Ҳар кунги мавзу, ҳар кунги муаммо
Гўдагини бағрига олиб унга кўкрак тутган аёл дунё келажагининг таянчи, дейиш мумкин. Зеро, ҳадиси шарифда айтилганидек, “Қариялар, далада ўтлаб юрган қўй-қўзи ва эмизикли аёллар” ҳаёт барқарорлиги, осойишталиги, бардавомлигининг сабабчиларидир.
Ўйласам, умримнинг она шаҳрим Марғилондаги қадрдон маҳаллада, қариндош-уруғ ёши катталар орасида ўтган давридан қолган энг эътиборли, чиройли хотиралардан бири бу – ҳомиладор аёлларга ва улар кўзи ёригандан кейин чақалоғини она сути билан тўйдириб ўстириши учун атрофидагиларнинг кўрсатган ғамхўрлиги билан боғлиқ: йилнинг қайси фасли бўлишидан қатъи назар, янги тумса (туққан) аёлни камида йигирма кун (кичик чилла) қўлини совуқ сувга урдирмай иссиқ овқатлар билан боқиларди, қўни-қўшнилар навбат билан чақалоқли аёлга атаб қилинган тансиқ таомларни чиқаришарди, бола кўп йиғлаб безовта бўлса, бунинг сабаби, аввало, она сути етишмаётганидан эмасмикин, деган саволдан изланиб, эмизикли аёлнинг осойишталиги, ейиш-ичишига яна ҳам кўпроқ эътибор қаратиларди, сути камдек туюлган аёлларнинг кўкрагига тандирдан янги узилган иссиқ нонни бойлаб қўйишар, бундан аёлнинг сути сезиларли даражада кўпайганини айтишарди – бу удумлар икки дунё ўртасида туриб мисоли ҳаётга янгидан келган аёл ҳамда ўзи учун энг бехатар жой бўлган она қорнидан синовлари кўп ёруғ дунёга келган мурғак жон соғлигини тиклаб, ўзига келиб олиши учун асрлар давомида синалган анъаналар эди.
Асримиз бошларида Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг мамлакатимиз туғуруқхоналари, аёллар маслаҳатхоналари фаолиятига жорий этилган “Бехатар оналик” дастури бўйича чақалоқ дунёга келиши билан она бағрига бериладиган, она унга кўкрак тутадиган бўлди. Момоларимиз, катта авлод оналаримиз учун оддий ҳолат бўлиб келган бу талаб-қоида ХХ аср собиқ иттифоқ тиббиёти жорий этган тартиблар (қаранг, чақалоқ бир неча кун давомида онасидан алоҳида сақланиб, бу пайтда аёлга ўз сутини соғиб ташлаш буюрилар, боласи эса неча хил аёллардан соғиб олинган аралаш сутлар билан боқиларди!) туфайли кўп жойларда, айниқса, марказий шаҳарларда йўқолиб кетганди.
— Она фарзандли бўлгач, 20 дақиқа ичида болани эмизиши керак, – дейди тиббиёт фанлари номзоди Нигора Раҳимова. – Ҳатто, жарроҳлик йўли билан туғилган болани ҳам бу неъматдан маҳрум қилиб бўлмайди, чунки туғуруқ жараёнида ютилган ҳомила сувларидан ошқозон тизимини ҳимоялаш зарур. Бир неча томчи оғиз сути боланинг қорнини тўйғизиш учун эмас, микробларни дезинфекциялаш, она организмидаги касалликларга қарши курашувчи антителалар билан болани эмлаш учун хизмат қилади. Бу эса гўдакни 6 ой давомида қизамиқ, кўкйўтал, сувчечак каби хавфли касалликлардан асрайди. Она сутидаги фойдали моддаларни биронта сунъий бўтқадан тополмайсиз.
Юртимиз туғуруқхоналарида чақалоқлар дунёга келиши билан она бағрига берилиб, она сутидан баҳраманд бўлиши қатъий жорий этилгандан уч-тўрт йил ўтиши билан аёллар оғиз сутидан баҳраманд бўлиб, дастлабки ярим-бир йилда фақат ўз онасининг сути билан катта бўлган болалари олдин туғилган (яъни, илгариги тартибларга кўра, ҳаётининг дастлабки бир неча кунида онаси ва ўз онасининг сутидан ажратиб қўйилган) ўғил-қизларига нисбатан соғлом ва бақувват катта бўлишаётганини эътироф эта бошладилар. Бунинг боиси – она сути илоҳий неъмат экани ва унинг мўъжизаларини замонавий фан тасдиқламоқда.
