Йўлдаги тақиқлар, танқидлар ва тақдирлар

  • Чорраҳаларда камералар ишламаяптими, нега йўлларда ҳалиям ЙҲХ ходимлари туради?
  • ЙҲХ ходимлари фақат жарима ундириш учун ишлайдими?
  • Нега йўлларда тақиқловчи белгилар кўп?
  • Жамоатчилик асосида ишлаб камерага олаётганларни “сотқин” дейиш керакми ёки “ватанпарвар”?
  • Нонни ерга ташлашмайди, тамаки қолдиғини эса…
  • Бир ЙҲХ ходими неча километр йўлни назорат қилади?

 

Газетамизнинг ушбу сонида юқоридаги   ва бошқа саволларга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Бозоров Эрали Ҳабибуллаевич суҳбат асносида жавоб беради.

 

— Эрали Ҳабибуллаевич, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги тузилмасида кейинги йилларда қандай ўзгаришлар рўй берди, яъни олдинги ДАНдан бугунги ЙҲХ нимаси билан фарқ қилади?

— Ҳамма соҳада бўлаётгани каби Ички ишлар соҳасида ҳам кенг кўламда ислоҳотлар бошланди. 2017 йилда Президентимизнинг 37-21 сонли қарори қабул қилинди. Ўша қарорда бизнинг ҳамма йўналишларимиз қайта кўриб чиқилиб, янги бир тизим ташкил топди. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ташкил этилиб, янги вазифалар белгиланди. Ходимларнинг штат бирликлари, вазифалари – ҳаммаси оптималлаштирилди.

2017 йилда давлат белгиларини биржа орқали бериш йўлга қўйилди. Бундан асосий мақсадимиз – инсон омилини камайтиришдан иборат эди. 2017 йилда 65 та жуфт давлат белгилари сотилган бўлса, 2020 йилда бу 327 тага кўпайди. Буям фуқаролар учун қулайлик туғдириши билан бирга коррупцион ҳолатларнинг олдини олади. Бундан мақсад Ички ишлар идоралари билан фуқаролар ўртасидаги мулоқотни қисқартиришдан иборат. Бу каби чиройли давлат белгили рақамларини олишда ҳаммаси биржа орқали ўйналади. Инсон омили иштирок этмайди. Ундан ташқари ходимларнинг хизмат олиб боришида ҳам муаммолар келиб чиқаётганди. Биз хориж тажрибасини ўрганган ҳолда, Президентимизнинг талаби асосида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан уларнинг хизмат олиб боришларини боди-камералар орқали амалга оширишни йўлга қўйдик. Бу нима беради? Биринчидан бу ходимларнинг ўзига ҳимоя сифатида ҳам жуда муҳим. Чунки боди-камера орқали қаралганда фуқаронинг ноҳақлиги ҳам аниқланяпти. Иккинчи томондан эса Йўл ҳаракати хавфсизлиги идоралари ходимлари хизматларига ҳам холис баҳо бериш имконияти пайдо бўлмоқда.

— Жаҳондаги 15-17 миллион аҳоли яшайдиган Истанбул, 30 миллион аҳолиси бор Деҳлида ва бошқа Европа мамлакатларида ҳам кўчада “ДАН” ходимларини деярли учратмайсиз. Бир неча йиллар аввал катта харажатлар эвазига Тошкент кўчалари чорраҳаларига электрон видеокамералар ўрнатилган эди. Лекин бу билан ҳам деярли ҳеч нима ўзгармади. Ҳалигача пана-панада бекиниб турган ЙҲХ ходимларини учратамиз. Бунга сабаб нима?

— Биз 2017 йилда туб ислоҳотлар ўтказиш бўйича илк қадамни қўйганмиз. Биринчи навбатда ҳайдовчиларга, йўл   ҳаракати иштирокчиларига тегишли шароитни яратиб беришимиз керак. Иккинчи навбатда эса ҳайдовчиларда ҳуқуқий маданиятни оширишимиз зарур. Шуни инобатга олган ҳолда камералаштириш давом этяпти. Ҳозир ҳисоблайдиган бўлсак, камералаштириш 10 фоизга ҳам етгани йўқ.

