Ҳақиқат муаллифи ёхуд инсоният тафаккурига мангу чорлов

Дунё матбуотида, адабиёти ва публицистикасида бир-бирини тўлдирадиган номлар талайгина. Газетамизнинг ўтган сонларида жаҳонга машҳур америкалик адиб ва публицист Эрнест Хемингуэйнинг журналистик фаолияти ҳақида мақола эълон қилган эдик. Бугун ушбунинг тадрижий давоми сифатида бутун дунё китобхони   асарларини севиб ўқийдиган ёзувчи, моҳир журналист, уруш кўрган адиб Жорж Оруэлл ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз. Зеро, унинг ёзганларидан тинчлик ва озодликнинг, тенглик ва ҳақиқат учун курашнинг нафаси уфуриб туради.

Жорж Оруэлл номи ўз вақтида собиқ совет иттифоқининг темир панжараларини бузиб кира олмаган. Китоблари ўгай мафкуранинг ашаддий душмани сифатида жавонларга қўйилмади. Бутун дунё Ж.Оруэлл­нинг “Молхона” ва “1984” романларидан ҳайратланаётган бир пайтда ҳатто бу ёзувчининг номи ҳам собиқ шўро китобхонига мутлақо бегона эди. Бироқ ҳақиқий китобхон кечикиб бўлса-да ўз ёзувчисини таниди.

У бироз вақт Би-би-си хизматида ишлаган бўлса-да архивларда Оруэлл иштирок этган дастурларни топишга уринишган, топа олишмаган. Aрхив раҳбарининг сўзларига кўра, бу ачинарли, аммо ажабланарли ҳол эмасди. Дунёни ҳар куни нотинч уруш оловлари қамраётган бир пайтда эҳтимол, бунинг мавриди бўлмаган.

“Оруэлл даврида ёзувлар жуда кам сақланиб қолган: радио, асосан, жонли эфирда бўлган. Aммо уруш пайтида Би-би-си чет элда қамровини кенгайтирган. Ёзувлар дискларда тайёрланган, бир неча бор эфирга узатилгач, ўчирилган. Баъзан ёзувлар доимий фойдаланиш учун ишончли архив дискларига ўтказилган. Афсуски, Жорж Оруэлл иштирокида бирор эшиттириш сақланиб қолмаган”, – дейилади архив хабарларида.

Би-би-си қароргоҳида Жорж Оруэллга ёдгорлик ўрнатилган жой у ер ходимлари учун норасмий чекиш жойи ҳисобланади, шунинг учун Оруэллнинг қўлидаги сигарет жуда табиий кўринади. Ёзувчи, бироз кулгили, стандарт бўлмаган кийимларида ва ўзига хос соч турмаги билан тасвирланган.

Жорж Оруэлл 1903 йилда Британия Ҳин­дистонининг Мотиҳари шаҳрида туғилди. Брита­ниялик ёзувчи, журналист ва публицистнинг асарлари содда ёзув услуби, тоталитаризмни танқид қилиш ва демократик социализмни қўллаб-қувватлаши билан ажралиб туради. 5 ёшида у йўлбарс ҳақида шеър ёзиб, унда йўлбарснинг тишларини “стуллар”га ўхшатади. Беш яшар боланинг бу ғаройиб ўхшатиши атрофдагиларни ҳайратга солганди. Ўттиз ёшида у “Мен вақтга бегонаман”, деб ёзди ва бу умр бўйи ёзган асарларида ҳам, ҳаётида ҳам   ёзувчини таъқиб қилди.

Эрик бир яшарлигида,   онаси ва синглиси Маржори билан Aнглияга кўчиб кетди. 1922 йилдан 1927 йилгача Бирмадаги мустамлакачилик поли­циясида хизмат қилди, кейин узоқ вақт Буюк Британия ва Европада фавқулодда ҳолатларда яшаб, фан­тастика ва журналистикада ижод қилишни бош­лади. Ҳаёт турли кўринишларда унинг асарларига кўча бош­лади. Илк автобиографик романини Aнг­лиядаги энг севимли жойларидан бири Оруэлл дарёси шарафига “Жорж Оруэлл” тахаллуси билан нашр эттиради.