Мутахассис олимлар изланишлари хулосасига кўра, она сути — гўдак вужудидаги ҳар қандай танқисликни қондирувчи универсал таом. Гўдак лабини кўкракка теккизганда, она организми бола жисми эҳтиёжманд бўлган моддаларни аниқлаб, уни етказиб бераркан. Ҳатто, она организми чала туғилган, касалманд ёки оддий сувсаган мурғак учун индивидуал равишда турлича, уларнинг ўзига муносиб сут ишлаб чиқаради. Она сути таркиби ўсиб бораётган боланинг жисмида бўладиган физиологик ўзгаришлардан келиб чиқадиган янги талабларни қондиришга мослашиб ўзгариб бораркан.
Интернет хабарларига кўра, Америкада икки аёл бир вақтда кўзи ёриб, бири ўғил, иккинчиси қиз фарзанд кўришади. Ҳамшираларнинг эътиборсизлиги туфайли қайси чақалоқ қай бир аёлга тегишли эканини аниқлаш муаммо бўлиб қолади. Бу чалкашликлардан хабардор бўлган оналар (гарчи кўз ёриган вақтидаёқ боласи қиз ёки ўғил эканини эшитган бўлсалар-да)нинг иккаласи ҳам “Ўғил – меники” деб сўзларида туриб оладилар. Қарангки, ДНК таҳлилларида иккила тарафнинг ҳам кўрсаткичлари бир-бирига жуда яқин, ўхшаш чиққани боис, шифокорлар хулоса қилишга иккиланадилар. Муаммо ечимига жалб қилинган олий тоифадаги мутахассислар ҳам кўп ўйланишгач, бу масалада шайхдан маслаҳат сўрайдилар. “Иккала онанинг сути таркибини ўрганинглар, қай бирининг сути тўйимлироқ, таркиби бойроқ бўлса, у – ўғил чақалоқнинг онаси бўлади”, дейди шайх. Шифокорлар шундай қилишади. Текширилганда, ҳақиқатан ҳам, бир онанинг сути иккинчисига нисбатан анча суюқ, таркибида қувватли элементлар оз эди. Бу жараёнлардан хабардор бўлиб ётган оналардан бири қиз чақалоқ ўзиники эканини тан олади, у – сути нисбатан суюқ бўлган аёл эди. Шунда олий даражадаги шифокорлар шайхдан нимага асосланиб бундай маслаҳат берганини сўрайдилар.
“Қуръони каримнинг Нисо сураси 11-оятида аниқ айтилган, – жавоб беради шайх. – Яъни, “Аллоҳ фарзандларингизга (мерос тақсимида) бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида (беришни) буюради…” Бандаларига ўғил болалар улушини икки баробар миқдорида тақсимлашни буюрган Парвардигори оламнинг Ўзи уларнинг ризқу насибаси ҳиссасини ҳам баландроқ қилганини тушуниш мантиқан қийин эмас”.
Бу ҳақиқатга ўзимиз ҳам кўп гувоҳ бўлганмиз: ўғил болага ҳомиладор бўлган аёлларнинг аксарияти қувватли овқатлар егиси келади; қизалоққа нисбатан ўғил чақалоқлар тезроқ, кўпроқ эмишини оналар яхши билишади.
Энди… юқоридаги далиллар нуқтаи назаридан мулоҳаза қиладиган бўлсак, ой-куни етиб дунёга келган ёки чала туғилган, гулбаргдек нозик жисмида ўз онаси организмининг ўзига хосликлари билан боғлиқ равишда талабу эҳтиёжлари ўзига хос бўлган ҳар бири митти (ҳа, фақат митти, холос!) олам – ўғилу қиз чақалоқларнинг барчасига қутисида фалон ойликдан фалон ойликкача бўлган гўдаклар учун мазмунидаги ёзув бўлган сунъий овқатлар (болалар “каша”си)ни едиравериш — бепарволик, билимсизлик, лоқайдлик. Болага бемеҳрлик десам, кимларнингдир дили оғриши мумкин. Ахир, биз — катталар қай бир таом танамиз, руҳиятимизни енгилу қувватли қилишини, яна бошқаси эса аксинча эканини яхши биламиз-ку. Ҳар бири ота-онаси, аждодларининг ирсияти, жисмоний ўзига хосликларини мерос қилиб дунёга келадиган жудаям нозик болага меҳрибон Аллоҳ шифою қувват қилиб яратиб қўйган она сути бўла туриб, бандаси ўйлаб топган сунъий овқатни бериш яхшими?!