Чет элда нимага ЙҲХ ходими кўчада турмайди? Чунки ҳамма жойларида камералар орқали назорат олиб борилади. Бизда ҳам босқичма – босқич иш олиб борилмоқда. Бизнинг мақсадимиз ҳам, яъни Йўл патруль хизмати ходимлари билан ҳайдовчилар орасидаги мулоқотни чеклашга қаратилган. Концепциямизга кўра келажакда ходим кўчада хизмат олиб бормайди. Фақат видео­камералар орқали йўл ҳаракати хизмати ташкил этилади, назорат қилинади. Ҳозир хизматчиларимиз пиёда хизмат олиб бораётган бўлса, келажакда буни чеклаймиз. Респуб­ликанинг хоҳлаган жойидан камера орқали қоидабузарни аниқлаш имконияти пайдо бўлади. Чет элдаям бирор-бир қоидабузарлик рўй берса, “ғиз” этиб полиция пайдо бўлади, бизнинг мақсадимиз ҳам ана шу каби даражага эришишдан иборат. Кўчада ҳолатни ходим эмас, техника назорат қилсин, инсон омили қатнашиши шарт бўлган жойдагина ЙҲХ ходими иштирок этсин. Кўчада ЙҲХ ходими турибди, деяпсиз, бу кўчада айнан ўша жойда камера ишламаётганини ёки назорат юз фоиз қўлга олинмаганлигини билдиради.

— Очиғи, бу жавобингизни бирёқлама деб ўйладим. Чунки ҳозирги аҳволимиз ҳақида ойна тутсак ва   жавобингизга таянилса, ҳамма чорраҳада камера ишламаётган бўлиб чиқади. Майли, навбатдаги саволимиз ҳам шу саволнинг мантиқий давоми. Биласизми, ҳайдовчи учун совуқ ва ёқимсиз битта ҳолат бор — маъмурий баённомалар тузиш. Бу борада бугун нималар ўзгарди?

— Шу пайтгача ЙҲХ ходимларининг қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённома тузишида муаммолар жуда кўп эди. Қоидабузар ҳайдовчилар ЙҲХ ходимига “ёзманг” деб илтимос қилади, ҳатто қўлидан ручкасини тортиб олади. Бу ҳаётда энг кўп учрайдиган ҳолат эди. Энг оддий мисолларни айтаяпман. Шуни олдини олиш мақсадида баённомани қўлда ёзмасин, электрон бўлсин, деган мақсадда ходимларга 2020 йил август ойидан бошлаб планшетлар берилди. Биринчидан биз ходимни планшет орқали ҳам назорат қиламиз, у базага уланган, инспекторни қаерда юргани, нима иш қилаётганини кўриб турамиз. Ҳам боди-камералар орқали, ҳам планшетлар орқали ходимнинг хатти-ҳаракатини марказдан туриб назорат қилиш имкониятимиз пайдо бўлди. Биринчидан ходим баённомага вақт сарфламайди, планшетга қўйса қоидабузарнинг ҳамма маълумотлари келиб чиқади. Ҳамиша қоидабузар эмас, ички ишлар ходимлари ёмон деган қараш шаклланган, электронлаштириш эса бу каби ҳолатларнинг ҳаммасини ойдинлаштирди. Яъни, электрон баённома тузилади ва бунда ҳам инсон омили чекланади.

— Ҳаммамиз йўловчимиз, ҳар хил ҳолатларга дуч келамиз, албатта. ЙҲХ ходимлари фақат жарима ундириш учун ишламаслиги керак-ку. Бировнинг онаси, яна бировнинг боласи касал бўлиши мумкин. ЙҲХ ходимлари эса “Хато қилишингни кутарлар” деб айтилганидай фуқароларнинг бирор хатога йўл қўйишини пойлаб туради назаримизда. ЙҲХ бошқармаси халқни фақат жазолаши эмас, уларга қулайлик ҳам яратиб бериши керак эмасми?

