Коррупциянинг чигал илдизи

Ўтган 2020 йил давомида юртимизда коррупция билан боғлиқ жами 2 минг 270 нафар шахсга нисбатан 1 минг 502 та жиноят иши кўриб чиқилган. 122 нафар шахс давлат органлари ходимлари бўлатуриб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилган…

Коррупция бугунги куннинг тараққиётга тўсиқ бўлувчи энг жиддий глобал муаммоларидан бирига айланиб бўлди. Унинг турли шакллари ва юзага келиш сабаблари мавжуд. Рақобат муҳитига таъсир қилувчи имтиёзларни бериш ҳам мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қонунчиликдаги камчиликлардан фойдаланиш, бюрократия, лоббизм, манфаатдорлик каби шакллари билан бирга коррупцияга олиб келувчи омиллар қаторига кириб улгурди.

Жумладан, айрим субъектларгагина турли кўринишдаги индивидуал солиқ ва божхона им­тиёзлари, субсидия ва преференциялар бериш ҳамда имтиёзли кредитлар ажратиш амалиёти рақобат муҳитини яхшилаш, бизнес юритишнинг тенг имкониятларини яратиш борасидаги ислоҳотларга ўзининг салбий таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан бу соҳада мунтазам равишда таҳлил ва ўрганишлар амалга оширилмоқда.

Соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар экспертлар томонидан текширувдан ўтказилганда, бугунги кунгача турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан 25 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектларга манзилли солиқ ва божхона имтиёзи ҳамда преференциялар тақдим этилгани маълум бўлди. Аниқланишича, уларнинг сони бозордаги хўжалик юритувчи субъектлар умумий сонининг 8 фоизини ташкил этади.

Бундан ташқари, судлар томонидан 2020 йил давомида коррупция билан боғлиқ жами 2 минг 270 нафар шахсга нисбатан 1 минг 502 та жиноят иши кўриб чиқилган. Ушбу жиноят ишлари Ўзбекис­тон Республикаси Жиноят Кодексининг 205-(ҳокимият ёки давлат ваколатини суиистеъмол қилиш), 214-(давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки моддий манфаатдор бўлиши) ва 243-(жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддаларига асосан қўзғатилган. Улар таҳлил этилганда, 598 нафар шахс соҳада бюрократик тўсиқларнинг мавжудлиги (фаолиятнинг ўзи коррупцияга йўл очиб берганлиги) сабабли коррупциявий жиноятга қўл ургани маълум бўлди.

Шунингдек, 122 нафар шахс давлат органлари ходимлари бўла туриб, хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган шахсий манфаатдорликка йўл қўйган; мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, тендер савдоларини ташкил этиш, ер майдонларини ажратиш ёки бошқа турдаги хизматлар кўрсатилишида шаффофликни таъминламаган ҳамда мазкур масалаларда ўзига олдиндан таниш бўлган хўжалик юритувчи субъектларга ён босган.

Бугун ривожланган давлатлар тажрибаси ҳам шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, бу орқали ҳалол рақобат муҳитини шакллантириб, аҳолига сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулот ва хизматларни тақдим этиш тараққиётнинг муҳим омилларидан ҳисобланади.

Шу сабабли, Юртбошимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги парламентга Мурожаатномасида бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш ва ҳалол-пок тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “яширин иқтисодиёт”ни қисқартиришга қаратилган механизмларнинг жорий этилиши устувор вазифа сифатида қайд этилган эди. Ўз навбатида, мазкур вазифа Давлат дастурининг бир неча бандида ҳам белгиланган. Хусусан, дастурнинг 84-бандида “Тадбиркорлик кодекси” лойиҳасини ишлаб чиқиш, унда тадбиркорлик субъектлари учун рақобат муҳитини яхшилаш ва давлатнинг айрим функцияларини хусусий секторга ўтказиш тартиби акс эттирилиши кераклиги таъкидланган.

Бу борада мамлакатимизда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган 4 йил мобайнида юртимизда ҳалол рақобат муҳитини шакллантириш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилди.

