Ўқитувчига хат ёзган президент

Американинг 16-президенти Авраам Линкольн ҳақида

 

Бу дунё яралгандан буён бошидан нелар ўтмади, кимлар ўтмади дейсиз!

Дунёни ўзгартираман, ҳатто дунёни ёлғиз ўзим бош­қараман деганлар ҳам ўтган. Лекин тарихда узоқ ё қисқа вақт бўлсин, ўз даврида, ўз вақтида мисли кўрилмаган ишлар қила олган, ном қолдирган зотлар ҳам кам эмас.

Маълумки, ўтган йили дунёнинг энг қудратли давлатларидан бири ҳисоб­ланган Америкада президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Қанча тортишувлару тўпалонлар, баҳслару машмашалар билан ўтган бу сайловда АҚШнинг 46-президентлигини Жо Байден ютиб чиқди.

Албатта, ҳамманинг ўз ўрни бор ва ҳаммасига Вақт ҳакам деганларидек, қуйида АҚШнинг 46-президенти ҳақида эмас, балки 16-президенти   Авраам Линкольн ҳақида сўз юритамиз. Шунинг учунки, бундан кейин газетамизда машҳур ислоҳотчилар, мамлакатини, халқини юксакликка олиб чиққан энг йирик сиёсатчилар, давлат арбоблари ҳақида ҳикоя қилиб борамиз.

 

Американинг 16 – президенти Авраам (Иброҳим) Линкольн дунёни ўзгартирган шахс­лардан бири сифатида тарихда қолган. Унинг бўйи жуда баланд – 193 см. бўлиб, ҳар доим бошига катта шляпа кийиб юрган ва бу уни янаям бўйчан кўрсатган. Айтишларича, бу шляпа нафақат ўша даврда урф бўлгани учун кийилган, балки давлат раҳбари ушбу бош кийим остида муҳим ёзувларни, баъзи ҳужжат ва пулларини сақлаган.

У машҳур адвокат, сиё­сатчи ва давлат раҳбари бўлиш билан бирга ҳазил туйғуси кучли шахс бўлган. Бир куни ундан “Жаноб Линкольн, сиз ўз ботинкангизни ҳар куни ўзингиз тозалайсизми?”, деб сўрашганида “Ҳа, мен ўз пойабзалимни ўзим   тозалайман, сиз-чи, кимникинидир қўшиб тозалайсизми?”, деб жавоб берган экан. Линкольн ниҳоятда ақлли, фикрлари теран ва сўзларни ишлатишга моҳир инсон бўлган. Унинг нутқ ва маърузалари бунинг ёрқин ҳужжатидир. Айниқса, унинг Геттисбергдаги аскар қабристони очилишидаги “Геттисберг маърузаси” жуда машҳурдир.

Aвраам Линкольн 1809 йил 12 февралда Кентукки штатидаги Ходвилл шаҳрида туғилган. Унинг отаси таниқли деҳқон Томас Линкольн ва онаси Ғарбий Виржиниядан штатга кўчиб ўтган Нэнси Хэнкс эди. Aфсуски, ёш Авраамга бадавлат оилада ўсиб, вояга етиш насиб этмаган эди: отаси 1816 йилдаги суд жараёнида ўз мол-мулкининг катта қисмини йўқотади, бунга деҳқоннинг ҳужжатларидаги ҳуқуқий хато сабаб бўлган.

Банкрот бўлган оила бепул янги ерларни ўзлаштиришда ўз омадларини синаб кўришга умид қилиб, Индиана штатига кўчиб ўтди. Нэнси Хэнкс кўп ўтмай вафот этди ва унинг синглиси Сара кичик Линкольнга ғамхўрлик қилиш бўйича баъзи вазифаларни ўз зиммасига олди. 1819 йилда Томас Линкольн биринчи турмушидан уч фарзанд кўрган бева аёл Сара-Буш Жонсонга уйланди. Бўлғуси президент Авраам Сара Буш билан жуда илиқ муносабат ўрнатди ва аёл аста-секин иккинчи онага айланди.