— Биринчи навбатда халқ хизматкорларимиз биз. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги деб қўйибди, буни номидан ҳам кўришингиз мумкин. Ҳа, асосий вазифамиз жаримага тортиш эмас, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдан иборат.

Инспекторнинг вазифаси эса фақат баённома ёзиш эмас, у хизматни бошлаганда йўлдаги камчиликлар, йўл белгилари, йўлнинг атрофида ҳайдовчига халақит берадиган ҳолатлар борми-йўқми, буларнинг ҳаммасини кўздан кечириб чиқиши шарт. Битта ЙҲХ ходимига 70 километр йўл тўғри келади. Бу дегани инспектор 70 километр масофа оралиғидаги ҳамма ҳолат ва ҳодисалардан воқиф бўлмоғи керак. Ваҳоланки, бунга ҳозир бизнинг кучимиз етмаяпти. Қанча кўп ахборот-технологияларини жалб қилсак кўнгилсиз   воқеаларнинг шу қадар олди олинади. Қолаверса, мақсадимиз халққа хизмат қиладиган тизимни яратишдан иборат.

Яқинда Чирчиқ шаҳрида рўй берган ҳодиса ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Дард тутган ҳомиладор аёлни бизнинг ходимларимиз қисқа йўл билан йўлларни очиб, туғуруқ комплексигача кузатиб қўйишган. Мен биттагина ҳолатни айтяпман, бу каби ҳолатлар жуда кўп. Чунки йўл ўзи саргузаштларга бой бўлади. Дейлик, биттасининг йўлда шинаси ёрилиб кетган, ЙҲХ ходими бориб шина олиб келиб берган ҳолатлари бўлган. Айниқса, аёл ҳайдовчилар билан бу каби ҳолатлар тез-тез юз беради.

— Қоидабузарлик ҳолатларига дуч келинганда ЙҲХ ходимлари “Менинг планим бор, планни бажаришим керак”, дейишади-ку. План ростдан ҳам бор нарсами, шунга бир очиқлик киритиб ўтсангиз?

— Баённомаларга келадиган бўлсак, бизда ҳеч қанақа “план” деган нарса йўқ. Мен ўзим шу соҳада салкам 30 йилдан буён ишлаяпман. Тўғри олдин бўлган. Масалан, инспектор келарди, 10 та баённома ёзмагансан қабилида огоҳлантиришлар бўларди. Бу энди эскирди, орқада қолиб кетган нарса, ҳозир биз тамоман янги иш услубига ўтганмиз. Агар ҳозир бирорта ЙҲХ ходими шундай деб айтаётган бўлса, бу нотўғри. Ҳозирги кунда ходимларимизга ҳеч қандай “план” қўйилмайди.

Жиноят учун, қоидабузарлик учун жавоб муқаррарлигини ҳайдовчиларимиз ҳис қилиши керак. Бу билан ҳайдовчи ҳам йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга ўз ҳиссасини қўшган бўлади. Агар биз эътиборсизлик қилсак, ҳайдовчи тезликни оширади, қизил чироқда ўтиб кетади, бунинг оқибати нима якун топишини ўзингиз яхши биласиз. Йўл ҳаракати қоидасини буздими, марҳамат жавобини берсин. Жавобгарлик муқаррарлигини биз таъминлашимиз керак. Қоидабузарлик бўлдими, албатта унга чора кўрилиши шарт.

