Маънавият масаласига барча масъул

Дарҳақиқат, бу хусусда Президентимиз шу йилнинг 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида аниқ вазифаларни белгилаб берган ҳолда, жамиятда, бу ҳаётда маънавият масаласи энг устувор, энг биринчи вазифа эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

“Агар кимдир, маънавият масаласи — бу фақат маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади”, деди Президентимиз.

Чиндан ҳам нафақат ҳар бир оила, ҳар бир жамоада, балки ҳар битта инсон учун қайсидир ташкилотни маънавият иши бў­йича жавобгар ёки масъул деб билишимиз тўғрими? Умуман, маънавият деганда биз нимани тушунамиз, нимани англаймиз? Давлатимиз раҳбари ушбу йиғилишда шу хусусда куюнчаклик ила атрофлича сўз юритар экан, аввало жамиятда таълим-тарбияга, фарзандларимиз эртасига эътиборини қаратди.

Маънавият, биринчи навбатда, яхши тарбия, яхши хулқ, билим демакдир. Ҳалоллик ва поклик, инсоний фазилатлар ҳосиласи демакдир. Ҳа, ҳаётда шундай инсонлар ҳам учрайди, яъни болаларининг таълим-тарбия­­си, яхши билимли ва хулқли бўлмаслигига фақатгина мактабни айбдор деб биладилар.

Тўғри, фарзандларимиз таълим-тарбияси йўлида мактаблар йўлчи юлдуз вазифасини ўташи керак. Лекин уйда-чи, ота-она бурчи, вазифаси нимадан иборат унда?

Ахир, халқимиз бежиз: “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб айтмайди-ку.

Шундай экан, маънавият масаласига барча масъул бўлмоғи табиий. Ҳеч қачон ва ҳеч қайси замонда комил инсон тарбияси масаласини қайсидир бир ташкилот ёки муассасанинг иши деб қаралмаган.

Яхши биламиз, азал-азалдан “бир болага етти маҳалла ота-она” деган нақлга амал қилган халқмиз. Бугун эса кўпчилик нимадир норасо ишни кўрса-да, ҳатто қўшнисининг боласининг бирор ножўя ишини кўрса-да, “Менга нима, нима қиламан ёмон кўриниб”, дейишгача бормоқда.

Давлатимиз раҳбари ҳаммага — каттаю кичикка, бутун халқимизга бир огоҳлик қўнғироғини чалди. “Маънавият биринчи ўринда туриши керак”, деди. Маънавият соҳасида умрини бахшида этган инсонлар ҳақида сўз юритар экан, “Маънавиятчи бўлиш осон эмас”, дедилар.

… Кечагидек эсимда, болалигим ўтган Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги 27-мактабда “Учқун” номида деворий газета чиқариларди. Ҳар ҳафта газетанинг янги сони тайёрланарди. Унинг ўз ижодий гуруҳи бўлиб, ушбу гуруҳга ҳамма синф­дан бир нафардан фаол ўқувчи жалб этиларди. Бешинчи синфга ўтишим билан улар сафига мен ҳам қўшилдим.

Гуруҳнинг навбатдаги йиғилишида ижодий жамоа раҳбари, она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Озода Камолова менга ҳам топшириқ берди. Ўшанда зиммамга юкланган вазифа катта масъулият эканлигини англадим. Шунда миямда синфимизнинг энг аълочи қизи — Гулчеҳра Рустамова ҳақида ёзиш фикри келди. Ёздим ва устозга кўрсатдим. Камчиликларини айтди, биргалашиб қайта-қайта ишладик. Ва ниҳоят “Учқун”нинг янги сонида “Аълочилик сири” сарлавҳаси остида эълон қилинди. Энди Гулчеҳранинг шодлигини кўринг, ўзимни хурсанд бўлганимни айтмайсизми. Материалнинг пастки қисмига “5-синф ўқувчиси Х.Салимов тайёрлади”, деб ёзилганидан ўзимни қўярга жой топа олмасдим. Тўғриси, ҳар танаффусда шу ёзувга бир қараб ўтиб кетардим. Бу менга ўзгача кўтаринки руҳ, кучли ҳис-ҳаяжон бахш этгани рост.

Энди ўйлаб қарасам, ўша пайтлари журна­листикага илк қадамни қўйган эканман, менда соҳага қизиқиш ўша даврдан бошланган экан. Шу-шу “Учқун”нинг ҳар бир сонини тайёрлаш жараёнларида фаол қатнашадиган бўлдим. Газетамизда энг муҳим ва қизиқ мактаб ва ўқувчилар ҳаётига оид эълонлар, янгиликлар, шунингдек, ўқувчиларнинг ижод намуналари — қисқа хабар ва ҳикоялар, шеърлар чиқариларди. Уларни тик турган ҳолда ўқиб чиқардик. Бу бизни китоб ўқишга қизиқишимизни оширгани, туртки бергани рост.

Шу ўринда 1980-90 йиллари юртимизда мобил телефон ҳали оммалашмагани, интернет ривож­ланмагани, ёшлар маънавиятига салбий таъсир кўрсатиш эҳтимоли мавжуд бу каби кўп восита ва омиллар бўлмаганини ҳам айтиб ўтиш керак.   Барчага маълум, бугун бу борада вазият тамомила бошқача. Техника ривожланишнинг энг чўққисига чиққан замонда яшаяпмиз. Бунинг ўзига яраша ижобий ва салбий томонлари бор.

