Газета чиқмай қолса, фақат муҳаррир айбдорми? Ёхуд вилоятдаги босма нашрларнинг бугунги аҳволи ҳақида мулоҳазалар
Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев диққатига!
Маълумки, айни чоғда ўзбек журналистикаси, босма нашрлар, айниқса, Қашқадарё вилоятида нашр этилаётган кўпгина газеталар моддий-маънавий жиҳатдан жуда оғир аҳволга тушиб қолган. Эътиборсизлик шу даражадаки, вилоят ҳокимлиги ва вилоятдаги соҳага “садағанг кетай” мутасаддилар 2021 йил обунаси учун номига бўлса-да “тавсия этамиз” деган сўзни ҳам айтишмади. Оқибатда эса жамиятнинг кўзгуси бўлган босма нашрлар айни пайтда хира тортгулик аҳволда…
“Hurriyat” газетасининг шу йил 9 июндаги 24-сонида асли мубораклик, бугун пойтахтда яшаб, ижод қилаётган шоир-журналист Очил Тоҳирнинг “Муборак ҳаёти”нинг ҳаёти сўндими?” — дея куюнчаклик билан ёзган мақоласини ўқиб қолдим. Бунда у газета муҳарририни ношудликда айблаяпти. Мен Очил акани тушунаман. У кишининг қизишганида ҳам жон бор. Чунки у киши бундан йигирма беш-ўттиз йиллар олдин Муборакда зўр ишлаганди. У пайтлари нефтчи ва газчилар маскани бўлган Муборакда туман телевидениеси фаолият кўрсатарди, учта босма нашр – “Муборак ҳаёти”, “Халқ овози”, “Ўзбекистон ёнилғи-энергетикаси” – “Топливная энергетика Узбекистана” газеталари чоп этиларди. Мамлакатимиз иқтисодиётининг таянчларидан ҳисобланган Муборак газни қайта ишлаш заводи ва Муборак нефть-газ қазиб чиқариш бошқармалари ҳисобидан обуналар ташкил этиларди. Одамлар газеталарни бепул ўқишар, жамиятдаги воқеа-ҳодисаларга муносабатларини ёзишар, ижодий машқларини эълон қилишарди. Адабий муҳит кучли, ижодий жўшқинлик ҳукмрон эди…
Мен ўзим ҳам 1992 йилда Муборакда ташкил этилиб, Қарши шаҳрида ўзбек ва рус тилларида нашр этилган “Ўзбекистон ёнилғи-энергетикаси” — “Топливная энергетика Узбекистана” газетасининг ўзбек бўлими муҳаррири сифатида ишлаганман. Газетада истиқлолнинг дастлабки йилларида Муборак газни қайта ишлаш заводининг янги қувватлари бунёд этилиши, “Аланг” ва “Кўкдумалоқ” конларининг ўзлаштирилиши, яъни мамлакат ёнилғи-энергетика ресурслари мустақиллигини таъминлаш ва уни мустаҳкамлаш йўлида мардонавор меҳнат қилган нефтчи-газчилар фаолиятини кенг ёритганмиз.
Чунки одамлар юксак ватанпарварлик намуналарини кўрсатиб, фидойиларча меҳнат қилдилар. Муборакнинг ўзидан икки нафар Ўзбекистон Қаҳрамони, ўн нафарга яқин “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган саноат ходими” унвонлари соҳиблари ва бошқа юксак мукофотларга сазовор бўлган ишлаб чиқариш илғорлари етишиб чиққани ҳам фидокорона меҳнатларнинг давлатимиз, қолаверса, халқимиз томонидан муносиб эътироф этилганлигининг ифодасидир. Мен ҳам ушбу меҳнат илғорлари ҳақида ўндан ортиқ китоб ёздим…
Афсуски, ҳозир ижодий жўшқинлигимиз бироз сокинлашиб қолди. “Ўзбекистон ёнилғи-энергетикаси” – “Топливная энергетика Узбекистана” газетаси ҳам “жон таслим қилиш” арафасида. Турли сабабларга кўра, йирик нефть-газ корхоналари муассисликдан воз кечишди, обуна бўлмай қўйишди. Ҳолбуки, ҳар кунлик ишлаб чиқариш ҳажми бир неча ўн миллиард сўмни ташкил этадиган бу гигант корхоналар ишчилари, қолаверса, ҳудуддаги мактабларнинг ўқитувчи ва ўқувчи-ёшлари учун турли босма нашрларга обуна ташкил этиб берсалар, биров уришмайди-ку? Улар маънавиятга эътиборни унутиб қўймоқдалар.