— Ҳайдовчи билан ЙҲХ ходимлари ўртасида можароли ҳолатлар юз бераётганига айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали бот-бот гувоҳ бўламиз. Бу ЙҲХ ходимларининг қўполлигидан далолатми ёки…

—   Суҳбатимиз бошида очиқчасига гаплашамиз дедик, келинг мен сизга очиқ гапираман. Ўзим ҳам кўчада ишлаганман, бу каби ҳолатларни яхши биламан. Бир инспектор кунига 150-200 одам билан мулоқотда бўлади. Уларнинг ҳар қайсиниси ҳар хил характерли, ҳар хил фикрли одамлар. 10 таси билан нормал ҳолатда гаплашилганда ҳам 11-сида, албатта асаббузарлик ҳолати юз беради. Энди 12-си келганда ўша инспектор унинг аламини ана ўшандан олиши мумкин. Ахир бунинг отини ҳаёт деб қўйибдилар. Бу йил баҳорда ёғингарчилик кўп бўлди. Кечаги кучли ёмғирда ҳатто инспекторларимизнинг ҳимоя воситаси плаш-накидкалардан ҳам сув ўтиб кетди. Ўшандай об-ҳавода йигитлар 8 соат кўчада туради, ўзимиз ярим соат туриб кўрайлик-чи, нима рўй беради?! Ёзнинг 40 даражали иссиқ ҳаво ҳароратида ҳам ходимларимиз кўчада туришибди. ЙҲХ ходимлари инспекторларини кўрсангиз оппоғини кўрмайсиз. Қишда совуқдан, ёзда жазирамадан юзлари қорайиб, ёрилиб кетади. Бу тарафларини ҳам инобатга олиш керак. Яна бошқа томони болаларни ишга қабул қилганда соппа-соғлом бўлишади. Нафақага чиқаётганда эса анча-мунча касални орттирган бўлишади. Бу жиҳатларни ҳам матбуотда ёритиб берсангиз ёмон бўлмасди.

Йўлнинг қатнов қисми билан, пиёдалар юрадиган қисмида тафовут катта. Экология қўмитасига бориб, пиёдалар юрадиган йўлак билан инспектор турган жойдаги заҳарли газ миқдорини ўлчатиб кўрсангиз, жуда катта фарқни кўрасиз. Бу ерда чиқаётган заҳарли газ, тутун миқдори, ахир уларнинг ҳаммаси ўша заҳарли ҳаводан нафас олаяпти-да. Қиладиган ишларимиз, режаларимиз жуда кўп. Биз ҳозир ҳеч нарса билан мақтанмоқчи ёки нолимоқчи эмасмиз. Фақат қилинган ишларнинг баъзиларини мавриди келгани учун айтиб ўтдим, холос.

— Ўрни келганда сўрамоқчи эдим, спиртли ичимлик ичиб автомобиль бошқарадиганлар бор, қарама-қарши йўналиш бўйлаб юрувчи қоидабузарларга кўзингиз тушади. Ана шундай катта қоидабузарни жаримага тортган ЙҲХ ходимига ундирган жаримасининг маълум фоизи ўзига мукофот тарзида қайтарилади деган гапларни эшитганман. Бу нечоғли ҳақиқатга яқин?

— Йўқ, бундай гап йўқ. Аслида булар жуда қўпол қоидабузарлик саналади. Маст ҳолатда рулга ўтириш, аввало, гуноҳ, кейин жуда катта қоидабузарлик саналади. Шунинг учун 2018 йилда Маъмурий қоидабузарлик тўғрисидига кодексга тегишли ўзгартиш киритилган. Яъни сиз юқорида санаган қўпол қоидабузарларга нисбатан маъмурий жавобгарликни кучайтириш белгиланган. Олдинлари фақат бундай ҳолатда қоида бузган ҳайдовчилар транспорт воситасини бош­қариш ҳуқуқидан маҳрум қилинарди. Энди эса ҳам ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинади, ҳам катта жаримага тортилади.

— Мамлакатимизда ўтган 2020 йилда қанча йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди ва буларнинг қанчаси ўлим билан якунланди.

— 2020 йилда 6983 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бу фалокатларда 1962 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Булар тезликни ошириш, маст ҳолатда транспортни бошқариш, қисқа қилиб айтганда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик оқибатида келиб чиққан.

