Қуёш шуъласидаги занжир сояси ёхуд “қариялар уйи”даги журналист тақдири
Дунё аҳолиси тез кексаймоқда. Сўнгги ўттиз йил ичида сайёрамизда 60 ёшдан ошган одамлар сони икки бараварга ошганлиги ҳақида хабарлар мавжуд. Бу эса дунёда қариялар уйларининг ортишига сабаб бўлаётганлиги айни ҳақиқат. Францияда 7 минг, AҚШда 20 минг, Россияда эса 1,5 мингдан зиёд қариялар уйлари бор. Бизнинг мамлакатимизда уларнинг сони жуда кам. Лекин кам бўлса ҳам уларнинг борлиги киши дилини ранжитади.
Масалан, Япония аҳолисининг 25 фоизидан кўпроғи 65 ёшдан ошган одамлардир, шунинг учун қариялар уйлари хизматига талаб катта. Бундай муассасаларга кириш учун одамлар навбатда туришади. Ҳар йили ярим миллионгача одам навбат кутади.
Европада, хусусан, Голландияда кекса одам учун қариялар уйида яшаш одатий ҳолдир. Aммо бу ерда пенсия ёшига етган одамлар учун пансионатлар ижтимоий муассасаларга ўхшамайди, аксинча, улар катта шаҳарлардаги қулай меҳмонхоналарга менгзалади. Францияда эса қарияларга ғамхўрлик қилиш тизими дунёдаги энг ривожланган соҳалардан биридир.
Америка Қўшма Штатларида кексаларнинг қариялар уйида туриши болаларнинг ота-оналарига нисбатан ёмон муносабати сифатида қаралмайди. Статистик маълумотларга кўра, кекса ёшдаги одамларнинг 3 фоиздан кўпроғи умрининг сўнгги қисмини у ерда ўтказади. Энг бахтли кекса одамлар Aвстрия, Швеция, Люксембург, Швейцария ва Норвегияда яшайдилар. Ушбу мамлакатларнинг кекса одамлари қариялар уйига тушиб қолишдан асло қўрқмайдилар.
Аммо бизнинг бугунги мулоҳазаларимиз Америка ёки дунёдаги энг бахтли қариялар яшовчи мамлакат Норвегия ёки Швейцария қариялар уйлари ҳақида эмас. Шундоққина Тошкентнинг қовурғасида – Қорақамишда жойлашган Уруш ва меҳнат фахрийлари Республика пансионати (халқ тилида айтсак “қариялар уйи”)да яшаб ижод қилаётган ажойиб ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Рустам Обид тўғрисидадир .
Бугунги аксарият ёш журналистлар Рустам Обид номини ҳам эшитишмаган деган фараздамиз. Чунончи, бугун асосий китоб жавони электрон китоблардан тартибланган ўқувчи учун кўзбойлоғич – интернет оламидан Рустам Обид ҳақида на бирор маълумот, на илмий мақолаларию унинг таржималарини топа олдик. Ҳатто энг ишончли манба сифатида таянадиганимиз ziyouz.com сайтида ҳам Рустам Обиднинг бирорта илмий мақоласи жойлаштирилмаган экан. Демак, сўзимизни Рустам Обид ким ўзи?, деган бўшлиқни тўлдиришдан бошлаймиз.
1950 йилда Тошкентнинг Себзор даҳасида кўмирчилик қилиб рўзғор тебратадиган Турсунбой ака ва Турсунхон ая оиласида туғилган фарзандга Рустам деб исм қўйишди. Улар туғилган фарзанди келажакда ўзбек миллати тараққийсига муносиб ҳисса қўшгани ҳолда кун келиб, ҳаётининг бир парчасини қариялар уйида ўтказишини хаёлига ҳам келтирмагани аниқ. Кўктерак қишлоғида яшовчи буви ва бобо неварани ўз бағрида катта қилишди. Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”сидаги Қоравойдан ғирт нусха олган Рустам Обиднинг болалик ҳаёти ғаройиб воқеаларга, тану баданидаги чандиқларга бой бўлди. Келесу Сариоғоч демай дайдиб юриб болалик завқини сурган болакай учун “Шаҳарга олиб бориб қўяман” деган ҳукм жазонинг энг қўрқинчлиси эди. У сувда оқиб кетишдан ҳам, жароҳат олишдан ҳам, дарахтдан йиқилишдан ҳам қўрқмасди, шаҳарга — зерикарли ҳаётга қайтишдан қўрқарди, холос. Чунки болалигиданоқ табиат сирли ҳодисаларига жўр нафас олган Рустам Обид учун ариқ сувида зоғора нонни оқизоқ қилиб еб, қўй боқишнинг, осмонга қараб ётиб булутлар орасига сингиб кетишни туйишнинг гашти бўлакча бўлган.
