Ёшларга одамийликни сингдирайлик
Президентимиз томонидан ушбу йилнинг 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилганидан юртдошларимиз яхши хабардор. Зеро, видеоселекторда кўтарилган масалалар соғлом фикрли ҳар бир инсонни ташвишга солиши, мулоҳаза қилишга, юзага келаётган кўнгилсиз ҳолатни ўнглашга ундаши керак.
Одамийлик — халқимизнинг азалий хислати. Аждодимиз маънавий илмга, унинг такомилига баҳоли қудрат ҳисса қўшган, содда ва беғубор инсоний муносабатлар эса ҳамиша миллий қадриятларимиз сараси ҳисобланган.
Маърифатпарвар жадид ватандошимиз Маҳмудхўжа Беҳбудий 1913 йилда “Мозий — истиқболнинг тарозусидир, ҳар ким ўлчасун-да, билсун”, деб ёзган экан. Ҳозирги кунга келиб, яқин ўтмишда боболаримиз эҳтиётлаган одоб-ахлоқ ва таълим-тарбия арконларидан, нодир қадриятларимиздан анча узоқлашдик. Оқибатини эса кўриб-билиб турибмиз.
Яримта зоғора нон
Иккинчи жаҳон уруши маҳали. Очлик, қаҳатчиликдан ҳамманинг тинкаси қуриган. Водий тарафда бир аёл қўшнисига, оч қолган фарзандлари учун: “Тилла болдоғимни яримта зоғора нонга алмаштиринг”, деб ялинибди. Қўшни нонни берибди ва тилла болдоқни эски дўппига ўраб, сандиққа ташлаб қўйибди. Орадан йиллар ўтиб, фарзандига васият қилибди: сандиқнинг тўрида фалончи қўшнининг тилла болдоғи бор, бир дона зоғора нон эвазига эгасига қайтаришинг керак.
Васиятни адо этиш пайти тўқчиликка, битта тилла болдоқ пулига 10 қоп ун келадиган кунларга тўғри келган экан. Вақти келиб, ўша аёл болдоқнинг ёдгорлик эканини айтиб, қайтаришини сўраб, эвазига бир қоп ун бермоқчи бўлади. Қўшнининг фарзанди эса: “Йўқ, онам бир дона зоғора нон эвазига қайтарасан, деганлар”, деб айтган экан…
Бундайин одамгарчилик, меҳр-оқибат, ваъдага вафо, омонатга хиёнат қилмаслик унча-мунча миллатда йўқ. Аслида ҳам бу нодир хислатларни, ҳалолликни бирор кимсага айтиб, ёздириб сингдириш қийин. Тансиқ таом пиширилган куни қўшнисига илинадиган, дард чекса, бошига ташвиш тушса, оға-инидан аввал парвона бўладиган халқ ер юзида яна борми?! Қўшнининг боласи ҳам менинг болам дейдигани-чи?!
“Ассалому алайкум”, деб оғиз ростлашимиз билан елкамизга ўндан ортиқ мажбурият тушади. Руҳиятимизни, чеҳрамизни салом тилагига чоғлаймиз. Ўтирган туради, ёнбошлаган қўзғалади. Шошиб қадам ташлаётган секинлайди. Сўрашадиганимиз табаррук киши бўлса, алоҳида тавозе кўрсатамиз. Агар санайман десак, бу салом одобига дахлдор мажбуриятлар жуда кўп. Бир сўз билан айтилса, салом беришнинг ўзи катта мактаб, бутун бошли илм. Буларнинг барчаси болаларга намуна кўрсатиб, ибрат бўлиб етказиладиган илмлар. Биз катталар бу мактаб ва илмни ёшларга етарли ўргата олмаётганимиз ачинарли. Тарбиянинг, таъсир ўтказишнинг оддий усулларидан, самимий услублардан фойдалана олмаётганимиз ташвишли. Болаларимизга телефон “бобо ва буви”, “ота ва она” бўлиб бораётганига томошабиндай тоқат қилиб юрганимиз иродасизлик, бориб турган лоқайдлик эмасми?!
Энг оғриқлиси — қарамлик
Дунёда маънавий қарамликдан оғирроқ савдо йўқ. Қарамлик инсон руҳини емирадиган иллат. Мустақилликни чеклайди, тараққиётга зарба беради, ғоявий-мафкуравий тазйиқлар миллатни, шахсни, инсонни хароб қилади. Ўзгалар хоҳиш ва истагига қараб бориш қалб мутелигини келтириб чиқаради. Бориб-бориб лоқайдлик, бепарволик одатий ҳолга айланади. Маънавий қашшоқлик, иймон-эътиқод заифлашуви миллий қадриятларни заволга олиб боради. Оқибат аён. Майиб-мажруҳ маънавият билан истиқбол ҳақида ўйлашнинг ўзи ортиқча.
Бугун одамзод телефонга ёпишиб олиб, маънавий-руҳий таназзулга қараб бораётгандай. Етти ёшда ҳам, етмиш ёшда ҳам телефон. Ҳамма унга қарам бўлиб қолгандай. Уйқудан бош кўтармай бу матоҳ қурғур қўлларимизда бўлади. Ўзаро муносабат ҳам, нима ейиш-ичиш ҳам, нима дейиш-демаслик ҳам, муомала ва муомаласизлик ҳам телефонда. Ҳатто машина бошқариб бораётганлар ҳам телефондан узила олмайди. Диққат-эътибори чалғиб, йўл-транспорт ҳодисасига йўлиқишлар бирин-сирин кўпайиб бораётгани ҳам надомат.
