Газета ўқилади, албатта ўқилади

Барчамизга маълум, ижтимоий тармоқларда, айрим доираларда: “Газеталарни ҳеч ким ўқимаяпти”, “Газетани умри тугади”, деган гаплар пайдо бўлганди. Эндиликда бу мутлақо асоссиз гаплар эканлиги ойдинлаша бошлади…

Тарихдан маълумки, бир пайтлар газета пайдо бўлганда одамзод роса қувонган экан. Янгиликларни газетадан ўқиб, босма ҳарфларни кўзига суртган. Ҳаёт оқар сув, вақт ўтиб замон ривожланди, интернет журна­листикаси пайдо бўлди, буни инновацион ривожланиш, деб кутиб олгандик. Аммо…

Ёшлигимда, аниқроғи, 5-7-синфларда ўқиб юрган чоғимни яхши эслайман. Уйимизга ўнга яқин номларда газета ва журналлар келар эди. Отам ўқитувчи бўлгани учун кўпгина нашрларга обуна бўларди. Ҳатто бизларни “Тонг юлдузи” газетасига, “Ғунча”, “Гулхан” журналларига ҳам обуна қилдирарди. Поч­тачи амаки нашрларни ўз вақтида уйи­мизга олиб келарди. У кишини ҳамма танирди. Велосипедига хуржун ўрнатиб, ким қайси нашрга обуна бўлган бўлса, эринмай ташлаб кетарди. Мактабда ўқишимиз билан бирга ўз билим ва дунёқарашимизни кундалик газета ва журналлар орқали оширардик.

Мен ўзим газеталарда чиққан ранг-баранг мақолаларни мароқ билан ўқирдим. Кейинчалик қизиқиб мақола ва шеърлар ёза бошладим. Улар газета саҳифаларида босилиб чиққан пайтдаги қувончимни айт­майсизми? Журналист бўлиб шаклланишимда босма нашрларнинг ўрни алоҳида эканини таъкидлашдан чарчамайман.

Ҳозирги кунда республикамизда бир ярим мингдан ортиқ газета ва журналлар чиқаяпти. Кейинги пайт­­да босма нашрларга бўлган эътиборнинг сусайгани боис уларнинг адади камайиб кетди. Буни тан олмасдан илож йўқ. Бозор иқтисодиётида бу табиий жараён. Лекин шунга қарамасдан ўз фао­лиятини қайта кўриб чиқиб, замонга мослашиб, ўткир мақолаларни чоп этаётган газеталар одамларнинг доимий диққат марказида турибди.

Газетани кимлар ўқияпти? Аввало, зиёли қатлам, албатта ўқийди. Қолаверса, газетанинг ашаддий мухлислари, партия фаоллари, давлат ва жамият бошқаруви тизимидагилар ҳам бефарқ эмас. Агар умумийлаштирса республика миқёсида ҳалиям миллионлаб одамлар газета ва журнал ўқияпти. Шунинг учун ҳеч ким газета ўқимаяпти, де­йишга ҳаққи йўқ!

Масалан, ўзим ҳар куни эрталаб газетанинг келишини кутаман. Ишимни нашрлардаги янги­ликларни кўздан кечиришдан бошлайман. Хўш, бугун “Янги Ўзбекис­тон”да нималар бериляпти, “Ўзбекис­тон овози”, “Ҳуррият” нима деяпти, “Ишонч” нималарни ёзаяпти?

“Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози”, “Инсон ва қонун”, “Миллий тикланиш”, “XXI аср”, “Адолат” каби газеталарни мунтазам кузатиб бораман.

Тўғрисини айтганда, бугун “мажбурий обуна”га ўрин қолмаяпти. Кўпгина газеталар ўз аравасини ўзи торта бош­лади. Қаловини топганлар қорни ёндираяпти.   Иложини қилиб газетани ўқишли қилиб чиқараяпти, ададини кўпайтираяпти. Аммо шундай бўлса-да, бу биргина муҳарририятнинг кучи билан амалга ошириладиган иш эмаслигини ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Газетада бирор ўқишли мақола чиқса, уни мароқ билан қизиқиб ўқийсиз. Шундай эмасми? Газетанинг ўқиш­ли бўлишида газета бош муҳарририга ҳам кўп нарса боғлиқ. Биргина “Ишонч” газетасини олиб кўрайлик. Бу газета бугунги кунда рангли чиқаяпти, ўқиш­ли мақолалар чоп этилмоқда, адади жиҳатдан эса респуб­ликада етакчи нашрлардан бирига айланди.

“Ҳуррият” газетасида ҳам долзарб, бугунги бажарилиши лозим бўлган муаммолар ҳақида таҳлилий мақолалар чоп этилаяпти. 5 мингдан ортиқ нусхада чоп этилаётган газетада маънавият, маърифат, иқтисодий соҳаларга оид материаллар билан ҳар сонида танишасиз. “Миллий тикланиш” газетаси ижодкорлари ҳам ҳозирги давр та­лабларига мос равишда мақолалар бераяпти. Газета формати ўзига хос. Катта-катта, салмоқли, тош босар материаллар газета саҳифаларидан ўрин олмоқда.

Яқинда ўқиганим “Ўзбекистон овози” газетасининг 2021 йил 10 март сонида чоп этилган Сафар Остоновнинг “Маънавият ва миллий хавфсизликка тажовуз” ёки ижтимоий тармоқлардан бири – Tiktokдаги ахлоқсизлик­лар ҳақида мулоҳазалар” мақоласини шунчаки ўқиб бўлмайди. Унда ёшларимиз тарбияси билан боғлиқ жуда долзарб, оғриқли масалалар кўтарилган.

Демоқчи бўлганим, бу ҳаётда ҳар бир нарсанинг ўз ўрни бор. Газетанинг, китобнинг, телевидение ва радио, интернетнинг ҳам. Булар жамланганда бир бутун оммавий ахборот воситалари ҳисобланади. Доим бир-бирини тўлдириб боради. Демак, ҳеч шубҳа йўқки, газета нашр этилар экан, у ўқилади, у яшайди ва асло ўлмайди.

Зокиржон ҚЎЗИБОЕВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 18 =