“Муборак ҳаёти” газетаси муҳаррири Акрам Искандаровнинг гоҳ ҳокимликка, гоҳ тумандаги йирик корхоналар мутасаддиларига хат ёзиб, обунага ёрдам сўраб ёлвориб, сарғайиб юрганликларига кўп марта гувоҳ бўлганман…
Бурноғи йил у ёнимга келиб, газетада қолоқ бир мактаб фаолиятидан танқидий мақола эълон қилгани учун туман халқ таълими бўлими мутасаддилари “аразлаб”, обунага ёрдам бермай қўйгани, муассис бўлмиш туман ҳокимлигига нажот истаб борса, улар ҳам қуруқ ваъдадан нарига ўтмагани, газета давлат тасарруфидан чиқарилиб, хусусийлаштирилиши мумкинлиги ҳақида гап тарқагани ҳақида ёзғирганди. Унинг “тутаётганини” кўриб, баттар “пуфладим”:
— Шартмиди шу, атрофга қаранг, сўнгги уч-тўрт йил ичида олимлар, адиблар, дўхтирлар, ўқитувчилар давлат томонидан қандай зўр қўллаб-қувватланаяпти. Маҳалла тизими, мактабгача таълимни ривожлантиришга катта маблағлар сарфланмоқда. Камбағал-ночорларга ёрдам берилаётир. Сиз бўлсангиз, ўз ёғингизга ўзингиз қовурилиб, жизғанак бўлиб юрибсиз. Ҳеч кимга керак эмассиз. Ҳукумат ҳам ўтган йили ёзда эълон қилинган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари муассислигидаги даврий босма нашрларни қўллаб-қувватлаш ва улар фаолиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тарбирлар тўғрисидаги қарор лойиҳасини тасдиқламади. Муассис қарамаса, нима керак эди шу “қаҳрамонлик”, — дедим. Ичимда эса унга ҳамдард эдим, ачиндим!
Эсимда, ўзим ҳам унинг аҳволига тушган эдим. Гап шундаки, “Косон” газетасининг ўтган 2020 йил 8 декабрдаги 45-сонида “Темир дафтар” ва бошқа рўйхатларга киритилмаётган камбағал оилага ким ёрдам беради?” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилдик. Мақола чиққан газета сонини конвертга солиб, расмий хат тайёрлаб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлимига жўнатдик ҳамда муносабат билдиришларини сўрадик. Лекин хатимизга жавоб келмади. Аксинча, бўлим бошлиғи таҳририятга қўнғироқ қилиб, танқидий мақолада кўтарилган масалалар билан сектор шуғулланишини ва улар жавоб бериши кераклигини айтиб, койиб берди. Бунинг устига, “зўрлигини кўрсатиб”: маҳалла иши билан боғлиқ турли комиссиялар таркибига муҳаррир ҳам тиркаб қўйиладиган бўлди…
Маҳаллага борсангиз, маънавий-маърифий ишларга эътибор сустлигидан ранжийсиз. Бир пайтлар МФЙ идорасида “Маҳалла” ва бошқа марказий нашрлар, туман газетаси тахламлари бўларди. Бу ерга иши тушиб келган фуқаролар босма нашрлар зиёсидан баҳраманд бўлишарди. Ҳозир эса…
Қўйингчи, мубораклик ҳамкасбимни юпатган бўлдим. Чироқчиликлар айтганидек, “жайлашади” дедим, бизга ҳам навбат келади, давлат қарашади, чиданг, дедим. У гуноҳ иш қилиб қўйгандек бошини хам қилиб кетди. Газетанинг ҳар бир сонида тумандаги янгиликлар, ислоҳотлар ҳақидаги хабарлардан ташқари, диний экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик, маънавий таҳдидлар, ёшлар тарбияси, турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тумандаги