Қойил, жаноб ШЕРМАТОВ!
Президентимиз ўтган йили Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда матбуот нашрларига эътибор таълим соҳасида кўнгилдагидай эмаслигини қайд этиб, айниқса, ўқитувчилар ўз устида ишлаши учун, албатта, газета-журналларнинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлаган эди. Хўш, бугун Халқ таълими вазирлиги ва унинг тизимларида мамлакатимиз раҳбарининг бу ҳақли таъкидига жавобан муносабат ўзгардими?
Маълумки, республикамизда 10 минг 90 та умумий ўрта таълим мактаби бор. Ушбу даргоҳларда 502 минг 42 нафар ўқитувчи 6 миллион 168 минг 198 нафар болага таълим-тарбия беришади. 500 мингдан ортиқ болалар эса бошланғич синфларда ўқийди.
Бугун давлат бюджетининг жуда катта қисми ушбу соҳага йўналтирилиб, ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам айни ҳақиқат. Лекин… минг афсуски, мамлакатимиздаги бошқа нуфузли газета-журналлар ўз йўлигаку-я, Халқ таълими вазирлигининг ўзи муассис бўлган нашрлар ададига қараб, бугун ҳам бу борада бирор ёруғ сўз дейишга ожизмиз.
Мана, эътибор қилинг 2021 йилда:
- “Маърифат” газетаси — 7 681 та.
- “Учитель Узбекистана” газетаси — 1 987 та.
- “Гулхан” журнали — 1 900 та.
- “Тонг юлдузи” газетаси — 2 013 та.
- “Ғунча” журнали — 3 000 та.
Юқоридаги газета-журналлар жами ададини ҳисоблаганда, ҳаммаси 16 581 та экан. Бундан англашиладики, ҳар 372 минг нафар болага, ҳар 30 минг ўқитувчига ёки ҳар 30 минг бошланғич синф ўқувчисига бор-йўғи 1 тадан нашр тўғри келади. Энг қизиқарли ўсмир-ёшлар журнали бўлган “Гулхан”нинг ҳатто ҳар 5 та мактабга 1 нусха ҳам бормаётганига нима дейиш мумкин? Демак, ўн минглаб ўқувчилар 11 йил давомида мактабда ўқиб, болалар нашрларини ҳатто кўрмай, қўлига олмай таълим ўчоқларини битириб кетяпти! Яна болаларимиз китоб ўқимаяпти деб, хафа бўлишимизга не ҳожат?
Нима ҳам дердик, халқимиз топиб айтган, аввал ранг кўр, кейин ҳол сўр, деб. Матбуотга бўлган “юксак эътибор ва меҳрингиз”га қойил, киройи вазир бўлса сиздек бўлади-да, жаноб Шерзод Шерматов!
Ҳикматулло ҚОДИРОВ