Юрак минтақаси сўзингда яшнар
Адабиёт – чексиз уммон, бепоён бўстон. Унда ижод ишқи билан қўлига қалам тутган ижодкор борки, ўз сўзини, дардини айтишни истайди. Зотан, ҳазрат Навоий бобомиз ҳам: “Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл” дея ҳар бир қалам соҳибини яхшиликка, сўзни қадрлашга даъват этган…
Биз сиз азиз муштарийларимизга қуйида ушбу шеърий гулдастани туҳфа этар эканмиз, ундан ҳар ким чанқоғига яраша сув ичади, чечак теради деган умиддамиз. Зеро, сўзнинг сеҳру жозибасидан баҳраманд бўлишдек улкан бахтни ҳар бир шеърият муҳибига тилаб қоламиз.
Муқаддас АБДУСАМАТОВА,
Тошкент шаҳри
Набиралар
Ўғилу қиз — набиралар
Ҳаётимиз безаги,
Улар камолин кўриш
Бобо, буви тилаги.
Илмга қўйиб меҳр,
Китобдан топиб сеҳр,
Соғлом ўсиб, улғайиб,
Бўлсин юртга кераги.
Ватан мехри дилларга
Қўрғошиндек қуюлсин,
Мадҳияни тингласа
Алла каби туюлсин.
Ошириб тил бойлигин,
Болалик шўх сойлигин.
Лаҳзалар қадрин билиб,
Эркалансин севилсин.
Аъло ўқимоқ учун,
Сизда шароит бордир,
Ҳар қадам йўлингизда
Юртбошим меҳри ёрдир.
Одат қилинг саломни,
Қадриятлар, каломни.
Олқишлар олиб яшанг,
Шунда эл бахтиёрдир.
Шаҳидлар
Бу ерда сокинлик мудом ҳукумрон,
Бу ерда ётибди, эҳ-ҳе, қанча жон.
Жонларки, юртни деб бўлишган қурбон,
Аллоҳ раҳматига олсин, шаҳидлар.
Анҳор шовурида жонлар титроғи,
Сувнинг шивирида қурбонлар оҳи.
Гўё очилмишдир руҳларнинг боғи,
Аллоҳ раҳматига олсин, шаҳидлар.
Ҳар япроқ ва гулда қонлар изи бор,
Таъзим — тиловатнинг бунда жони бор.
Йўлингиз тушганда хотирланг бир бор,
Аллоҳ раҳматига олсин, шаҳидлар.
Осмонида қушлар пастлаб учади,
Дарахт, майсаларни шуъла қучади.
Юракда қатағон йиллар кечади,
Аллоҳ раҳматига олсин, шаҳидлар.
Поингизда энди яшнагай гуллар,
Эркин ва бахтиёр ўтгайдир кунлар.
Сизларни унутмас эрксевар диллар,
Аллоҳ раҳматига олсин, шаҳидлар.
Шукрона
Умр бердинг Аллоҳ, яшаб юрибман,
Тошлар орасидан дурлар терибман.
Барчани ўзимдек яхши кўрибман,
Шукур дейман, Аллоҳ, ўзингга шукур.
Ақлимни танибоқ мен бахт изладим,
Ҳаётда жуда кўп мақсад кўзладим.
Ҳар қадам, ҳар онда ширин сўзладим,
Шукур дейман, Аллоҳ, ўзингга шукур.
Набиралар бўлди умримга безак,
Бесамар ўтмабди ҳаётим демак.
Абиралар кўриш бу омад десак,
Шукур дейман, Аллоҳ, ўзингга шукур.
Юртим юксалмоқда, замона кўркам,
Дунёга танилди навқирон ўлкам.
Порлоқ келажакка, илдамлар шаҳдам,
Шукур дейман, Аллоҳ, ўзингга шукур.
Бу дунё айланар мисли чархпалак,
Вақтни тўхтатолмай жонимиз ҳалак.
Тинчлик мадҳиясин куйламоқ тилак,
Шукур дейман, Аллоҳ, ўзингга шукур.
Иншоолоҳ, тилагим бўлгай ижобат,
Эгам, ўзинг берсанг бунга ижозат,
Юргайман бу йўлда қилиб ибодат,
Шукур дейман, Аллоҳ, ўзингга шукур.
Она кўнгли
Боғда булбул қилмагай нолиш,
Кўз ёшидан хўл бўлар болиш.
Қуёш боқар оламга хомуш,
Ранжиб қолса онанинг кўнгли.
Чертилганда танбур куйламас,
Гулу райҳон ифори бўлмас.
Кўнгилга завқ сира бўйламас,
Ранжиб қолса онанинг кўнгли.
Фарзанд ишинг олдга силжимас,
Дилозорлик сенинг ишингмас.
Қайтар дунё қайтса яхшимас,
Ранжимасин онанинг кўнгли!
