Янгиланаётган жамиятда янгича тафаккур керак

Маърифатни машъалга қиёс қилишади. Албатта, машъалнинг сафнинг қаерида бўлиши ва кимнинг қўлида бўлиши катта аҳамиятга эга. Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 26 март куни қабул қилинган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ва “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари дастурий ҳужжат, жадал олға бораётган мустаҳкам сафларнинг узоқ манзилини ёритиб берувчи чинакам машъала бўлди.

Қарорларда давр руҳидан келиб чиқиб, кенг қамровли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари натижасида онгу тафаккури, дунёқараши ўзгариб бораётган халқимизнинг янги марраларни забт этишида маънавий машъала бўлиб хизмат қиладиган “йўл харитаси”ни амалга оширишнинг асослари белгилаб берилди. Маълумки, кейинги 3-4 йилда маънавият, умуман, руҳоний омилларни ривожлантиришни кўзда тутган кўплаб ҳужжатлар қабул қилинди, амалий ишлар адо этилди. Олайлик, Адиблар хиёбони чинакамига маънавият мас­канига айланди. Республика Маънавият ва маърифат марказининг фаолияти муттасил такомиллаштириб борилмоқда.

Мазкур қарорларнинг моҳияти шундаки, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деб аталган ҳаётбахш ғоянинг талаб­лари маънавий-маърифий ишларни янги босқичда, ўзгараётган давр талаблари асосида қайта ташкил этишни тақозо қилмоқда эди.

Аввало, юртимиз тараққиёти йўлида қўйилаётган қадамларнинг оламшумуллиги, ислоҳотлар кўламининг кенглиги ва теранлиги дунё ҳамжамиятида кечаётган кескин ўзгаришлар фонида масалага яна ҳам ҳаётий ва замонавий ёндашиш талабини кўндаланг қўяди. Айниқса, мафкура – ташвиқот ва тарғибот борасида давр руҳини ҳис этмаслик ё ғофилликдан, ёки мудроқликдан далолатдир. Одамлар руҳиятига таъсир қиладиган воситалар ошиб-тошиб кетаётган айни шароитда мақсадга эришиш учун энг сўнгги техноло­гиялардан фойдаланиш юмушни осонлаштириши мумкин. Ҳар куни вақтини телефондаги турли сайтлар гирдобида кечираётган, экран орқали мунтазам тарғиб қилинаётган мудҳиш оламда яшаётган кишини бирданига ёруғ дунё­­га қайтариш қийин кечади. Залолатдан зулматга кўникиб қолган одамнинг нигоҳлари ёруғликка бирданига мослашмаслиги мумкин. Шу туфайли ҳам мафкура борасида олиб борилаётган салмоқли ишларга қарамасдан жамиятнинг барча қатламларида турмушимизда кечаётган ўзгаришларни ҳис қилишда, янгиланишлар жараёнида маънавий-маърифий ислоҳотларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган муаммолар учрамоқда.

Агар уларнинг моҳиятига разм солинадиган бўлса, муаммолар бир хил манбалардан озуқланаётганини, фаолиятда муттасиллик касб этиб, умумий кўринишда тизимли тус олаётганини сезмаслик мумкин эмас.

Маънавий ишлар амалиётида қатор камчиликлар ҳам кўзга ташланмоқда. Бу, айниқса, тарғибот жараёнларини ташкил қилишда яхлит тизим мавжуд эмаслигида аниқроқ кўзга ташланаяпти. Олайлик, катта харажатлар эвазига олис вилоятга мўътабар маданият арбоблари, машҳур олимлар, таниқли санъаткорлар, ташкилотчи ёшлар вакилларидан иборат обрўли ижодий-илмий жамоа ташриф буюради. Аввало, уларнинг кутиб олиниши, жойлаштирилиши обдон ўйланган бўлиши мумкин, лекин орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, муаммолар юзага кела бошлайди: транспорт, аудитория, қолаверса, яшаш ва овқатланиш масаласида ҳам ҳаммаси охиригача ҳал қилинмаган бўлиб чиқади.