Aдабий истеъдодини кашф этган Блер Парижга кўчиб ўтди ва китоб ёзишни бошлади. Биринчи ҳикоясини нашр этар экан, Европада кечган ҳаётидаги саргузаштларни тасвирлади. У ҳатто Париж ресторанларида идиш-товоқ ювди. Китобининг биринчи кўриниши “Идиш ювиш машинасининг кундалиги” қабилида ғаройиб номланиб, муаллифнинг Франциядаги ҳаётидан ҳикоя қилган.

1936 йилда Оруэлл уйланди ва олти ойдан сўнг рафиқаси билан бирга фуқаролик уруши бошланган Испанияга жўнаб кетди. Урушда деярли олти ой бўлди, 1937 йил Уэскадаги жангда томоғидан жароҳатланди. У аъзо бўлган партия Сталинга қарши бўлгани учун 1937 йилда Оруэлл ва унинг рафиқасида ҳибсга олиниш хавфи кучайди.   СССР тарафдорлари муттасил таъқиб қилгани сабаб Оруэлл Испанияни шошилинч тарк этди.

Испаниядан Aнглияга қайтиб келган Оруэлл социализм ривожланишини қўллаб-қувватлаган Мустақил Меҳнат партияси сафига қўшилди. Шу билан бирга, ёзувчи дунёқарашида сталинист тоталитар тузумни кескин танқид қилиш руҳи пайдо бўлди. Жорж ўзининг иккинчи асари – “Бирмадаги кунлар” романини чиқаришга тараддуд кўрди. Ушбу китобда муаллиф ҳаётининг маълум бир даври, хусусан, полиция бўлинмасида хизмат қилиш жараёни акс этган. Бунда ижтимоий руҳ устунлик қилган ва Жорж Оруэлл истеъдодли публицист сифатида кўзга ташланади.

Оруэлл умри давомида бир марта ҳам совет Иттифоқига бормаган бўлса ҳам Британия махсус хизматлари уни коммунистлар билан сиёсий алоқаларда гумон қилган. “СССР агенти” деган совуқ гумон у тириклигида доим тирик бўлган. 1943 йилгача Би-би-си радиосида антифашистик дастурни бош­қарган, кейин “Трибуна” газетасида адабий тан­қидчи лавозимида ишлаган даврларида қирғинбарот уруш мавзусини тўлақонли акс эттирган курашчанлик руҳидаги мақолалари билан танилади.

1938 йилда ёзувчи бошқа оила қурди. Айлин Ошоугнессига уйланди. Эр-хотиннинг ўз фарзандлари бўлмаган, аммо улар Ричард Ҳоратио исмли болани асраб олишган.

Оруэллнинг урушдаги ҳаёти силлиқ кечмаган. У биринчи марта одам отганида етти соат ботқоқда қолиб кетади. Хотини юборган туморни бағрига босганча бир неча бор ҳужумга ўтади. Орадан икки йил ўтиб, Лондонга ҳам бомба тушди. Унинг башорати амалга ошди. Оруэллнинг китобларига тафаккур чорраҳаларида ўзи яшаб турган тузумга қўйилган ташхис деб қаралган. Улардаги 137 башоратдан 100 таси амалга ошган!

Жоржнинг рафиқаси 1945 йилда тўсатдан вафот этди. Ягона севган кишисини йўқотиш ёзувчи ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юборади. Бундан ташқари, унинг соғлиги ҳам жойида эмасди. Бахтсизликлар қуршовида Жорж кичик бир оролга сафарга чиқди ва кўп йиллар давомида ўйлаб юрган роман ғоясини қоғозга туширишга фурсат туғилади.

Толстойникига ўхшаш ботиний исён Жоржни умрбод таъқиб қилди. У муттасил виждон қўзғалони ичида яшади! Туғилганданоқ тенглик ва адолат ғоялари билан “яраланган” эди. Оруэлл учун цивилизация кўлами ҳар доим оддий одоб-ахлоқ негизида нафас олган.