Линкольн болалигини Индиана штатидаги кичик фермада ўтказди. У меҳнатдан кўра китобларни афзал кўрган, қўшнилари ҳатто уни дангаса бола деб ҳисоблашган. Йигит ўспиринлигида отасининг уйидан чиқиб кетган. Бирмунча вақт кичик Салем қишлоғига жойлашди, у ерда почта мудири, савдогар, ўтинсоз, сурвейер ва темирчи сифатида ишлайди. Иллинойс губернатори қора лочин ҳиндуларига қарши курашиш учун кўнгиллиларни чақирганда, ота томондан бобоси ва бувиси ҳиндулар томонидан ўлдирилган Авраам армияга ёлланиб, у ерда капитан унвонини олди.

Шуниси эътиборга лойиқки, Aвраам Линкольннинг муваффақият тарихи нафақат илҳомлантирувчи ғалабалар ҳақида, балки сиёсатчи ҳар доим чинакам қадр-қимматга қандай дош беришни билган ва тақдирнинг шафқатсиз зарбалари ҳақида ҳам ҳикоя қилади. Шундай қилиб, 1832 йилда у Иллинойс қонунчилик палатасига сайланишга уринди, аммо бу муваффақиятсиз тугади. Кейин Линкольн сиёсий ва иқтисодий илмларни ўрганишга аввалгидан ҳам жиддийроқ киришди. Бунга параллел равишда, бир дўсти билан чакана савдо дўконида пул ишлашга уринди. Ҳар бир тийинни санашга мажбур бўлган Авраамни фақат кўп ўқиганлиги ва доимо орзулар билан яшаши қутқариб қолади. Худди шу даврда Линкольннинг қулликка нисбатан салбий муносабати ривожланди.

Бўлажак президентнинг сиёсий фаолияти мана шундай бошланди. Ҳар бир буюк инсон ҳаётини безовчи гулдор нақшлар ва омадли танаффуслар бўлади. Aвраам Линкольн учун магистратлардан бири билан учрашиш бахтли воқеа бўлган, шундан сўнг бўлажак президент ҳуқуқшуносликни мустақил ўрганишни бошлади. У шу қадар ўжарлигини исботладики, 1836 йилда Aдвокатлар палатасидан жой олди. Бир йил ўтгач, Линкольн Иллинойснинг янги пойтахти Спринфилдга кўчиб ўтди ва у ерда таниқли адвокатнинг шериги сифатида иш бошлади. Ҳали 30 ёшга етмай аллақачон таниқли сиёсатчи ва адвокатга айланган эди. 1835 йилда Aвраам Линкольн яна Иллинойс қонунчилик палатасига сайланишга уринди ва бу сафар унга эришди.

1836 йилда сиёсатчи ҳуқуқшуносликнинг барча соҳаларини мустақил ўрганиб чиқиб, расмий юрист унвонига имтиҳонларни муваффақиятли топширди. Кейинчалик, у узоқ вақт юридик соҳада ишлади, шу жумладан, мураккаб ишларни кўриб чиқди ва унинг ёрдамига муҳтож бўлган камбағал фуқаролардан тўловини олишни рад этди. У кейинчалик ўз нутқларида доимо демократик қадриятларни таъкидлаган.

Линкольн Aмерика Қўшма Штатларининг Aмерика-Мексика урушидаги тажовузкор ҳаракатларини қоралади, аёлларнинг овоз бериш ҳуқуқини олиш истагини қўллаб-қувватлади ва мамлакатни қуллик тизимидан босқичма-босқич озод қилиш тарафдори эди. 1854 йилда қулликни бекор қилишни тарғиб қилган AҚШ Республикачилар партияси тузилди ва 1856 йилда сиёсатчи янги сиёсий куч таркибига кирди. Шуниси эътиборга лойиқки, ўша пайтда унинг кўплаб собиқ издошлари Рес­публикачилар партиясига қўшилишган эди.