Майли, булар ҳам ортда қолади, меҳмонларни интизор бўлиб кутган аҳоли вакиллари билан учрашув бошланади. Яна англашилмовчиликлар юзага чиқа бош­лайди. Ҳурматли меҳмонлар томонидан билдирилаётган фикрлар тингловчилар учун у қадар янгилик эмас ёки айтилаётган гапларнинг ҳаммасини   тушуниб олиш мушкул. Мутасаддилар бу ёғини ҳам ўйлаб қўйганлар, келганларга таниқли хонанданинг ташрифи ва унинг репертуари шипшитиб қўйилган. Тингловчилар шу лаҳзаларни кутиб, сабр билан “интиқ бўлиб кутган” маърузаларни   тинглайдилар, бироқ ҳамма илҳақ. Ниҳоят, кутилган лаҳзалар бошланади, полни зир титратиб юборадиган кучли қурилмалар ишга тушади ва еру кўкни тўлдириб, мусиқа янграйди. Ҳамманинг баҳри дили очилиб кетади, олдин жонни ўртовчи қўшиқ, изидан тоғни ҳам кўчирувчи рақсбоп оҳанг. Бошланади, ҳамма ўртада, ўйнаган ҳам ўйнайди, ўйнамаган ҳам ўйнайди. Чунки бугунги тадбирнинг талаби шундай. Охирида ҳамма мамнун тарқалади.

Аммо моҳиятда нима намоён бўлади? Ҳолбуки, узоқ пойтахтдан меҳмонлар бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорликлар, яратувчилик кайфияти, оламшумул режалар ҳақида сўз очиб, юртдошларимиз қалбида эртанги кунга умид-ишонч туйғуларини жўштиришлари лозим эди-ку! Иштирокчилар эса куй-қўшиқнинг завқи билан қушдек учиб, уйга қайтаяптилар. Улар ҳатто меҳмонларнинг кимлиги-ю, қандай гап-сўз бўлганлигини ҳам эслай олмасалар ажаб эмас. Аксарият ташкил қилинаётган маърифий тадбирлар шу йўсинда ўтказиб келинди. Оқибатда, кўзланган мақсад бир четда қолиб, кишиларда замонавий эстрадага иштиёқ кучайгандан кучайиб борди. Албатта, бу ўринда ҳеч ким одамларнинг мусиқа эшитиши ёки рақсга тушишига қарши эмас, аммо масаланинг ташкилий томони кишида эътироз туғдиради. Айнан ижтимоий ҳаётий воқеалар юзасидан гап кетган жиддий расмий йиғилишдан сўнг ҳамманинг кўнгилхушлик қилиши нақадар жоиз, шу ҳолга эҳтиёж борми, вазият талаб қилаяптими? (Ҳар қандай маънавий-маърифий тадбирни ташкил қилишдан олдин ана шу масалалар юзасидан жиддий ўйлаб кўриш шарт). Ахир гўзалликнинг ҳам ўз меъёрлари, талаблари бор-ку (дейлик, қошга ўсма, кўзга сурма тортилади!). Нима муҳимлигини аввал бошдан чуқур ўйлаб олиш лозим эмасми? Ҳа, муаммо шунда. Ҳеч қачон асосий нарсани иккинчи даражалиси билан аралаштириб бўлмайди. Омади гапни айтганда эса шундай тадбирлардан кўзда тутилган натижаларга туман ёки вилоят газетаси орқали жуда ўнғай эришиш мумкин. Газеталар саҳифасидаги жонли тарғибот орқали юртдошларимиз бугунги бунёдкорлик ишларига кўпроқ сафарбар қилинишлари бор гап. Чунки матбуот халққа яқин, унинг мақолалари ҳеч кимни бепарво қолдирмайди.

Ёки тарғибот ишларида ҳамон умрини ўтаб бўлган услуб ва ёндашувлардан фойдаланилмоқда. Энг осон йўли – бир жойга 50-60 чоғли одамни тўплаб, алмисоқдан қолган услубда маъруза қилиш ҳоллари ҳам учрайди. Ҳолбуки, турли вертуал воситалар орқали миянинг энг сокин жойларигача кириб борадиган тасвир ҳамда овоз омухталигидаги таъсирлар остида яшаётган ёшларга нотиқнинг зерикарли маърузаси чивин чаққанча таъсир қилармикан? Маънавий таҳдид гирдобига тушиб қолган ўсмир бу сийқа ёндашувдан ўз дунё­қарашини ўзгартира оладиган самара олармикан? Аксинча, бундай ишларни энг сўнгги технологиялар ва услублар асосида ташкил этиб, кирланган дунёқараш ва ғуборли маънавиятни поклаш йўлларининг энг замонавий усуллари изланиши лозим эмасми? Ҳолбуки, бугунги кунда жаҳон тажрибасида кишилар онги ва шу­урига таъсир этишнинг энг самарали воситалари юзасидан янгиликлар излаб топилиши, дунё тажрибаси ўрганилиши, унинг натижалари миллий маънавиятимиз асос­лари билан умумлаштирилиши лозим эмасми? Шунда тарғибот-ташвиқот ишларининг замонавий методологияси яратилган бўларди эҳтимол. Бу йўналишдаги илмий-тадқиқот ишларининг йўлга қўйилишидан тортиб, уларнинг натижасигача бугунги кун талабига жавоб бермаслиги қарорда ўринли таъкидланган.

