Миллий ғоя — тараққиётнинг куч-қудрати

Таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илмфан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим.

Ушбу мақсад йўлида ёшларимиз ўз олдига катта марраларни қўйиб, уларга эришишлари учун кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак беришбарчамиз учун енг устувор вазифа бўлиши зарур. Шундагина фарзандларимиз халқимизнинг асрий орзуумидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли кучга айланади.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёевнинг

Олий Мажлисга Мурожаатномасидан.

 

Инсон ва жамият, шахс ва миллат ғояси, қарашлари ҳамма вақт макон ва замонда бирдай бўлмаслиги мумкин. Аммо шундай омил борки, ҳар қандай тирик зот, хоҳ алоҳида, хоҳ биргаликда бўлсин ўз ғоясига эришиш учун албатта талпинади, интилади, хоҳлайди ва уни сақлаб қолиш йўлида ҳаракат қилади, курашади, бу борада матонат ва шижоат, мардлик ва метиндек ирода мўъжизаларини намоён қилади ҳам. Айни пайтда уни ривожлантириб туриши билан яшовчанлик хусусиятига эга бўлади.

 

Миллий ғоядан фойдаланиш ва уни тарғиб этишнинг яна бир муҳим жиҳати таълим-тарбиянинг узвий бирликда олиб борилишидир. Яқинда муҳтарам Президентимиз бу жараёнларда илғор технологиялардан фойдаланиш, фан ва техника ютуқларини қўллаш, одоб-ахлоққа оид машғулотлар тизимини яратиш ҳамда таълим муассасаларида мавжуд бўлган “Одобнома”, “Ватан туйғуси”, “Маънавият асослари”, “Миллий ғоя” “Динлар тарихи” сингари предметларни бирлаштириб, “Тарбия” фанини ташкил этишни тавсия қилди. Маълумки, ҳар қандай мустақил давлат мус­таҳкам маънавий пойдеворга эга бўлгандагина юксак тараққиётга эриша олади. Шу мақсадда Миллий ғоя концепцияси ўзига хос бугунги тезкор барча соҳалар ва жабҳаларнинг талаб даражасида ривож­ланишини таъминлашда стратегик дастурга айланиши айни муддаодир.

Миллий тараққиёт моҳияти

миллий ғоя демакдир

Миллий ғоя тараққиётида асрлар мобайнида дунёқараш ва тушунчалар, турмуш тарзи ва анъаналар ҳамда миллатнинг шаклланиш жараёнлари, босқичлари, хусусан, эволюцияси инобатга олинмоғи зарур. Ривожланиш босқичлари эса инсон тафаккури динамикасини ўзида мужассам этди. Бу икки унсур жамиятнинг янгиланиш жараёнида ўзаро боғлиқ, уйғун ҳолда вужудга келади. Акс ҳолда ғоя заминдан узилган, ҳаёт ҳақиқатини ўзида ифода этолмаган “муаллақ” ҳолда қолаверади.

Миллий ғоя ҳеч қачон мантиқан тарқоқ ва узук-юлуқ бўлмаслиги лозим. У жамият тараққиётини тўлалигича қамраб олган узлуксиз, тадрижий, ўзини ўзи тўлдириб борадиган, доимий изчил ҳаракатдаги тизимга айланииши даркор эди. Жамият янгиланаётган, онгимиз ва тафаккуримиз ўзгараётган бир пайтда миллий тараққиёт омили бўлиб хизмат қилиши учун эски мафкуравий андазалардан воз кечиб, янги ижтимоий жараёнларнинг бутун моҳиятини ифодалаб берадиган янги ғоявий мафкурани вужудга келтирдик. У бутунлай янги Ўзбекистон даврининг, тикланган руҳият ҳамда уйғонаётган инсон ҳиссиёти ва янгича тафаккурнинг маҳсули сифатида дунёга кела бошлади. Миллий ғоямиз ана шундай олий қадриятга айланаётган ҳодисадир. У янгича тарихий шароитда янги давр руҳини ўзида ифода этган ғоявий куч-қудратдир. Фақат ана шу ғоягина олам ҳақидаги тушунчаларимиз, одам ва олам ўртасидаги муносабатлар, шахс маънавий камолоти ва жамият тараққиётининг муҳим омили бўлиб равнақ топ­моқда.

