Қайта тикланган эзгулик

Бир пайтлар Тошкент ўзининг азалий меҳмондўст, тинчликсевар муҳити билан бирга, бир неча қитъалардаги киноижодкорларни бирлаштирган халқаро фестивали билан ҳам машҳур бўлган.

Аслида, жаҳонда кинематография соҳасида фес­тиваллар кўп. Лекин Осиё, Африка, Лотин Америкаси киночилари, санъаткорларию олимларини бир жойда жамлаган Тошкент халқаро кинофестивалининг руҳи, эзгу миссияси, мақсад-муддаоси ўзига хос ва такрорланмас бўлган, десак муболаға эмас. Жаҳон кино жараёнида нуфузли ва етакчи ўрин тутган ушбу фестиваль экран асарларида улуғланган ғояларнинг тинчлик, тараққиёт, ҳамжиҳатлик, инсонпарварликдек эзгу ғояларга йўналтирилгани билан диққатга сазовордир.

Илк марта атоқли кинорежиссёр Комил Ёрматовнинг “Осиё устидаги бўрон” картинаси билан бош­ланган мазкур фестиваль ўзбекистонлик ижодкорларнинг экран асарларини дунёга танитишда, киночиларнинг ўзаро мулоқотида, санъат ихлосмандларини жаҳон киносидаги ижодий жараёнлар билан таништиришда муҳим аҳамият касб этгани кўпчиликка яхши аён. Замонанинг ҳар қанча мураккабликлари бўлмасин, ўзбек киночиларининг энг сара фильмлари айнан ўтган асрнинг 60-80- йилларида тасвирга олинган, десак янглишмаймиз. Назаримда, Тошкент халқаро кинофестивалидек йирик миқёсдаги ижодий лойиҳа киночиларнинг янада тўғри йўналишда фаолият кўрсатишида ўзига хос маёқ вазифасини бажарган.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 июндаги “Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори миллий кино санъатининг асрий анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш, ушбу санъат тури орқали мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, халқаро миқёсда ижодий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Айни пайт­­да 1968-1997 йиллар давомида Ўзбекистонда ўтказилиб келинган “Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг Тошкент халқаро кинофестивали” “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали номи билан қайта тикланиб, 2021 йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь-октябрь ойларида Тошкент шаҳрида ўтказилишига оид ташаббус ижодкор зиёлиларга, санъатсевар халқимизга манзур бўлгани аниқ!

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × five =