Публицистни ҳаётнинг ўзи ўқитади ёки 2020 йилда чоп этилган айрим публицистик китоблар ҳақида
Бугун қайси даврада бўлмасин, сўз аввали ўтган бир йил мобайнида дунё ҳамжамиятини жиддий таҳликага солган ва ҳамон юракларни зирқиратиб турган COVID-19 пандемияси, бу машъум касаллик келтириб чиқарган оқибатлар, аҳли жаҳоннинг мана шу ўтган вақт мобайнида карантинда ва ундан кейин чиқарган сабоқлари ҳақида бўлмоқда. Албатта бу табиий. Чунки, мана бир йилдан ошдики, бутун дунё, шу жумладан, мамлакатимиз аҳолиси ҳам ана шу пандемия шароитида кун кечирмоқда. Юзларимиздаги ниқоблар ҳали олинганича йўқ. Оралиқ масофалар сақланмоқда. Гарчи, бугунга келиб пандемиянинг шашти, Оллоҳга шукур, бирмунча қайтди. Бу ҳам, аввало, Худои таолонинг беқиёс марҳамати бўлса, қолаверса, мамлакат Президентидан тортиб, оддий деҳқонгача бутун халқнинг саъй-ҳаракати, сабр-тоқати, шижоатли меҳнати натижасидир.
Пандемия шароитида касалликка қарши бевосита курашган соғлиқни сақлаш тизими, ички ишлар, хавфсизлик ва бошқа кўплаб соҳа ходимлари қаторида журналистлар, ёзувчилар, ОАВ билан боғлиқ барча ижодий ва техник ходимларнинг ҳам меҳнатларини таъкидлаш керак. Касалликка оид дунё ва мамлакатда кечаётган воқеа-ҳодисалар, талафотлар, кўргуликлар қаторида кўнгилларга таскин берувчи хабарлар, янгиликларни ижтимоий тармоқлар, газета-журналлар, радио-телевидение орқали айнан ана шу соҳа кишилари халққа етказиб турди. Демак, улар худди COVID-19 га чалинган бемор билан бевосита мулоқотга киришган шифокор каби касалхоналарда, даволаш ва касалликни аниқлаш марказларида бўлиб мавзуни ёритдилар. 2020 йилда чоп этилган газета-журналларни варақларкансиз, шу йили нашрдан чиққан китобларни ўқиркансиз бунга гувоҳ бўласиз.
2020 йилда чоп этилган публицистика жанрига оид китоблар ҳақида мақола тайёрлашни ўйлаб, шаҳардаги китоб дўконларига бордим. Тўғрисини айтсам, турли жанрларда, турли мавзулардаги китобларни кўриб кўзим қамашиб, ақлим шошиб қолди. Қани энди бу китоблар бундан қирқ-эллик йил аввал, одамлар китобга ташна замонларда чоп этилган бўлсами… Рус классикасидан тортиб, ўзбек мумтоз адабиёти ва замонавий шоир ва ёзувчиларининг манаман деган асарлари китоб дўконларининг пештахталаридан муносиб жой олган. Аммо… Агар китобларнинг ранго-ранглигидан қамашган кўзларим алдамаган, қаршимдан чиқиб: “мен ёзарманман” деган номларнинг кўплигидан шошиб қолган ақлим адашмаган бўлса публицистика жанрига оид 2020 йилда чоп этилган китобларни топа олмадим. Илоҳим кўзларим алдаган, ақлим адашган бўлсин дея, Ёзувчилар уюшмасига келиб публицистика кенгашининг раиси Аҳмаджон Мелибоевга мурожаат қилдим. Йўқ, ҳартугул бу ерда бир нечта китоб бор экан. Уларнинг айримларини ўзим ҳам ўқиган эдим. Бу китоблар ҳақида кейинроқ сўз юритамиз. Ҳозир эса яна дўконларда том маънодаги публицистик асарларнинг камёблиги ҳақида. Публицистика қандай жанр ўзи? Ёзувчиликка ҳеч қаерда ўқитмайди. Аммо аксарият ёзувчилар газета-журналларда ишлаб, журналистиканинг қаттиқ нонини еб ёзувчи бўлишгани бор гап. Демак, улар дастлаб публицистика билан шуғулланишган. Зотан публицистика содда қилиб айтганда, ижтимоий-сиёсий мавзуларда ёзилган мақола, очерк, яна памфлет ҳам публицистик асарлар сирасига киради. Кейинги даврларда публицистик эсселар адабиётда кенг ўрин эгалламоқда. Мазкур жанр матннинг узун ёки қисқалигига қараб эмас, унда кўтарилган мавзунинг долзарблиги ва ифоданинг, талқиннинг ўқувчига нечоғли ўқишли қилиб етказа олиши билан оддий мақоладан ажралиб туради.
