“Буюк режиссёрлар” ишдами?

Ҳамма ҳам ўзидан яхши ном қолдиргиси келади, албатта. Ҳаракати сабаб, бир касбнинг этагини тутиб, ўз таомилида касбига меҳр қўяди. Аммо барибир устоз мақомига эришиш осон эмас-да.

Касблар кўп. Бир-бирига ўхшамайди, серқирра. Аммо ҳар бир соҳанинг етук мутахассиси бўлиш учун унинг машаққатли меҳнатига чидаш керак. Шундай экан, бир касбни иккинчисидан устун қўйиб бўлмайди. Ҳар бирининг ўз заҳмати бор.

Бироқ касблар ичида доимо эл назарида юриш, одамларнинг яхши ёки ёмон гапини эшитишдек яна бир касб борки, бу касб эгалари борига рози бўлиб меҳнат қилаверади.

Кимдир режиссёрлик соҳасининг тарихи узоқ эмас деса, бошқалар одам пайдо бўлганда режиссёрлар ҳам пайдо бўлган дейишади. Ким билсин, балки бу ишорада рамзий маъно бордир. Ахир режиссёр саҳналаштирувчи дегани, демак оддий оилада ҳам ўзининг борлигини англатиб турувчи аъзоларни саҳналаштирувчи бошқариб турмаса, бошбошдоқлик бошланади.

Умрини шу соҳага бағишлаган, телеспектакллар, видеофильмлар, телекўрсатувлар тайёрлаган устоз-режиссёр, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳайбатилла Алиев телевидениенинг ростмана режиссёри эди.

Ҳайбатилла Алиев 1996 йили мени телевидениега ишга олган, бу соҳанинг сир-асрорларини ўргатган, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. Тўғриси, ҳали мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ устознинг таниқли грузин ёзувчиси Нодар Думбадзенинг “Абадият қонуни” романи асосида саҳналаштирган кўп қисмли видеофильмини бир неча марта томоша қилганман. Аммо ўша давр­ларда видеофильмни режиссёр саҳналаштириши, бу касбининг масъулияти, машаққатли томонларини билмас, тасаввур қилмас эдим. Ҳатто тушунчам ҳам йўқ эди.

Телевидениега ишга кирганимдан сўнг, у ердаги ишлар, тас­вирга олиш ва монтаж жараёнлари билан таниша бошладим. Шундай қилиб, сценарий билан ишлаш, актёрлар танлаш ва репитиция жараёнларининг ўзи анчагина машаққатли меҳнат эканлигини тушуниб етдим. Ҳайбатилла Алиев бош режиссёр бўлган “Адабий драматик кўрсатувлар муҳарририяти”да атоқли, машҳур ижодкор режиссёрлар Мақсуд Юнусов, Маҳкам Муҳамедов, Эргаш Каримов, Мели Маҳкамов, Ҳамид Қаҳрамонов, Ғайрат Убайдуллаев, Эргаш Султоновлар ишларди. Уларга бош бўлишнинг ўзи бўлмасди-да. Бунинг учун инсондан билим ва салоҳият билан бирга катта тажриба ҳам талаб этиларди.

Ҳайбатилла Алиев ўз номи билан ҳайбатли, тўғри сўзни ҳар доим ва ҳар жойда айтадиган, жойи келганда ходимларини ҳимоя қила оладиган бош режиссёр эди. Шунинг учун, у кишини нафақат муҳарририятда, балки ўша пайтдаги Ўзбекистон телевидениесининг барча раҳбарлари, ижодий ва техник ходимлари ҳурмат қиларди. У кишининг йўталиб, томоқ қириб қўйишларида маъно бор эди. Гўё мавзудан четлашма, дегандек назар ташлаб қўярди. Гоҳида қаттиққўл, гоҳида юмшоқфеьл одам эди.

Юқорида айтиб ўтганимдек, таниқли режиссёрлар билан ишлай бошладим. Улар билан саломлашиш, бирга ишлашнинг ўзи шараф эди. Баҳс-мунозаралар, қизғин суҳбатлари фақат видеофильмлар, телеспектакллар, кўрсатувлар ҳақида, камчилик ва ютуқлар ҳақида бўларди. Суҳбатларни аввалига узоқдан тинглаган бўлсам, кейинроқ уларнинг давраларига қўшилиш, кўплари билан бирга кўрсатувлар тайёрлаш менга ҳам насиб этди.

Бир куни катта мажлисда Ҳайбатилла акадан:

— Режиссёрларингиз қани? — деб сўрашди. Шунда Ҳайбатилла ака:

— Менда режиссёр йўқ! — деди қатъий оҳангда.

