Шикоятлар нега ўқилмаяпти? Ёки олий суддан “ғалати жавоблар”

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди эътиборига

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул КУШЕРБАЕВнинг “Hurriyat” газетасининг шу йил 20 январь 3-сонида эълон қилинган “Олий суд нега фуқароларни қабул қилмаяпти?” сарлавҳали мақоласини ўқиб ўзим дуч келган судловга оид воқеалар кўз олдимдан ўтди.

Айтишим керакки, узоқ йиллардан буён фуқароларнинг шикоятлари асосида турли марказий нашрларда “Сапқончи судьялар”, “Мундирдаги юлғичлар”, “Уй олиб, уйсиз қолдим” ҳамда “Фирибгарни “диллер” деди, катта идоранинг кичик раҳбари”, “Улуғбек камоли”ни ким заволга учратди?!” сарлавҳали ҳамда газетада чоп этишга улгурмай, менинг 14 йилга озодликдан маҳрум қилинишимга сабабчи бўлган “Зўравоннинг танкаси “коррупция”да ишлармуш” сарлавҳали мақолаларим учун ҳозирга қадар гўё “айбсиз” — “айбдор”ман.

 

Яхши эслайман, 2001 йил 27 июнда “Hurriyat” газетасида “Мухбир мансабдор эмас!” сарлавҳали мақола босилди. Кўп ўтмай Жазони ижро этиш муассасасига Олий суддан “менинг ишим бўйича протест келтирилгани” тўғрисида хат келди ва орадан икки ой ўтиб, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судидан ажрим олдим. Унда: “Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми шу кодекснинг 165-моддаси 3-қисмига алмаштирилиб, жазо муддати 14 йилдан 10 йилга келтирилиб, Амнис­тия актига асосан белгиланган 10 йиллик жазонинг тенг ярмига қисқартирилгани ва қолган 5 йиллик жазонинг ярми ижро этилганлиги сабабли, қолган ярми ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилиб, жазони ўташ муассасасидан озод этилган”лигим баён этилган эди.

Савол туғилади. Нега менинг ёзган 17 та шикоят хатимга “асос топилмадию”, нега айнан шу шикоятларим асосида ёзилган мақоладан сўнг “Протест келтиришга ва жазони ўзгартиришга асос” топилди. Бу, аввало, матбуотнинг, газета сўзининг кучи, жамоатчиликнинг ошкора назорати, Олий судда ҳалолу пок ишлаётган са­вияли судьялар меҳнатининг меваси бўлса, иккинчи тарафдан судланишим ўша йиллардаги Адлия ва Ички ишлар вазирликларида ўрнашиб олган бугунги кунда собиқ айрим мансабдорларнинг жиноятчи “диллер”, “фирибгар” ва “босқинчи”лар билан “ҳамтовоқ”лигининг, терговчи ва “Айб­ловни” кўр-кўрона тасдиқлайдиган прокуратура ва суд идораларида ўрнашиб олган лоқайд, инсон тақдирига бефарқ, одамлар дардини тинг­лашдан, ёзган шикоятларини ўқиб чиқишдан йироқ, баъзи бюрократ, саводи ҳаминқадар кимсалар, яъни бир-бирини қўллаб-қувватлаётган коррупцион гуруҳ касофатининг меваси эди.

Яхшиямки, бу ҳар уччала идорада адолатли, холис инсонлар прокуратура идораларида ишлаган генерал Вали Кабирович Қосимов, марҳум, охиратлари обод бўлсин Бўритош Мустафоев, Абдурашит Муталович Маннанов, узоқ йиллар суд тизимида ва умрининг охирги йиллари Олий судда ишлаган ҳозирда марҳум, охиратлари обод бўлсин Каримхон Носиров, Мухторжон Мирзаолимов, ҳозир юзлаб судьяларга отадек меҳрибон, кези келса қаттиққўл устоз Убайдулла Қурбонович Мингбоев ва Учқун Рустамович Қурбонов, ҳозирги ёш судьялардан Олий суд судьялари У.Рўзиев, Ш.Аббосов каби “вергул”ни тўғри қўя оладиган ҳалол, қўли ҳам, виж­дони ҳам пок инсонлар бор.