Қизиқ бир ҳолат. Кўпгина таниқли публицистлар адабиёт институтини ҳам, журналистика факультетини ҳам ўқимаган. Масалан таниқли совет публицисти Анатолий Аграновский маълумоти бўйича тарихчи. Ҳарбий мутахассислиги эса авиация штурмани бўлган. Ўсмирлик йилларида рассом-мультипликатор, кейинчалик эса кинооператор ёрдамчиси ва ҳоказо вазифаларда ишлаган. Айтмоқчимизки, публицистни ҳаётнинг ўзи ўқитади. Унинг ҳаётий тажрибалари қанча кенг бўлса, қаламга олаётган муаммони қанчалик чуқур билса ёзган асари ҳам шу даражада ўткир бўлади.
Хўш, нега бугунги кунда китоб дўконларида публицистик асарлар кам учраяпти? Ҳаётимизда қаламга олишга арзигулик мавзулар йўқми? Ёки ёзувчиларимизнинг маҳоратлари етишмайдими? Аслида ҳаммаси жойида! Мавзу ҳам бисёр! Маҳорат ҳам керагича топилади! Бундай публицистик китобларга харидор бўладиган нашриётлар йўқ! Борларига эса ўзингиз пул тўлашингиз керак! Аслида аллақандай олди-қочди романлар эмас, ҳаётимиздаги, ҳар куни кўриб-билиб юрган муаммоларни қаламга олган публицистик мақоланинг харидори кўп бўлиши керак эмасми?! Мен аминманман, ҳозир ижод билан шуғулланаётган(шуғулланмаётганларида ҳам) ёзувчининг тортмасида камида иккита публицистик тўпламга етадиган мақола ва очерклари, эсселари, хатлари бор. Шахсан менда тўртта тўплам ётибди. “Ўзимизнинг ўзбеклар” номли тўпламимни 1996 йилда тайёрлаганман. Бундай китоблар Ҳаким Сатторийда, Аҳмаджон Мелибоевда, Зуҳриддин Исомиддиновда, Набижон Боқийда йўқми? Бор албатта! Бугун публицистик (нафақат публицистик) китоб чоп эттириш учун ё зарингиз, ёки зўрингиз бўлиши керак!
Энди бевосита 2020 йилда чоп этилган ўзим ўқиб чиққан айрим ижтимоий, сиёсий ва илмий публицистик китоблар ҳақида тўхталмоқчиман. Юқорида таъкидлаганимдек, нафақат мамлакатимиз учун балки бутун дунё миқёсида ўтган йил оғир келди. Сирасини айтганда, китоб дўконлари пештахталаридан публицистик асарларга етарли жой топилмаганининг асосий сабабларидан бири ҳам карантин туфайли нашриётларнинг тўлиқ ишламагани бўлса ажаб эмас. Шунга қарамай бир нечта муаллифнинг асарлари дунё юзини кўрди. Улардан бири Аҳмаджон Мелибоевнинг “Тождор ажал ҳамласи ёхуд дунёни титратган 40 кун” сиёсий-маърифий публицистик кундалигидир. Мен ўқиб чиқиб шундай хулосага келдим: агар мазкур китоб чоп этилмаганида эди, биз ўтган йили дунё ҳамжамияти, шу жумладан, халқимиз бошидан кечган жуда катта фожиали воқеа-ҳодисалар, инсонларнинг сабр-тоқати, оғир кунларда бир-бирларига кўрсатган меҳр-оқибатлари баробарида, шайтоний ҳис-туйғуларга берилган кишиларнинг нақадар тубанлашиб кетгани ҳақидаги бир ёзувчининг мажбурий муҳофазада ўтирган бир инсоннинг кўрган-кечирганлари, ўй-фикрлари, орзулари, ўқиган-ёзганларидан бехабар қолар эдик.