масъуллар, масжидлар имом-хатиблари, зиёлиларнинг мақолалари; ёнғин, электр, газ хавфсизлиги, ҳар хил юқумли касалликлар профилактикаси ва уларнинг олдини олиш юзасидан мутахассисларнинг тавсиялари…ни бериб бораётган, яъни туманда мафкуравий тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораётган, қолаверса, ёш иқтидорларни кашф этишда камарбаста бўлаётган туман газетаси нега ўз ҳолига ташлаб қўйилди? Сабаби, газета давлат тасарруфидан чиқариладиган корхоналар рўйхатига тушган. Вилоят хусусийлаштириш идораси таҳририят мол-мулкини сотиб олиб, МЧЖга айлантир, дейди. Таҳририятнинг ўз биноси, хизмат машинаси йўқ, ўн беш йиллар олдин обуна ҳисобидан олинган эски компьютер билан, шўро давридан қолган иккита стол ва тўртта оёғи синган стулни сотиб олишга ҳам беш олти ойдан буён маош олмаган муҳаррирнинг имконияти йўқ. Шу билан икки томон ҳам жим…
Хулласи калом, эътиборсизлик туфайли Муборак туман газетаси ўтган йилнинг охирги чорагидан буён нашр қилинмаяпти. Обунани кўпайтириб, босмахонанинг қарзини тўлаб, газета чиқараман, ойлик маош оламан, деб тўрт томонга чопиб, ҳеч бир натижага эришолмай, ҳар томонлама чарчаб кетган муҳаррир ҳозирда ишсиз қолиб, уйда бекор ётибди. Энди уни ҳам “Темир дафтар”га киритишади, давлат ёрдам қилади, боласининг контракт тўловини тўлаб беришади, ҳомий бириктиришадими, шундай бўлса кимга мазза?! Жамият эса битта фидойи маънавият тарғиботчисидан айрилди…
Шунингдек, Қарши туманининг “Нахшаб” газетаси ҳам саккиз ойдан бери чоп этилмаяпти. Ушбу газетада кўп йиллар мухбир, муҳаррир ўринбосари, муҳаррир вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган Ҳусанжон Сувонов баъзан телефон қилиб қолади. Мактабда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи сифатида ярим ставка иш топганлиги, куни ўтаётган бўлса-да, туманда газета йўқ бўлиб кетишидан хавотирда эканлигини айтади. “Хавотир олманг, ана энди ўзингизнинг моддий аҳволингиз ўнгланади, — дейман ҳазиллашиб унинг руҳини кўтариш учун, — ярим ставка учун тўланадиган тўққиз юз минг сўм рўзғорингизга етмайди, сўнгра “Темир дафтар”га тушасиз ва яхши бўлиб кетасиз!”
Яна бир ачинарли ва бошқа ечими топилиши лозим масала шуки, 2000 йиллардан кейин давлат томонидан бериладиган “дотация”ни тўхтатиб, хўжалик ҳисобида иш юритишга ўтказилган босма нашрлар аста-секинлик билан муттаҳамлик ботқоғига ботиб, тишлари тўкилиб бораётир. Яъни, ишлаб чиқариш корхонаси ёки бир бюджет ташкилоти раҳбари олдига бориб, у билан фалон нусха обуна учун шартнома тузган таҳририят, кейин ўша корхона – ташкилот ёки муассаса ҳақида танқидий фикр айтолмайди. Муттаҳамлик қилиб, айтса, келгуси йил у обуна бўлмайди, газета чиқмайди, ходимлар ишсиз қолади. “Газеталарда танқид камайиб кетди, журналистлар мавжуд муаммолар ва камчиликлар ҳақида очиқ-ойдин фикр билдирмаяптилар” дегувчилар танганинг бу тарафи ҳам борлигини инобатга олсалар, ортиқча иддаога ҳожат қолмасди.
