Қурилишлар ва ўпирилишлар

Ўтган асрнинг 60-йиллари. Мураккаб бир даврда мамлакатимизнинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов ташаббуси билан Ўрта Осиёда ягона бўлган Тошкент метрополитенини бунёд этишга киришилди. Тошкент шаҳри транспорт инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида бошланган бу ноёб лойиҳа натижасида бундан 40 йил илгари, яъни 1977 йилнинг 7 ноябрь куни ер остида қатъий жадвал бўйича метро поездлари ҳаракатлана бошлаган.

…кеча

Қизиғи шундаки, Тошкент метрополитени ҳамон Ўрта Осиёда ягоналигича қолмоқда. Унинг собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистонда қурилгани эса ҳақиқатан ҳам оламшумул воқеа эди…

Тошкент метросининг архитектураси бошиданоқ ниҳоятда пухта ўйланган. Яъни, мутахассислар фикрича, бу стратегик муҳим объектдан ҳатто уруш пайтида паноҳгоҳ сифатида фойдаланиш ҳам режалаштирилган. Шу сабабли, метрода фото ва видеотасвирга олиш тақиқланган эди. Бироқ 2018 йилнинг ёзида сайёҳларни жалб қилиш мақсадида ҳамда жамиятимизда эркин ўзга­ришлар сабаб ҳукуматимиз метродан ҳарбий объект мақомини олиб ташлади. Ва 41 йил амалда бўлган тақиқ бекор қилинди.

Таъкидланишича, Тошкент метроси минтақанинг юқори сейсмиклиги ҳисобга олинган ҳолда қурилган. Унинг конструкциялари MSK-64 шкаласи бўйича 9 баллик зилзилага ҳам бемалол бардош бера олади.

Тошкент метрополитенида қурилиш ишлари ҳамон жадал суръатларда давом этмоқда. Янги йўналишлар фаолияти йўлга қўйилиб, 2020-2025 йилларда қўшимча ер ости саройлари, темир йўл, йўналиш, депо, электр подстанцияларини ишга тушириш режалаштирилган. Яқинда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Тошкент метросини 2025 йилгача ривожлантириш лойиҳасини тақдим этди. Унга кўра, 2025 йилда метро узунлиги 4 мартага ортиб, 157 километрни ташкил қилади. Унда 74 та янги бекат очилади, улардан 17 таси орқали бир метро йўналишидан бошқа мет­ро линиясига ўтиш имконияти яратилади.

Хуллас, бу борада режалар бисёр. Мақсадлар рўёбга чиққунича эса узоқ йиллар олдин қурилган пойтахт метро йўна­лишлари халқимизга, юртимиз меҳмонларига беминнат хизмат кўрсатиб, узоғимизни яқин қилиб турибди. Метро бекатларининг дизайни, архитектурасини кўриб, одамнинг баҳри-дили очилади. Мана 44 йилдан бери поездлар кеча-кундуз белгиланган вақт асосида бир маромда ҳаракатланмоқда…

…бугун…

Korrespondent.uz сайтининг ёзишича, 8 апрель куни соат тахминан 10:45 да Тошкент метрополитенининг қиймати 83 миллион АҚШ доллари бўлган Сергели йўналишидаги поезд ер усти йўлида тўхтаб қолган. Йўловчилар эса поезд ичида 15 дақиқа кутиб, дарак бўлмаганидан кейин янги қурилган ер усти метросининг рельслари бўйлаб бекатга пиёда кетишган. Бу йўналиш атиги 3,5 ой олдин — 2020 йил 27 декабрь куни ишга тушганди. “Олмазор” ва 1-бекат оралиғида тўхтаган поезд машинистининг айтишича, бунга техник носозлик сабаб бўлган. Яъни, контакт рельсининг кронштейнлари чиқиб кетган, составни энергия билан таъминловчи қурилмалар парчаланиб, 30-50 метр масофага сочилган…

Ундан бироз олдин, Kun.uz сайтида жорий йилнинг 18 март куни метронинг ер усти Сергели йўналишида икки поезд тўқнашиб кетгани ҳақида хабар эълон қилинганди. Шунингдек, 7 апрель куни ҳам Ғафур Ғулом бекатида поезд техник сабабларга кўра тўхтаб қолиб, йўловчилар бошқа таркибга кўчирилиб, юрмай қолган поездни бошқа бир поезд шатакка олган.