Ёз кунларидан бири қишлоқдаги қариндошимизнинг йиғинида онаси кўтариб келган етти-саккиз ойлик қизалоқнинг йиғиси ҳеч тинмади. Бола нотинч, асабий, оз-оз сув ичарди-да, яна ғингшиб бетоқат бўларди. Ҳеч нарсага кўнмаётган қизчанинг бошдан-оёқ жуда чиройли, аммо сунъий матолардан тикилган кийимчалари мени ўйлантириб қўйди. “Бирорта тинч хонага кириб, боланинг кийимларини ечиб ташлаб кўринг-чи”, дедим. Ўзиям роса толиққан жувон қизини кўтариб чиқиб кетди-да, бироздан кейин кулимсираб кириб келди: “Кийимларини ечиб ташлаб эмизгандим, ухлаб қолди”. Бу дунёда ҳамма нарса, ҳар воқеа-ҳодисада ибрат бор. Ўшанда тушундимки, ҳалиги қизалоқ иссиқ кунда нозик баданини тоза ҳаводан тўсиб турган, матодан кўра чиройли қафасга ўхшаган кийимларининг озоридан бетоқат, нотинч бўлган. Тўққиз ой ҳомилалик даврида онасининг қорнида малҳамдек озуқалардан қон орқали баҳраманд бўлиб ётган гўдак дунёга келгач, унинг нозикдан-да нозик, нафисдан-да нафис, ҳали тўла шаклланиб ҳам улгурмаган ошқозон-ичак тизимига етти ёт озуқанинг кириб бориши, назаримда, гўдакнинг эгнига кийдирилган сунъий матолардан анча оғирроқ озору азоб беради; бу ҳол жисмоний-руҳий ривожланишига таъсир этиши турган гап.
Замон, одамлар, шароит, имкониятлар тинмай янгиланиб, ўзгариб бормоқда. Лекин чақалоқ учун она сутидан ҳам муносиброқ, фойдалироқ, унинг ҳар жиҳатдан яхши улғайишига восита бўладиган неъмат йўқлиги қуёш нуру ҳарорат, сув ва ҳаво ҳаёт манбаи экани каби ўзгармас ҳақиқат бўлиб қолаверишини биламиз-у… Статистик маълумотларга кўра, юртимизда эмизиш ёшида бўлган фарзандли аёлларнинг деярли ярми боласини сунъий овқатлар билан боқишади. Сабаби: кимгадир сути камдек туюлгани учун дилбандини тўлиғича сунъий овқатлантиришга ўтказиб қўя қолади; яна ким ўқишидан ёки ишидан, вақтинча бўлса-да, ажралгиси келмайди; биров семириб (ёки озиб) кетмаслик учун; давралардан, фаол ҳаётдан четлашиб қолишни истамай, гўдагига истаган пайтида истаган одам шишачада бўтқа тутишини ташкил қилиб қўядиганлар кўпайиб боряпти.
Болани сунъий овқатлантиришга ўтганда, айримлар ўйлагандек, онанинг “елкасидан тоғ қуламайди”, – дейди неонатолог шифокор Дилфуза Маликова. – Аксинча, бўтқани керакли ҳароратда, турли шароитларда тайёрлаш ортиқча ишни кўпайтиради, холос. Бўтқа солинадиган идиш, сўрғич кўп ҳолларда инфекция ўчоғига айланишининг ёмон, хавфли оқибатларига тез-тез дуч келамиз. Яна шуни таъкидлагим келади, ёш оналар боласини сабр-тоқат, меҳр билан тўғри эмизишни билмаганидан ҳам сути камайиб кетади. Она сути аввал сув, кейин оқсил ва ёғ қисмидан иборат, учинчи “порция” энг фойдалисидир. Шошма-шошарлик билан эмизилганда, гўдак насибасининг айнан ана шу қисмидан бебаҳра қолади. Айрим болалар ўйинқароқ бўлади. Шуни назарда тутиб, она шошилмай, ҳар икки кўкрагини ҳам 20-30 дақиқадан эмизиши, оралиқда гўдакни кекиртириб, яна эмизишда давом этиши керак. Икки кўкракдан чала-чулпа эмган бола, табиийки, сутнинг фақат суюқ қисмини ичгани учун қорни ғулдирайди, ичи кетади.
Она сути фазилатлари, хосиятлари, афзалликларини қизларга, ёш оналарга ҳижжалаб тушунтириш, англатиш, ўрни келганда айни борадаги муаммоларни билим, қатъият билан тўғри ҳал этиш – ҳар кунимизнинг долзарб вазифаси. Зеро, энг покиза, бегарду беғубор нарсаларга нисбатан “она сутидек ҳалол” деган ибора ишлатилади.
Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими