Таълимдаги “ваража”

Таълим миллатнинг жарга қуламаслиги учун тиргак бўлиб, уни устида кўтариб турадиган кўп­рик вазифасини ўтайди. Давлат устунларини тайёрлаб беради ва келгусида барча тизим бу кадрларга суянади. Лекин, бугунги таълимимизни биз ўйлаганчалик мустаҳкам тиргакка менг­зай оламизми?

Эсингизда бўлса, газетамизнинг шу йил 17 февралдаги №7 сонида “Қойил, жаноб Шерматов!” сарлавҳали мақола чоп этилган, унда вазирлик ўзи муассис бўлган болалар нашрларининг бугунги ачинарли аҳволи кўтарилганди. Обуна эмас, биринчи галда маънавият, фарзандларимизни мутолаага, маърифатга қайтариш ҳақида сўз кетганди. Афсуски, таҳририятимиз ҳанузгача мутасаддилардан   ушбу мақолага умуман жавоб олмади. Ҳеч қандай муносабат йўқ! Таълим тизими ва бугуну эртамиздан азбаройи хавотир олиб, вазирлик эшигини яна такроран қоқмоқдамиз. Бу гал ҳам муносабат билдириладими, йўқми — бизга қоронғи!

Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида келтирилишича, 2020 йилда халқ таълими тизимига жами 22,5 триллион сўм (2019 йилга нисбатан 99.3 фоиз) маблағ ажратилган. Бу пулдан, ўрганган кўнгил-да, 190 миллиард сўмдан зиёди талон-торож қилинибди. Қолган маблағлар эса умумтаълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, пандемия шароитида тизимни зарур жиҳоз ва ҳимоя воситалари билан таъминлаш, ўқитувчилар маошию бошқа кўзда тутилган харажатларни қоплаш учун сарфланибди. Нафақат 2020 йил, балки ҳар йили бу соҳанинг ривожига бюджетдан миллиардлаб маблағлар ажратилади аслида. Зеро, бу жадал ислоҳотларга ўқувчилар ҳам жим қараб тургани йўқ. Албатта, юртимизда яратилаётган имкониятларга “лаббай!” дея жавоб қайтараётган иқтидорли минг­лаб ёшлар топилади. Лекин…

Қарши шаҳридаги 1-сонли ўрта мактаб. Миллион-миллион маблағлар сарфланган таълим муассасаларидан бири. Хуллас, ижтимоий тармоқларда шу мактабнинг бир ўқувчиси синфда турган фаррош челагига пешоб қилиш орқали яратиб берилган шарт-шароитларга каттакон “раҳмат айтиб” чиқди. Бу шармандали “томоша”ни болалар, ҳатто қиз болаларнинг ҳиринглаган овозлари “безаб турибди”. Маълумотга аниқлик киритиш учун мактаб ўқитувчиси Бахтигул опа билан боғланганимизда, устоз:

— Мен ҳеч нарсани билмайман. Умуман, бу масалада мен билан боғланишга нима ҳаққингиз бор? У воқеа ҳеч қанақасига 1-мактабда бўлмаган. Видео лавҳадаги болани ҳам танимайман, мени қайтиб безов­та қилманг, — дея жаҳл қилди.

Майли, воқеа қайси мактабда бўлмасин, Ўзбекистон ҳудудида содир бўлди. Таги тешилган кеманинг бутун томонига ўтиб, мен томонга сув чиқмаяпти, бу масаланинг менга алоқаси йўқ дея кема чўкишини кузатиб туришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ! Челакка бовул қилаётган ўқувчи эса таълим тизимидаги талон-торожлик­ларнинг меваси, болаларга гапи ўтмайдиган, 4 йил каридорда “ўқиб”, дип­лом олган ўқитувчиларнинг бераётган “тарбия”си натижаси эмасми?! Бугунги ўқувчиларимиз шу даражага келиб қолдими?