Ҳа, китобда қаламга олинган воқеа-ҳодисалар, тождор вируснинг бутун дунё аҳлининг бошига келтирган балолари, уларни даф этиш учун инсоният томонидан қай даражада бўлмасин кўрилаётган чора-тадбирлар, яхши ва ёмон хабарлар, кўнгилга таскин берувчи янгиликлар ижтимоий тармоқларда, жаҳон ахборот агентликларининг сайтларида, газета-журналларда, телевидениеда, чет эл радио эшиттиришларида ўқилган ва ёзилган. Ва ҳамон давом этмоқда. Аммо ўша бор маълумотларни тизимга солиб, уларни теварак-атрофда кечаётган кечмишларга йўғириб ҳаётий хулосалар чиқара билиш учун ҳам халқ тили билан айтганда уқув зарур бўлади. Китобни кунба-кун ўқир экансиз ёзувчининг ана шу ўзига хос уқувини ҳис қиласиз. Ўқиймиз:
“6 апрель. “Янги Ўзбекистон”да эълон қилинган мақолани яна қайта ишладим, янги факт ва мушоҳадалар билан тўлдирдим. Мақоланинг якуни бутунлай бошқача бўлди ва “Ўзликка қайтиш ёхуд трактор билан чизиб бўлмайдиган сурат”(2020 йилнинг январь ойида интернетда тарқалган италиялик фермер Дарио Гамбариннинг ўз даласига трактор билан “КОРОНАВИРУС” деган сурат чизганига ишора – Ё.Х.) номли сарлавҳа остида ЎзА сайтида эълон қилинди… Шу куни компьютер ихтиёрида узоқ қолиб кетдим. Назаримда биз зиёлилар қандайдир сусткашлик қилаётганга ўхшаймиз. Фидойи шифокорлар касалликка чалинган ҳар бир беморнинг ҳаёти учун курашмоқдалар. Биз-чи?.. Хаёлимда бир нималар айлана бошлади ва қуйидаги матн юзага келди: “Коронавирус хуружи боис инсоният Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг оғир кулфатга дучор бўлиб турибди…”
Шу тариқа ёзувчи дунё бўйлаб бу кулфатдан қутилиш чоралари кўрилаётганига қарамай аҳвол тобора қийинлашаётгани, аммо инсоният бу балони даф қилишдан чекинмаслиги зарурлиги, бу борада мамлакатимизда Президент раҳбарлигида олиб борилаётган тадбирлар хусусида тўхталиб давом этади:
Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов вафот этди. Устоз кейинги беш-олти йил ичида Хива босқини хусусида “Тош ёнғоқ” номида тарихий роман ёздилар. Мавзуга доир неча ўнлаб, балки юзлаб манбаларни кўриб чиққанларига қойил. Кўплашиб ўқидик, фикр-мулоҳаза билдирдик. Бир йил ўтириб, таклифларимиз асосида романни қайта ишлаб келдилар. Нашрга тайёрлаш арафасида эдик. Афсус…
Кечки хабар. Фарғонада туман кенгаши депутати Абдуллажон Исоқов эҳтиёжмандларга ёрдам кўрсатиш учун уйини сотган.”
Юқорида келтирилган парча кундаликдаги энг қисқа матн. Биз уни янада қисқартириб олдик. Шунинг ўзида ҳам мамлакатнинг юрак уришини яққол сезасиз… Миллатимиз улуғларининг ҳаётларидан келтирилган лавҳалар, ривоят ва ҳикоятлар эса кундаликнинг ўқишлилигини янада оширган.
Биз сўз юритмоқчи бўлган иккинчи китоб –“2020: МИЛЛАТНИ УЛҒАЙТИРГАН ЙИЛ” тўпламидир. Унга “Ишонч” ва “Ишонч-Доверия” газеталарида 2020 йилда чоп этилган мақола, долзарб хабар, ёзувчи ва журналистларнинг публицистик чиқишлари жамланган. Китобдаги мақолалар жамиятимиз ҳаётининг турли жабҳаларини қамраб олгани билан алоҳида аҳамиятли. Ростдан ҳам ўтган йил нафақат ўзбек миллатини, айни пайтда бутун инсониятни улғайтирди, уйқудан уйғотди, деб қўшимча қилсак бўлади. Бу ҳолни тўпламга киритилган қатор мақолаларнинг долзарб мавзуларда ёзилгани, ўқувчининг диққатини муаммонинг, қўйилган масаланинг илдизига қаратиш, таҳлилни кенг олиш каби публицистик талабларга жавоб беришида ҳам кўриш мумкин.