Миллий ҳуқуқий ғоя ва ҳуқуқий онг ҳамда анъаналар, урф-­одатлар турмуш тарзи асосида шаклланади. Одамлар умумқадриятлар даражасига кўтарилган миллий манфаат атрофида онгли равишда ҳамда ақл-идрок ғояси ила жипслашадилар. Натижада ушбу интилишлар мажмуи миллий ғоя орқали миллион-миллион кишиларни ўз ортидан эргаштиради. Айниқса, муҳтарам Президентимиз таъкидига кўра: “Замон шиддит билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғоя, инновацияга таянган давлат ютади”.

Даврлар ўтаверади, замонлар ўзгараверади. Бироқ халқона дунё­қараш, миллатнинг маънавий-руҳий қиёфаси, моҳият ва мазмуни авлоддан-авлодга ўтиб, янги бўёқлар, янги мўъжизалар касб этган ҳолда давом этаверади. Бу боқий ва узлуксиз жараён миллат феномени сифатида фуқаро ҳис-туйғулари, ақидалари ва муносабатлари ҳамда илоҳий-руҳий оламини ўзида ифода этади. Таниқли ёзувчи, сиёсий жамоат арбоби Хайриддин Султонов ўзининг “Халқ сўзи” газетасининг 1999 йил 20 февралда эълон қилинган “Ўз йўлимиз, ўз эътиқодимизга собитмиз” деган сиёсий публицистик мақоласида: “Эркинлик йўлини танлаган фарзандлари ва она-Ватани истиқболини ўйлаб яшайдиган халқ ҳеч қачон ортга қайтмайди. Бунга башарият тарихидаги асрий тажрибалар, дунёнинг турли қитъалари ва мамлакатларидаги озодлик ҳаракатлари, эрксевар халқларнинг оғир, ҳатто деярли имконсиз шароитларда ҳам ўз тақдири ва келажаги учун олиб бораётган машаққатли курашлари ёрқин мисол бўла олади. Бизнинг иймонимиз, иродамиз бақувват, ниятларимиз пок ва аниқ. Ана шу эзгу мақсадлар муштараклиги Ўзбекистондаги барча фуқароларни ягона халқ сифатида бирлаштириб турибди”.

Натижада ўзбек халқининг умумий мақсадлари ва манфаатларини амалга ошириш йўлида бирлашиб яшаши ҳамда бирлашиб курашишига имкон яратилди. Ана шундай пайтда бошқа ҳар қандай бегона ва ёт ғоялар йўли тўсилади. Одамлар жаҳолат ва ғанимлик, ғоявий-мафкуравий тазйиқлар ва турли жоҳилий даъватларга ишонмай қўядилар. Турли ғоявий хуружлар авж олаётган, бизнинг энг муқаддас ғоя ва мақсадларимизга таҳдид солаётган бир пайтда фожиалар содир бўлмасидан барвақт олдини олишнинг энг тўғри ва ягона йўли ҳам бегона ва сохта ғояларга қарши кенг ижтимоий маконда ғоявий иммунитетни кучайтиришдир.

Қадриятлар жилоси

Миллий қадриятлар авлодларнинг маънавий-ахлоқий, ғоявий сифатларини шакллантириш, яъни интизомлилик, иродалилик, ўз олдига қўйган улкан мақсадга интилиш, фарзандларни одоб-ахлоқ қоидалари ва тартиблари билан яқиндан таништириб бориш, яхшини ёмондан, оқни қорадан ажратиб олиш, ҳаётни севишга ўргатиш, умуман, комил авлодни тарбиялаш ҳозирги куннинг асосий талабларидан бўлиб ҳисобланади. Миллий ва умуминсоний қадриятлар миллий ғоямизнинг асосий тамо­йилларидан биридир. Авлодларимизни ижтимоий ҳаётдаги янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнига кенг жалб этиш, замон тараққиётидан ортда қолмаслигига эришиш, демак жаҳон таж­рибаси ҳамда умумқадриятлар моҳиятини чуқур ўрганишни тақозо этади. Бу эса одамларнинг нурли келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг сиёсий, интеллектуал онги ва маданиятини ўстириш, тараққиёт йўлини тўғри англашда ғоявий-мафкуравий йўналиш бўлиб хизмат қилади.