Ҳарбий ҳаракатлар тугаб, Европа фашистлардан озод қилингандан сўнг, Оруэлл “Молхона” деб номланган сиёсий сатирик романини ёзишга киришди. Асарда инқилоб жараёнида ҳукмрон элита мафкурасининг эврилиши реал ва ки­нояли тарзда тасвирланган. “Молхона” собиқ совет Иттифоқида фақат қайта қуриш даврига келиб нашр этилган. Асар сюжети ёзувчи бир пайтлар гувоҳи бўлган вазиятга асосланади: инглиз қишлоғида Жорж болакай митти таёқ билан отни қувиб кетаётганини кўради. Ўшанда Оруэлл “агар жониворларга онг битганида эди, улар устидан ўзларидан анча заиф бўлган одам   ҳукмронлик қилмаган бўлар эди”, дея мушоҳада қилди. Бу дистопия услубида ёзилган китоб. Ушбу жанр америка ёзувчиси   Олдос Хакслининг “Ғаройиб янги дунё” романи нашр этилгандан сўнг пайдо бўлди. Бир қатор адабиётшунос олимлар ва танқидчилар Оруэллни совет ёзувчиси Замятиннинг “Биз”да акс этган ғояларни ўғирлашда – плагиатда айблашади. Оруэлл вафотидан кейин роман асосида худди шу номдаги иккита фильм суратга олинди.

“Молхона” XX асрнинг энг даҳшатли башорати эди. “Молхона” асари сўзбошисида: “Агар сўз эркинлиги ниманидир ифодаласа, бу одамларга ўзлари истамаган нарсани гапириш ҳаққидир” деб ёзилган.

Асарга кўра, Aнглия Уиллингдон яқинидаги “Усадьба” фермасида жониворлар исён кўтаради. Ҳикоянинг бошида фермага маҳаллий майхўр деҳқон жаноб Жонс эгалик қилади. Фермада аҳвол ёмонлашади. Ушбу асардаги ҳайвонот ҳукуматининг асосини чўчқалар ташкил қилган ва улар томонидан катта омборнинг учига бўёқ билан ёзилган қоидалар муҳим эди: икки оёқда юрган – душман, тўрт оёқда юргани (шунингдек, қанотлилар ҳам) дўстдир, ҳайвон кийим киймайди, ҳайвон ётоқда ухламайди, ҳайвон сархуш бўлмайди, ҳайвон бошқа ҳайвонни ўлдирмайди, барча ҳайвонлар тенгдир.

Кечаси чўчқаларнинг энг ҳурматлиси йиғилиш ташкил этади, у жониворларни ҳокимиятни ағдаришга чақиради ва улар “Aнглия махлуқлари” қўшиғини куйлайдилар. Чўчқалар Наполеон, Снежка ва Визгун бошчилигида қўзғалонга тайёргарлик кўришади. Бир куни Жонс ҳайвонларни боқишни унутади ва бу қўзғалонга сабаб бўлади. Ҳайвонлар уни ҳайдаб чиқаради ва фермадаги барча кучлар чўчқалар қўлига ўтади. Яшил дастурхон, оқ туёқ ва шохни чизиш орқали ўзларининг ҳайвонлар ҳукумати байроғини таъсис этадилар. Яшил дастурхон Aнглия далаларини, туёқ ва шох эса ҳайвонлар мамлакатини англатади. Янги барпо этилган ҳайвонлар мамлакатида улар, шомдан то тонггача ишлашларига қарамай, ўзларини эркин ва бахтли деб биладилар.

Ҳайвонлар мамлакатининг ҳукмдори бўлган Наполеон барча буйруқларни бекор қилади, фақат биттаси, охирги ва энг муҳимини бекор қилмайди – “Барча ҳайвонлар тенг, аммо баъзилари бошқаларга қараганда тенгроқдир”. Фермадаги ҳаёт Наполеон ва унга яқин чўчқалар назорати остида бўлиб, улар ҳайвонлар фермасида барча қарорларни қабул қилишади. Aгар ҳайвонлар шубҳа қила бошласа, атрофдагилар уларни ҳаммаси яхши эканлигига ишонтиради.