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган бу видео лавҳада синф деворлари ва хонадаги жиҳозларнинг яқинда таъмирдан чиққани кўриниб турибди. Ёш болаларнинг қўлида телефон ушлаб, бемалол тасвирга олиб юрганидан эса воқеа анчагина замонавий мактабда бўлганига исботдир. Мактабларга маънавият ва маърифатни қайтариб, болаларда мутолаага муҳаббат уйғотишга амалий ишлар билан ҳаракат қилишнинг ҳали ҳам вақти келмади десангиз, юқоридаги видео остига изоҳ қолдирган биргина тармоқ фойдаланувчиси Анвар Холмуродов фикрига қулоқ тутинг:

— Шу мактаб(Қарши шаҳридаги 1-мактаб)га яқинда борган эдим. Катта танаффус вақти 8-9-синф қизлари телефонда беҳаё видеолар кўриб ўтирганига кўзим тушди. Ўқитувчисига айтишга ҳам уялиб, тилимни тишладим. Жуда бетарбия болалар кўп экан…

Сўнгги йилларда ўқитувчилар ўқувчиларни ҳатто чертишга ҳам қўрқиб қолишди. Ота-оналар фарзандининг тарафини олиб, мактабга ҳа деганда югуриб бораверди, эти сизга, суяги бизга нақли китобларда қолиб кетди. Хўш, тепадаги ҳолатда ҳам боланинг ота-онаси: “Бу менинг ўғлим, унинг нима гуноҳи бор?”, деб югуриб чиқсин, ўқитувчининг ёқасидан олиб, мактабда жанжал қилсин-чи! Ҳа, шундай бўлишиям мумкин!

Шу ерда яна бир оғриқли масала кўзга ташланади. Устоз меҳнати, таълим ва илмнинг қадрига етмаган кўпчилик ота-оналар ҳамкорликдан бўйин товлаб, фарзанди билан шуғулланишга тирикчилик ташвишларидан ортмаслиги, бўш вақти йўқлигини рўкач қилади. Ҳатто боласини кийинтириб, тўйдириб қўйганини иддао қилиб, “Таълим ва тарбия сизнинг — мактабнинг вазифаси”, демоқчи бўлади. Ота-онасининг муаллимига бундай муносабатини кўриб улғаяётган бола ўқитувчисини қандай ҳурмат қилсин?! Унинг ортидан қандай эргашади?

Бир пайтлар мактаб ва мадраса­ларни масжид сифатида эъзозлаган ота-боболаримиз. Унда ўтган ҳар бир сонияни муқаддас билишган. Бу даргоҳда бемалол атрофга пешоб сачратаётган одамсифат боладан эртага нима ҳам кутиш мумкин? Фақат сенга шундай “тарбия” берган ота-онангга “раҳмат!” дейсан, холос…

Давлатнинг келажаги ёшларнинг олган таълим-тарбиясига боғлиқ, дей­дилар. Аслида, ҳолат бу даражага келишига жамият, мактаб, ота-она, қўйингки, барчамиз айбдор: “Оналаримиз билим ва тарбия ўрниға эрлари ила урушуб-талашуб, қизлариға мол қилмакни яхши кўрурлар.

Оталаримиз болалариға ўқутмак ва таълим бермак ўрниға “Ўғлум, эмди каттакон йигит бўлдинг, шунча ўқуганинг етар, пул топ!” — деб юк “ташишка” — ҳаммоллик қилдиришни яхши кўрурлар…”

(Абдулла Авлоний)

Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳридаги 1-мактабнинг “қаҳрамон”ини бутун ўзбек мактабларидаги бемақсад, дарсга нима учун келаётганини билмайдиган ўқувчиларимизнинг прототип образидир дейиш мумкин. Ёшларнинг маънавиятдан узоқлашиши, китоб ўқимаслиги, ўн бир йил давомида қўлига газета-журнал ушламаслигининг натижаси ҳам бу! Мутасаддилар бу борадаги мақола ва мурожаатларга жавоб бермасдан, касални яшириб, кўрмаганга олса олар, аммо аксарият ўқувчиларнинг аллақачон “иситма”си чиқиб бўлган, таълимимиз истаса-истамаса ҳам шундай ўз-ўзини ошкор қилаверади…

Абдулазиз АҲМЕДОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 3 =