Бугун вилоятдаги бошқа туманлар ҳокимликлари муассислигидаги газеталар ҳам молиявий оғир аҳволда аранг фаолият юритаяптилар.Уларнинг аксариятининг адади 150 тадан 700 тагача. Бир “Ғузор ҳаёти” ва “Koson” газеталари минг нусхадан сал кўпроқ ададда нашр этилаяпти. Лекин ходимларнинг ойлик маошларидан қарзи йилдан-йилга ўтиб гарданини босиб келаётган таҳририятлар учун мингта адад ҳам етарли эмас.
Вилоят бўйича ўтган йили саккизта газета сотувга қўйилганди. Аммо ҳали-ҳануз бу масала бир тарафга сурилгани йўқ. Улар ичида вилоятнинг отахон нашри “Қашқадарё” ҳам бор. Бир пайтлар бутун мамлакатга донг таратган нашрнинг адади айни чоғда ўртамиёна туман газетаси қаторига тушиб қолган. Иқтисодий етишмовчилик туфайли жамоадан малакали, қалами чархланган, навқирон журналистлар кетиб қолмоқда. Ўйланиб қоламан: вилоят ва туман газеталарини маҳаллий ҳокимликларга мутеъ бўлмаган тарзда фаолият юритишларини таъминлаган ҳолда, улардаги фидойи журналистлардан жамиятимизнинг турли жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлига ғов бўлаётганларга қарши Президент айтаётганидек, жамоатчилик назоратини олиб боришда фойдаланса бўлмайдими?! Ишончим комилки, улар фаолиятини кучайтириш орқали жамиятимиздаги ошкоралик ва шаффофлик ҳам бир неча баробар ортарди, самарадорлик ҳам турли “қабулхоналар”дагидан зиёда бўларди. Ҳозир эса вилоятимиздаги таҳририятлар бирин-кетин ёпиляпти, қисқаряпти, натижада аксарияти ўз мустақил фикри ва дунёқарашига эга, қалами чархланган ижодкорларни йўқотаяпмиз.
Тўғри, бугун интернет ривожланиб бораётганлиги, босма нашрлар ҳақида баъзи мутасаддиларнинг калтаўйловлик билан қилаётган “башоратлари”, “мажбурий обуна” иборасининг истеъмолга зўрлаб киритиб юборилганлиги, соҳага фақат пул топиш илинжида кириб келаётган айрим қаламкашларнинг кўзи очлиги, ялтоқликлари босма нашрларнинг ҳам, журналистнинг ҳам обрўсизланишига сабаб бўлаётган бўлиши мумкин. Лекин бу омиллар босма нашрларни ўз ҳолига ташлаб қўйишга, маънавиятга эътиборсизлик қилишга сабаб бўлмаслиги керак.
Янги Ўзбекистонда, шундай дориломон замонда, тадбиркор майли ўзи пул топади, бюджетдан ойлик маош оладиган эркак мактаб директорини ҳам қўя турайлик, оддий мактабгача таълим ташкилоти мудираси болажонларнинг нонини “туя” қилиш эвазига ялтиллаган енгил машинада ялпайиб “катайса” қилаётган даврда, халқнинг маънавияти-маърифати йўлида хокисорлик билан газета чиқариб юрган муҳаррирни бугун айблаш эмас, балки уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш керак. Ҳурматли шоири замон Очил Тоҳирнинг нега ҳамма нарсага етган ақли, шу нарсаларга келганда оқсайди? “Шум бола” айтганидек, яна билмадим…
Ориф ОМОНОВ,
Косон туманидаги
“Косон” газетаси муҳаррири