Асар қариликдан кўр бўлган Клевер оти (“Хрумка”) ва бошқа бир қанча ҳайвонлар томоша қиладиган одамлар ва чўчқаларнинг жанжалларию ярашиши билан тугайди: “Ташқарида қолганлар чўчқалардан одамларга, одамлардан чўчқаларга қайта-қайта қарашар, аммо ким кимлигини аниқлаш асло мумкин бўлмай қолган эди”. Бу тузум учун энг адолатли баҳо эди.

Муаллиф кейинги романини нима учун айнан “1984” деб номлаганлиги номаълум. Баъзи танқидчилар муаллиф 1984 йилга келиб, агар ижтимоий тизимда глобал ўзгаришлар бўлмаса, жамият романда тасвирланган кўринишга эга бўлишига ишонганини таъкидлашади. Бироқ, умумий қабул қилинган қарашлар шундан иборатки, роман номи ёзилган йилини акс эттиради — 1948, лекин рақамлар охиридаги иккита рақам тескаридан ўқилади. У ушбу китобни “Охирги одам” деб атамоқчи эди, лекин афсуски, аллақачон бу номда китоб бор эди. Оруэллнинг “1984” романи — бахт ҳақида. Ҳа, одамларнинг ижтимоий тенглиги ва умумий Aдолат тўғрисида! Оруэллда қуйидаги сўзларни учратиш мумкин: “Бахт ҳаётнинг мақсади эканлигига ишонмайдиганларгина бахтни ҳис қилишади”.

Ўша пайтларда сил касаллигининг давоси бўлмаган ва Оруэллда ишлаш тобора қийинлашади. Лондонга қайтиб келган Жорж Оруэлл 1950 йил 21 январда вафот этди. Бу вақтда “1984” романи нашр этилганидан роппа-роса 6 ой тўлганди. Унинг асарлари 20 жилдда нашр этилган: 5 та роман, сатирик эртак, шеърлар тўплами ва танқидий асарлар ва пуб­лицистикаси тўрт жилддан иборат. Улар   60 тилга таржима қилинган, фильм қилинган, мактаб ўқув дастурларига киритилган. Aнглияда романнинг иккинчи нашри 50 минг, умуман, Қўшма Штатларда 360 минг нусхада босилган. Дунё кимни йўқотаётганини унинг ўлимидан кейингина тушуниб етди.

Бугунги кунда Оруэллнинг китоблари бутун дунё бўйлаб тарқалган ва шуҳрат шоҳсупасини эгаллаган. Шимолий Кореяда ёки радикал ислом дунёсида, эҳтимол уни кам одам ўқиган бўлиши мумкиндир. Aммо, бу унинг шуҳрати чегараланишига дастак бўлолмайди. Бир асрга яқинлашяптики, дунёнинг ривожланган мамлакатларида унинг роман ва пуб­лицистикаси қайта-қайта нашр қилинади.

У 38 ёшида Би-би-сининг чет эл хизматида радио ёрдамчиси бўлиб ишлайди. Продюсер сифатида уруш пайтида Оксфорд кўчасидаги Питер Робинсон дўконидан ижарага олган подвалда фаолият олиб борди. “У Би-би-сидаги ишини урушда иштирок этишнинг ўзига хос тури сифатида қабул қилган”, – дейди Тэйлор.

Оруэлл дастлаб ҳиндлар учун ҳафталик янги­ликлар шарҳини тайёрлаган, уни ҳинд ходимлари ўқиб эшиттиришган. Ушбу нашрларнинг сценарийлари 1980-йилларда топилган ва нашр этилган.

Жорж Оруэлл адабиёти ва публицистикаси биллур чорраҳаларда кесишади. У инсоният тафаккурини озодлик ва адолатга, ҳақиқат ва тенгликка мангу чорлаб тураверади. Зотан унинг чорловлари “Молхона” ва “1984” кўринишида инсоният идроки силсиласига муҳрланган. Уларда уруш кўрган ёзувчининг, қонли жанглардан репортаж тайёрлаган журналистнинг мангу даъватлари ўрин олган. Бугун ўзбек ўқувчиси ҳам “Молхона” ва “1984” асарларини ўз тилида қўлга олар экан, муаллиф виждони исёнларининг акс-садосини юрагининг энг чуқур жойларида туриб тинглайди.

Гўзал Бегим тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + 3 =