Раиснинг жаҳли чиқиб:

— Бу нима деганингиз, редакциянгизда қанча режиссёр бор-ку, бирортаси ҳам мажлисда йўқ! — деса, Ҳайбатилла ака: “Менда режиссёр йўқ, улар бари “буюк режиссёрлар”, деб жавоб берди. Кутилмаганда кулги кўтарилди, раис ҳам кулиб юборди. Шундан кейин ҳар гал раис Ҳайбатилла акани кўрганда: “Буюк режиссёрларингиз бугун ишдами?” — деб сўрайдиган бўлганди.

Ҳайбатилла Алиевнинг телевидениеда тайёрлаган кўрсатувлари, концертлари, телеспектаклларини санаб саноғига етишнинг иложи йўқ. Афсусланарли томони шундаки, уларнинг аксарияти “Олтин фонд”да сақланиб қолмаган. Устоз бир гапни кўп такрорларди.

Ҳайбатилла Алиевнинг телевидениеда “Телетеатр”нинг ташкил бўлиши ва ривожланишида хизматлари беқиёс. Айтишларича 1970-1980 йилларда ҳар душанба театр куни бўлган экан. Шу куни “Адабий драматик кўрсатувлар муҳарририяти”нинг ҳар бир режиссёри студияда ҳафта давомида бир телеспектаклни саҳналаштириб, душанба куни кечки дастурда тўғридан-тўғри эфирга берарди. “Телетомошабинлар ҳар ҳафта душанбани интизорлик билан кутишади, афсуски, кўп меҳнатларимиз ҳавога учиб кет­япти. Бу лентанинг етишмаслиги ишимизни “белига тепаяпти”, дерди Ҳ.Алиев.

Шунга қарамай, бугунги кунда Ўзбекистон Миллий телера­диокомпанияси архивида сақланган ва турли каналларда эфирга берилаётган спектаклларнинг 90 фоизини Ҳайбатилла Алиев экранга кўчирган…

Устоз бир куни:

— “Халқимизда бўрини оёғи боқади”, деган гап бор. Режиссёрни ҳам оёғи боқади. Режиссёр ташқи ва ички ҳаётдан хабардор бўлиши учун юрт кезиши керак, — деди.

Шунданми, ўзи ҳам муҳарририятда кам бўлар, вақт топди дегунча турли тадбирларга, кўргазмаларга, кўпроқ театрга ошиқарди. Спектаклларни ёзиб олгунга қадар эса камида беш-олти марта ўзи бориб кўрар, ҳар бир саҳнани деярли ёдлаб оларди. Бу ёзиб олишда қийинчилик туғдирмас, тасвирчиларга: “Ҳозир ўнг томондан чиқиб келади, ўртада турган бош қаҳрамонга эътибор беринг, йирик планда кўрсатамиз, кўзини, кўзини кўрсатинг”, деб кўрсатма берарди. Бу йирик планда дегани эди. “Томошабин актёрни юзини, кўзини кўриши керак”, деб уқтирарди.

Унинг аксарият нодир асарлар қаторида Нодар Думбадзенинг романи асосида ишланган “Абадият қонуни” ва Тоҳир Малик романи асосида яратилган “Сўнгги ўқ” кўп қисмли видеофильмлари телевидение олтин хазинаси бўлиб қолди.

Ҳайбатилла Алиев кўплаб шогирдлар тарбиялади. Улар билан суҳбатлашсангиз: “Бош режиссёр деса, кўз ўнгимизда Ҳайбатилла Алиев гавдаланади”, дейишади. Чунки устоз шогирдларига ҳар томонлама ибрат бўлган. У киши ҳар куни телевидениега кириб келаётганида қўлларида албатта уч-тўртта газета ва журнал бўларди. Хонасига кирганимизда ҳам ё газета, ё журнал ва ёки китоб ўқиб ўтирганини кўрардик. Баъзан, хориган пайтлари оромкурсида юзларида газета билан дам оларди.

Ҳайбатилла Алиевни ёдга олар эканман, бугунги кунда турли телеканалларда, хоҳ давлат, хоҳ хусусий каналлар бўлсин, уларда берилаётган ўта саёз, маънан яланғоч, тарбиявий аҳамияти йўқ кўрсатувлар, видеофильмлар, миллий сериалларни кўриб, бугун телерадиода Ҳ.Алиевдек зиёли, билимли режиссёрлар етишмаётганини сезиб қоламан…

Носир ЭРКАБОЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 5 =