Ҳозиргача давлат органлари (вазирлик, давлатга қарашли   ишлаб чиқариш тузилмалари ва бошқалар) ҳамда нодав­лат ташкилотлар (жамғармалар, жамиятлар ва ҳоказо) олиб бораётган маърифий ишлар мазмуни ва мундарижасида умумийликлар таъминланмаган, ягона бошқариш тартиби жорий қилинмаган, уларнинг фаолиятини ташкил қилишда ишчи гуруҳларнинг ўрни билинмасди. Бу ҳол қайсидир даражада тарқоқлик ва парокандаликка олиб борарди. Эндиликда маънавий-маърифий жараёнларни ташкил этишда яхлит тизим жорий қилиш мақсадида мафкуравий ишларнинг асосий йўналишлари бўйича давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ва ишчи (эксперт) гуруҳларнинг бу борадаги фаолиятини тартибга солиш мақсадида умумий илмий мезонлар жорий этилади. Шу мақсадда Республика Маънавият ва маърифат маркази йўл хариталари орқали ташкилот ва муассасалар билан олиб борилажак ишларни мувофиқлаштириб боради.

Маълумки, дунё ҳамжамиятида ёшлар онги, дунёқараши учун кўзга кўринмас кураш кетмоқда. Негаки, айни пайтда урчиб кетган турли оқимларнинг яшаб қолиш-қолмаслиги ёшларнинг танловига кўп томонлама боғлиқ. Қарорда ёшларимиз онгига салбий таъсир этувчи, уларни ғоявий жиҳатдан қарам этишга йўналтирилган ҳаракатларга муросасиз бўлиш талаби устувор йўналишлардан бири сифатида эътироф этилиб, иродали, фидойи, ватанпарвар ва ўз мустақил фикрига эга авлодни тарбиялаш юзасидан амалий чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш белгилаб қўйилган. Бунинг учун Марказ Ёшлар иттифоқи, Ёшлар ишлари агентлиги, таълим муассасаларидаги ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борадиган ишлар кўламини кенгайтиради. Янги, замонавий ёндашувлар тизими амалиётга жорий этилади. Бунда муассаса қошидаги медиамарказ маҳсулотларидан ва бошқа кўргазмали воситалардан кенг фойдаланилади.

Марказ тузилган 1994 йилдан бери унинг фаолияти такомиллаштирилиб борилаяпти. Мазкур қарор асосида яна унинг вазифалар тизими анча янгиланди. Жумладан, тараққиётнинг ҳозирги босқичида давлатимиз ўтказаётган сиёсатнинг моҳияти кўпинча тўла ва тўғри тартибда халқ оммасига етиб бориши таъминланмаяпти. Ижтимоий тармоқлар негадир қора доғларни кўпроқ кўрадилар-у, буюк ўзгариш­ларга кўзни юмиб оладилар. Баъзан ислоҳотларнинг моҳияти, мазмуни манфаатлардан келиб чиқиб талқин қилинади. Қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг аҳамиятини аксарият ҳолларда аҳоли кенг табақалари ўртасида кенг тарғиб қилиш кечикиб кетади ёки бундай ташвиқот ишлари амалга оширилмайди. Қарор асосида Марказга эндиликда фаолиятнинг моҳиятини жамоатчиликка ўз вақтида ва мукаммал тарзда етказиш бўйича ташкилотларга тарғибот ишларининг мазмуни ва услубияти тўла акс этган тавсия ва таклифлар тайёрлаш вазифаси ҳам юклатилди.

“Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда бу борадаги ишларнинг устувор йўналишлари аниқ белгилаб қўйилган. Жумладан, “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғоясини кенг тарғиб қилиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш ана шу устувор йўналишларнинг биринчисидир. Соғлом дунёқараш ва бунёдкорлик муҳити Президентимиз томонидан билдирилган “Жамиятнинг тани иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир” деган қоиданинг мантиқий давоми, унинг ижтимоий ҳаётдаги инъикосидир. Соғлом дунёқараш буюк бунёдкорликка маънавий раҳнамо — пойдевор бўлади, ҳар бир юмушда миллий қадриятлар, руҳоний юксаклик, ватанпарварлик ва фидойилик муваффақиятларга элтувчи омил бўлиб хизмат қилади. “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғоясининг икки тиргаги ҳам шу, мазкур тарихий қарорлардан кўзда тутилган мақсад ҳам шу.

Ҳаким САТТОРИЙ,

Республика Маънавият ва

маърифат маркази ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + 14 =