Ота-онаси ўғлини Тахтапулдаги 22-умумтаълим мактабига ўқишга беришди. Бу мактабдан ўз замонида жуда кўп ижодкорлар етишиб чиққан. Эркин Воҳидов, Сайёр, Тўлқин Илҳомов, Тўлқин Имомхўжаев, Анвар Эшонов, Ҳамдам Содиқов, Қутби Носирова, Саидкомил Умаровлар айнан шу мактабда таҳсил олишган. У мактабдаёқ 14 ёшда повесть ёзган ўқувчи сифатида тенгқурлари орасида яхшигина танилди.
Себзор-Кўктерак йўлида қатнаб юрган болакай учун 14 ёшида “Сим-Сим” эшиклари очилди. Бу “Ленин учқуни”(ҳозирги “Тонг юлдузи”) газетаси қошида машҳур ёзувчимиз Тоҳир Малик ташкил этган Адабиёт тўгараги эди. Хуршид Дўстмуҳаммад, Эркин Усмонов, Умида Абдуазимова ва Рустам Обидлар айнан мана шу тўгаракдан етишиб чиқди. 1967 йилда машҳур ёзувчи Абдулла Қаҳҳор билан бўлган учрашув, расмларга муҳрланди, уларнинг ижодига кўчди.
Хуллас, ўтган асрда адади жиҳатдан “Саодат” журналидан кейин иккинчи ўринда турган “Фан ва турмуш” журналида Рустам Обид 1973 йилдан иш бошлади. “Фан ва турмуш” Рустам Обидни илмий журналист, мистика ва сир-синоат, парапсихология илмининг тадқиқотчиси сифатида бутун Ўзбекистонга танитди. Ўзбекистонда саргузашт асарларнинг ва фантаст ёзувчиларнинг кенг миқёсда танилиши ҳам айнан “Фан ва турмуш” журнали, айнан Рустам Обид ҳиссасига тўғри келади.
Таниқли журналист, тарихчи олим Умид Бекмуҳаммад ўзининг “Сизни соғиндик, Рустам Обид” мақоласида шундай ёзади: “У “Аура нима?”,“Нумерология қандай фан?”, “Транскоммуникация нима?”, “Девор бўлса ҳам…”, “Ўлимдан кейинги ҳаёт”, “У дунёдан хабарлар”, “Инсон вужудига саёҳат”, “Дуонинг кучи”, “Жуна бўлишни хоҳлайсизми?, “Табиатнинг янги жумбоғи”, “Буюк кишилар ишқибозлиги”, “Юзни ўқиш санъати”, “Марҳумлар нега қайтаётир?”, “Бехосият ва хосият жойлар”, “Ўзбекистон осмонида учар ликопчалар” сингари “Фан ва турмуш”да, шунингдек “Саодат”, “Сирли олам”, “Қалб кўзи” нашрларидаги мақолалари билан ўз мухлисларига эга бўлди. Юқоридаги мақолаларнинг айримлари сарлавҳаларини ўқиб “шунчаки олди-қочди” мақолалар ҳам ёзган экан-да?” дея ўйламанг. Улардаги илмий фикр, далил ва таққослаш услуби мақолаларнинг юксак савияда эканлигидан, ҳозирда ҳам уларни бугунги кунда ёзилгандай ўқиш мумкинлигини кўрсатиб турибди”.
Дарҳақиқат, Умидбек ёзганидек, Рустам Обид ўзбек журналистикасида тамоман оқсаётган бир соҳани — илмий журналистиканинг қаддини кўтарди, қадрини кўрсатди. Бу журналист учун осон кечгани йўқ.
— 80-йиллар ниҳоясида “Фан ва турмуш” саҳифаларида ҳар йили бир неча сонда “Дуонинг кучи” номли туркум мақолалар эълон қилиб борганим бошимга кўп балолар ёғдирган, – дейди Рустам Обид. — Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, таҳририятимизга Республика Атеизм институтининг директори шахсан келиб, бу ишларни тўхтатишимни талаб этган, “Акс ҳолда сиз билан тегишли жойда гаплашишимизга тўғри келади!” дея дўқ-пўписа қилган. Шунда мен “Гаплашсак гаплашаверамиз, чунки бу маълумотларни Марказий матбуотдан олганман”, дея жавоб қилдим. Директор ўша вақтдаги “Марказ”даги устозларини эслатганим учунми ёки улардан тегишли жавоб олганми, ҳайтовур, қайтиб қадам босмади.