Шошманг, шошманг, бу ҳали ҳаммаси эмас! Энг қизиғини эшитинг: 9 апрель куни соат 18:40 да Пушкин ва “Буюк ипак йўли” бекатлари оралиғидаги метро вагонининг эшигини ёпмай ҳаракатланди. Яхшиямки, эшикнинг “лаби”гача сиқилиб кетаётган одамлардан бирортаси тушиб кетмади. “Бунақа даҳшатни фақат триллер киноларда кўриш мумкин эди, аммо ўз ишига масъулиятсиз инсонларнинг касрига, минг афсус­ки, бизда бунақа ҳолатлар кундалик воқеага айланиб қолаётгандек”, — деб ёзади видеони ўз электрон каналида эълон қилган блогер Хушнудбек Худойбердиев.

“Ўзбекистон темир йўллари”нинг юқоридаги ҳолат юзасидан берган муносабатига кўра, вагон эшиклари автоматик ёпилиш тизимига эга. Метрополитен ҳаракатланувчи таркибининг ҳар бирида локомотив эшиклар сигнализацияси мавжуд ва улар эшикларнинг очиқ ҳолатда ҳаракатланишига тўсқинлик қилади. Эшикнинг ёпилишига ташқи таъсир бўлса, автоматик ёпилиш тизими ишламайди.

Шундан сўнг, хизмат вазифасини нотўғри бажаргани учун машинист, электромонтёр-чилангар ва электр ҳаракатланувчи таркибнинг катта устаси эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Электр базаси бошлиғининг электр ҳаракатланувчи таркибини таъмирлаш бўйича ўринбосари иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жаримага тортилган. Аммо…

Эртага…

Эътибор берган бўлсангиз, сўнгги пайтларда юртимизда қурилиш объектлари, умуман қурилиш соҳаси билан юз бераётган фожиалар тез-тез қулоққа чалиняпти. Масалан, Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида 2017 йилда 6,5 миллиард сўмга қурилган кўприк 2 йил ўтмасдан вайрон бўлди. Қолаверса, аҳоли ўша ҳудудда 5,5 миллиард сўм маблағ эвазига қурилган йўлнинг сифатидан ҳам норози. Бу ҳақда Kun.uz ёзган эди.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева 2020 йилнинг 6 октябрь куни Тошкент вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган сайёр мажлисда: “Нима сабабдан қурилиш соҳасида кўплаб қонунбузилиш ҳолатлари содир бўлса ҳам уларнинг сабаблари, уларга яратилаётган “шароитлар” чуқур ўрганилмаяпти? Қачонгача бюджет маблағлари, халқ ризқи талон-торож қилинади?!” — дея қулаб тушган кўприк ҳақида муносабат билдирган эди. Сенат раиси тизимда очиқлик, шаффофликни таъминлаш бўйича жиддий чоралар кўрила бошлангани ҳақида гапира туриб, бу камчилик-хатолар энди кечирилмайди, дея қатъий таъкидлади. Лекин…

Наманган шаҳар Давлатобод туманидаги Шимолий Фарғона канали устига қурилган 37 метрлик янги кўприк қулаб тушгани; Жиззах шаҳрида энди қурилаётган 6 қаватли уй ҳам битмасдан йиқилиб тушгани ва яна ижтимоий тармоқларда тарқалаётган “қулаб тушди”, “йиқилиб тушди”…ларни ҳисобга олсак, халқимиз бағрикенг, барчаси ҳамон кечирил­япти. Аммо қачонгача мутасадди “мутахассис”лар бош эгиб кечирим сўрашга ва халқ уларнинг “бир қошиқ қони”дан ўтишга маҳкум? Ахир, коррупция соҳага “бола-чақаси” билан ўрнашиб олгани кундай равшан-ку! Зеро, қурилиш вазири Ботир Зокиров ҳам Жиззах шаҳридаги қулаб тушган уйни “Тўғридан-тўғри коррупцион схема” дея баҳолагани сўзимизнинг исботидир.

