Фазо маликаси билан ёнма-ён. Космонавт Валентина Терешкова билан учрашган ўзбек аёли

Аёл ҳақида сўзлаганда, доим кўз олдимизга Она тимсоли келади.

Афсуслар бўлсинки, меҳри ва иссиқ бағрининг тафтини эндигина англаётган пайтимда онам бу дунёни тарк этди. Шундагина онамнинг мен учун ягона суянчиқ, ҳамдард, сирдош, шижоат, ғурур ва шаънимнинг ҳимоячиси эканини англадим. Машъум айрилиқдан сўнг онамнинг қадр-қиммати, мен йўқотган бебаҳо бойлик эканини тушундим. Волидам дунёни тарк этганидан сўнг, ҳар бир она кўзимга ўтдек иссиқ кўринадиган ва “Қанийди, шу аёл онамга айланиб қолса эди”, дея бағрига отилгим, юзларини силагим келар эди.

Ҳаётда яшаб шуни билдимки, оналарнинг бегонаси бўлмас экан.   Сўзламоқчи бўлган воқеа ҳам ана шундай меҳрибахшида Мамлакат ая Комилова ҳақида.

Тасодифан учратиб, танишиб қолганим — Мамлакат аянинг кўриниши, жилмайиши,   ҳатто овозигача онамникига ўхшарди. Мамлакат ая Юнусобод туманида истиқомат қилар экан. У билан она-бола тутиндик. Яқинда тутинган онам 85 баҳорни қаршилади. Ўрта бўйли, юзидан нур балқиб турадиган, сочлари оппоқ, қадди бироз букилган Мамлакат аям дуогуй, суҳбати ёқимли, дунёқарашининг кенглиги билан атрофдагиларни бир пасда ўзига ром этиб олади. Ая бошидан ўтган, қалбида муҳрланган воқеаларни хўрсиниш ва фахр ила ҳикоя қилади:

— Ёшлик бебаҳо давр бўлар экан. Ўшанда ҳали ёш эдим, онам мени доим ёнларида олиб юрадиган зийраккина қизча эдим. 1966 йилда пойтахтда бўлган қаттиқ зилзиладан жабр кўриб, энди ўзимизга кела бошлаган пайтлар эди. Иқтисодий қийинчиликларга қарамасдан онам мени мактабга бердилар. Мактабни аъло баҳоларга тамомлагач, Низомий номли Тошкент давлат педагогика инс­титутининг мактабгача таълим йўналишига ўқишга кирдим. У вақтларда ёшларнинг аксарияти содда ва самимий, билим олишга иштиёқи жуда баланд эди. Мен ҳам тенгдош­ларим қаторида изландим,   ўқидим, рус тилини мукаммал ўргандим. Ҳаётимиз яхшиланиб бораверди.

Иқтидорим, изланувчанлигим туфайли халқ эътиборига тушдим. Санъатга ошуфталигим ва соҳада иқтидоримни намоён этганим учун 1957 йили ёшлар ансамбли билан Москвада бўлиб ўтган маданият декадасида иштирок этишга муваффақ бўлдим.

У ерда катта тадбирда нутқ сўзлаб, ол­қишларга сазовор бўлдим, бахтимни топдим. Ўша куни Москвада ўқийдиган ўзбекистонлик Асқар деган йигит декадада қатнашиб, мени ёқтириб қолган экан.

Тошкентга қайтгач, ундан совчилар келди, турмуш қурдик. Турмуш ўртоғим вақт ўтиб илмий ишини ёқлаб, номзодлик унвонини олди. Мен болалар боғчасида ишладим. Фар­зандларимиз туғилди. Уй юмушлари, давлат иши, келинлик вазифасини ўташ, фарзандлар тарбиясини баробар олиб боришга тўғри келди. Ҳатто бадиий китоблар ўқишга ҳам улгурардим.

Хизматларимизни эътиборга олган давлатимиз оиламизга янги уй ҳадя қилди. Фар­зандларимиз иқтидорлилиги туфайли Успенс­кий номли мусиқа мактабини тугаллашди. Партия аъзолигини олдим, болалар боғчасига мудира этиб тайинландим. Халқ таълими аълочиси мукофоти, собиқ иттифоқнинг “Меҳнатлари учун” медали билан тақдирландим.

Муҳими, ҳаётимдаги энг оламшумул воқеадан эса доимо фахрланаман. 1976 йил. Ўша пайтлар қизлар фазога учган космонавт Валентина Терешковага ҳавас қиларди. Уни кўриш бахти менинг хаёлимга ҳам келмаган. Не бахтки, Ўзбекистондан мен, Қозоғистон ва Россиядан биттадан аёл танлов асосида Мос­квага жўнатилдик.

Бу Оллоҳнинг мўъжизаси эдими, ҳамон анг­лолмайман. Бизга Валентина Терешкова бошчилигида Лаос Демократик Республикасидаги етим ва ночор болаларга гуманитар ёрдами олиб бориш топширилган эди.

Гўё тушга ўхшарди. Бизни Москвада Валентина Терешкова кутиб олди, чой устида суҳбатлашдик. Эртаси   куни самолётда аввал Ҳиндистонга, кейин   Бирмага, сўнгра Вьетнамга бориб, гуманитар ёрдамлари тарқатдик. Самолётдан чет давлатларга қўнар эканмиз, ҳар гал хорижликлар эгнимдаги миллий хонатлас кўйлагимга ҳайрат ва ҳавас билан қарашарди. Камалакнинг етти ранги товланаётган хонатласимиз ҳатто япониялик, хитойлик делегацияни ҳам бефарқ қолдирмади. Улар мени саволларга кўмиб ташлашди. Биз 9 кундан сўнг Москвага қайтдик. Мени совға-саломлар билан кузатишди. Юртга қайтгач газета, журналларга интервью бердим, телекўрсатувларга олишди.

Ҳа, чет мамлакатларни кезиб келган Мамлакат аянинг тўлқинланиб айтган сўзларидан Ватанга ва оилага муҳаббат,   баҳолаб бўлмас ёрқин ҳис-туйғулар юз-кўзларида уфуриб турарди.

– Турмушимдан мамнунман, — дейди сўзи якунида ая, — зиёлилар оиласи сифатида бугунги кунда қизларимнинг бири профессор, бири касбимни эгаллади. Ўғилларимнинг бири мусиқа мактаби раҳбари, бири техника фанлари номзоди. Набираларим эса издош­ларим. Бири талаба, бири олийгоҳни тугаллаб, давлат корхонасида Ватан равнақи учун хизмат қилмоқда. Шукронам эса чексиз.

Ҳаёти мобайнида илм олиш, изланиш, ёш авлодни тарбиялаш йўлида умр кечириб келаётган 85 ёшли онахон ҳалиям китоб ўқишни   яхши кўради. Мамлакат ая яқинда шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг “Хамса” асарини иккинчи марта   ўқиб тугатди. Бу эса таҳсинга лойиқ. Қанийди, ҳаммамизнинг китобхон бувиларимиз бўлса…

Анора Абдуллакова

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 5 =