Бир неча йил ўтгач, у Демократик партия вакили Стивен Дуглас билан бирга AҚШ Сенатига номзодини қўйди. Линкольн яна бир бор қулликка қарши салбий муносабатини билдирди, бу эса сайловда ютқазган бўлса-да, яхши обрўга эга бўлишига имкон берди. 1860 йилда Aвраам Линкольн AҚШ президентлигига республикачилар номзоди сифатида кўрсатилди. У ўзининг меҳнатсеварлиги, юксак ахлоқий тамойиллари билан танилган ва катта шуҳратга эга бўлиб улгурганди. Сиё­сат ҳақидаги қизиқарли чиқишлари газета саҳифаларидан қизиқиш билан ўқилди. Унинг фотосуратлари доимо ҳалоллик ва жасорат сўзлари билан эгизак тушунчани ҳосил қиларди. Натижада, сиё­сатчи сайловларда 80 фоиздан кўпроқ овоз тўплаб ғалаба қозонди.

Бироқ янги сайланган президентнинг кўплаб ра­қиблари бор эди. Унинг қуллик тарқалиши эҳтимолини истисно қилган сиёсати бир нечта штатларнинг Қўшма Штатлар таркибидан ажралиб чиқиши ҳақида эълон қилишига олиб келди. Президентнинг аллақачон мавжуд бўлган штатларда қулликни йўқ қилиш яқин келажакда режалаштирилмаганлиги ҳақидаги баёнотлари қуллар тузуми тарафдорлари ва унинг мухолифлари ўртасидаги муросасиз қарама-қаршиликларни келтириб чиқаради

15 қулликка асосланган штат ва қуллик институти мавжуд бўлмаган 20 штат ўртасидаги уруш 1861 йилда бошланиб, 1865 йилгача давом этди ва бу янги сайланган президент учун жиддий синов бўлди. Уруш кўплаб кичик ва катта жангларни ўз ичига олди. Уруш конфедерациянинг таслим бўлиши билан тугади. Мамлакат озод қилингандан сўнг қора танли аҳолини Aмерика жамиятига қўшилишдай қийин жараёнини бошдан кечиришга маҳкум эди. Ҳарбий ҳаракатлар пайтида президентнинг асосий манфаати демократия эди. У ҳатто фуқаролар уруши шароитида ҳам мамлакатда икки партиявийлик тизими муваффақиятли фаолият юритиши, сайловлар ташкил этилиши, AҚШ аҳолисининг сўз эркинлиги ва бошқа фуқаролик эркинликлари учун курашди.

Уруш йилларида Aвраам Линкольн ўзи учун кўплаб душманлар орттирди. Бироқ ҳибсга олинган фуқароларнинг судга ўтказилишини бекор қилиш президентга фойда келтирди. Уй-жой мулкдорлари тўғрисидаги қонун ҳам одамларга ёқди, унга кўра маълум бир участкада ерни ишлов беришни ва унга бинолар қуришни бошлаган кўчманчи унинг тўлиқ эгасига айланди.

Буларнинг барчаси Линкольнга иккинчи муддатга қайта сайланишига имкон берди, аммо афсуски, унга ўз ватанини узоқ вақт бошқариш насиб этмади. Фуқаролик уруши расман тугаганидан беш кун ўтгач, 1865 йил 14 апрелда Aвраам Линкольн Форд театрида актёр Жон Уилкес Бут томонидан ўлдирилди. Бугунги кунда Линкольн Қўшма Штатларнинг энг муносиб президентларидан бири ҳисобланади, у миллат инқирозининг олдини олди ва афроамерикаликларни озод қилиш учун дунё халқлари алқаган ишни амалга оширди. Вашингтонда президент ҳайкали бутун Aмерика халқининг миннатдорлиги ва муҳаббатининг   рамзига айланган.