Тўпламда COVID-19 пандемиясига қарши кураш жараёнлари, соғлиқни сақлаш, ички ишлар ва бошқа соҳа ходимларининг фидокорона меҳнатлари, Бухоро тўфони, Сардоба тошқини, Сўх воқеалари каби самовий ва оризий бало-қазоларга муносабатдан тортиб, миллий ғоя, маданият ва маърифат, қадриятларнинг жамиятдаги ўрни, бу соҳалардаги ютуқ ҳамда муаммоларгача ўз таҳлилини топган. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, кейинги йилларда ОАВ, хусусан, газеталаримиз тобора эркинлашиб бормоқда. Бу ҳолни “Ишонч”, “Hurriyat” газеталарининг чиқишларида кўриш мумкин. Хусусан, мазкур тўпламга киритилган иккита публицистик чиқиш ҳақида тўхталмоқчи эдим. Улардан бири Шойим Бўтаевнинг “Портламаган миналар” мақоласидир. Мустақиллигимиз тарихидан маълумки, 1999 йилда қўшни Тожикистон республикасида фуқаролар уруши қўзғолиб, Ўзбекистон томонидан икки ўртадаги чегаралар бўйлаб миналар жойлаштирилган эди. Кейинчалик Тожикистонда уруш ҳам тўхтади. Ўзаро урушган томонлар ярашиб ҳам кетишди. Аммо чегараларга ўрнатилган миналар эҳтиёт шарт қандай бўлса, шундайлигича қолди… Бу жойларда истиқомат қиладиган аҳолининг хавфсизлиги ҳақида ҳеч ким ўйламади. Тожикистон томони миналарни биз қўймаганмиз деди, Ўзбекистон эса миналарга мамлакатнинг ҳарбий муҳофазаси сифатида қаради…
Муаллиф мазкур чиқиши билан жуда муҳим сиёсий-ҳарбий масалага эътиборни қаратган. Чегараларни миналаштириш натижасида ҳар икки томоннинг тинч аҳолиси ўртасида ўлганлар ва жабрланганлар бўлгани ҳақида ёзади.
Ўтган йили чоп этилган очерк ва эсселар жамланмасидан яна бири бу таниқли журналист ва ёзувчи Ашурали Жўраевнинг “Уйғониш замонинг муборак бўлсин” китобидир. Сарлавҳадан ҳам сезилиб турибдики, муаллиф ўз китобида кейинги йилларда мамлакатимизда, хусусан, улуғ шоиримиз номи билан юритилувчи Навоий вилоятида юз бераётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ҳақида қалам тебратади. Шунингдек, китобдан ёзувчининг маънавият, маърифат, одоб-ахлоқ, китоб мутолааси билан боғлиқ бир қатор ўқишли мақолалари, эсселари ҳам жой олган. Китобдаги “Тинчликка таъзим қил”, қадим зиёратгоҳлардан бири Нурота ҳақидаги “Нурота –покланиш каъбаси”, шоира Ойдин Ҳожиеванинг “Тонг туҳфалари” китоби муносабати билан ёзилган “Ойдин қўшиқлар”, “Китоб ва кетмон”, “Тарбия фаришталари” каби очерк ва эсселари китобхонда ўзига хос таассуротлар, фикрлар уйғотади. Фикр уйғотган асар эса диққатга сазовордир. Нурота ҳақидаги очерк самимий ёзилган. Жуда яхши гаплар, ўгитлар айтилган. Агар мана шу самимият Нурота билан боғлиқ ривоятлар, ҳикоятлар билан боғлаб айтилса эди, уларнинг таъсирчанлиги янада кучаярди. Мазкур очеркнинг номланишини ўйлаб кўриш керак, чамамда. Албатта, зиёратгоҳлар инсон руҳини поклайди. Аммо Исломда покланиш Каъбаси деганда ёлғиз Макка-ю, Мадина зиёрати назарда тутилади. Яна ҳам билмадим.