Авваламбор, Президентимизнинг 2017 йил 8 сентябрдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар концепцияси”да хусусий секторда самарали фаолият кўрсатаётган соҳаларда давлат иштирокидаги тижорат ташкилотларини тузишга чеклов чораларини белгилаш ва амалдаги корхоналарни қайта ташкил этиш, шунингдек, соғлом рақобат муҳитининг ривожланишини чеклаётган алоҳида хўжалик юритувчи субъектларга эксклюзив ҳуқуқлар, индивидуал имтиёзлар ҳамда преференциялар бериш амалиётидан воз кечиш кўрсатиб ўтилганини таъкидлашимиз лозим.

Иккинчидан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 31 майдаги “Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан умуман тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун берилиши; вақтинчалик имтиёзлар Ўзбекис­тон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилиши; индивидуал имтиёзлар, алоҳида ҳолларда, хусусий сектор инвестиция киритишдан манфаатдор бўлмаган тармоқларда ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун, аниқ ижтимоий ёки иқтисодий асослар мавжуд бўлганда ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан берилиши кўрсатиб ўтилди.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2019 йилнинг 1 октябрдан асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хомашёси ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи)дан озод қилинмайдиган бўлди. Натижада, ҳаммага бир хил шароит яратиш учун импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари мажбурий тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиши тартиби киритилиб, имтиёз бекор қилинди. Бунга қадар, маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ҚҚС тўловчиси бўлса-да, импорт қилган тадбиркорлик субъектлари тўловлардан озод бўлган.

Тўртинчидан, 2020 йил 19 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алоҳида солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш тўғрисида”ги Фармони билан бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда қўшилган қиймат солиғи билан боғлиқ солиқ ва божхона имтиёзлари бекор қилинди. Жумладан, мазкур Фармонга асосан, экспортёр корхоналарга экспорт улушига мутаносиб равишда берилган регрессив солиқ ставкалари бекор қилинди.

Бешинчидан, Президентимизнинг 2020 йил 21 августдаги “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар учун товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилишнинг алоҳида тартиблари бекор қилинди.

Шунингдек, Янги таҳрирдаги “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун ва “Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори билан энг яхши таклифларни танлаш ва тендерда харид қилиш тартиб-таомилларини мажбурий тартибда электрон шаклда ўтказиш тўғрисидаги талаб киритилди. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қонунга мос бўлмаган топшириқлари, шу жумладан қонунда кўзда тутилмаган, ягона етказиб берувчидан тўғридан-тўғри харид қилиш имконини кўзда тутувчи баённомалар шаклидаги топшириқларни киритиш амалиёти қатъиян таъқиқланди.

Давлат харидлари бўйича ягона ахборот портали ҳисобланган “d.xarid.uz”да зарурий маълумотлар очиқланди.

Мазкур ислоҳотларнинг давоми сифатида давлат активларини сотиб олиш жараёнида ҳалол ва ҳаққоний рақобатни шакллантириш йўлида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Буларнинг энг асосийси сифатида давлат активларини оммавий савдолар орқали сотилиши йўлга қўйилганлигини кўрсатиш мумкин.

Юқорида қайд этилган қулайликлар, бюрократик ва коррупцион тўсиқларнинг олиб ташлангани натижасида мамлакатимизда кўплаб ишбилармонлар давлат активларини сотиб олиш орқали ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқдалар ёки тадбиркорлик фаолиятларини янада кенгайтирмоқдалар. Бу эса ўз навбатида, аҳоли фаровонлиги, мамлакат тараққиётига хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, коррупциянинг мансаб ёки ваколатни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ шаклларининг ривожланмаслигига, мамлакатимизда барча тадбиркорлик соҳаларида соғлом рақобатни таъминлаш борасида етарлича қонуний асослар яратилди. Бу тартибларнинг тўлақонли амалиётга кўчиши коррупция ва соғлом рақобатга таъсир қилаётган бошқа омилларнинг сезиларли бартараф бўлишига олиб келади.

Акмал БУРХАНОВ,

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

директори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four − 1 =