— Йўлларнинг ностандартлиги, таъмирталаблиги ҳам бунга сабаб бўлиши мумкинми?

— Албатта, объектив сабаблар ва субъектив сабаблар бўлади. Албатта, йўлларнинг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги ҳам йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқишига сабаб бўлади. Бу бўйича автомобиль-йўллар қўмитаси бор, улар билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Иккинчи тарафи эса йўл таъмири учун жуда катта маблағ талаб қилинади. Энг қиммат қурилишлардан бири бу – йўл қурилиши. Бунга жуда катта маблағ сарфланади. Бизда об-ҳаво шароити кескин континентал, Европада эса об-ҳаво шароити мўътадил. Йўлга худди шу нарса ҳам таъсир қилади-да. Эътибор қаратсангиз, баҳор пайтида йўлларимизда ўйдим-чуқурлар кўпаяди, кечаги ёмғирларда ёриқлар орасига сув киради, у сув совуқда музлайди ва музлагандан кейин асфальт ёриғини яна ўяди. Чуқурликлар ана шундан келиб чиқади аслида. Яна бошқа тарафи, катта юк автомашиналари кўпайиб бормоқда. Йўлларнинг ҳам маълум бир   кўтариш қобилияти бор.

— Йўл белгиларининг ҳаддан ташқари кўплиги аҳоли учун ноқулайликдан бошқа нарса туғдирмайди. Автотураргоҳлар йўқолиб бормоқда, борлари эса тирбанд. Йўл четига қўяй деса тўхташни тақиқловчи белгилар ҳар қадамда. Ҳатто кейинги пайтда аксарият   ишхоналар ҳам автомобиллар   тўхтаб туришини тақиқловчи белгини ишхоналари олдиларига қўйяпти. Нима бу белгилар ишхоналарга ҳам берилаверадими? Белгиларни ўрнатишдан мақсад халқни жабрлаш, уларга машаққат туғдириш бўлмаслиги керак эмасми?

— Йўл белгиси нотўғри қўйилган деган гапга мен қўшилмайман. Ўша ерда зарур, шу учун қўйилган. Йўл белгиларини ЙҲХ қўймайди, уни ҳокимият қўяди. Ҳокимиятда йўл белгиларини қўядиган алоҳида бўлим бор. Йўл белгилари ҳам, светафорлар ҳам ўша бўлим орқали ўрнатилади.

— Нега, энди ахир буни тақсимлаш, керакли жойга қўйиш ёки олиб ташлаш сиз ЙҲХ идорасининг вазифасига кирмайдими? Ҳаракат хавфсизлигига қандай қилиб ҳокимиятлар жавобгар бўлади?

— Тўғри, бу фақат ҳокимиятнинг ўзи томонидан эмас, комиссия ҳайъати аъзолари томонидан кўриб чиқиб тасдиқланади. Талабга жавоб бермаса, йўл белгиси қўйилмайди. Ташкилот бино қуряптими, қанчадир жойи автомобилларнинг тўхтаб туриши учун мўлжалланиши керак. Ҳа, чиндан ҳам бизда катта муаммо автомобилларнинг тураргоҳлари билан боғлиқ. Бу барибир ҳокимиятга бориб тақалади. Биз ўз фик­римизни билдирганмиз, таклифларимизни бериб борамиз.

Лекин чет элларни оладиган бўлсак, уларнинг йўл белгилари бизникидан кам эмас. Мен шахсан ўзим ўтган йили Европа давлатларида бўлиб кўриб келдим. Меҳмонхонага борсак, машина қўядиган жой йўқ. Икки километр жойга бориб, автотураргоҳ топиб, машинамизни қўйиб келдик.