Ўзбек феълининг афзалликларини ташвиқ қилиш, халқимиз маданиятининг бебаҳо ва бетакрор эканини англаш ҳамда жамоавийлик жамиятимизнинг муҳим хусусияти эканлиги, ижтимоий бирдамлик тараққиётимизнинг манбаи бўлиб хизмат қилишига алоҳида эътибор берилади. Шунингдек, бу жараёнда тараққиётга баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўша оладиган етук шахсни, яъни унинг имижини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Чунки, шахс тафаккури ва маданиятини ўстирмасдан, унинг маънавий дунёсини бойитмасдан туриб ижтимоий ва иқтисодий ҳамда маданий жабҳалардаги вазифаларни бажариш – муҳими миллий ғояга садоқат руҳида тарбиялаш мумкин эмас!

Ғоя — муҳим омил

Сиёсий ғоялар орқали дунёни идрок этишга нисбатан турлича қарашлар сифатида тадқиқ этиш долзарб вазифалардан ҳисобланади. Шу боис ҳаммамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти учун, яъни сиёсий партияларнинг ўзаро ғоявий-мафкуравий плюрализмини таърифлаш айни муддаодир. Демак, “Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади”, деган Президентимиз ғояларига амал қилиш давр талаби бўлиб қолади.

Сиёсий ғоя қуйидаги асосий тузилмавий унсурлар: 1) даврнинг умумий дунёқараши тизими билан алоқадорлик; 2) мавжуд тизимнинг у ёки бу ҳолати асосида шаклланган дастурий йўл-йўриқлар; 3) дастурий мақсадларни амалга ошириш стратегияси; 4) тарғибот ва ташвиқот; 5)дастурни амалга оширишга доир аниқ ўзгартишлар ёки ҳаракатлардан иборат бўлади. Яъни, сиёсий ғоя ўз соҳибининг (миллат, сиёсий партия, ижтимоий қатлам ёки гуруҳнинг) ижтимоий барқарорлигини мафкуравий жиҳатдан таъминлаш вазифасини бажаради. Шунингдек, у ўз ижодкори бўлган ижтимоий гуруҳ ёки миллатнинг нураши ёки инқирозга юз тутишига тўсқинлик қилиб, унинг яшовчанлигини таъминлаб туради. Шу жиҳатдан у ўз соҳибини сақлаш воситаси ҳамдир. Ғоясиз ҳар қандай жамият ёки давлат таназзулга юз тутиши турган гап! Асосий ижтимоий қадриятлар тўғрисидаги тасаввурларни ғоявий мафкура ҳосил қилади.

Умуман олганда, сиёсий партиялар ўзининг маълум сиёсий ғоявий мафкурасига эга бўлиб, унинг қайси ижтимоий қатлам манфаатларини ифода этиши билан боғлиқ ҳолда кечади. Чунки, ҳар бир ижтимоий қатлам жамиятда тутган ўрни, мақсад ва манфаатларидан келиб чиқиб, ўзига хос сиёсий ғаяни шакллантиради ва унда ифодалаган мақсадларни амалга оширишга интилади. Шу жиҳатлар нуқтаи назаридан Ўзбекистондаги сиёсий партиялар фаолияти таҳлил этилганда, уларнинг сиёсий мафкуралари ўртасидаги кескин фарқланишларни кузатиш мумкин. Бу борада давлатимиз раҳбари ҳақли равишда қайд қилди: “Шунинг учун ҳам сиёсий партиялар ўз дастурий мақсад ва вазифаларини, мафкуравий соҳадаги ишларини қайта кўриб чиқиб, уларга зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиши, бунда жахон тажрибасини ўрганиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш фойдадан холи бўлмайди”.