Рекламанинг кучайгани-чи?! Бизнес эгалари дуч келган концентратни, соғликка тўғри келадими-йўқми, ижтимоий тармоққа тиқиштириб ётибди. Дори-дармонини кўз-кўз қилиш, нима бўлсаям пуллаш кучайиб кетди.
Ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилаётган малакали мутахассис, тажриба кўрган, илми бор олим ёки фозил инсонлар йўл-йўриғига тоқат қилиш мумкин. Кўпинча она тилимизни абгор қилиб, чала-чулпа гап тизиб, бачкана, шалоқ сўзлар билан бетайин матнларини жойлаётганларга нима дейсиз?! Айримларини ўқиб, кулишингни ҳам, куйишингни ҳам билмайсан. Бор-йўғи иккита гапда ўнлаб хато. Гўё уялиш, номус қилиш ҳам ёт туйғуга айланиб бўлгандек, саводсизлигидан уялишмайди ҳам. Шундай кимсалар яна осмону фалакдан келиб, фикр айтмоқчи, бошқаларга ақл ўргатмоқчи бўладилар. Шу ҳолатни ўғил-қизларимиз кўряпти, “бўлавераркан-ку”, деган хулосага келаётгани, ақли ва тафаккури чақилиб бораётгани — энг хавфлиси шу.
Таассуфлар бўлсинки, одобимизда овоза қилиниши уят саналган қайсидир оиланинг ўзаро жанжали, кимнингдир номуссизлиги, яна бировнинг шармандали ҳақоратлари ижтимоий тармоқнинг “мулки”га айланиб, телефонлараро жамиятга ёйилаётганига қандай тоқат қилиш мумкин?!
Яқинда ёниб турган “Дамас” видеога олиниб, тармоқларга қўйилибди. Суратга олаётган йигитлар ҳиринглайди, холос. “Ана портлади”, деган овозлар эшитилади. Орқасидан ҳафсаласизлик билан: “Бўлди, ўчир, энди қизиғи йўқ”, деган овоз келди. Тавба, яна бир марта тавбаки, ўзбекнинг ўғлони қачон бу каби фавқулодда юз берадиган ҳолатларга, мусибатларга томошабин бўлиб қараб турган. Ахир қачондан буён ўзгалар кулфати томоша манбаи бўлиб қолди?
“Оммавий маданият” ниқоби билан тармоқларга тиқиштирилаётган юзсизликни, турли тўнтаришларни, жангариликни тарғиб қилишлар қадриятларимизни ичидан емириши мумкинлигини ҳис қилишимиз зарур ва асло унутмаслигимиз керак. Бундай “ўйин”ларни ўйлаб топган Европанинг ўзи ҳам таъбир жоиз бўлса, бугун “бош”ини ушлаб ўтирибди.
Одамийлик тийнатдан
Ёшлар бебош бўлиб кетди, айтганимизни қилмаяпти, деб ўтиришимиз нотўғри, назаримда. Очиқ тан олаверайлик, биз ўзимиз ҳам ўғил-қизларимиздан бир қадар узоқлашиб қолдик. Баҳоналаримиз ҳам ўзимизча асосли. Ота “ишлашим керак, тирикчилигини таъминлашим керак”, дейди. Она “мен уйда ўтириб нима қилдим”, дейди. Қўли бўшаса, у ҳам телефонни эрмак қилади. Шундай қилиб, эртага бошимизга оғирроқ бўлиб тушадиган ташвишни олдиндан кўролмаётгандаймиз.
Одамийлик — илм. Фақат бу илмни эгаллаш учун ўқиш ва ўрганишнинг ўзи камлик қилади. Одамийлик қонда бўлади. Шахсий ибрат, юксак намуна лозим бўлади. Уни ҳис этилади, меҳр-муҳаббатли сўзимиз, ардоқли қўлларимиз, юрагимиздаги тафтимиз билан фарзандларимизга сингдиришимиз керак бўлади. Ўқишдадир, ишдадир эришган ҳар қандай натижасини рағбатлантиришимиз, болажонимизни бағримизга босиб, меҳр кўрсатишимиз, бошларини силаб, кўзларимиз орқали меҳр беришимиз, одамийлик тафтини юқтиришимиз лозим. Шундагина уларни ўзимизга яқин қиламиз, уларни бошбошдоқликдан қутқарамиз, бошига тушиши муқаррар бало-офатлардан ҳимоялаймиз.
Давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилган масалалар ҳар қандай иқтисодий ислоҳотлардан муҳим. Қарсак натижага биноан чалинади. Ўнг қўлимиз маънавият ва маърифат бўлса, сўли иқтисодиёт ва тараққиётдир. Бир қўл билан эса чапак чалиб бўлмайди.
Биз, энг аввало, маънавият сўзининг мазмун-моҳиятини, кўзланган эзгу-мақсадларни обдон ўйлаб кўриб, ҳар биримиз тегишли хулоса чиқаришимиз, тарғибот ва ташвиқотда фидойи бўлишимиз, ўғил-қизларимизда эса одамийлик ҳиссини кучайтиришимиз талаб этилади.
Зеро, Юртбошимиз айтганидек, маънавият масаласи ҳаммага ва ҳамиша тегишли бўлмоғи керак.
Маҳмуджон ПАРПИЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва
соғлиқни сақлаш масалалари
қўмитаси раиси ўринбосари