тайёрлаб бормоғи фазилатдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар тарбияси, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда таълим соҳаси вакиллари билан бир қаторда, ижод аҳлига, халқимизнинг ёзувчи-шоирларига алоҳида таянаётгани бекорга эмас. Аввало бу ижод аҳлига катта ишонч, масъулият демак. Болаликдан китоб ўқиб, шеър ёдлаб, санъатга қалби ошно бўлган одам маънавий тўкис бўлади.
Афсуски, бугун айрим раҳбарлар, айниқса, маҳаллий раҳбарларнинг ҳаммаси ҳам бирдек бу ҳақиқатни тўғри англаб етмоқда дейишимиз душвор. Хусусан, ёшларимизнинг таълим-тарбияси бошида турган Халқ таълими вазирлиги мутасаддиларининг матбуот нашрларига бўлган муносабатини олайлик. У деярли ўзгармасдан қолмоқда. “Мажбурий обуна” баҳонасида миллионлаб фарзандларимиз — ёш ниҳолларимиз ҳатто болалар нашрлари бўлган “Ғунча”, “Тонг юлдузи”, “Гулхан” каби нашрларни кўрмасдан мактабни битириб кетишмоқда.
Яхши эслаймиз, бир пайтлар ҳар бир бошланғич синфда нечта бола бўлса, шунча “Ғунча” ёки шунча “Тонг юлдузи” келар эди. Нархи ҳам арзимаган пул бўларди. Каттароқ синфга кўчганимизда ҳар бир синфдошимиз “Гулхан”ни олар, қизиқиб ўқир эди.
Бу нашрлар том маънода ҳаётимиз шамчироғи бўлган. Китобга, адабиётга меҳр шундан бошланар эди-да. Бугун-чи, ҳаётимизда тўрт йил олдинги муносабат туфайли, бу жиҳатларга эътибор маълум даражада йўқолиб қолди. Йўқса, 10 мингдан ортиқ мактаблари бор, миллионлаб болалар ўқийдиган юртда ўқувчиларнинг журналлари, газеталари республика бўйича бир минг, ё икки минг нусхада чоп этилармиди?!
Бу дегани ҳатто ўнта мактабга бу нашрлар ақалли бир нусхадан ҳам бормайди, деганидир. Агарда ҳар бир мактаб ўқувчиси “Гулхан” олса, у неча юз минг тўғрироғи, миллион нусхада чоп қилинмасмиди?! Унинг обуна баҳоси ҳам кўпи билан 3-4 минг сўм бўларди, шунда. Ўйлаймизки, бундан аксарият ота-оналар ҳам хурсанд бўлишар эди.
Мана, бугун нима учун болалар телефон деган матоҳга ёпишиб қолган?
Шу масалада, ўтган йилнинг охирида Халқ таълими вазирининг ўринбосарларидан бири билан суҳбатлашиб қолдик. Унга айтдикки, “Президентимиз ҳақли эътироз билдирдилар, яъни ўқитувчиларнинг ҳам газета-журнал ўқимай қўйганлигини танқид қилдилар, Ўқитувчи ва мураббийлар кунидаги нутқларида” деган маънода сўз қотсак, ҳурматли вазир ўринбосари, нима дедилар денг: “Тўғри, лекин обуна бўлинглар деб тавсия қилсак, биз орқага кетган бўламиз”.
Наҳотки, тавсия, тарғибот, тўғри тушунтириш, ахир, бу сизларнинг, ҳаммамизнинг вазифамиз эмасми?! Бунинг нимаси “орқага кетиш” бўлар экан?! Бу куюнчаклигимизни эшитиб ўтирган вазир ўринбосари эса пинагини ҳам бузгиси келмайди…
Ўйлаб кўрайлик, яна бир бор, муҳтарам Президентимиз бежиз қайта-қайта сўз айтмаяптилар. Қолаверса, ҳеч ким зуғум-заққум қилайлик, газета-журналларга мажбурлаб обуна қилинг, демаяпти, жаноб вазир. Мактаб боласига тўғри тушунтириб, ота-оналар билан бамаслаҳат, ҳеч қурса, болалар журналлари, газеталари битта синфга 4-5 тадан борганда ҳам эди, бу нечоғли аҳамиятли, савобли, керакли, демоқчи бўламизу, бу ҳақда қанча ёзмайлик, гапирмайлик улардан бунга ҳатто оддий муносабат, бирор акс-садо ҳам бўлмаяпти.
Ахир, давлатимиз раҳбари йиғилишда “Агар кимдир маънавият масаласи — бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади”, дея нечоғли ҳақли гапни гапирди. Чиндан ҳам маънавият, таълим-тарбия масаласи ҳар бир виждонли, имонли кишининг вазифаси, бурчи бўлмоғи керак.
Зеро, гап инсон тарбияси ҳақида кетар экан, Президентимиз таъкидлаганидек, бу ишда танаффус бўлмайди.
Абдурасул ЖУМАҚУЛОВ,
журналист