Ўшанда муассасадан қайтиб, Олий суд раиси Бўритош Мустафоев қабулига кирдим, айбсизлигимни исботлайдиган 19 та далил келтириб ёзган шикоятимни қунт билан ўқиб чиқиб, “бировнинг қарз пули пора ёки товламачилик предмети бўлмайди, лекин ҳозир вақтимас, оқлайдиган кунлар ҳам келади, ҳозирча бу ишни орқага ташлаб, туман судига судланганликни олиб ташлаш учун ариза топшириб қўйинг”, дедилар. Афсуски, бу инсоннинг ўзи бугунги “оқланадиган кунлар” келганини кўрмадилар…

2018 йил 20 март тунги соат 20.00 ларда, минг таассуфлар бўлсинки, йўл транспорт ҳодисасига учрадим. Қарама-қарши йўналишни ажратиб турувчи ўқ чизиқ устида бир пиёда тўхтаб турган эди, қарама-қарши томондан келаётган биргала автомобиллардан бири узоқни кучли ёритувчи чироғини ёқиб-ўчирганда (экспертиза хулосасига кўра “енгил даражали мастлик ҳолати”да бўлган) пиёда тўсатдан ундан қочиб, бирдан менинг йўналишимга отилиб чиқди ва мен кескин тормоз босганимга қарамай, ҳаракатдаги пиё­дани уриб юбордим, пиёда автомашинам капоти устига чиқиб кетиб, тормозланиб ҳаракатланаётган машина таққа тўхтагач, пиёда машина капоти устидан йўлнинг қарама-қарши томонига юмалаб тушди. Мен машинадан тушиб, пиёдага ёрдам бериш учун югуриб бордим, дарҳол машиналар галаси ерда ётган пиёдани босиб кетмасин деб қўл телефоним чироғини ёқиб, ишора қилиб, ёрдамга чақирдим…

Аммо, у вафот этди, ортида болалари бўзлаб қолди-да. Мусулмончилик юзасидан имконим борича таъзия маросимларига ёрдам бердим. Тўй маслаҳат билан, аза бемаслаҳат келади, деган гап рост экан. Аввалига марҳумнинг онаси ҳам, турмуш ўртоғи ҳам мендан ҳеч нарса сўрашмади. 16 ёшли катта фарзанди 18 ёшга тўлгунча ёрдам бериб туришимни сўради, холос. Рози бўлдим…

Дастлабки тергов-суриштирув ишларини олиб бораётган Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ туман ИИБ терговчиси, мени чақириб, “марҳумнинг оиласи нима сўрашяпти”, деди. Мен “ҳеч нарса” дедим. У “50 миллион сўраса, 50 миллион, 100 миллион сўраса 100 миллион беришим”ни, акс ҳолда “келиша олмас”лигини айт­­ди. Шошиб қолдим, “марҳумнинг оиласи мендан ҳеч нарса сўрамаётган бўлса, мени айбсизлигим шундоқ кўриниб турган бўлса, сиз билан “келишиш” ҳақида оғиз очмаган бўлсам, сиз мен билан нимани “келиша олмайсиз” дедим. У “ёрилди”, “дардини” айтди. Мен: “менда бундай имконият бўлса, сизга эмас, ўша бўзлаб қолган оилага берган бўлардим. Сиз дардкашликда адашдингиз”, дедим. Ва орадан кўп ўтмай, марҳумнинг турмуш ўртоғининг “ёзув-чизуви” бошланди.

2018 йил 20 мартдан роппа-роса 4 ой-ю 11 кун ўтиб, 2018 йил 1 августда қабр­­ни очиб ва энг ёмони “мурда танасидан олинган сон суягининг айрим бўлаклари етишмаслигига” қарамай, “Сон суягининг бў­лакларга бўлиниб “бурчаксимон” парчаланиб синишидан” келиб чиқиб “Зарба тананинг “чап томони”дан етказилган”, деган мутлақо ҳақиқатга   зид янги Экспертиза хулосаси ва 2018 йил 20 августда иккинчи автотех экспертиза хулосаси пайдо бўлди ва 2018 йил 28 августда “айбланувчи” сифатида қайта сўроқ қилиндим ва шу куни иш тугатилиб, судга чиқди. Иш вилоят ва Олий судгача кўтарилди.

Олий суд раиси ўринбосарининг 2019 йил 4 ноябрдаги ажримига асосан 2019 йил 27 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида (Олий суд судьяси У.Рўзиев раис­лигида) кўриб чиқилиб, мазкур ҳайъатнинг 2019 йил 27 ноябрдаги ажрими билан ЖИБ Тошкент вилоят суди кассация инстанцияси судлов ҳайъатининг 2019 йил 29 январдаги ажрими бекор қилинди ва жиноят иши ЖИБ Тошкент вилоят суди кассация инстанцияси судлов ҳайъатида янгидан кўриб чиқиш учун юборилди. Бироқ, кассация инстанциясининг 2020 йил 6 февралдаги ажрими билан ЖИБ Юқори Чирчиқ туман судининг 2018 йил 12 октябрдаги ҳукми яна ўзгаришсиз қолдирилди.