Янги ерусти ҳалқа йўлининг, эътибор беринг, 70-йиллардагидек ер ости эмас, ерусти ҳалқа йўлининг “Дўстлик-2” бекатидан “Қўйлиқ” бекатигача бўлган йўналиши 2020 йилнинг 30 август куни ишга тушди. Узунлиги 11 километр бўлган мазкур йўналишда 7 та бекат бор ва ҳар бир манзилда ҳалитданоқ камчиликлар кўзга кўрина бошлаган. Масалан, ёрилиш, ўпирилиш, қўпорилиш, тўкилиб қолиш, ўйи­либ тушиш ва ҳоказо. Бекатлардан олинган видео­тасвирлар ижтимоий тармоқлардаги “тренд” мавзулардан бирига айланиб улгурди…

Тўғри, иш бор жойда камчилик бўлади. Лекин бу нечанчи камчилик, нечанчи муаммо? Нега қурилиш­ларда бу қадар коррупция авж олиб кетган? 2019 йил 18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнус­обод йўли қурилишида ҳалокат рўй бергани, ишчилар тупроқ остида қолиб ҳалок бўлганининг жароҳатлари ҳали битмай туриб, янгидан-янги кўнгилсизликлар рўй бермоқда. Ҳисоб­лайвериб саноқдан ҳам адашиб кетдику одам! Ўзи асрасину, лекин шу тарзда “мендан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида юмалоқ-ёстиқ иш қилинаверса, қурилиш ишларини соҳа мутахассислари эмас, кунбай ишлайдиган мардикорлар амал-тақал қилиб, пулини олиб кетаверса, эртага бундан ҳам кўп кўргиликлар тушмайдими бошимизга. Касални минг яширганинг билан иситмаси ошкор қилиши ҳақиқат-да!

* * *

Қурилишлар… Қулаб тушаётган уйлар, кўприклар, темир йўл ва авто магистраллардаги ўпирилишлар замирида нима бор?

Ҳеч шубҳа йўқки, ўғрилик, талон-торожлик. Қурилиш қайси тармоқ ва юртимизнинг қайси гўшасида олиб борилаётган бўлмасин, унинг схема-чизмасидан тортиб, то уни ўтказувчи тендерларигача “бер-бер”, “йўтал бозори”га айланган бўлса керакки, аҳвол шу даражагача бор­япти? Йўқса, нега бундан 40-50 йил аввал қурилган йўллар мустаҳкам, бинойидай туради-ю, икки йил аввал тўшалган асфальтдан юриб бўлмайди?! Тўғри, бугун бунёдкорлик авжида. Кеча ўтган кўчангда бугун 9 қаватли сарой қандай пайдо бўлиб қолганига ҳайрон боқиб турасан.

Қурилаётган уйларнинг рекламасини ўқиб дилинг яйрайди: қулай, шинам, замонавий, осмонўпар… Қандай яхши!

Лекин… уларнинг чидамлилиги, сифати қандай? Худо кўрсатмасинку, аммо бирор табиий синов юз берса, бардош берадими? Бу саволларга нима дейишни билмайсан, очиғи. Назорат, ҳа жуда қаттиқ назорат етишмаётгандек бу соҳага. Қонун ишламаётгандек бу соҳада. Уни назорат қиладиганлар эса қурувчилар, тўғрироғи қурилишдаги олғирлар билан аллақачон “ака-ука” тутиниб кетишгандек назаримизда.

Давлатимиз раҳбари бюджетдан миллиард-миллиард маблағларни соҳа ривожи учун ажратяпти. Аммо тегишли “мутасадди”лар ишни қуйида ўз билганларича қилишяпти. Объект­ларни номига қуриб кетишяпти! Шу боис аҳолида эътирозлар кўп, саволлар бисёр. Муносабат эса мутлақо қониқарсиз…

Энг ёмони эса гоҳида журналистиканинг ўйдим-чуқур йўлларида туртиниб-сурилиб, куйиб-пишиб ёзганинг газета саҳифаларида, интернет сайтларида қолиб кетаверади. Ушбу мақолага ҳам қурилиш вазири шахсан ўзи бўлмаса-да, ақалли ёрдамчилари муносабат билдиради, деб ўйламайман. Коррупцияга қарши курашиш агентлигидан бўладиган муносабат эса “вообще” даргумон. Фақат умид қиламиз, холос.

Абдулазиз АҲМЕДОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + 4 =