Халқ табобатининг жонкуяри эди

Мирзакарим Норбековнинг устози

Мадиёр Солаев ҳақида нималар биламиз?

 

Табиб ва психолог Мирзакарим Норбеков номи нафақат ўзбекистонлик­ларга, балки дунёнинг кўпчилик мамлакатларига ҳам таниш. Шунингдек, кўп­лаб инсонлар соғлиғи ва зеҳнияти тикланишига сабабчи бўлган халқ табобати ходимлари, психологлар ҳам борки, улар ҳам биз ўзбекларнинг ғуруридирлар. Ана шу сафнинг бошида эса марҳум Мадиёр Солаев ҳам бор эди.

Албатта, бугунги ёш авлодга бу ном таниш бўлмаслиги мумкин. Бироқ 1988-95 йиллар оралиғида Мадиёр Солаев кўпчилик орасида машҳур эди. Хўш, Мирзакарим Норбековлар билан бир давр­­да ўз фаолиятини бошлаган, ҳаттоки республикада биринчи бўлиб “Шарқ” халқ табобати марказини очиб унга бош шифокорлик қилган инсоннинг ҳаёти ва фаолияти қандай кечган? Мадиёр Солаевнинг ўзбек халқи ва халқ табобати борасидаги қандай хизматлари бўлган?

Мадиёр Солаев 1947 йилнинг 23 январида Хоразм вилоя­тининг Гурлан туманида туғилган. 1972 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтини тугатиб, Урганч шаҳри ва Гурлан туманидаги шифохоналарда фаолият кўрсатади. Талабалик давридаёқ халқ табобатига қизиқиб Хитойда ишлаб келган Ҳабиба Нуровадан мануал терапия, игна билан даволаш сирларини ўрганади. Ўз билим ва таж­рибаларини ошириш мақсадида 1977-79 йилларда Мос­квадаги И.М.Сеченев номидаги тиббиёт институтида ординатурани ўтайди ва шу даргоҳда терапевт бўлиб ишлайди. Тиббиёт соҳасидаги таж­рибаларини бойи­тиб француз тилини ҳам мукаммал ўрганади. Ординатурадаги фаолияти давомида тиришқоқлиги боис машҳур академик Е.И.Чазовнинг эътиборини тортади ва унинг тав­сияси билан Тунис давлатига ишга юборилади. Шу тариқа Мадиёр Солаев 1979-82 йилларда Тунисда шифокор сифатида фаолият олиб боради. Мадиёр Сола­евни собиқ иттифоқ ва Шарқ давлатларида машҳур қилган воқеа собиқ иттифоқ замонида энг машҳур журналлардан бири бўлган “Огонёк”н­инг 1981 йилдаги 1-сонида у ҳақдаги мақоланинг ёритилиши бўлган.

1982 йилда Тунисдаги хизмат шартномаси тамом бўлгач Мадиёр Солаев Гурланга келиб, шифокорлик қилади. 1986-88 йилларда Тошкент тиббиёт институтининг клиникасида фаолият кўрсатади. Мадиёр Солаевнинг кўп йиллик орзулари 1988 йилда ушалди — соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида хўжалик ҳисобидаги “Шарқ” халқ табобати марказини ташкил қилди. Натижада республика бўйи­­ча халқ табобати соҳаси вакилларининг армони айнан Мадиёр Солаев туфайли амалга ошди. Шунинг­дек, ўша йиллари айнан Мирза­карим Норбеков Мадиёр аканинг қўллаб-қувватлаши билан “Шарқ” табобати марказига келиб фаолия­тини бошлайди ва довруғ қозонади.

Мадиёр Солаев ўз билганлари ва таж­рибалари асосида “Ёшлик”, “Фан ва турмуш”, “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) нашрларида кўплаб мақолалар чоп эттириб борди. Айниқса, 1988-91 йиллардаги энг оммабоп бўлган “Фан ва турмуш” журналидаги “Шарқ шифоси”, “Халқ табобати”, “Шимолдан келаётган офат” сингари кўплаб мақолаларида тиббиётни ислоҳ қилиш, халқ табобатининг афзаллик­лари, экологик офатлар ҳақида мантиқан мулоҳазали чиқиш­лар қилди.

Мадиёр ака ўз мақолаларида хориж таж­рибасидан келиб чиқиб, шунингдек, миллий анъаналарга суянган ҳолда нафақат тиббиётга оид, балки таълим, ички ишлар, табиатни муҳофаза қилишга оид кўпгина таклифларни ҳам илгари сурганди. Унинг ана шу ташаббус­корлиги эътиборга олиниб, Мос­ква ва Ўрта осиёлик олим ва ижодкорлардан иборат “Орол-88” экспедицияси уни ўзига аъзо қилиб олганди. Натижада Мадиёр ака экспедиция аъзолари билан икки ой Ўрта Осиёдаги пойтахтлар, дарёлар ва сув омборларидан то Оролгача бўлган масофани вертолёт, автомашина ва отда кезиб чиққанича экологик фожиалар, уларнинг келиб чиқишини таҳлил қилиб чиққанди.

Мадиёр ака матбуотнинг жонкуяри сифатида янги ташкил қилинган “Сирли олам”, “Қалб кўзи” нашрларининг таҳрир ҳайъати аъзоси сифатида халқ табобатига оид мақолаларнинг бериб борилишига бош­чилик қилди.

Бироқ… 1998 йилда академик Е.И.Чазовнинг таклифига биноан яна Мос­квага бориб хусусий клиника вице президенти сифатида то 2004 йилгача фаолият кўрсатди. Бу давр мобайнида россия­лик ҳамкасблари билан Европа давлатлари, Австралия, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари ва бош­­қа давлатларда халқ табобати бўйи­­ча муолажалар олиб борди ва қатор халқаро илмий конференцияларда маърузалар қилди.

Тиниб-тинчимас шифокор, маш­­­­­­ҳур табиб Мадиёр Солаев 2005 йили Тошкентда вафот этди. Халқ табобатини Ўзбекис­тонда биринчилардан бўлиб йўлга қўйган, бу борада халқаро миқёсда шарқона даволаш усулларини тадқиқ ва ташвиқ қилган инсоннинг ҳаёти шу тахлит якун топди.

Орадан мана йиллар ўтиб Мадиёр Солаевнинг 1998 йилда Ўзбекистонда тўхтаб қолган фао­лияти (“Шарқ” табобати маркази назарда тутилмоқда У.Б.) янги кўламда давом этмоқда. Яъни Ўзбекистон Халқ табобати академияси фаолият юритмоқда. Мирзакарим Норбеков каби сафдош­лари эса халқаро миқёсда шарқ табобати ва инсон психологияси борасидаги ишларини кенг йўлга қўйишмоқда. Бу ишларни 1988-98 йилларда биринчи бўлиб бошлаган Мадиёр Солаевнинг бу соҳа истиқболига қўшган ҳиссаси катта экан, демак, Халқ табобати академияси марҳум юртдошимизни хотирлаш тадбирларини ўтказса арзийди. Шунингдек, шогирдлари ва сафдош­ларидан у кишининг қилган хизматлари ҳақида “Мадиёр Солаев замондошлари хотирасида” номли ёдномани ёзиб олиб нашр этилса, савобли иш бўларди. Қолаверса, М.Солаевнинг матбуотдаги ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотмаган мақолаларини китоб ҳолида ҳам чоп қилиш, янада фойдали амаллардан бўлар эди.

Умид БЕКМУҲАММАД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + 4 =