Адабиётшунос олим ва ёзувчи Зуҳриддин Исомиддиновнинг ўтган йили чоп этилган “Сўз қисмати” китобида эса муаллиф юқорида айтилган “Ассалому алайкум” лафзининг кечмишини тадқиқ этиш жараёнида унинг замонлараро кечган қисматини кўрсатиб берган. Жумладан, “Ассалому алайкум”нинг диний ибора сифатида қатағон қилиниб, оддий “салом”га айлангани, бу каломнинг тарихий мақоми, унинг турли деворларга боши урилиб пачақланиб кетиш арафасида яна тилимизга қайтгани Бобур Мирзо кузатишлари, “Ўтган кунлар”даги манзаралар ва ниҳоят бугунда дарсга кирган ўқитувчига “Ассалому алайкум” деб, гўё кичиклар каттага салом бераётгандек туюлсада, аммо саломлашишнинг этикаси бузилаётгани, шунингдек, ўзаро салом-аликдаги бошқа кўплаб эврилишлар, Оллоҳга салом беришнинг ножоизлиги, янги келинларнинг саломларига қайноналарнинг зуғумлари ҳақида ҳаётий мисоллар келтирилади.
Китоб ўқувчига этнографик этюдлар сифатида таништирилади. Аммо китобни синчиклаб ўқисангиз унда публицистик руҳ кучли эканини сезасиз. Илм публицистик оҳанг касб этади. Сўзларнинг қисмати инсон ҳаёти, унинг тақдири, турмуш тарзи билан чамбарчас боғликда очиб берилади. Китобдаги “Почча” сўзининг тарихига оид”, “Ҳасса, ҳассакашлар ва найза”, “Тулпор отнинг қаноти” каби кўплаб сўз ва иборалар ҳақида жуда қизиқарли маълумотлар берилган.
Ҳаммамиз яхши биламиз ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши мустақиллигимизнинг энг асосий рамзларидан бири бўлди. Аммо мана ўттиз йилдирки, ана шу муборак рамз рўйи-рост бўй кўрсатмаяпти. Нафсиламбирини айтганда бу ҳақда энг кўп бонг ураётган олимлардан бири, балки, асосийси Зуҳриддин Исомиддиновдир. Биз тилга олган китобда ҳам ёзувчининг “Миллатнинг онаси” сарлавҳали жуда оғриқли публицистикаси жой олган.
Ўқиймиз: “Айримлар тил байрамлари арафасида жўшиб-жўшиб, “Ўзбек тили бизнинг энг катта бойлигимиз”, “Она тилимиз – фахру ғуруримиз”, “Ўзбек тили – маданиятимиз кўзгуси” дея “афоризмлар” ижод қила бошлашади. Менинг учун она тилим – бойлик эмас. Негаки, киши бойлигидан ажраса, қайғуради, аммо боши омон бўлса яна топади. Тил бой бериладиган бўлса-чи? Абадулабад алвидо айтилади. Шунинг учун ҳам она тилимиз бизнинг бойлигимиз эмас, борлигимиз, бору йўғимиз…” Иқтибос тугади. Изоҳга ҳожат йўқ назаримизда…
Ўтган йили яна бир қатор таниқли ёзувчиларнинг публицистик асарлари чоп этилганини эшитдик, аммо маълум сабабларга кўра уларга ета олмадик. Жумладан, истеъдодли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг 4 томлик асарлари чоп этилганидан, унинг 4-томи публицистик асарлар эканидан хабар топдик. Ўқиганлар бўлса айтишар. Лекин биз филолог олим Ҳалим Саиднинг “Ўзбекистон олимлари” рукни остида Хуршид Дўстмуҳаммад ҳақида ёзган публицистик асарига рўпара келдик. Китоб жуда самимий, ортиқча офаринбозликдан ҳоли, ўқишли ёзилган. Жумладан, муаллиф сўзни публицист ёзувчининг бундан йигирма йиллар олдин чоп этилган “Озод изтироб қувончлари” рисоласида ўзи кашф этган ҳақиқатларидан бошлайди. Ўқиймиз: “Инсоният тафаккури англаб етган энг улкан ҳақиқат – Оламнинг яхлит бир бутунлигидир! Ушбу оламни тутиб турган Мутлақ мувозанат – Мутлақ уйғунлик – иккинчи ҳақиқат! Ана шу икки ҳақиқатдан келиб чиқувчи учинчи ҳақиқат – инсоннинг билишга мойиллиги!” Иқтибос тугади.
Мухтасар қилиб айтганда, Ҳалим Саидов ўзининг мазкур “Ҳаётнинг қадри, қиммати…” китобида олим, ёзувчи ва публицист Х. Дўстмуҳаммаднинг ўзига хос ижод тарзини, иқтидорини ишонарли очиб берган.
Хуллас, 2020 йилда чоп этилган айрим публицистик китобларни ўқиб, топган-йиққанларимиз шулар бўлди.
Ёқубжон Хўжамбердиев