ЖИБ Тошкент вилоят суди кассация инстанцияси судлов ҳайъатининг 2020 йил 6 февралдаги мазкур ажримига ва ЖИБ Юқори Чирчиқ туман судининг 2018 йил 12 октябрдаги ҳукмига нисбатан, айбсизлигимни исботлаб, яъни мен 2018 йил 1 августдаги ва 2018 йил 20 августдаги 2 та экспертиза хулосалари билан айблансам, ишдаги 6 та ҳужжат билан эса – 2018 йил 20 мартдаги воқеа жойи чизмаси, воқеа жойида олинган суратлар, 21 мартдаги СТЭ хулосаси ва асосий икки гувоҳнинг кўрсатувлари, 2018 йил 5 майдаги трассология (кийимлар) экспертизаси хулосаларидаги 20 дан ортиқ далиллар билан айбсиз эканлигимни тўлиқ исботлаб, яна Олий судга шикоят ёздим. Бироқ, Олий суд судьяси Ш.Тожиевдан 2020 йил 15 декабрда №13-628-19-сонли жавоб хати ва унга илова қилинган ғалати Ажрим олдим. Ажримда:

“Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди кассация инстанциясининг   2020 йил 6 февралдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган, жиноят ишлари бўйича Юқори Чирчиқ туман судининг 2018 йил 12 октябрдаги ажримига кўра, (эътибор беринг, наҳотки, Олий суд судьяси “Ҳукм” билан “Ажрим”нинг фарқига бормаса…) С.Сирожиддинов ЎзРЖК 266-моддасининг 2-қисми билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 45-, 57-моддалари қўлланиб, … 17.224.000 сўм миқдорда жарима жазоси тайинланган”, дейилса, ажримнинг якунловчи қисмида “…жазо тайинлашда… қонун санкцияси доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаб, асосли хулосага келган”, дейилади.

Эътибор беринг, наҳотки Олий суд судьяси Ш.Тожиев туман судининг “Ҳукми” билан “Ажрими”нинг ҳамда “Жарима” жазоси билан “Озодликдан маҳрум қилиш” жазосининг фарқига бормайди? Ахир менга туман судининг “Ажрими” билан эмас, “Ҳукми” билан “Озодликдан маҳрум қилиш” жазоси эмас, “Жарима” жазоси тайинланган эди-ку!..

Олий судда мурожаатларни тўлиқ ўқиб чиқмасдан бундай ғалати “Ажрим” чиқариш ва “Жавоб” ёзиш биринчи ҳолат эмас. Шу ўринда яна бир мисол:

“Арбитраж ва ҳуқуқ” газетаси таҳририятига мурожаат қилган фуқаро Шоҳиста Юсупованинг шикоят хати атрофлича ўрганилиб, шикоят хати юзасидан ўтказилган “Журналист текшируви якунлари”га таянган ҳолда, шикоят хат қисман қисқартирилиб газетанинг 2016 йил 8 апрель сонида “Тан олинмаган 60 минг доллар қарз” ёхуд терговчининг очиқдан-очиқ жиноий хатти-ҳаракатлари хусусида мурожаат сарлавҳали мақола чоп этилган эди.

Бироқ, мақолага жиноят ишлари бў­йича Сирдарё вилоят суди ва вилоят прокуратурасидан “протест келтиришга асос­лар мавжуд эмас”, деган мазмунда жавоб олинганди.

Шундан сўнг, таҳририят томонидан ўтказилган “Журналист текшируви” жараёнида аниқланган ва газетада чоп этилган мақолада баён этилган қонунбузилиш ҳолатларига ҳар иккала идора томонидан ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги ва бу қонунбузилиш ҳолатлари ҳар томонлама чуқур ўрганилмаганлиги сабабли Ўзбекистон Рес­публикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилдик.

Мазкур мурожаат юзасидан Ўзбекис­тон Республикаси Олий судининг бўлим бошлиғи М.Э.дан 2016 йил 26 ноябрда Ж-4284-1/16-сонли ғалати жавоб хати олгандик. Унда шундай дейилади: “Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси 3-а-уйда яшовчи С.Сирожиддиновга (во ажаб, “Навоий кўчаси 30-уй, “Арбитраж ва ҳуқуқ” газетаси Бош муҳаррири С.Сирожиддиновга” эмас), Ўзбекистон Рес­публикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасига 2016 йил 8 ноя­бр­­да йўллаган (эътибор беринг, тузатиш бизники, “тахририятга мурожаат қилган фуқаро Ш.Юсуповага” эмас) турмуш ўртоғи Ш.Юсуповага оид жиноят иши юзасидан чиқарилган суд қароридан норози бўлиб ёзган 4284-1/16-сонли мурожаатингиз Олий судда кўриб чиқилди (мурожаат “Кўриб” чиқилдими ёки “Ўрганиб” чиқилдими?!! Тузатиш бизники).

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 510-моддасига мувофиқ, маҳкум, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган ҳукм ва ажрим (қарор) устидан назорат тартибида шикоят бе­ришлари мумкин.