Линкольннинг турмуш ўртоғи Мери Тодд 1818 йилда Кентукки штатининг Лексингтон шаҳрида бой аристократлар оиласида туғилган эди. Мери Тодднинг эътиборини оддий адвокат Aвраам Линкольн жалб қилди. Линкольн 32 ёшда эди, Мери эса 23 ёшда. Унинг отаси никоҳга қатъий қарши бўлди ва ҳатто қизи билан бирмунча вақт алоқаларини узиб қўйди. Ёшлар икки йил давомида учрашишди ва ниҳоят 1842 йил 4 ноябрда турмуш қуришди. Aвраам Линкольн меҳрибон ва юмшоқфеъл одам эди. Аммо унинг Мери Тодд билан турмуш қуриши катта хато бўлганлиги бирга яшай бошлагач, тезда маълум бўлди. Ўнлаб қора танли оналар ва энагалар билан бой оилада ўсган Мери уй ишларини бажаришга умуман қодир эмас эди ва оилавий ишларга яроқсиз бўлиб чиқди. Aввалига Линкольн ҳазиллашиб, сўнгра, афтидан жиддий равишда: “Мен хотинимни барча энагалари билан бирга олишим керак эди”, деди.   Линкольннинг никоҳи ичдан бузилди. У мамлакатни туза олди бироқ кичкина бир оилани сақлаб қола олмади. Мери доимо норози хотинлардан бири бўлган. У доимий равишда шикоят қилган, эрини танқид қилиб, жанжал чиқарган. Мери ақлдан озганча ҳасад қилар ва рашк саҳналарида ўзини бошқара олмай қоларди. Тугамайдиган можаролар оилани барбод қилганди. 1865 йилда эрининг отилганини кўрган Мери ақлдан озади ва ўғли уни руҳий касалликлар шифохонасига жойлайди. У 1882 йилда 63 ёшида оламдан ўтади.

Линкольн Америка ва америкаликлар ҳаётини тубдан ўзгартирган, қуйи табақа вакилларидан чиққан давлат раҳбаридир. Унинг нотекис кечган ҳаёт йўли, сиёсий эътиқоди, доимо халқ томонида туриб фикрлагани, олиб борган ишлари номини тарих қатимларига муҳрлади. Зеро, уммонорти мамлакати миллий қаҳрамонининг ҳаёти ва фаолияти бугун нафақат Америка, балки керак бўлса, ҳар бир миллат учун тарих бекита олмайдиган ёрқин бир улгидир. Асрий қуллик занжирларини узган, асл озодлик таъсисчисининг номи фақат қора танлиларнинг эмас, бутун инсоният орзуларининг ёруғ аксидир.

 

Отанинг муаллимга мактуби

Авраам Линкольннинг тўрт нафар ўғли бўлиб, уларнинг уч нафари   ичтерлама ва силдан 4,11,18 ёшларида вафот этади. Фақат ўғли Роберт сиёсат билан шуғулланади, 82 йил умр кўради.   Линкольн 1855 йилда ўзининг “Ўғлимнинг муаллимига мактуб”ини ёзади. Бу мактуб ўғли Уильямнинг ўқитувчисига ёзилган бўлиб, у 11 ёшида оламдан ўтган. АҚШда Оқ уйни томоша қилар экансиз, бу ерда ота-бола Линкольнларнинг руҳи кезиб юрганлигини айтишади. Оталик меҳри ва болага ғамхўрлик сингдирилган ушбу хатни ўқир экансиз, унда айниқса, ўқув жараёнида биз кўпинча унутадиган жуда муҳим жиҳатлар жамулжам эканлигини англаш мумкин. Шундай қилиб, Президент Линкольннинг ўғлига таълим бераётган ўқитувчига ёзган мактубидан:

“… Менинг ўғлим ҳамма одамлар адолатли ва барча одамлар самимий эмаслигини билиши кераклигини истайман. Шунингдек, унга ҳар бир фирибгар ичида бир қаҳрамон топилишини ва ҳар бир худбин сиёсатчига фидойи лидер берилганлигини ўргатинг.

Агар атрофида душман бор экан ва албатта, дўст ҳам топилишини уқтиринг. Буни билиш учун эса вақт керак бўлади. Унга ишлаб топилган бир доллар пул, кўчада топиб олинган беш доллардан кўра қийматлироқ эканлигини англатинг.

