Ёлғон ҳам эви билан-да!

Ижтимоий тармоқларда

 

Қизиқ замон бўлди, баъзида ижтимоий тармоқларда қайси бир машҳур одамнинг вафот этгани ҳақидаги хабар тарқалиб кетади. Лекин, Худога шукрки, кетидан бу гапнинг ёлғонлиги ҳам ёзиб чиқилади. Ҳай, энди бир шов-шув-да, десангиз, бунинг ортида бир инсон, унинг тақдири турибди. Ахир, олдинги хабарни ўқиганларнинг ҳаммаси ҳам кейинги хабарни ўқийди ё кўради, деб ўйлайсизми?..

Буни қарангки, икки ҳафта бурун “Telegramm”   тармоғида Шоира Азимованинг “Президент қўлидан унвон олишни хоҳламаган шоир Рауф Парфи” деган материали эълон қилинди. Тагига: “Рауф Парфи нега: “Унвон ‒ мен учун ҳаром”, деган?” сўзларидан иборат тагсарлавҳа ҳам қўйилган.

Ҳозиргача уни 15 минг 86 киши кўрибди.

Матнга эътибор қаратсангиз, бунга тамоман зид ҳолат баёнига дуч келасиз. Рауф Парфи умрининг охирларида пойтахт чеккасидаги қайси бир заводнинг ётоқхонасида оиласи билан турар экан. Милиция ходимлари: “Пропискангиз йўқ”, деб келавериб, безор қилишганида, ҳар гал уларга “Ўзбекистон халқ шоири” унвонини тасдиқловчи гувоҳномани кўрсатиб, қутулиб қолар эмиш. “Бу ҳужжатни фақат шунинг учун олиб юраман”, деб айтган эмиш уни кўришга борганларга.

Яқинларининг айтишича, ҳаётининг сўнгги йилларида Рауф ака паспортини йўқотиб қўйган, ана холос, ҳақиқат бу ёқда экан-ку!

Демак, мабодо милиция ходимлари суриштириб келган бўлса, прописка эмас, аввало, паспортни сўраб келган. Шундай экан, унвони битилган ёрлиқни кўрсатган бўлиши табиий ҳолат.

Яна бир жиддий хато: Рауф Парфига 1999 йили Мус­тақиллик байрами арафасида ҳукуматнинг қарори билан Ўзбекистон халқ шоири унвони берилган эмиш. Биринчидан, мамлакатимизда давлат мукофотларини ҳукумат, яъни Вазирлар Маҳкамаси бермайди, давлат беради. Иккинчидан, бундай унвон қарор билан эмас, Президент фармони билан берилади. Саводсизлик ҳам шунчалик бўладими?! Блогер бўлсангиз ўзингизга, истаганимни ёзаман десангиз хато қиласиз! Аввал сиёсий жараёнларни бир қур ўрганиб олсангиз ўзингизга яхши. Элга кулгу бўлмайсиз.

Амалдаги тартибни яхши биламиз. Рауф Парфи номзоди мукофотга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси имзоси билан тавсия этилган. Бунда уюшманинг ўша пайтдаги раи­­си Абдулла Ориповнинг адолатли ташаббускорлигини ҳам эсдан чиқармаслик керак.

Бундан ташқари, тартиб-қоидага кўра, мукофотга тавсия этилганларнинг ҳужжати олдиндан тайёрланади. Уларни номзоднинг иштирокисиз амалга оширишнинг ҳеч иложи йўқ. Паспорт, маълумотнома, яқин қариндошлар ҳақида маълумотлар ва ҳоказолар йиғилади. Ана энди вафотидан кейин мукофотга тавсия этилганларнинг ҳужатларини тайёрлашнинг қанчалар азоб эканини кўз олдингизга келтиринг.

Айтмоқчимизки, Рауф ака унвонга тавсия этилганидан тўла хабардор бўлган. Воз кечса, нега ўша маҳал воз кечиб қўя қолмаган? Амалдаги тартиблар бўйича, ҳеч кимга томдан тараша тушгандай, яъни кутилмаганда, ҳеч қандай ҳужжат сўрамай ё мажбуран давлат мукофотлари берилмайди.

Шоир бу унвонни олганида ҳамма хурсанд бўлган эмиш-у, унинг ўзи хурсанд бўлмаган эмиш. Бу ‒ мутлақо бўлмаган гап!

Биринчидан, унвонни тасдиқловчи гувоҳномани, борингки, милиция ходимларига кўрсатиш учун бўлса ҳам, ёнида олиб юрибди экан-ку. Иккинчидан, давлат бу унвон эгасига умрининг охиригача ҳар ой энг кам ойлик маошнинг маълум миқдорида пул тўлаб боради. Рауф ака шу пулларни олмаган, деб ҳисоблайсизми? Буни тасдиқловчи ҳужжат борми қўлингизда? Аксинча, давлат архивида бу пулларни ҳар ой имзо чекиб олгани тўғрисида маълумотлар сақланади.

Энди мана бу сиёсий саводсизликка диққат қилинг: орадан бир кун ўтиб, ўша вақтда мамлакат Президенти бўлган Ислом Каримов унвонларни эгаларига топширган эмиш. Ҳолбуки, ўша пайтдаги қоидага кўра, Мустақиллик арафасида фармон билан тақдирланганларга мукофотлар Конституция куни арафасида, яъни декабрнинг бошларида топширилган. Бу — ҳақиқат. Буни ҳамма билади.

Одамлар ўз манфаатларига мос­лаб, тарихни хоҳлаганча бўяб-бежаб кўрсатаверса, воқеликни кўрган-билган, унинг ичида бўлган, бевосита гувоҳ кишилар қараб тураверсак, адолатдан бўладими?!

Ёлғоннинг ёлғонлигини кимдир исботлаб бериши керак-ку!

Ахир, Рауф Парфи ёлғонни жуда-жуда ёмон кўрар эди. Шунинг учун, азиз биродарлар, келинглар, ўз тарихимиз, ўз давлатимизни ўзимиз ёмонлашни бас қилайлик. Жуда ёмонлагимиз келиб кетса, ҳеч бўлмаганда, ёлғон-яшиқларни қўшиб-чатиб, халқни, ёш авлодни бундай чалғитмайлик!

Султонмурод ОЛИМ,

филология фанлари номзоди,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × two =