Икромжон Аслий,
Андижон
РУБОИЙЛАР
Инсон идишларин – қорин ёмони,
Овқат учун ярми, сувга бир ёни.
Уни аямасдан тўлдирма, дўстим,
Нафас учун турсин, қолган бир ёни.
***
Мени ташлаб кетдинг, айбимни айтмай,
Изладим, бўзладим, ортимга қайтмай.
Билолмам, не топдинг, эй қадди наврас,
Ўжарликдан, чала битилган байтдай.
***
Сени ҳилол, дедим, ҳилолим қутлуғ,
Ёритсанг меҳринг-ла, иқболим қутлуғ.
Агар, ташлаб кетсанг, янги Мажнунман,
Халқ достонларида тимсолим қутлуғ!
***
Ҳовлимда кенгайиб кетади кўнглим,
Юксакларга парвоз этади кўнглим.
Юксакда кўринар олам кафтдайин,
Шукуҳ шоҳсатрини битади кўнглим.
***
Даврада қатнашсанг, бу давра гулгун,
Ёнингда нечалар ҳуснингга мафтун.
Мен ҳам ўлтирибман, чиқиб кетолмай,
Томошадан маҳрум бўлмаслик учун.
***
Ёзганим ҳаммаси беш юз беш тўртлик,
Камтарлик, меҳрга ошно, эш тўртлик.
Қимтиниб турибди қоғозлар аро,
Нурли ўзлигини қилмай пеш тўртлик.
***
Эрта сенинг тўйинг – эртак бошланар,
Умринг дарахтида куртак бошланар.
Энди менинг учун бегонасан Сен,
Ишқда ҳижрон деган йўлак бошланар.
***
Сенинг ҳузурингда ҳаяжон, титроқ,
Кетиб қолмасайди!, — дилда шу сўроқ.
Кетасан, баҳонанг доимгидек шай,
Доимгидек таъқиб этади фироқ…
***
Жаҳоний жозиба юзингда яшнар,
Юрак минтақаси сўзингда яшнар.
Фариштали суврат, ички малоҳат,
Паризодим, билсанг, ўзингда яшнар.
Турди бобонинг сўзи
Ҳаммаёқ тинч, атроф осуда,
Сутдай ойдин теварак, борлиқ.
Кўнгилларда севги расида,
Тоза ҳислар ўсади, тўлиқ.
Кимдир мактуб ёзар берилиб,
Папиросин тутатар кимдир.
Дурбинини олиб қўлига,
Чор атрофни кузатар кимдир.
Окоп четда тўртта сафдошим,
Шинелига ўраниб ухлар.
Бир-бирининг,
Елкасига қўйганча бошин.
Кезиб юрар атрофда руҳлар.
Гурунглашар йигитлар тўп-тўп,
Уйқу қайда, олислаб кетган.
Кўнгилларда севги, соғинчлар,
Ёрларини сўроқлаб кетган.
Авжга чиқар қаҳқаҳа, гурунг,
Уруш нима, эслардан чиққан.
Уч кундан буён ҳаммаёқ жим-жит,
Дам олишнинг куни хўп туққан.
Шеър туғилар навқирон дилда,
Тилга чиқиб жаранглаб кетар.
Қуролдошлар барчаси бирдай,
Ҳайқиришиб, бақириб айтар.
“Сувга экдим шолини,
Баланд кўтар полини.
Насиб бўлса кўрарсан,
Гитлер тўнғиз ҳолини…”
“Келаяпти, немислар пусиб”,
Кузатувчи беради хабар.
Шиддатимиз кетади ўсиб,
Ахир бу жуда яхши хушхабар.
Баландлайди янада қўшиқ,
Қалбимизда отади илдиз.
Автомату пулимёт, тўп-ла,
Фрицларни кутиб оламиз.
Кўнгилларни домига тортиб,
Ёндиради нафрату олов.
Тилда қўшиқ, қўлда автомат,
Жанг бошланар, жанг-ки беаёв.
Ҳосилaбону ЭРГAШОВA,
Сурхондарё
Aзиз устоз, Журналистлар ижодий
уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким
хотирасига бағишлайман.
Гўдакдек талпиниб қолди нигоҳим,
Лек бир бор кўрмоққа улгурмадим мен.
Aйт ҳаёт не эди менинг гуноҳим?!
Aзиз Устозимни қайтиб бергин Сен!
Ҳеч кимса у каби яхши кўролмас,
Менингдек худбин бир нодон инсонни.
Бундай жудоликка юрак кўнолмас,
Кўз ёш билан кўргим келар осмонни.
У эди меҳрдан яралган бир нур,
Қалбида беғубор дунё яшарди.
Жасорат фарзанди адолатли ҳур,
Яхшилик қилмоққа доим шошарди.