— Менинг ишхонам жойлашган Навоий кўчаси, 30-уй атрофида,   иккита чорраҳа орасида 10 та тўхташни тақиқловчи белги ўрнатилган. Автотураргоҳлар йўқ, мен ишхонага кириб ишлаш учун автомобилимни Чорсудаги автотураргоҳга олиб бориб қўйиб, кейин ишга автобусда келишим керакми?

— Қонун ҳамма учун баробар. Керак бўлса олиб бориб қўйиб келасиз.

— Кечирасиз, мен биз учун алоҳида қонун бўлсин, демаяпман. Одам, аввало, автомобилни ўзига қулайлик туғдириши учун сотиб олади. Бу ҳолат яна ноқулай­ликлар, машаққатлар келтириб чиқаради-ку?

— Европадан яна битта мисол келтираман. Агар шаҳарга кирадиган бўлсангиз, автотураргоҳлар нархи 50 АҚШ долларидан кам эмас. Агар бизда ҳам шундай қилиб қўйса, ишга ҳамма велосипедда келади. Европада ҳам, Хитойда ҳам одамлар ана нима учун велосипедда юришади.

— Саломатлик учун, албатта…

— Тўғри, саломатлик ҳамда ўзининг сармоясини тежаш учун. Энди ўзимизга қайтадиган бўлсак, пиёдалар масаласида ҳам чоралар кўрилмоқда. Бизнинг энг оғриқ жойимиз ҳам шу – пиёда йўлнинг хоҳлаган жойидан кесиб ўтади. Йўл ҳаракати қоидаларида белгилаб қўйилганки, йўлни кесиб ўтаётганда эшитиш мосламасини (наушник) қулоққа тақиб юриш мумкин эмас. Белгиланган қоидаларга амал қилиб, чапга ва ўнгга қараб, хавфсизлик қоидаларига амал қилиб ўтса, пиёдага ҳам ҳеч ким ҳеч нима демайди. Ҳозирги пиёда на чапга, на ўнгга қарайди. Камига қулоғида эшитиш мосламаси, сигнал берса ҳам эшитмайди. Шундай экан йўл ҳаракати қатнашчиларининг онгини оширишимиз керак.

— ЙҲХнинг кучи етмаяптими, билмадим, қоидабузарлик ҳолатларини аниқлашда хусусий тадбиркорлик субъектлари дейдими, жамоатчилик ёрдами дейиш керакми, ишга тушган. Кўчада тўхташ тақиқланган жойда турган автомашиналарни видеога олиб ЙҲХ дан ҳар бир видеоси учун мукофот оладиган олғирлар пайдо бўлган. Бу ижтимоий тармоқларда ҳам анча муҳокамаларга сабаб бўлмоқда…

— Уларни тадбиркор эмас, ватанпарвар дейиш керак.

— Йўғ-е, ахир уларни бутун Ўзбекистон халқи лаънатлаяпти-ку, “сотқин” деб аташмоқда, эртага юртни ҳам ўшалар сотади, дейишмоқда?

— Мана шу саволингизга Германиядан битта мисол келтираман. Нима учун Германияда чекилган тамаки қолдиғини кўчага ташламайди? Чунки уларда жарима катта. Ўша ердаги хоҳлаган бир кўча ҳаракати қатнашчиси ўша ҳолатни расмга ё видеога олиб полицияга хабар қилади. Нимага биз нонни ерга ташламаймизу, тамаки қолдиғини ташлаймиз. Чунки нонни ерга ташласак, Худодан қўрқамиз. Агар қонундан ҳам озроқ қўрққанимизда эди, тамакини ҳам ерга ташламаган бўлар эдик. Қонундан қўрқсак эди, бу каби ҳолатлар юз бермасди.

— Қонундан қўрқишми ё ҳурмат қилиш керакми?

— Биринчи навбатда қонундан қўрқиш керак. Мана юқорида мисол келтирганим Германия аҳолиси ҳам ҳаммаси қонунни ҳурмат қилади, яхши кўради, деб ўйламайман. Улар қонундан қўрқади.