Маълумки, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўз мафкурасини либерализм ғоялари эканлигини эълон қилди. Мамлакат “Адолат” социал-демократик партиясининг мафкураси эса социал-демократия мафкураси ҳисобланади. “Миллий такланиш” демократик пар­тияси ўзининг миллийлик ва миллий тикланиш ҳамда юксалиш мафкурасига асосланишини таъкидламоқда. Халқ демократик партияси эса социал-демократияни ўзининг мафкураси эканлигини эълон қилди. Ўзбекистон экологик партияси экологик барқарорликка эришиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни асосий мафкура сифатида фаолият кўрсатади.

Ўзбекистонда сиёсий партияларнинг ғоя­вий мафкураларидаги ўзаро муҳолифат жиҳатлари тадрижий йўл билан шакллана бошланди. Собиқ Иттифоқ даврида муҳолифатнинг йўқлиги сабаб яккаҳоким партия тизимидан қутулиш осон кечмади, албатта. Ва ниҳоят сиёсий партиялар ўртасида ўзаро ихтилофий муносабатлар шаклланди. Бунга сиёсий пар­тиялар ғоявий мафкураларининг хилма-хиллиги, уларнинг таянч ижтимоий қатламлари ўртасидаги ўзаро фарқланишлар сабаб бўлди. Ҳозирги пайтда парламент ва маҳаллий вакиллик органларидаги сайловларда депутатлик ўринлари учун партиялараро курашлар ҳам муҳолифатликнинг ривожланишига туртки бўлади. Бу эса жамиятда партиявий плюрализмнинг ривожланиши учун шарт-шароитлар яратади.

* * *

Ҳозирги замонда янги технологияларнинг тобора такомиллашиб бораётганлиги ва ундан турли соғлом ва носоғлом мақсадларда фойдаланишга уринишлар давом этаётганлиги кузатилмоқда. Янгиланаётган Ўзбекис­тонда миллий ғоя ва маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлигини ошириш йўлида илғор технологияларга таяниб иш кўриш лозимлиги яққол сезилаётир. Бунда миллий ғоя­­ни тарғиб этишда турли жамоалар билан алоқалар, уларнинг шакллари муҳим ўринга эга бўлиб, ҳар бири ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Бизнингча, қуйидаги хусусиятларни ҳисобга олиш миллий ғоянинг тарғиботига ижобий таъсир кўрсатади: жамоанинг фаолият соҳаси, жамоанинг социал-демографик ҳолати, миллий таркиби, жамоадаги маънавий муҳим, жамоанинг ижтимоий ҳаётда эришган ютуқлари ва муаммолари, жамоа қадрлайдиган муҳим ғоялар ва мақсадлар назарда тутилади.

Юқоридаги кўринишлар бўйича муайян билим ва маълумотларга эга бўлиш миллий ғоя тарғиботини ташкил этишга услубий ҳамда амалий ёрдам беради. Миллий ғоя тарғиботидан кўзланган мақсаднинг аниқ, ишончли ва таъсирчан, ҳаётий чиқиши ҳамда самарадорлигининг ошишига ижобий таъсирини ўтказади. Аксинча муносабатда эса кутилган натижага эришиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатиниг туб моҳиятини халққа тушунтириш, уларнинг бу сиёсатни қўллаб-қувватлашларига эришишда фойдаланиладиган технологиялардан бири жамоатчилик билан алоқалар шаклидир.

Жамоатчилик билан алоқалар инсонларнинг фикрларига, кайфиятига, ҳиссиётига ва охир-оқибат хатти-ҳаракатларига кучли таъсир кўрсатувчи ишонч ва истаклар стратегиясидир.

Зеро, миллий ғоя чуқур эътиқодга айланган тақдирда, у улкан куч ва қудратга эга бўлиши, миллат ва халқ тақдирини ижобий белгилаши мумкин. Бунинг учун эса халқда мафкурадан ўрин олган ғояларга нисбатан юксак ва енгилмас ишонч руҳи яшаши керак.

Карим НОРМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + twenty =