Соғинчдан кўзларим жовдираб қолди,
Юрак қўмсамоқда сизни Устозим,
Кўзёшлар зарбидан кўзларим толди.
Баҳор нафаси-ла қиламан таъзим.
Гарчанд вақтни изга қайтариб бўлмас,
Лекин хотиралар турар ёдимда.
Жисман орамизда бўлмасангиз ҳам,
Яшайсиз ҳар нафас ва ҳар онимда!
Абдунаби БОБОЁР,
Қашқадарё
ДАХЛДОРЛИК
Қарши шаҳрида элнинг
атоқли ва ардоқли шоири
Абдуллла Орипов
хотирасига ҳайкал ўрнатилган.
Кажрафтор фалакка лол котиб бу кун,
Сершовқин шаҳарга жим ташлар назар.
Бошида дўпписи, елкасида тўн,
Сирдоши кундуз шамс, тунлари қамар.
Шоири давронга талпиниб ҳар гал,
Гуррас-гуррас келар бунга кекса-ёш.
Шу совуқ жисмаро жон битса магар,
Шоёнликдан кўкка етмасмиди бош?!
Баъзида шаҳарга энар Қўнғиртов,
Икки сиймо сўйлашар бўлиб юзма-юз.
Бир пайт ялангоёқ кезганин яёв,
Шоир боласига эслатар Некуз…
Ҳов-в, деса, бор сасда сас етиб боргай,
Унинг ота макони шунчалар яқин.
Лек даҳо фарзандин қўйвормас атай,
Даҳолар пойида кўкарган замин…
СЕН…
Сен ҳали яшайсан, маъюс ва маҳзун,
Мен эса кетяпман армонни қучиб.
Сен борар ишқ йўли ҳали кўп узун,
Мен ҳижрон оғусин қўйганман ичиб.
Ишқинг ўтида-ку, бўлдим хўп адо,
Куйдим, куя-куя айландим кулга.
Жисмим ҳам, руҳим ҳам топмиш интихо,
Шамол кулим сочсин Сен борар йўлга.
Сўнгра бу йўлларда унсин кизғалдоқ,
У ҳам силкий-силкий айлансин қонга,
Қонталаш заминда шовулласин боғ,
Токи, Сен сайр эт, шу жаннатмаконда.
Сен ҳали яшайсан, маъюс ва маҳзун…
Анорбой ОЛИМОВ,
Наманган
БАХТ-ИҚБОЛИМ,
ЎЗБЕКИСТОНИМ!
Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон ўзбегим.
Эркин ВОҲИДОВ.
Буюк Ватан буюклигингни
Билиб-билмай тан олган дунё.
Буюкларнинг ватан тупроғи
Бўлғусидир кўзга тўтиё.
Битилмаган достон Туроним,
Бетакрорим, Ўзбекистоним!
Тарихингни ўқийман такрор,
Етолмасман интихосига.
Ҳайратдаман фарзандларингнинг
Илму урфон ихтиросига.
Сир дарёси, сирлар маконим,
Сирларга кон, Ўзбекистоним.
Бир фарзандинг Зардўшт туфайли
“Авесто”ни дунё таниган.
Тўмарису Широқлар сабаб,
Юрт бошидан бало ариган.
Муқаннадек мард ўғлонингни
Ёдда тутиб хитобларини,
Муқаддас деб кўзларга суртай
Юзидаги ниқобларини.
Юртга фидо дегайлар, жоним,
Ҳар фарзандинг, Ўзбекистоним!
Қаро кунлар бошинга тушиб,
Талашганда Буюк Туронни,
Хориждаги кўпчилик ҳатто,
Унутдилар Ўзбекистонни.
Ҳатто ислом дунёсида ҳам
Ватан номи унутилган дам,
Бухорийни биларди бешак
Пайғамбардан кейинги одам.
Ҳадис илмин ёзган каломим,
Сен ўзингсан, Ўзбекистоним!
Ҳурлик учун қўйилган маёқ
Билги Ҳоқон битикларидир.
Адолатга чорлаган сабоқ
Амир Темур тузукларидир.
Инқилобчи олим — Коперник
Туғилмасдан юз йил илгари,
“Ер чопар”, деб “қуёш гирдида”
Ёзган Сайфи Саройилари.
Очиқ ерда мулки ниҳоним,
Қақшар жоним, Ўзбекистоним!
Халқим, ўзинг аслида буюк,
Ўзбек номин тарихга битган.
Авлодларинг билимда етук,
Аждодларинг йўлини тутган.
Тонг отмоқда заррин, нашъали,
Янграмоқда ёқимли бир сас.
Нур сочмоқда ақл машъали,
Эшик қоқар янги РЕНЕССАНС.
Халқим ўзинг — шавкатим, шоним,
Бахт-иқболим, Ўзбекистоним!