Саволингизга қайтсам, жамоатчилик хизматини жорий этишдан мақсадимиз, қонунга итоаткорликни кучайтиришдан иборат. Балки ўша тезликни оширган одамни камерага олиб ЙҲХ бошқармасига жўнатаётган одам сотқинлик қилмаётгандир, балки келгусида ўша ҳайдовчини турли фалокатлардан сақлаб қолишга ҳисса қўшаётгандир. Масаланинг бошқа томонини ҳам ўйлашимиз керакда. Қолаверса, бу Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгилаб берилган.

— Дейлик, ҳайдовчи мазаси бўлмай автомобилнинг фалокат чироқчаларини ёқиб дорихонага кирса, бундай ҳолатда юборилган кадрлар қандай аниқланади?

— Бу ҳам ўйлаб чиқилган. Бизга юборилган кадрларда видеога олинишидан олдин маълум бир лаҳзалар очиқ қолдирилади. Акс ҳолда видеохабар қониқарсиз деб топилади. Агар ҳақиқатан ҳам фалокат чироқчалари ёқилиб, объектив сабаблари бўлса, бу қайтадан кўриб чиқилади.

— Ижтимоий тармоқларда турли воқеалар акс этган хабарлар тарқаляпти. ЙҲХ ходими ҳайдовчи билан жанжал қилган, яна бошқаси отверткани совуқ қурол деб жаримага тортган ва ҳоказо. Бу тизимдаги кўпгина ходимларнинг саводи ҳаминқадарлигидан далолатми ёки ижтимоий тармоқлардаги шов-шувлар ёлғонми?

— Ходимларимизнинг юқори даражада билимли, маданиятли бўлишига ҳаракат қиламиз. Тўғри, мен бу билан ходимларимиз 100 фоиз ақлли, ҳамма нарсани билади, деб айтмоқчи эмасман. Инсонмиз ҳаммамиз, биттаси бир мартада, бошқаси эса ўн мартада қабул қилади. Шунинг учун биз 2020 йилда аттес­тация ўтказдик, билими, савияси етмайдиган ходимларни жавобини берганмиз ва бу талаб доимий давом этади.

— ИИБ соҳасига ишга кириш   ҳалиям мураккаблигича қолмоқда. Оддий одамлар буни ИИБга ишга киришда лавозимига қараб ставкалари бор деб изоҳлашади. Сизнинг тизимга ишга қабул қилиниш масалалари қандай?

— Бизда ИИВда Кадрлар бош бошқармаси деган ташкилот бор. Ишга қабул қилиш, танлаш, жамлаш   уларнинг вазифасига киради. Биз эса ишга олинган ходимларни белгиланган хизмат вазифалари билан таъминлаймиз. Иккинчи бир масала коррупцион ҳолатлар ҳақида айтдингиз. Ҳозирда шундай низом ишлаб чиққанмиз, пора таклиф қилган ҳайдовчи фош этилса ўша инспектор моддий рағбатлантирилади. Шунинг оқибатида   2020 йили йил давомида 70 та   пора таклиф қилиш ҳолати аниқланган бўлса, 2021 йилнинг уч ойида бу бўйича   35 ҳолат аниқланди. Бу билан фақат инс­пектор эмас, ҳайдовчи ҳам тарбияланмоқда.

— Энди охирги савол: ЙҲХ ходимлари ҳам газета ўқийдими? Агар сир бўлмаса, сиз ўзингиз қайси газеталарни ўқийсиз?

— Ички ишлар тизимининг газета-журналлари – “Қалқон”, “Автоҳамкор” журналлари, “Постда” газетасини ўқиб борамиз. Ундан ташқари йигитлар ўзларини қизиқтирган матбуот намуналарини мутолаа қилишади. Ўйлайманки, Оммавий ахборот воситалари бизнинг ишимизни тўғри ташкил ва тарғиб этишдаги энг яқин ҳамкорларимиздир.

— Суҳбат учун ташаккур.

Гўзал БЕГИМ суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × three =