Куни кеча ўзим ўқиган мактабда узоқ йиллардан бери ўқитувчилик қилиб келаётган тенгдошим Фарҳод Ўралов билан телефон орқали суҳбатлашиб қолдим. У ҳам бугунги кун ахборот техноло­гияларининг ривожланиш жараёнлари, мактаб ҳудудида интернет тезлиги, юқори синф ўғил-қизлари орасида қўл телефони йўғини топиш қийинлиги хусусида сўз юритди. Шунингдек, ҳозирги ўқувчиларни маънавиятли қилиб тарбиялаш осон эмаслиги, мактабда деворий газета чиқмай кетганига жуда кўп йил бўлгани, ижодкор ёшлар сафи камайиб бораётганини ташвишланиб гапирди.

Президентимиз ҳам “Бугун болаларимизни мактаб, ота-она ёки институт эмас, аксарият ҳолда қўлидаги телефон тарбияламоқда. Мобил телефон энди оддий алоқа воситаси эмас, кўпинча ёт мафкурани тарқатадиган қуролга айланмоқда”, дея таъкидладилар.

Таълим масканларида ўғил-қизларимиз маънавиятини юксалтиришга қаратилган бу каби ишларнинг сифатли ва самарали ташкил этилишига нафақат шоиру ёзувчилар, журналистлар, балки ҳар биримиз, ҳар бир ташкилот ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши лозим ва шарт, бунга масъул.

Шу ўринда айтиш жоиз, кўпчилигимиз ёшларнинг замонавий технологиялардан, хусусан, телефон ва интернетдан ҳаддан ошиқ кўп фойдаланиши, турли сайтларга кириши натижасида уларнинг тарбияси бузилаётгани, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиши мумкинлиги ҳақида кўп гапирамиз. Аммо бунга қарши самарали иш олиб бормаётганимизни тан олгимиз келмайди. Аксариятимиз: “Мен боламни тўғри тарбиялаяпман, доимий назорат қилаяпман”, деб нотўғри ўйлаймиз. Аммо ҳамиша ҳам, ҳаммада ҳам ундай эмаслигини кўнглимиз сезгандек бўлса-да, ҳар доим ҳам фарзандимиз учун вақт ажратмаймиз, етарлича меҳр бермаймиз, тўғрисини айтганда, уни узлуксиз назорат қилишга эринамиз.

Ҳозир ота-она ўз телефони орқали фарзандининг қайси сайтларга кираётгани, қаерда юрганини билса бўладиган, унинг ёшига тўғри келмайдиган ижтимоий тармоқларга тақиқ қўядиган махсус дас­турлар чиққан. Буни кўпчилик билади, фойдаланмоқда ҳам. Қисқаси, излаган имкон топади. Фақат ҳафсала бўлиши керак. Бепарволик ва лоқайдлик энг катта хавфдир.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда омма­вий ахборот воситалари катта куч эканига ҳам алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Ҳозирги кунда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида олти минг нафарга яқин ижодий ходим фаолият олиб бормоқда. Улар, шубҳасиз, катта куч. Ҳар бир журналист, ўз навбатида, маънавият тарғиботчиси ҳамдир. Маънавият тарғиботчисининг, энг аввало, маънавияти юксак бўлиши керак. Шу сабаб мазкур йўналишдаги дастлабки ишларни соҳа ходимларининг маданияти ва маънавиятини юксалтиришга қаратиш   зарур.

Ушбу йўналишдаги ишлар доирасида яқинда уюшма қошида кутубхона ва ўқув бурчагини ўз ичига олган маънавият хонаси ташкил этдик. Ушбу зиё мас­канимизда соҳага, шунингдек, бадиий ва илмий адабиётлар, миллий журналистикамизда ўзига хос мактаб яратган устоз журналистлар ҳаёти ва фаолияти, қолаверса, ҳамкорларимиз — халқаро медиа ташкилотлар иш услубларига оид қўлланмалар ўрин олган. Бундан ташқари, тўрт тилда нашр этиладиган ўттиздан зиёд марказий газета ва журналларнинг ҳар бир сони тахламлари ҳамда уларнинг электрон вариантлари билан танишиш мумкин.

Кези келганда таъкидлаш лозим, айни кунда Журналистлар ижодий уюшмаси қошида маънавий-маърифий кенгаш ташкил этишни, ҳар бир устозга беш нафардан ёш журналистни бириктиришни режалаштираяпмиз. Уюшма бош­қаруви аъзолари, кўплаб журналистлар бундай кенгаш ва маънавият хоналарини вилоят бўлимларимизда   ҳам йўлга қўйиш таклифини билдирмоқда.

Битта нохолис ахборот бугунги кунда жамиятга қанчалик маънавий зарар етказиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Ана шундай ҳолатларни назарда тутган ҳолда, нохолис хабар тарқатиш, соҳамизга доир қонун, фармон ва қарорлар, шунингдек, Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси қоидалари бузилишининг олдини олиш, сўз ва матбуот эркинлигидан тўғри фойдаланишга қаратилган фаолиятимизни жонлантириш бўйича режа тайёрланаяпти.

Айни пайтда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини кенг ёритишга кўмаклашиш, ушбу йўналиш бў­йича самарали ижод қилаётган журналист ва блогерларни рағбатлантириш, уларга таклиф ва тавсиялар бериш, фаолиятини таҳлил қилиш, ўзаро ҳамкорликда медиа-турлар ташкил этиш бўйича келишувга эришиш мақсадида   Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Маданият вазирлиги масъуллари билан музокаралар олиб борилмоқда.

Шубҳасиз, маънавият масаласига барчамиз бирдек масъулмиз.   Бу масала халқ ва миллатнинг жонкуярлари бўлмиш шоир ва ёзувчилар, журналистлар учун янада муҳим. Шундай экан, билдирилаётган ишончни оқлаш ҳар бир ижодкор, жумладан, ҳар бир журналист, қолаверса, уюшмамиз зиммасига катта масъулият юклайди.

Холмурод САЛИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

уюшмаси раиси ўринбосари

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − six =