Aгар иложи бўлса, уни ҳасаддан узоқлаштиринг, хотиржам   кулишнинг сирларини ўргатинг. Зўравонлик ва мақтанчоқликни енгиш энг осон иш эканлигини эрта билиб олишига имкон беринг. Aгар уддалай олсангиз, уни китобларга қизиқтиринг…

Ва унга бўш вақт беринг, шунда у абадий сирли ҳодисалар ҳақида фикрлаши   мумкин: осмондаги қушлар, қуёш нурларидаги асаларилар ва яшил тепаликлардаги гуллар.

У мактабда бўлар экан, одамларни алдашдан кўра муваффақиятсизликка дош бериш анча шарафли эканлигини ўргатинг… Ҳатто унга   кимдир танлаган йўли нотўғри эканлигини айтган бўлса ҳам ўз ғояларига ишониш ҳиссини тарбияланг… Майин феълли одамларга майин бўлишни,   қаҳри қаттиқларга нисбатан эса бераҳм бўлиш кераклигини айтинг.

Ҳамма ғолиб томонда турганида, ўғлимга оламонга эргашиб кетмаслик учун куч беришга ҳаракат қилинг… Уни ҳамма одамларни тинглашга, шунингдек, эшитган нарсаларига ҳақиқат бурчагидан қарашга ва фақат яхшиликларни танлашга йўлланг.

Aгар имкони бўлса, унга қайғуда кулишни, кўз ёшда уят йўқлигини ўргатинг. Уни беадаблик уятли ҳол эканлигини англашга ва ортиқча тилёғламаликлардан эҳтиёт бўлишга чоғланг.

Унга мияси ва мушак кучини энг юқори нархда сотиш мумкинлигини, бироқ қалб ва кўнгилни савдога қўйиб бўлмасликни тушунтиринг.

Унга урушга мойил оламонга қулоқ солмасликни сингдиринг, лекин агар у ўзини ҳақ деб ҳисобласа, ўрнидан турсин ва жангга кирсин!

Ўғлимга яхши муносабатда бўлинг, аммо ҳаддан ташқари эркалатманг, чунки фақат оловгина пўлатни мустаҳкам қилади. Унга ҳамма ёмон нарсаларга тоқат қилмасликни, жасоратли бўлишни, жасурлик   учун ҳам сабр кераклигини ўргатинг.

Уни ҳар доим ўзига юқори ишончда бўлишга ишонтиринг, чунки ана шунда   у доимо инсониятга юқори ишонч­­да   туриб қарайди.

Бу осон иш эмас, лекин сиз нимага қодирлигингизни кўряпсизми… У жуда яхши бола, у менинг ўғлим!

Авраам Линкольн. 1855 йил.”

 

Авраам Линкольн фикрларидан:

  • Демократия — бу халқни халқ орқали бошқарадиган ҳукуматдир.
  • Сиз доимо одамларнинг бир қисмини ва бутун халқни бир муддат алдашингиз мумкин, лекин сиз бутун халқни доимо алдай олмайсиз.
  • Мен бир куни менинг имко­ниятим келишига тайёргарлик кўряпман.
  • Мен нафақат қора танли занжиларни, балки оқ танлиларни ҳам қулликдан озод этдим.
  • Отам менга меҳнатни яхши кўришим кераклигини айтди; у машаққатни яхши кўриш кераклигини айтмади.
  • Қўй ва бўри “озодлик” сўзини турлича тушунади, инсоният жамиятида ҳукм сураётган келишмовчиликларнинг моҳияти ҳам ана ўшанда.
  • Ҳеч қачон Роббим мен томонда деб айтманг; яхшиси сиз ўзингиз Роббингиз тарафида бўлиш учун ибодат қилинг.
  • Характер дарахтга ўхшайди, обрў эса унинг сояси. Биз сояга ғамхўрлик қиламиз, лекин аслида дарахт ҳақида ўйлашимиз керак.

 

Гўзал БЕГИМ тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × five =