Раҳбар юртпарвар бўлмаса…

Президентимизнинг Фарғонага ташрифи ҳар сафар файзли учрашувлар, янгиянги ғоялар, унутилмас таассуротларга бой бўлаяпти. Бу галгиси аҳолига янада хушкайфият, мамнунлик улашди, десак муболаға бўлмайди.

Эндиги масала Президент ташрифидан сўнг ўқувчи-ёшларнинг таълим-тарбияси қандай такомиллаштирилади? Президент вакиллари — ҳоким ва сектор бошлиқлари дунёқараши ўзгарадими?

Афсуски, шу кунгача айрим раҳбарлар, баъзи сектор бошлиқларининг иш фаолиятида ўзгариш сезилмаётган эди. Очиқ айтганда, раҳбарлар ерда юриб, одамлар оғирини енгил қилганда ижтимоий тармоқларда уларга аччиқ гаплар бу қадар сероб бўлмасди. Аммо кабинетда ўтириб, машинада юриб бунга эришиб бўлмаслигини англаб етолмаётган раҳбарлар борлиги ачинарли, албатта.

Президентимиз икки йил ичида Фарғона вилоятини Республикада “Энг намунали вилоят” қилиш мумкин, дея таъкидлади. Бунинг учун Фарғона фаоллари, раҳбарлари, айниқса, сектор бош­лиқлари, аввало, фидойи, ватанпарвар бўлишлари керак.

Президент кўрсатмасига асосан янги тизим бўйича сектор бошлиқларига вилоятдаги 1041 та маҳалла бўлиб берилди. Вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари ҳам МФЙларга бириктирилди. Улар эндиликда фуқаробай, хонадонбай, маҳаллабай тизимда фаолият олиб борадилар.

Президентимиз ташрифлари ҳамда юртимизда кейинги 3-4 йил ичида амалга оширилган ўзгаришлар ҳақида фермер Шодибой ТЕМИРОВ тўлқинланиб сўзлади:

— Бутун умрим далада ўтаётгани рост. Аммо бунақасини кўрмаганман. Рости, қишлоғимизда бирорта тегирмон ҳам йўқ эди. Ўзимизнинг қишлоқлик тадбиркор Мўминжон Йўлдошев туғилган мас­кани учун, тумани учун, юрти — Ватани учун зўр ишларни қилди, қиляпти. Лоғон шаҳар бўлиб кетди. Пахта заводи, тўқимачилик фабрикаси, чарм маҳсулотлар ишлаб чиқариш фабрикаси… Яна пахтани толага, чигитни кунжара, шелухага ажратадиган цех, ўсимлик мойи чиқарадиган шоҳобча ишга тушаяпти. Ҳозир икки мингга яқин одам ишли бўлган бўлса, яна минг-минглаб ишчи ўринлари яратилишига шубҳа йўқ.

Шундан сўнг, Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати Мўминжон Йўлдошевнинг қилинган, қилинаётган ўзгаришлар тўғрисида фикрлари билан қизиқдик:

— Бизнинг Фарғона тумани, Лоғон қиш­лоғида умуман бирорта ишлаб чиқариш цехи ёки объекти бўлмаган. Мол-қўй боқиб, далада меҳнат қилиб келганмиз. Мана, кейинги 3-4 йил ичида қатор ишлаб чиқариш обектларини қурдик ва ишга туширдик. Давлатимиз томонидан яратилган шароит ва имкониятлардан фойдаландик. Бундай қулайликлар Ўзбекистонда ғоят содда, ихчам қилиб яратилгани бизга қўл келаяпти.

Мен кўп чет элларда бўлганман. Оддий бир ишлаб чиқариш цехи учун ўша Дубайда ҳам, Европа мамлакатларида ҳам ойлаб югурасиз. Кейин бу ҳужжат ишларига 10-15 минг доллар маблағ сарфлайсиз.

Чарм маҳсулотлари тайёрлаш, тўқимачилик корхонасида ҳозирги кунда тўрт минг нафар одам ишлаяпти. Уларнинг етмиш фоиздан кўпроғи ёшлар. Яна янги корхонамиз битяпти. Унда ҳам янги иш ўринлари яратилади, — деди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари Фарғонада ёшларга яратилаётган шароитлар, ўқиш-ўзлаштиришларда қилинаётган амалий натижалар борасида гапирар экан, ёшларнинг фикри билан қизиқди.

Садафбек ҲУСАНБОЕВ, Фарғона вилояти лойиҳалар фабрикаси менеджери:

— Вилоятдаги мавжуд коллежлар, касб-ҳунарга йўналтирилган ўрта-махсус ўқув юртларида ўқувчилар учун ётоқхоналар барпо этиб, улар учун қулай шароит яратишни мақсад қилганмиз. Шунда ўқувчиларнинг эмин-эркин билим олиш­ларига имкон яратилади, улар ижарада яшаш ташвишидан холи бўлади.

Президентимиз фарғоналик ёшларнинг замонавий, илғор лойиҳаларни амалга оширишларида — Хитой Халқ Рес­публикасига бориб тажриба алмашиб келиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Айниқса, ёшлар етакчиси Бобурбек МЎМИНОВнинг қатъий фикрлари Президентимизга маъқул келди.

— “Фарғона азот” заводида ёшлар етакчиси бўлиб ишлардим. Вилоят Кенгаши сессиясида Президентимизга биз – ёшларга яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида гапирдим. Ўша онда мени Президентимизнинг ўзлари Фарғона шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасига тайинладилар. Ҳаётимда янги кун, янги саҳифа очилди. Бу юксак ишончни оқлаш учун бор куч-ғайратимни, билим ва малакамни сарфлайман, — деди Б.Мўминов.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташрифнинг иккинчи кунида Фарғона шаҳридаги “Шодиёна” МФЙга борди.

— Хаёлимизга ҳам келмаган эди, тушимизга ҳам кирмаган эди, — дея ўз ҳая­жонини яширмай сўзлади шу маҳаллада яшовчи фаол аёллардан бири. — Кўриб, кўзимизга ишонмасдик. Қарасак, Президентимиз юрибдилар. Биз Юртбошимизни кўриб, ҳол-аҳвол сўрашиш, хонадонимиз ёнида учрашиш бахтига муяссар бўлдик. Ишонинг, бизнинг маҳалла қанчалар бахтли маҳалла!

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг кутилмаганда режалаштирилмаган, ташриф доирасида бўлмаган тарзда бу маҳаллага бориши, барча катта-кичик раҳбарларни шошилтириб қўйди. Халқ ичига кириш ана шундай бўлади! Энг муҳими, бугун   “Шодиёна” маҳалласида олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Маҳаллани обод қилишга ҳамма киришган.

Лекин… Президент боргунича нега масъуллар жим эдилар? Улар шу юмушларга олдинроқ нега киришмаган эди?

Ҳамма жумбоқ ана шунда!

С. ДАДАХЎЖАЕВ,

“Водил ёғдуси” газетаси муҳаррири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + 15 =