Бу хил тазйиқ-у таъқибларга қарамай, шу ишларимни давом эттиравердим, чунки кўнглимда ҳақлигимни сезиб турганим аллақандай қатъият бағишларди. Ана шу қатъият билан ҳали совет даври, жанговар атеизм шароитида яшаётган бўлсак-да, Ўрта Осиё республикалари ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг ўша пайтдаги раҳбари, собиқ муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан “Ислом — илм демакдир” номли йирик суҳбатни уюштиришга ҳамда “Фан ва турмуш”нинг 1989 йил 6-сонида эълон қилишга муваффақ бўлдим. Бунинг учун ярим йилча кураш олиб боришга, хилма-хил тўсиқларни енгиб ўтишга тўғри келганди.
Журналистнинг ўтган асрда Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этилган “Оламга саёҳат” кўрсатуви тез оммалашди. Узоқ Шарқ, Владивосток шаҳри, Япон , Баренц денгизлари, Кола яримороли, Шимолий Кавказ, Ставрополь ўлкаси, Кабардин Болқор, Қорачой-Черкес, Шимолий муз океани ва бошқа ҳудудлардан тайёрланган кўрсатувларнинг ҳар бири Рустам Обидни тележурналист сифатида ҳам машҳур қилди.
— Япон денгизида кемамиз бўронга учраганда денгиз касалига чалингандим, дея хотирлайди Рустам ака Обидов. — Ана шунда денгиз касали нима эканлигини ўз танамда синаб кўрдим. Материал тайёрлар эканман: “Япон денгиз соҳилларида шундай кўнгил айнийдики, на қайт қила оласиз, на бу кўнгил айниши сизни қўйиб юборади. Қани энди, шу тобда, япон денгизининг қоқ ўртасида, ўзбекнинг бир дона қурути бўлса, шимсангу, кўзинг мошдек очилса” деб ёзган эканман. Мақолани ўқиган Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов унинг айнан ана шу нуқтасига тўхталиб “Жуда яхши ёзибсиз, қурут ҳақидаги фикрингиз юракдан чиққан гап бўлибди” деган эди.
Рустам Обиднинг “Қалб кўзи” газетаси, “Сирли олам” журналида ишлаган даври, жаҳон фантастик ёзувчилари ижодидан қилган таржималари ҳар бири алоҳида бир таҳлилий ва тадқиқий мақола учун мавзудир.
— Рустам Обид ўзбек матбуотида биринчи бўлиб ўша даврнинг машҳур халқ табиби Жуна Давиташвили, ҳозирда дунё мамлакатларида серқирра фаолияти билан танилган Мирзакарим Норбековлар ҳақидаги мақолалар муаллифи эди. Ушбу мақолаларда фақат уларнинг ҳаёти ҳақида сўз юритибгина қолмай, улар фаолияти билан боғлиқ ҳолдаги тиббиётдаги, халқ табобатидаги оғриқли муаммоларни ҳам қаламга олиб ўтганди. Айниқса, “Фан ва турмуш”нинг 1989 йил 8 сонидаги “Қўл тегизмай даволаш” номли мақоласи Мирзакарим Норбеков учун очилган истиқболли йўл бўлиб хизмат қилганди, – дейди журналист Умид Бекмуҳаммад.
Серқирра журналист Рустам Обид фаолияти давлатимиз томонидан эътиборга олинди, 2000 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлди. Шундай экан, Ўзбекистонда хизмат қилган журналист қандай қилиб Қариялар уйига тушиб қолди, деган савол ҳар биримизни безовта қилиши аниқ. Наҳотки журналистнинг меҳнатлари тақдир томонидан шу тахлит тақдирланган бўлса?