Шу сабабли (тузатиш бизники: “таҳририятга мурожаат қилган фуқаро Ш.Юсупова” эмас) турмуш ўртоғингиз ёки унинг ҳимоячиси иш бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан Олий судга назорат тартибида шикоят қилиши мумкинлиги тушунтирилади. Бўлим бошлиғи имзо   М.Э.”.

Ажабо, Ўзбекистон Республикаси Герби туширилган ва “Ўзбекистон Республикаси Олий суди” деб ёзилган табаррук “Бланка”даги жавобни ўқиб, сесканиб кетасан киши. Наҳотки, бу улуғ даргоҳда инсоннинг тақдирига, унинг йиллар давомида умрини, соғлигини кемириб келаётган аламли мурожаатларига эътибор шу даражада бўлса?!!

Наҳотки, Олий суддек улуғ даргоҳда газетада босилган “Тан олинмаган 60 минг доллар қарз” ёхуд терговчининг очиқдан-очиқ жиноий хатти-ҳаракатлари хусусида мурожаат сарлавҳали мақолани ўқиб туриб ҳам (агар ҳақиқатан ҳам ўқиган бўлса) бир терговчининг хатоси билан айбсиз кишининг пешонасига “Судланганлик тамғаси” босилиб, айбсиз эканлигини исботлаш учун ўнлаб суд, бошқа юқори идораларга ва охир-оқибат таҳририятимизга мурожаат қилган бировнинг бир жафокаш жуфти ҳалолини “Арбитраж ва ҳуқуқ” газетаси бош муҳаррирининг “турмуш ўртоғи”га айлантириб қўйишса?!…

Бу жавоб шундоғам Шоҳиста Юсупованинг отаси Шомурод Бекмуродов билан ўртамизда кескинликни келтириб чиқарди. Ёлғон хабар бериш, товламачилик ва туҳматчилик билан қоришиб кетган янги можаро пайдо бўлди…

Азиз газетхон, ўзингиз шоҳиди бўлганингиздек, Ўзбекистон Республикаси Олий судидек мўътабар даргоҳда Ўзбекистон Рес­публикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасидан ва таҳририятлардан юборилган мурожаатларга шундай муносабатда бўлинса, оддий фуқароларнинг “қабули” у ёқда турсин, уларнинг “мурожаат”ларига “муносабат”нинг қай аҳволдалигини тасаввур қилаверинг.

Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, “…янги йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозим”. Шундагина юқорида келтирилган икки холатга ўхшаш шармандали “Ажрим” ва “Жавоб”лар кескин камайишига ҳамда “Қабуллар” йўлга қўйилиб, “Мурожаатлар” ўқилиб, уларнинг натижадор бўлишига умид қилиб қоламиз!

Саҳобиддин СИРОЖИДДИНОВ,

юрист-журналист

 

Таҳририятдан:

Сўнгги йилларда Президентимизнинг доимий эътибори билан суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, судлар мустақиллигини ва одил судловни ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида катта ўзга­ришлар, ижобий ишлар амалга оширилди ва бир қатор соҳага тегишли қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Бироқ маълумотларга қараганда, фуқароларнинг турли идораларга, жумладан, таҳририятларга суд қарорларидан норози кайфиятда ёзилган шикоят хатларининг оқими камаймаяпти.

Хусусан, бизнинг таҳририятимизга келаётган шикоятлар ва унга илова қилинган юқори идораларнинг жавоб хатларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, одамларнинг норозилигига сабаб бўлаётган омиллардан бири кўрилган ишларнинг натижасидан кўра, уларнинг шикоятларига қайтарилаётган жавобларнинг “штампной”, “шаблон”лиги, яъни “бир хил”лиги, юзакилиги ва энг ёмони, “пала-партиш” ёзилаётганлигидир. Демак, айтиш мумкинки, инсон ҳақ-ҳуқуқига юксак ҳурмат ва қонуний муносабатнинг маълум даражада нохолислигидадир. Бунга юқоридаги мақола ҳам яққол далил бўла олади.

Оддий мисол, ушбу мақолада келтирилган икки далил: Олий суд судьясининг туман судининг “ҳукми” билан “ажрими”нинг, “жарима жазоси” билан “озодликдан маҳрум қилиш” жазосининг фарқига бормаслиги ёки “таҳририятга мурожаат қилган бир аёлни” бош муҳаррирнинг “турмуш ўртоғига” айлантириб қўйиши шунчаки хатоликми ёки лоқайдлик? Назаримизда, нима бўлганда ҳам бу жуда уятли ҳолат.

Ахир, ҳар бир шикоятда инсон тақдири, қисмати мужассам. Шундай экан, суд идораларининг ва судьяларнинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик устувор бўлиши шарт.

Бинобарин, таҳририятимиз Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий судидан мазкур мақола бўйича ўз муносабатини билдиришини кутади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − seven =