Пулсанар фонендоскоп ёхуд инсофи “қўшни маҳаллага” чиқиб кетган шифокорлар ҳақида
Шифокор деганда кўз олдингизга оқ халатдаги нажот фаришталари, соғлигимиз посбонлари келади. Тўғрими? Тўғри, малакали, тиниб-тинчимас, касбини юракдан севадиган саломатлик поспонлари кам эмас. Лекин баъзи қасамини сув қилиб ичиб, ютиб юборган гуручдаги курмаклар борки, улар ҳақида эшитганда, беихтиёр оқ рангнинг эзгулик рамзи эканига шубҳаланиб қоласан киши…
Айрим “шифокор”ларнинг бошидаги узун қалпоғи гўё пулинг қанча кўп бўлса, шунча тез тузаласан деётгандай. Бўйнидаги юрак уришини эшитувчи мослама саналаётган пуллар шитирини эшитишга шай, чўнтак ҳам кунига ўн-ўн беш қўл кириб чиқаверганидан оғзининг таноби қочган одамдай бир томонга қийшайиб қолган кўринади. Агар жонингиз ўзингизга ширин, соғлигингиз керак бўлса, ўша қийшайган оғизга қўл суқишингиз керак, бу зарур ва шарт!
Агар адолатсизлик деб жар солиб, ҳақиқат изламоқчи бўлсангиз, ана, эшик очиқ, бемалол чиқиб кетишингиз мумкин. Чунки бугун тиббиёт соҳасида, яъни ихтисослашган шифохоналар, туман тиббиёт бирлашмалари, оилавий поликлиникалар, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш марказлари, фармацевтика… қўйингчи, унинг барча тармоқларида таъмагирлик шу қадар урчиганки, агар осмондан адолат ёмғири ёғса ҳам, буни осонликча бартараф этолмайсиз…
Маълумотларга кўра, охирги икки йилнинг ўзида 581 нафар тиббиёт ходими турли жиноятларни содир этгани учун жавобгарликка тортилган, уларнинг 114 нафари айнан коррупцион ҳолатлар билан боғлиқ. Тиббиёт муассасаларини давлат ҳисобидан дори-дармон, тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлашда бюджет маблағларини самарасиз совуриш, ўзлаштириш ва суиистеъмол қилиш ҳолатлари кўплаб муаммоларни келтириб чиқаргани сир эмас.
Мисол учун, маълум бўлишича, “Ўзмедимпекс” давлат корхонаси мансабдор шахслари хориждан “ампитсилин”, “сефазолин”, “сефтриаксон” ва шу каби бошқа дориларни бир неча баробар қиммат нархда сотиб олиб, 9,3 миллион АҚШ доллари ва 4 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган. Ўйлаб кўринг-чи, бу маълумотлар маълум қилингани холос, биз хабар топмаганимиз қанча экан? Адолатни “қўшни маҳалла”га чиқариб юбориб, “ими-жими”да ҳал қилинган олди-бердилар-чи?
Оддий мисол: шифокор қабулига олдинроқ кириш учун ҳамширанинг чўнтагига бир қўл суқсангиз бас, кўз юмиб очгунча, 27-30 та навбатдан “сакраб”, доктор ҳузурида турган бўласиз. Бир гала қоғозларга кўмилган “халоскор”ингиз эса сизга бошини кўтариб ҳам қарамайди. Қўл кириб-чиқаверганидан “ҳолдан тойган” чўнтагингиздан атаганингизни оласиз-да, стол устига қўясиз. Қарабсизки, шифокорнинг ё қариндоши, ё яқин дўсти бўлиб турибсиз-да! Уйга келиб, ҳисоб-китоб қилсангиз, маошингизнинг ярмидан кўпи аппаратларга тушиш, “рози-ризолик” ва дори-дармонларга кетган бўлади…
Куюниб ўтирсам, ёнимга қўшним чиқиб қолди. Ўзи ҳақиқатан ҳам 1-гуруҳ ногирони бўлатуриб, шифокорга умрбод ногиронликни белгилаб берувчи бир парча қоғоз учун 1,5 миллион сўм берганини айтди. Нега пора берасиз, ахир барча ҳужжатларингиз жойида-ку десам: “Алоҳида анатомик нуқсонлар, яъни қўл-оёғи ампутация қилинганлар, болалигидан туғма ногиронлар, даун касаллигига чалинганлар ногиронликни олиш учун 4 ойдан 6 ойгача беҳуда даволаняпти, агар пул бермаганимда мен ҳам шунча вақт касалхонада бекордан-бекор ётишга мажбур бўлардим”, — дея ёзғириб қолди у.
Ё фалак! Ногиронликни белгилаш, ногиронлиги бўлган кишиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, тиббий-ижтимоий реабилитация қилишда ҳам шу даражада адолатсизлик бўладими-а?! Қўшнимнинг кейинги гаплари қулоғимга кирмади…
Булар денгиздан томчи, холос. Шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатишдаги таъмагирликлар, ҳомиладор аёлларни диспансер рўйхатига олиш учун талаб қилинадиган пуллар, ҳар ойда аслида текин бўлиши керак бўлган текширувлар, ҳатто туғуруқни операция билан ўтказиш эвазига ҳам пул талаб қилишади. Фарзанд дунёга келгач эса суюнчи пули машмашаси… Пул кетса кетсин, обрў кетмасин!
Ҳақсиз, ортиқча вақт сарфламаслик, ишимизни тезроқ битириш учун ўзимиз ҳам ҳар қандай чорани кўришга тайёрмиз. Миннатдорлик, суюнчи, қўл ҳаққи… дея ҳотамтойлик қилишни қойиллатамиз! Аслида, ўзимизда ҳам кўп гап бор…
Хуллас, бошингизни ўнгга бурсангиз коррупция, чапга бурсангиз таниш-билишчилик, осмонга қарасангиз, ўз айбингизни ўйлаб, виждонингиз азобланиши мумкин. Шунинг учун ерга қараб, коррупцияга қарши курашяпмиз, бу йил ўтган йилгига нисбатан қонунбузарликлар камайди деб ўзингизга ўзингиз тасалли бериб юраверасиз…
Менимча, қачонки тепакалларнинг сочи жингалак бўлиб, елкага тушса; сигирлар мажнунтол шохларига ин қурса; осмонга нарвон билан чиқилиб, туянинг думи ерга тегсагина, порахўрлик камайиб, унга қарши курашларимиз иш бериши мумкин…
Қўйсангчи, ошириб юбординг, инсофли, ўз касбига садоқатли шифокорлар ҳам бор, ҳамма ҳам сен айтгандай инсофсиз эмас, дейсизми? Ҳозир шифохонага кетяпман. Агар мендан кейинги бемор яна мендан олдин қабулга кириб кетмаса, қабулга киргач, чўнтагимга қўл суқмасам, доктор дорилар ёзилган рўйхатни бера туриб, “фақат фалон манзилдаги дорихонадан олинг” деган “топшириқ” бермаса… инсофли шифокорлар ҳақида ҳам, албатта, ёзаман!
Шаҳруза САТТОРОВА