Рустам аканинг ҳикоя қилишича, оиласи билан келишолмай ажрашганидан сўнг 20 йил кўчада, ижара уйларда яшашига тўғри келган. Машҳур шоир Маъруф Жалилнинг бир ҳафта давомида қаровсиз ва кимсасиз аҳволда касаллик тўшагида қолиб кетиши ва очлигу касалликдан бандаликни бажо келтириши, тарихчи олим Наим Норқул мурдасини эса қўшнилари сасий бошлагач, ўлимидан 9 кун ўтибгина пайқаб қолганлари Рустам акани қаттиқ қўрқувга солади. Яқин дўсти, шоир Қадам Сайидмуроднинг ёрдами ва маслаҳати билан Қорақамишдаги шу пансионатга жойлашади. Ҳа, у қандай номланишидан ва ичидаги шарт-шароит қандай бўлишидан қатъи назар ўз оиласи, фарзандлари меҳридан йироқда яшаётган қариялар уйидир. Айниқса, ўзбекнинг, ўзбек бўлганда ҳам таниқли ўзбек журналистининг бу ерга тушиб қолиши юракни оғритади. Ахир Рустам аканинг ўзи айтганидай “Пансионатда ўзбеклар 10 фоизни ташкил этади. Қанийди, шу ўн фоиз ҳам бўлмаса эди!”
Наҳотки, бу каби серқирра журналистнинг фарзандлари йўқми, деган фикр ҳар бир ўқувчининг хаёлидан ўтиши табиий:
— Аллоҳга шукур уч нафар фарзандим бор: бир ўғил, икки қиз. Қизим ногирон, ўғлим ёлғиз ўзи ишлаб оила тебратади. Унга ҳам осон эмас. Давлатдан оладиган 2 миллион ойлик маошига касалманд онасига, ногирон синглисига қарайди. Шундай экан мен ундан хафа бўла оламанми? Укаларим ҳолимдан хабар олиб туришади. Уларнинг ҳар биридан миннатдорман ва дуо қиламан, — дейди Рустам ака.
Фарзанди борлар учун пансионат пуллик шартнома асосда иш юритади. Пансионатга ойига 1 миллион саккиз юз минг пул тўланар экан. Қаҳрамонимизнинг пенсияси 999 минг сўм экан. Хўш, у ёғи-чи, деган савол қийнайди одамни. Қарилик-нуронийлик даврини хотиржаму осойишта эмас, эртанинг ташвиши, кўчага ҳайдалишдан қўрқиб яшашдан оғирроқ синов борми ҳаётда? Инчинун, ўтган йили пансионат пулини тўлай олмаганлиги сабаб Рустам Обид қишнинг аччиқ бир куни ва тунини катта кўчада ўтказибди. Бундан хабар топган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Aлламжонов ва Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева пансионатда яшаётган фахрий журналист ҳолидан хабар олгани келишди. Натижада фахрий журналистнинг бир йиллик пансионат тўлови қоплаб берилди.
Меҳмонлар ташрифи чоғида пансионат директори Рустам Обиднинг Ғафур Ғулом нашриётида чоп этилган китобини “Қариялар уйида ёзилган китоб” дея алоҳида фахрланиб кўрсатганини ҳикоя қилади Рустам ака.
* * *
Дўсти Қадам Сайидмуроднинг ўлимидан сўнг у ёлғизланиб қолди:
— Қадам Сайидмурод суянган тоғим эди, унинг ўлимидан сўнг кимга суянишни билмай қолдим. Дафтаримнинг қоқ марказига “Дўстим эмас, мен ўлгандайман” деб ёзиб қўйдим. Ўшандан буён бу дардни кўтариб юрибман. Худога шукур, дўстларим кўп. Устоз журналист Мурод Хидир билан хабарлашиб турамиз, шоир, ёзувчи Абдусаид Кўчимов, шоир Йўлдош Эшбек, “Ишонч” газетаси ходимлари ҳолимдан хабар олиб туришибди.
Биз пансионатга кириб келганимизда Рустам ака телефонда суҳбатдошига қайсидир китобни харид қилишни тушунтираётган эди. Бу ердаги бор ҳаёти билан боғлиқ ҳақиқатлардан огоҳ бўлгач эса унинг ботинидаги жасур одамга, миллатпарвар зиёлига ҳайрат тўла кўзларим билан тикилдим. Эртага ушбу масканга тўлов қила олиш-олмаслиги даргумон бир ҳолатда, кўчага ҳайдалиши очиқ кўриниб турган одамнинг китоб сотиб олишга, уни ўқишга иштиёқи чиндан ҳайратланарли эди. Эълон тахтачаларига ёпиштириб бўлмайдиган, ичингнинг ўзи титраб-титраб туядиган қаҳрамонлик бор эди шу воқеада. Бизнинг саволомуз қарашларимизга эса “Менга берилган илмни қолдириб кетишим керак. Ҳамиша маънавият қутқаради, маънавиятгина халоскордир” дея жавоб бердилар.
