Фазилатли инсон

Орамизда фазилатли инсонлар талайгина. Таниган-танимаганимиз, билган-билмаганимиз қанча. Фазилат соҳибларининг ҳаёт йўллари кўпчиликка ибрат бўла олади. Мақоламиз қаҳрамони ҳам худди шундай одамлардан: Жиззахнинг Фориш тумани Куйбулоқ қишлоғида Наврўзбой ота ва Ҳамро она хонадонида туғилиб вояга етган олим, қўли енгил шифокор — онкохирург Саримбек Наврўзовдир.

Саримбек ҳали мактабга чиқмасдан туриб акасидан ўқиш-ёзишни ўрганиб олганди. У мактабдаги устозларини мамнуният билан эслайди. Ёш ўқувчига “Профессор”, деб мурожаат қилиб, иззат қилган ўқитувчиларини хотирламай бўладими? Саримбек Наврўзовнинг ёшлигидан устоз­ларига меҳри баланд эди.

Каттагина шифохонага бош шифокор этиб тайинланганида, бир неча дўсту биродарлари уни табриклаш учун иш жойига келишади. Лекин эшигига “Бош шифокор” деб ёзилган хонадан Саримбек Наврўзовни топа олишмайди. Чунки олим шифокорлар хонасида ҳамкасблари даврасида ўтирган эди.

Дўстларини кўриб, чеҳраси ёришган Саримбек ака уларни бош шифокор хонасига эмас, яна бошқа хонага таклиф қилади. Меҳмонларининг ҳайрон бўлганини сезган олим: “Бу жойга мендан аввал устозим раҳбарлик қилган, у киши оқ фотиҳа бериб, ўринларига мени тайинлаб кетган бўлсалар ҳам, бош шифокор хонасига кириб, жойига ўтира олмаяпман. Устозга ҳурматсизлик қилаётгандек сезяпман ўзимни”, дейди. Мана, устозга бўлган ҳурмат, эътибор!

“Нимага эришган бўлсам, китоб орқали эришдим. Отамнинг насиҳатини такрорлаб фарзанд­ларимга, невараларимга: китобни севинг. У сизни нурли йўлларга бошлайди, деб бот-бот айтавераман”, дейди у.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда колопроктология асосчиси, қўли енгил хируруг Саримбек Наврўзов бугун 60дан ортиқ малакали мутахассисларнинг устози. Шифокор-олим ҳозирда пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган “Янги ҳаёт” хусусий клиникасининг раҳбари. Клиникага киришингиз билан икки томонда икки бюстга кўзингиз тушади. Бу бюстларни профессор Саримбек Наврўзов устоз­лари хотирасига атаб қўйдирган.

— Бу ҳайкаллар устозларим академик Ўктам Орипович Орипов ва тиббиёт фанлари доктори Виталий Димитрович Фёдоровларники. Камина шу устозларим ёрдамида профессор даражасига эришдим, — дейди фахр билан. Шунингдек, олим А.Отауллаев, А.Сирота, Х.Арипова, С.Файн каби фидойи устозларидан энг керакли, тўғри маслаҳатларни олганини, улардан ҳамиша миннатдор эканини таъкидлайди.

Дарҳақиқат, Саримбек Наврўзов устозларини улуғлаб кам бўлмади, ўзи ҳам энг яхши устоз мақомига эришди. Тинимсиз меҳнатлари эвазига катта муваффақиятларни қўлга киритган инсон. Онколог-хирург сифатида кучли мутахассис ҳисобланган олим, айниқса, онкологларнинг билимдон ва жиддий, масъулиятли бўлишини истайди. Чунки хасталиклар ичида онкологик хасталиклар   бугун ҳам ҳали тўлиқ ўрганилган деб бўлмайди.

С.Наврўзов республикамизнинг бош онкологи, Республика онкологлари уюшмаси раиси сифатида “Рак толстой кишки”, “Крон касаллиги” каби бир нечта монографиялар ҳамда “Хирургия” дарслигини яратди. Ана шу китоблари орқали онкология соҳасидаги долзарб муаммоларни назарий ва амалий жиҳатдан батафсил ёритиб берди.

Саримбек Наврўзовнинг энг катта фазилати устозларининг қадр-қимматини   ҳамиша баланд тутганидир. Унинг бу хислатидан ҳар киши ҳам ибрат олса олгулик. Форишликлар “Бу олим бизнинг Куйбулоқда туғилган”, дея мақтанишса арзийди. Ҳақли равишда, Саримбек ака юртимизнинг бир фидойи фарзанди сифатида фахрланишимизга лойиқ бўлган одамдир.

Маъсуда ЁҚУБОВА,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − six =