— Яқинда масканимизга Давлат раҳбари ташриф буюрди. Яшаш тарзимиз билан қизиқди. Президентимизнинг ўзи ҳолимиздан хабар олиб тургандан кейин нима дейиш мумкин?! Пандемия сабаб биз қарияларни қоғозга ўралган қанддек асрашяпти, — дейди Рустам ака. — Шу сабаб жуда зарур ҳолатлардагина кўчага чиқаман. Бироқ китобларимнинг чоп этилишини йўлга қўйиш учун нашриётларга бора олмаяпман. Китоб дўконларига чиқолмаяпман…
Мен билан ҳамроҳлик қилган таниқли ёзувчи Саломат Вафонинг “Бу ерда сизга нима етишмайди” деган саволига қаҳрамонимиз “Ҳамма нарса етарли. 20 йил кўчада юрдим, 9 йилдан буён эса шу ерда одамдай яшаяпман. Ҳарқалай, давлат муассасаси, қаров яхши. Менга шарт-шароит яратиб бергани учун директоримиз Фарангиз Акрамовадан ҳам беҳад миннатдорман” деб жавоб берди. Эҳтимол, у одам ҳақдир. Баъзан оилада, ўз уйингда ҳам топиб бўлмайдиган ҳаловатни у киши айнан мана шу масканда топгандир?..
Ўзбекча имиждаги, яъни кўрпачалар тўшалиб, хонтахталар қўйилган Рустам аканинг хонасидан ва баланд панжаралар билан ўралган пансионатдан олислар эканмиз, ичимизда бутун бошли умримни бир кун ичида қайта яшагандай ҳисни туйдик. Панжаралар ортига тушаётган қуёш нурида занжирлар изи бордек туйилади. Шунда бўшаб қолган уйи олдига чиқиб шаҳарга кетган фарзандини кутаётган қариянинг портрети акс этган шеърни эсладим. Зеро, ҳар биримизнинг ичимизда бўшаб қолган уйимиз бор.
Биламан, Рустам ака эрталабдан ўз иш компьютерига ўтиради. Ўз мақолаларида ёзгани каби орқасидан унга тикилиб турган илоҳий кучнинг нигоҳини ҳис қилган ҳолда ХХ асрда охирига етмаган шедевер илмий мақолаларининг ХХI асрга мос қиёфасини яратишни бошлайди. Эҳтимол, мия деворларига “Мияга, руҳиятга қўпол равишда бузиб киришнинг ҳар қандай кўриниши инсон шахсига нисбатан энг оғир ҳақорат ва жиноятдир!” деган битикларни қайта-қайта банд этар. Янаям эҳтимолимиз шуки, телепатия, яъни фикрий боғланишлар ҳақида ғаройиб мақолалар тайёрлаган Рустам Обид, яратган тилсимотларига ва марҳаматига таяниб, пансионат пулини тўлайолмай қолишдан мутлақо қўрқмаётгандир, унга инъом этилган илоҳий хотиржамлик туҳфаси бордир.
Рустам акадаги ҳаётчанлик, кўтаринки руҳни кўрар эканман, “Қариялар уйида ҳам бахтли яшаш мумкинми?” дея ўз-ўзимга савол бердим. Ўзбекона тафаккур беланчагидан сакраб тушиб саволимга “ҳа” деб жавоб беришга чоғландим. Бироқ бўйни йўғон сўроқ белгилари шу қадар кўпки…. ҳатлаб ўтолмай қоламан, умр бўйи яшалган шодликларим ҳаккалаб ортига қайтади. Нега? Билмайман. Бунинг сабабини Рустам Обиднинг ҳаётига кириб бир кунгина ушбу пансионатда қария бўлиб яшаб кўрган одам билар, эҳтимол.
Кела келгунча Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфининг ушбу шеърини пичирлаб келдим:
Бир қушча деразам ёнида
Ўтирар паришон ва ғариб.
Йиғлайди, кўзлари ёнади,
Кўзлари – иккита марварид.
Бир ажиб навога ўхшайди,
Шоирга ўхшайди бир ҳассос.
Мискин куй чалмоққа у шайдир
Дардига бордир-ку бир асос.
Мен унга қарайман оҳиста,
Мен қушча ҳолига йиғлайман.
Ва лекин билмайман не истар,
Билмайман, ҳеч қачон билмайман.
Гўзал БЕГИМ